2.6. Асосий воситаларни таъмирлаш
Ҳар бир корхона ўз ихтиёридаги асосий воситаларни самарали ва омилкорона бошқариш керак. Асосий воситалардан фойдаланишда биз дастлабки хоссаларини йўқотиш сингари тушунчага тўқнаш келамиз, узоқ муддат ишлатганда бу ҳол ишлаб чиқариш унумдорлиги, самарадорлиги ва сифатининг пасайишига олиб келади. Бошқача қилиб айтганда фойдаланиш жараёнида асбоб-ускуналар эскиради, узилишлар билан ишлашни бошлайди ёки айрим ҳолларда умуман ишдан чиқади. Бунинг сабаби бўлиб айрим деталлари ва узеллари ишдан чиқиши ҳисобланса, у ҳолда асосий воситаларни алмаштиришга зарурият йўқ, уларни қайта таъмирласа бўлади.
Ишлаб чиқариш унумдорлиги, самарадорлиги ва сифатини керакли даражада ушлаб туриш учун асосий воситаларни ўз вақтида таъмирлаш ва, тегишинча, таъмирлаш барча турлари бўйича харажатларни тўғри ҳисобга олиш лозим. Асосий воситаларни таъмирлашларни тўғри ҳисобга олиш бевосита корхонанинг ишлаш салоҳиятига, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот, бажарилаётган иш ва кўрсатилаётган хизмат сифатига таъсир кўрсатади. Тўғри юритиладиган бухгалтерия ҳисоби бошқаришнинг стратегия ва тактикасини назорат қилиш, ресурслардан мақбул тарзда фойдаланиш имконини берадиган муҳим ахборотни тақдим этади.
«Харажатлар таркиби тўғрисидаги Низом» га мувофиқ асосий воситаларни ишчи ҳолатида сақлаб туришга доир харажатлар (техник кўрикдан ўтказиш ва ҳолатини яхшилашга оид харажатлар) ҳамда ишлаб чиқаришдаги асосий воситаларнинг барча турдаги таъмирланишини (жорий, ўртача, капитал тарзда) ўтказиш билан боғлиқ харажатлар маҳсулот (ишлар, хизматлар) нинг ишлаб чиқариш таннархини ҳосил қилувчи харажатлар таркибига киради.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб қараганда иқтисодиётни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ва кўрсатилаётган хизматларни ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш ва уларни жаҳон бозорида рақобатбардошлиги оширишда асосий воситаларни таъмирлаш харажатларини тўғри гуруҳлаш ва ҳисобга олишни тўғри ташкил этиш мухим ахамият касб этади.
Асосий воситалар таъмирланиши бухгалтерия ҳисобининг вазифалари қуйидагилардан иборат:
- бажарилган таъмирлаш ишларининг таннархи ҳамда ҳажмини тўғри ва ўз вақтида аниқлаш;
- таъмирлаш билан боғлиқ ҳаражатларнинг маҳсулот ёки бажарилган иш таннархига тўғри ўтказилишини таъминлаш;
- таъмирлаш ишлари учун ажратилган маблағдан тўғри фойдаланиши устидан назорат олиб бориш;
- таъмирлаш ишларининг ўз вактида ва сифатли килиб олиб борилиши устидан назорат олиб бориш ва бошқалар.
Корхона асосий воситаларни таъмирлашни пудрат ёки хўжалик усулида амалга ошириши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |