Мажбуриятлари умумий суммада ифодаланган мустақил объектларга эга асосий воситалар бўйича бошланғич қиймат мазкур суммани алоҳида объектнинг жорий қийматига мутаносиб (пропорционал) равишда тақсимлаган ҳолда аниқланади.
Бу ерда, агар корхона битта келишилган қийматга бухгалтерия ҳисобида алоҳида алоҳида объект сифатида идентификация қилинадиган бир нечта гуруҳ асосий воситаларни харид қилса, у ҳолда битта умумий суммага харид қилинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати, яъни хар бири асосий воситани кирим қилиниши лозим бўлган қиймати ҳар бир асосий воситанинг бозор (жорий) қийматининг харид қилинган асосий воситаларнинг умумий бозор қийматидаги улушидан келиб чиқиб аниқланиши назарда тутилган.
Мол етказиб берувчилардан келиб тушган асосий воситаларни қабул қилишда аниқланган камомад ва йўқотишлар, шунингдек уларнинг шартномада назарда тутилгандан юқори камомади ёки бузилиши 4860 «Даъволар бўйича олинадиган счётлар» счётининг дебетида ҳисобга олинади. Йўқотишларнинг айбдорларига даъво тақдим этилади ва агар улар даъвони қанотлантирмасалар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилинади. Суд томонидан юқоридаги йўқотишлар суммасини айбдорлардан ундириш рад этилган ҳолларда, бундай операциялар бухгалтерия ҳисобида 9430 «Бошқа операцион харажатлар» счётининг дебети ва 4860 «Даъволар бўйича олинадиган счётлар» счётининг кредит бўйича ёзув билан акс эттирилади.
Асосий воситаларнинг бухгалтерия ҳисобига қабул қилинган қиймати Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ва 5-сон БҲМС да белгиланган ҳолатлардан ташқари ҳолларда ўзгартирилмайди. Бухгалтерия ҳисобига қабул қилинган асосий воситаларнинг бошланғич қийматини ўзгартиришга тегишли асосий воситалар қўшимча қурилган, қўшимча тарзда асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, реконструкция қилинган, модернизация қилинган, техник қайта қуроллантирилган, қисман тугатилган ва улар қайта баҳоланган ҳолатларда рухсат этилади.
2.3. Асосий воситаларга ўтказиладиган капитал қўйилмалар Асосий воситаларга ўтказиладиган капитал қўйилмалар асосий воситалардан фойдаланишдан келгусида иқтисодий фойда олишни ошириш шартларида уларнинг бошланғич қийматини оширади. Келгусида олинадиган иқтисодий фойдани оширмайдиган бошқа барча харажатлар улар амалга оширилган даврдаги давр харажатлари сифатида тан олиниши лозим.
Қўшимча қуриш, қўшимча тарзда асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, модернизация қилиш ишларига асосий воситаларнинг технологик ёки хизмат мўлжалининг ўзгариши, оширилган ишлар кўлами ва сифатни янада яхшилашга доир бошқа ҳолатлар туфайли қилиниши лозим бўлган ишлар киритилади. Яъни асосий воситалар билан боғлиқ кейинги харажатлар мазкур асосий воситаларни балансга бирламчи қабул қилинганда аниқланган унинг бошланғич ҳисоблаб чиқилган ишлаб чиқариш самарадорлиги меъёрларини ёки фойли хизмат муддатини салмоқли кўпайтириб асосий воситаларни ҳолатини яхшилаганда актив сифатида (яъни асосий воситаларни бошланғич қиймати кўпайиши) тан олинади.
Одатда реконструкция қилишда ишлаб чиқаришни такомиллаштирлади ва унинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини ошириш билан боғлиқ бўлган ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, маҳсулот (ишлар, хизматлар) сифатини яхшилаш ва номенклатурасини ўзгартириш мақсадларида асосий воситаларни реконструкция қилиш лойиҳаси бўйича амалга ошириладиган мавжуд асосий воситаларни қайта қурилади. Техник қайта қуроллантириш деганда илғор техника ва технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни механизациялаш ва автоматлаштириш, маънан ва жисмонан эскирган ускуналарни замонавийлаштириш ва уларни янгилари, унумдорлиги янада юқори бўлганлари билан алмаштириш асосида асосий воситалар ва уларнинг айрим қисмларининг техник-иқтисодий кўрсаткичларини ошириш бўйича чора-тадбирлар мажмуаси тушунилади.
Юқорида айтиб ўтканимиздек асосий воситаларни қўшимча қуриш, қўшимча тарзда асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш ва техник қайта қуроллантиришга доир харажатлар, улар амалга оширилган кейин асосий воситаларнинг фаолият юритишининг қабул қилинган бошланғич меъёрий кўрсаткичлари (фойдали ишлатиш муддати, қуввати, қўллаш сифати ва бошқалар) яхшилаганлиги (ошганлиги) сабабли, улар мос равишда бундай асосий воситаларнинг бошланғич қийматини оширади.
Асосий воситаларни қўшимча қуриш, қўшимча тарзда асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш ва техник қайта қуроллантиришда амалга ошириладиган харажатлар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириш капитал қуйилмаларни ҳисобга олувчи счётлар (0800) да амалга оширилади ва уларни амалга ошириш жараёни тугагандан кейин капитал қуйилмаларни ҳисобга олувчи счётлари (0800) нинг кредитидан асосий воситаларни ҳисобга олувчи счётлар (0100) билан боғланган ҳолда ҳисобдан чиқарилади.
Асосий воситаларни қўшимча қуриш, қўшимча тарзда асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш ва техник қайта қуроллантириш жараёни назоратини ташкил этиш мақсадида ушбу асосий воситалар бўйича инвентар карточкасини «Қўшимча қуриш, қўшимча тарзда асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш ва техник қайта қуроллантиришдаги асосий воситалар» гуруҳига ўтказиб қўйиш тавсия этилади. Асосий воситлар фойдаланишга келиб тушганда инвентар карточкани тегишли ўтказиб қўйиш амалга оширилади.
Агар асосий воситаларнинг қўшимча қуриш, қўшимча тарзда асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш натижасида унинг бошланғич қийматини кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилинса, у ҳолда инвентар карточканинг маълумотларига тузатишлар киритилади. Кўрсатилган инвентар карточкада тузатишни акс эттириш қийин бўлса, у ҳолда қўшимча қуриш, қўшимча тарзда асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилишни тавсифловчи янги кўрсаткичларни акс эттриши билан ўрнига янги инвентар карточка (олдин берилган инвентар рақамни сақлаган ҳолда) очилади.
2.4. Асосий воситаларни қайта баҳолаш Корхонанинг асосий воситалари қийматини амалдаги нархлар даражасига мувофиқ келтириш мақсадида уларни қайта баҳолаш амалга оширилади. Асосий воситаларни қайта баҳолаш деганда асосий воситаларнинг тиклаш қийматини ҳозирги бозор нархлари даражасига мослаш мақсадида уларни вақти-вақти билан аниқлаштириш тушунилади. Амалиётда асосий воситаларнинг бошланғич қиймати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари бўйича қайта баҳоланиши (шу жумладан вақти-вақти билан) мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 30 декабрдаги 455-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2003 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» ги қарорига мувофиқ 2003 йилнинг 1 январидан бошлаб мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар барча корхоналари, ташкилотлари ва муассасалар ҳар йили 1 январ ҳолатига асосий воситаларни қайта баҳолаш тартиби киритилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги
ПҚ-2099-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» ги қарорининг 6-бандига мувофиқ 2014 йилнинг 1 январидан микрофирмалар ва кичик корхоналар учун асосий воситаларни ҳар йили мажбурий қайта баҳолаш бекор қилиниб, уни ҳар уч йилда бир марта ўтказиш белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 декабрдаги
ПҚ-4938-сонли “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 9-бандига мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар учун асосий фондларнинг ҳар йиллик, микрофирма ва кичик корхоналар учун 3 йиллик мажбурий қайта баҳолаш тартиби бекор қилинди.
Асосий воситалар қайта баҳолаш натижасида ҳисоб ва ҳисоботда жорий қиймат бўйича акс эттирилади. Жорий қиймат деганда маълум санадаги амал қилаётган бозор нархлари бўйича асосий воситаларнинг қиймати ёки хабардор қилинган, битимни амалга оширишни хоҳловчи, мустақил тарафлар ўртасида битимни амалга оширишда активни сотиб олиш ёки мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлган суммаси тушунилади.
Қайта баҳолаш пайтида асосий воситаларнинг тўлиқ тиклаш қиймати аниқланади. Асосий воситаларнинг тўлиқ тиклаш қиймати деганда асосий воситаларни худди шундай янги асосий воситаларга қайта баҳолаш санасида мавжуд бўлган бозор нархлари ва тарифлари бўйича тўлиқ алмаштириш шартида қилиниши лозим бўлган харажатларнинг тўлиқ қиймати тушунилади. Бунда асосий воситаларни харид қилиш (қуриш), ташиш, ўрнатиш (монтаж қилиш) харажатлари, импорт қилинадиган асосий воситалар учун эса божхона тўловлари ва ҳоказолар ҳам харажатлар таркибида ҳисобга олинади.
Маънавий эскирган асосий воситаларнинг тўлиқ тиклаш қиймати ҳам уларни тайёрлашга қайта баҳолаш санасида мавжуд бўлган нархлар ва тарифлар бўйича аниқланадиган мавжуд харажатлар асосида белгиланади. Бунда асосий воситаларнинг маънавий эскириши тегишли нархлар ва тарифларнинг ўзгариш даражалари ва суръатларида акс этиши ҳисобга олинади.
Ишлаб чиқаришдан олинган, ҳозирги шароитда уларнинг аниқ нусхасини тайёрлаш нархлари ва харажатларини аниқлаш амалда мумкин бўлмаган асосий воситаларнинг тўлиқ тикланиш қиймати аниқланаётганда уларнинг қиймати илгари чиқарилган ва ҳозирги асосий воситаларнинг энг муҳим фойдаланиш тавсифлари нисбати бўйича тузатилган, функционал жиҳатдан худди шундай чиқарилаётган асосий воситаларнинг тўлиқ тикланиш қиймати асосида ўрнини босиш қиймати сифатида аниқланади.
Асосий воситаларни қайта баҳолашни ўтказиш мақсадида корхона қайта баҳоланиши керак бўлган асосий воситаларнинг рўйхатини тузади. Рўйхатда асосий воситалар тўғрисида қуйидаги маълумотларни кўрсатиб ўтиш тавсия этилади: аниқ номи; харид қилиш, қуриш санаси; асосий воситаларни бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш санаси.
Асосий воситаларни қайта баҳолаш олдинги қайта баҳолаш натижасида олинган асосий воситаларнинг қайта тиклаш қийматидан, йил давомида келиб тушган асосий воситалар бўйича эса – ҳисобга қабул қилинган қийматидан амалга оширилади.
Асосий воситаларнинг тўлиқ тиклаш қиймати, корхонанинг хоҳишига қараб, алоҳида асосий воситаларнинг қийматини баҳоланаётган асосий воситаларга айнан ўхшаш янги асосий воситаларга доир ҳужжатларга асосланиб тасдиқланган ва қайта баҳолаш ўтказилаётган санада шаклланган бозор нархлари бўйича тўғридан-тўғри қайта ҳисоблаш йўли билан (тўғридан тўғри қайта баҳолаш усули) ёки асосий воситалар тури бўйича ва уларнинг харид қилинганлик даврига боғлиқ бўлган асосий воситалар қиймати ўзгаришининг табақалаштирилган индексларини қўллаган ҳолда алоҳида асосий воситаларнинг бошланғич (қайта тиклаш) қийматини индекслаш йўли билан (индекс усули) аниқланади. Бунда бир турдаги асосий воситалар (маркалари, хиллари ва ҳоказо) бўйича ягона усул қўлланилади.
Корхона қайта баҳолашни мустақил равишда ёки қонунчиликка мувофиқ баҳолаш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган эксперт мутахассисларни жалб этган ҳолда амалга оширади.
Индекслаш йўли билан асосий воситаларни қайта баҳолашда, бухгалтерия ҳисобида қайта баҳолашни ўтказиш санасидаги ҳолат бўйича қайд этилган асосий воситалар (шу жумладан уларга доир эскириш тўла ҳисоблаб ёзилган асосий воситалар)нинг эскириш суммаси уларни тикланиш қийматига қайта ҳисоблашда асосий воситалар қийматини ўзгартиришнинг тегишли индексларига кўпайтирилиши керак. Асосий воситаларни тўғридан тўғри қайта баҳолаш усули билан қайта баҳолашда бухгалтерия ҳисобида қайд этилган эскириш суммаси қайта баҳолашдан кейинги тикланиш қийматининг қайта баҳолашгача бўлган қийматга нисбати билан ҳисоблаб чиқариладиган қайта ҳисоблаш коэффициенти бўйича индексланиши керак.
Олдинги йиллик қайта баҳолашдан кейин амалга оширилган, илгарироқ хусусийлаштириш (давлат тасарруфидан чиқариш, қайта ташкил этиш) давомида қайта баҳоланган мол-мулк бўйича, мол-мулкни хусусийлаштириш жараёнида ҳосил бўлган гудвилл суммаси (фирма баҳоси) қайта баҳолаш санасидаги ҳолат бўйича қайта баҳолашга доир резерв суммаси ҳисобига камайтирилади.
Тўғридан-тўғри қайта баҳолаш усулини қўллаган ҳолда асосий воситаларнинг тўлиқ тиклаш қийматини ҳужжатлар асосида тасдиқлаш учун корхона, хоҳишига кўра, қуйидагилардан фойдаланиши мумкин:
- тайёрловчи корхоналар ва уларнинг расмий дилерлари, товар-хом ашё биржалари, кўчмас мулк биржаларидан ёзма шаклда олинган худди шундай маҳсулотга доир нархлар тўғрисидаги маълумотлар;
- қайта баҳолашни ўтказиш санасига ва асосий воситаларни харид қилиш санасига Марказий банк курсларининг нисбати сифатида белгиланадиган ҳисоб-китоб коэффициентини қўллаган ҳолда харид қилиш санасига ЭАВда асосий воситаларнинг қиймати тўғрисидаги (тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганида) маълумотлар;
- тегишли давлат идораларида мавжуд бўлган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар;
- қайта баҳолашни ўтказиш даврида оммавий ахборот воситалари ва махсус адабиётларда эълон қилинган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар;
- асосий воситалар қиймати тўғрисидаги баҳоловчининг ҳисоботи.
Асосий воситаларни қайта баҳолаш натижалари молиявий ҳисоботда асосий воситаларни қайта баҳолаш амалга оширилган жорий давр учун, яъни ойлик ҳисобот тузилганда – январ ойи ҳисоботида, чораклик ҳисоботи тузилганда – биринчи чорак ҳисоботида, йиллик ҳисобот тузилганда – календар йили ҳисоботида акс эттирилади.
Асосий воситаларни қайта баҳолаш натижалари молиявий ҳисоботда асосий воситаларни қайта баҳолаш ўтказилган жорий даврда акс эттирилади. Қайта баҳолаш натижалари аввалги ҳисобот йилидаги молиявий ҳисобот маълумотларига киритилмайди ҳамда ҳисобот йили бошида молиявий ҳисобот маълумотларини шакллантиришда қабул қилинади. Бунда ўтган йил якуни ва ҳисобот йили бошидаги маълумотларнинг мос келмаслиги ҳисобот йилининг дастлабки санасидаги ҳолатга кўра ўтказилган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаси сифатида тушунтирилади ҳамда жорий даврдаги молиявий ҳисоботга тушунтириш хатида баён этилади. «Бухгалтерия баланси» (1-сонли шакл) нинг «Ҳисобот йили бошига» устунида асосий воситаларнинг қайта баҳоланган қиймати кўрсатилади.
Қайта баҳолаш натижасида асосий воситалар қўшимча баҳолаш суммаси резерв капитали таркибидаги 8510 «Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» счётига ҳисобга киритилади. Қайта баҳолаш натижасида асосий воситалар нархининг арзонлашган (камайган) суммаси аввалги ҳисобот даврларида ўтказилган ушбу асосий воситаларни қўшимча баҳолаш суммалари доирасида 8510 «Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» счётига резерв капиталининг камайишига киритилади.
Асосий восита бўйича аввалги қайта баҳолаш (қўшимча баҳолаш) суммасидан ошган нархини арзонлашган (камайган) суммаси харажат сифатида тан олинади ва 9430 «Бошқа операцион харажатлар» счётида акс эттирилади.
2.5. Асосий воситаларга амортизация ҳисоблаш Асосий воситаларни узоқ вақт давомида натурал шаклини сақлаган ва қийматини бир вақда ўзгартириши билан ишлаши боғлиқ ўзига хос хусусиятлари амортизация миқдорини аниқлаш заруриятини келтириб чиқаради. Ушбу миқдор асосий воситалардан фойдаланиш жараёнида уларнинг эскириши ёки бошланғич қийматини камайиши миқдорини кўрсатади.
Маълумки асосий воситалар қиймати одатда амортизацияни ҳисоблаш йўли билан қопланади. Амортизацияланадиган қиймат бутун фойдали хизмат муддати мобайнида субъект харажатларига амортизация ажратмалари кўринишида мунтазам тақсимланади. Бу ерда амортизацияланадиган қиймат деганда молиявий ҳисоботларда фараз қилинаётган (баҳоланган) тугатиш қийматини чегирган ҳолда кўрсатилган активнинг бошланғич (тиклаш) қиймати суммаси тушунилади. Бошланғич қиймати қўшимча қуриш, қўшимча тарзда асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш ва техник қайта қуроллантириш ишлари бўйича харажатлар суммасига оширилган асосий воситалар учун амортизацияланадиган қиймати бўлиб, ушбу ишлар фараз қилинаётган (баҳоланган) тугатиш қийматини чиқариб ташлаган ҳолда тугатилганидан сўнг мазкур асосий воситалар фойдаланишга киритилган вақтда аниқланган уларнинг қолдиқ (баланс) қиймати ҳисобланади.
Тугатиш қиймати деганда асосий воситаларнинг чиқиб кетиши бўйича кутилаётган харажатларни чегирган ҳолда кутилаётган фойдали хизмат муддати охирида асосий воситаларни тугатиш чоғида олинадиган активларнинг фараз қилинаётган суммаси тушунилади. Тугатиш қиймати асосий воситаларнинг амортизацияланадиган қийматини ҳисоб-китоб қилишда муҳим таркибий омил ҳисобланади.
Тугатиш қиймати муҳим бўлмаган ҳолларда, у амортизацияланадиган қийматни ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олинмайди. Агар тугатиш қиймати аҳамиятга эга бўлса, у асосий воситаларни харид қилинган сана ёки уларни қайта баҳолаш санасида белгиланади. Тугатиш қиймати асосий воситаларнинг хизмат муддати охирида тугатиш бўйича кутилаётган харажатларга камайтирилган бўлиши керак.
Амортизация фойдали хизмат муддати мобайнида активнинг амортизацияланадиган қийматини асосий воситаларнинг вазифасидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархига ёки давр харажатларига мунтазам тақсимлаш ва ўтказиш кўринишида эскиришнинг қиймат ифодаси сифатида аниқланади.
Шуни таъкидлаш керакки асосий воситалар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мазкур асосий воситалар қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасидан бошланади ҳамда мазкур асосий воситаларнинг амортизацияланадиган қиймати тўлиқ қоплангунга қадар ёхуд бу асосий воситаларни балансдан ҳисобдан чиқарилгунча амалга оширилади. Ўз навбатида агар асосий воситалар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мазкур асосий воситаларни қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасидан бошланади бўлса, у ҳолда мазкур асосий воситалар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш ушбу асосий воситаларнинг амортизацияланадиган қиймати тўлиқ қопланган ёки бу асосий воситалар балансдан ҳисобдан чиқарилган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасида тўхтатилади.
Асосий воситаларни фойдали ишлатиш муддати давомида амортизация ажратмаларини ҳисоблаш тўхтатилмайди, асосий воситаларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда консервация қилишга ўтказиш, шунингдек уларни буткул тўхтатиш шарти билан қўшимча қуриш, қўшимча тарзда асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш ва техник қайта қуроллантириш ҳолатлари бундан мустасно.
Бухгалтерия ҳисобига қабул қилинган фойдаланилмаётган асосий воситаларни консервация қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 16 сентябрдаги 401-сонли қарори билан тасдиқланган «Фойдаланилмаётган асосий воситаларни, қурилиши тугалланмаган объектларни консервация қилиш тартиби тўғрисидаги Низом»да белгиланган.
Асосий воситалар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш ҳисобот давридаги корхона фаолияти натижаларидан қатъи назар амалга оширилади ва бухгалтерия ҳисобида у тегишли бўлган ҳисобот даврида акс эттирилади.
Қуйидаги асосий воситаларга амортизация ҳисобланмайди:
- ер участкалари ва табиатдан фойдаланишга доир бошқа объектлар (сув, ер ости бойликлари ва бошқа табиий ресурслар);
- маҳсулдор чорва моллари;
- ахборот-кутубхона фонди;
- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда консервациялашга ўтказилган асосий воситалар;
- музей ашёлари;
- моддий маданий мерос объектлари;
- умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, йўлаклар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган ободонлаштириш иншоотлари;
- тўлиқ амортизацияланган асосий воситалар.
Чунки, юқорида келтирилган асосий воситалар фойдали хизмат муддатига эга эмас ва ҳар доим тегишли фойдаланиш мақсади бўйича фойдаланилиши мумкин бўлганлиги учун шундай ҳисобланади.