Асосий воситаларни ишчи ҳолатида сақлаб туриш учун амалга ошириладиган таъмирлаш (жорий, ўртача ва капитал) харажатларини ҳисобга олиш. Асосий воситаларни ишчи ҳолатида сақлаб туриш яъни уларнинг соз бўлиши ёки иш қобилияти тикланиши уларни таъмирлаш (жорий, ўртача ва капитал тарзда) воситасида амалга оширилади. Асосий воситалар объекти айрим таркибий қисмларининг конструктив хусусиятлари, шикастланишлар хусусияти ва эскириш даражасига боғлиқ равишда, шунингдек тиклаш ишларининг сермеҳнатлигига қараб жорий, ўртача ва капитал таъмирлашга ажратилади.
Жорий таъмирлаш деганда асосий воситаларни ишчи ҳолатида сақлаб туриш мақсадида амалга ошириладиган таъмирлаш тушинилади. Жорий таъмирлаш ўз ичига узел ва деталларни алмаштириш ёки тиклаш, майда шикастланишларни бартараф этиш, шунингдек тартибга солиш ишларини олади ва асосий воситаларга хизмат кўрсатувчи ишчи (уста) лар ёки таъмирлаш бригадаси ишлатиш жойида, кўпинча жорий техник кўрикдан ўтказиш мобайнида амалга оширадилар. Одатда жорий таъмирлаш 1 йилдан кам бўлган даврийликда, яъни ишлаб чиқариш (технологик жараёнлар) хусусиятидан келиб чиқиб, ҳар бир иш куни тугагандан кейин, ҳар хафтада ёки хар ойда бир марта ўтказилиши мумкин. Жорий таъмирлаш графиги корхона томонидан мустақил равишда технологик жараёнлар хусусиятидан келиб чиқиб белгиланади.
Ўртача таъмирлашда таъмирланаётган асосий воситани қисман ажратиш ва деталларнинг қисмларини тиклаш ёки алмаштириш амалга оширилади, узелларнинг техник ҳолати текширилади, баъзан унинг айрим қисмлари мукаммал таъмирланади ҳам. Ўртача таъмирлашни кўчма ёки турғун таъмирлаш хизматлари амалга оширади. Асосан мазкур таъмирлаш тури жорий ва капитал таъмирлашлар оралиғидаги 1 йилдан ошиқ даврийликда амалга оширилади.
Капитал таъмирлашда базавий ва корпус деталлари ва узелларини тўлиқ ажратиб йиғиш ва таъмирлаш, барча эскирган деталлар ва узелларни янги, янада замонавийроқларига алмаштириш ёки тиклаш ҳамда зарурат бўлганда объектни йиғиш, созлаш ва синаб кўриш амалга оширилади. Бинолар ва иншоотлар учун капитал таъмирлаш бўлиб, эскирган конструкциялар ва деталларни объектнинг фойдаланиш имкониятларини яхшилайдиган янада мустаҳкам ва тежамлиларига алмаштириш ёки тиклаш амалга оширилиши ҳисобланиши мумкин.
2.7. Асосий воситаларни инвентаризациядан ўтказиш Асосий воситаларнинг инвентаризацияси – инвентар карточкалари (инвентар дафтарлари) бўйича ҳисоб маълумотларини активларни ҳақиқатда мавжудлигига мос келиши, уларнинг техник ҳолати ва баҳоланишини текшириладиган жараёни ўз ичига оладиган мол-мулк ва мажбуриятларни умумий инвентаризациясини бир қисмини ташкил этади. Шуни таъкидлаш лозимки, инвентаризация асосий воситаларни сақланиши (мавжудлиги) ни кейинги бухгалтерия назоратини ва ҳисоб маълумотларини ишончлийлигини таъминлашнинг қулай ва унумли воситаси бўлиб ҳисобланади.
Асосий воситаларнинг ҳақиқатда мавжудлигини аниқлаш ва уларнинг бутлигини назорат қилиш мақсадида корхоналар томонидан вақти-вақти билан, бироқ икки йилда камида бир марта асосий воситаларни инвентаризацияси ўтказилади, кутубхона фондлари эса беш йилда бир марта инвентаризация қилинади. Барча асосий воситалар: хусусийлари, вақтинчалик эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи берилганлари, ижарага олинганлари, масъул сақлашда бўлган ва қўйилганлари инвентаризациядан ўтказилади.
Корхонанинг мулкини, шу жумладан асосий воситаларни инвентаризациясини ўтказиш ва унинг натижаларини расмийлаштиришнинг умумий қоидалари ва умумбелгиланган тартиби 19-сон БҲМС билан белгиланган. Инвентаризацияни ташкил этиш масаласига 1-мавзуда тўхталиб ўтганмиз.
2.8. Асосий воситаларни чиқиб кетиши Асосий воситаларнинг чиқиб кетишининг умумий масалалари. Асосий воситалар зарур ҳолларда бир корхонанинг ичида бир таркибий бўлинмадан бошқа бир тарбий бўлинмага ўтказилади, шунингдек ҳар хил сабабларга кўра бошқа корхоналарга чиқиб кетади.
Асосий воситалар корхонанинг таркибий бўлинмалари ўртасида ўзаро биридан иккинчисига ўтказилиши асосий воситаларнинг чиқиб кетиши деб тан олинмайди ва бухгалтерия ёзувлари амалга оширилмайди, аналитик ҳисоб картотекасида инвентар карточкаси асосий воситалар жойлашган таркибий бўлинмадан берилган бўлинмага олиб қўйилади. Шунингдек асосий воситаларни бериш бўйича операциялар чиқиб кетиш деб тан олинмайди ҳолларда қуйидагилар киради:
- гаровга бериш;
- корхонанинг шўъбаларига, вакалотхоналарига, бўлинмаларига ва бошқа ажратилган (ёки ажратилмаган) таркибий бўлинмаларига бериш;
- мулкни ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ ишончли бошқарувчиларга бериш;
- биргаликда амалга ошириладиган фаолият шартномасига иштирокчининг улуши сифатида киритиш. Ушбу шартномага мувофиқ операциялар биргаликда амалага оширилади ва активлар биргаликда фойдаланилади;
- оператив ижара шартномаси бўйича бериш;
- корхона раҳбариятининг тегишли кўрсатмасига асосан бир таркибий бўлинма томонидани бошқа таркибий бўлинмага бериш;
- активга эгалик ҳуқуқини бермаслик билан амалга ошириладиган операциялар.
Агар асосий воситалар маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида ёхуд маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга оширишда ҳар доим фойдаланилмаса, меъёрларда белгиланган фойдаланиш муддатидан олдин эскирса, шунингдек уларни таъмирлаш ёки модернизация қилиш мақсадга мувофиқ бўлмаса ва бошқа сабабларга кўра корхона уларни ҳисобдан чиқаради.
5-сон БҲМС га мувофиқ чиқиб кетаётган асосий воситаларнинг қиймати балансдан чиқарилади. Асосий воситаларнинг қиймати корхона балансидан қуйидагилар натижасида чиқарилади:
- тугатилганда;
- сотилганда;
- айирбошланганда (алмаштирилгнада);
- бепул (текинга) берилганда;
- устав капиталига таъсисчининг қўйилмаси (улуши) сифатида берилганда;
- молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича берилиганда. Асосий воситалар оператив ижара шарномаси бўйича берилганда аоосий воситаларни балансдан чиқариш амалга оширилмайди;
- камомад ёки йўқотишлар аниқланганда;
- таъсисчи таъсисчилар таркибидан чиққанда;
- нодавлат нотижорат ташкилот мулкини шакллантиришда мулкий бадал сифатида берилганда.
Агар битта асосий воситада турлича фойдали ишлатиш муддатига эга бўлган бир нечта мустақил инвентар объектлар мавжуд бўлса, тиклаш чоғида ҳар бир бундай инвентар объектни алмаштириш мустақил инвентар объектини чиқиб кетиши ва харид қилиниши сифатида ҳисобга олинади. Бунда асосий воситани мустақил инвентар объектини алмаштириш натижасида мазкур мустақил инвентар объектни чиқиб кетиши (қийматини балансдан чиқарилиши) бухгалтерия ҳисобида «Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисидаги Низом» га мувофиқ акс эттирилади. Асосий воситани янги харид қилинган мустақил инвентар объектнинг бошланғич қийматини шаклланиши ва бухгалтерия ҳисобида акс эттрилиши 5-сон БҲМС га мувофиқ амалга оширилади.
Асосий воситалар қисман тугатилган ҳолатда унинг бошланғич (тиклаш) қиймати ва жамланган амортизацияси тегишлигича асосий воситаларнинг тугатилган қисмининг бошланғич (тиклаш) қиймати ва жамланган амортизацияси суммасига камайтирилади.
Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижа (фойда ёки зарар) асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан олинган даромаддан уларнинг қолдиқ (баланс) қийматини, асосий воситаларнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ бўлган билвосита солиқлар ва харажатларни чегириб ташлаш орқали аниқланади. Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижа (фойда ёки зарар) 9210 «Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» счётида аниқланади.
Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижани (фойда ёки зарарни) аниқлашда олдинги қайта баҳолашлардан ҳосил бўлган асосий восита қиймати ошиши суммасининг қолдиғи, яъни ушбу асосий воситанинг қайта баҳолашлар натижасида баҳосининг ошган суммаси баҳосининг пасайган суммасидан ошган қисми асосий воситаларнинг чиқиб кетишини ҳисобга олувчи счётнинг кредитига олиб борилиб, бир вақтнинг ўзида 8510 «Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» счётини камайтиради.
Агарда 8510 «Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» счётида ҳисобга олинган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаси (қолдиқ), яъни ушбу асосий воситани қайта баҳолашлар натижасида баҳосининг ошиши суммаси баҳосининг пасайиши суммасидан ортган қисми, мулкни хусусийлаштириш жараёнида ҳосил бўлган гудвил (фирма баҳоси) суммасининг камайтирилишига (ҳисобдан чиқарилишига) ишлатилган бўлса, асосий воситаларни ҳисобга олиш ҳужжатлари (реестрлари)да хусусийлаштириш натижасида ҳосил бўлган гудвил (фирма баҳоси) қийматини қоплаш учун йўналтирилган қайта баҳолаш (қолдиқ) суммаси тўғрисида белги қўйилади.
Бунда, ҳар бир асосий восита бўйича гудвилл (фирма баҳоси)нинг қийматини қоплаш учун йўналтирилган қайта баҳолаш (қолдиқ) суммасини аниқлаш учун ҳар бир турдаги асосий воситанинг қайта баҳолаш (қолдиқ) суммаси тегишли коэффициентларга кўпайтирилади. Ушбу коэффициент асосий фондларни қайта баҳолаш натижасида ҳосил бўлган резерв капиталидан гудвилл (фирма баҳоси) қийматини қоплаш учун йўналтирилган суммасининг гудвилл (фирма баҳоси) қийматини қоплашгача бўлган қайта баҳолаш натижасида ҳосил бўлган резерв капитали суммасига нисбати сифатида аниқланади.
Шундай қилиб, чиқиб кетаётган асосий воситаларни олдин қайта баҳолаш натижасида юзага келган резерв капиталидан гудвилл (фирма баҳоси) қийматини қоплаш учун йўналтирилган ҳолларда, асосий воситаларнинг чиқиб кетишини ҳисобга олувчи счётнинг кредитига ушбу турдаги асосий воситани қайта баҳолаш натижасида резерв капиталида турган қайта баҳолашнинг қолдиқ суммаси гудвилл (фирма баҳоси) қийматини қоплаш учун йўналтирилган суммага камайтирилганидан қолган қисми олиб борилади.
Юқорида келтирилган сабабларга кўра 5-сон БҲМС1 кучга киргунига қадар чиқиб кетган асосий воситалар бўйича 8510 «Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» счётида ҳисобга олинган чиқиб кетган асосий воситаларнинг қайта баҳолаш натижаси (қолдиғи), яъни ушбу асосий воситаларни қайта баҳолашлар натижасида баҳоси ўсиши суммасининг баҳоси пасайиши суммасидан ошган суммаси 8520 «Резерв капитали» счётига ўтказилади.
Шунинг учун, корхоналар 8510 «Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» счётида ҳисобга олинган қайта баҳолаш натижаси (қолдиқ)ни, яъни олдинги қиймат ошиши суммасининг олдинги қиймат пасайиши суммасидан ошган суммасини икки қисмга: балансда ҳисобда бўлган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаси (қолдиқ) га ва 5-сон БҲМС кучга киргунига қадар чиқиб кетган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаси (қолдиқ) га бўлиши лозим.
Расмийлаштирилган ва бухгалтерияга тақдим этилган асосий воситаларни тугатиш тўғрисидаги далолатномага асосланган ҳолда инвентар карточкада асосий воситаларни чиқиб кетиши тўғрисида белги қўйиш амалга оширилади. Асосий воситаларни чиқиб кетиши тўғрисидаги тегишли ёзув уларни жойлашган жойида очилган ҳужжатда ҳам амалга оширилади. Чиқиб кетаётган асосий воситалар бўйича инвентар карточкалар корхона томонидан давлат архив ишларини ташкил этиш қоидаларига мувофиқ ўрнатилган муддат, бироқ беш йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақланади.