Асосий воситалар бўйича амортизация ҳисоблаш усуллари Асосий воситалар бўйича амортизация қуйидаги усуллардан бирини қўллаш орқали ҳисобланиши мумкин:
- амортизацияни тенг маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш;
- бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда амортизацияни ҳисоблаш (ишлаб чиқариш усули).
- икки баравар амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усули;
- йиллар суммаси усули (кумулятив усул).
Асосий воситалардан интенсив фойдаланилганда, шунингдек илмий-техникавий жараённинг катта таъсирида асосий воситалар амортизацияси икки баравар амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усули ва йиллар суммаси усули (кумулятив усул) да ҳисобланадиган жадаллаштирилган амортизация йўли билан ифодаланади.
Ҳисобот йили давомида асосий воситалар бўйича амортизация ажратмалари қўлланиладиган ҳисоблаш усулидан қатъи назар (амортизацияни ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усулидан ташқари), йиллик сумманинг 1/12 миқдорида ҳар ойда ҳисобланади.
Амортизацияни тенг маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш усули. Амортизацияни тенг маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш усулининг моҳияти шундаки, бунда амортизация тенг маромда, асосий воситаларни фойдали ишлатиш муддати мобайнида уларнинг амортизацияланадиган қийматидан келиб чиққан ҳолда тенг улушларда ҳисобланади. Мазкур усулга мувофиқ асосий воситаларнинг амортизацияланадиган қиймати унинг хизмат муддати давомида тегишли харажатларга тенг маромда ҳисобдан чиқарилади (тақсимланади). Усул амортизация меъёри фойдали хизмат муддатининг давом этишига муддатига боғлиқлигига асосланган. Ҳар бир давр учун амортизация ажратмалари суммаси амортизацияланадиган қийматни асосий воситалардан фойдаланилган ҳисобот даврлари сонига бўлиш йўли билан ҳисобланади.
Амортизацияни тенг маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш усулида амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси асосий воситаларнинг амортизацияланадиган қиймати ва фойдали ишлатиш муддатидан келиб чиқиб белгиланади.
Тенг маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш усул бўйича амортизация ҳисоблаш тартибини қуйидаги мисолда кўриб чиқамиз. Дастгоҳнинг бошланғич қиймати 255 000 000 сўмни, фойдаланиш муддати охиридаги қолдиқ (тугатиш) қиймати 5 000 000 сўм, фойдали хизмат муддати 5 йилни ташкил этади. Ҳисоб сиёсатида амортизация тенг маромли усулни қўллаш билан ҳисобланиши назарда тутилган.
Дастгоҳга амортизация ҳисоблашда биринчи навбатда амортизациянинг йиллик меъёри 20 % (100 % / 5) ни, иккинчи навбатда эса амортизацияланадиган қиймат 250 000 000 сўм (255 000 000 сўм - 5 000 000 сўм) ни аниқлаймиз. Фойдаланишнинг биринчи йилида амортизация ажратмасининг йиллик суммаси дастгоҳни амортизацияланадиган қийматидан келиб чиқиб 50 000 000 сўм (250 000 000 сўм х 20 /100) қилиб аниқланади ва кейинги йиллар учун шу зайлда давом эттирилади.