Ҳақ эвазига харид қилинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати асосий воситаларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган харажатлар қўшилган ҳолда, капитал қўйилмалар тугагандан кейин пудратчи корхонадан қурилиши тугалланган объектни қабул қилиш-топшириш ёки объектни олди-сотди шартномасига ёки уларнинг харид қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларга мувофиқ етказиб берувчи (сотувчи)га тўланадиган сумма тариқасида аниқланади.
Корхонани ўзининг кучи билан яратилган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати деб мазкур асосий воситаларни тиклаш (қуриш, қуриб битказиш) бўйича ҳақиқий харажатлар суммаси иборат бўлади. Буларга хусусан қуйидагилар кириши мумкин:
- асосий воситаларни қуриш (барпо этиш) да ишлатиладиган моддий харажатлар (сотиб олинган ярим тайёр маҳсулотлар ва бутловчи буюмлар, қурилиш материаллари, ёқилғи мойлаш материаллари, идиш ва идиш материаллари, инвентар ва хўжалик жиҳозлари ва ҳаказолар);
- асосий воситаларни қуриш (барпо этиш) да иштирок этадиган ишчи ва ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари, шу жумладан улар бўйича ҳисобланган ягона ижтимоий тўлов суммалари;
- асосий воситаларни қуриш (барпо этиш) да фойдаланиладиган асосий воситалар ва номоддий активлар амортизацияси;
- асосий воситаларни қуриш (барпо этиш) билан боғлиқ бошқа харажатлар.
Капитал қурилиш сметаларида, смета-лойиҳа ҳисобларида ва титул рўйхатларида назарда тутилган бино ва иншоотларни барпо этиш, асбоб-ускуналарни, воситаларни, инвентарларни ва бошқа жиҳозларни сотиб олиш бўйича харажатлар (қурилиш пудрат ёки хўжалик усулида амалга оширилишдан қатъий назар) 0810 «Тугалланмаган қурилиш» счётида активлар ва мажбуриятларни ҳисобга олувчи счётлар билан боғланган ҳолда ҳисобга олинади. Асосий воситаларни фойдаланишга киритилганда уларнинг бошланғич қиймати суммасига 0810 «Тугалланмаган қурилиш» счёти асосий воситаларни ҳисобга олувчи счётлар (0100) билан боғланган ҳолда кредитланади.
Бунда қурилиш даврида қурилиш учун олинган узоқ муддатли кредит бўйича ҳисобланган фоитзлар барпо этилган асосий воситаларнинг бошланғич қийматига киритилади. Корхона асосий восита (масалан, бино, иншоот ва ҳаказолар) ни қуриш (барпо этиш) билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун молия-кредит ташкилотларидан мақсадли кредит олган ҳолларда, тегишли равишда мазкур мақсадли кредитлар бўйича ҳисобланган фоизлар асосий воситаларни барпо этиш (қурилиш) пудрат ёки хўжалик усулида амалга оширилишдан қатъий назар барпо этиш (қурилиш) жараёни давомида асосий воситаларнинг қийматига олиб борилиши керак.
Корхона асосий восита (масалан, бино, иншоот ва ҳаказолар) ни қуриш (барпо этиш) билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун банклар ва бошқа молия-кредит ташкилотларидан олинган кредитлар бўйича фоизлар ҳисоби 24-сон БҲМС га мувофиқ амалга оширилади.
Асосий воситаларни барпо этиш тугаган яъни у фойдаланишга берилган ҳолларда, фоизларни капитализация қилиш тўхтатилади, асосий воситаларни фойдаланишга берилгандан кейин ҳисобланган фоиз харажатлари эса корхонанинг молиявий фаолият бўйича харажатларига олиб борилади ва 9610 «Фоизлар кўринишидаги харажатлар» счётида ҳисобга олинади.
Асосий воситадан мақсадга мувофиқ фойдаланиш учун унинг тегишли ишини текшириш жараёнида олинган маҳсулот соф сотиш қиймати бўйича кирим қилинади ва асосий воситаларнинг бошланғич қиймати шакллантирилганда капитал қўйилмалар суммасидан айирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |