Борлиқнинг шакллари
Ҳозирги замон илмий адабиётларида борлиқнинг тўрт асосий шакли таҳлил қилинади. Биринчи шакл сифатида табиат жараёнлари ва инсон томонидан яратилган нарсалар борлиғи қайд этилади. Бошқача айтганда, борлиқнинг мазкур шакли табиий табиатни ва инсон томонидан яратилган табиатни қамраб олади. Иккинчи шакл инсон борлиғини қамраб олади. Учинчи шакл – маънавий борлиқ. У индивидуаллаштирилган (субъектдаги) маънавий борлиқ ва объективлаштирилган (индивиддан ташқаридаги) маънавий борлиққа бўлинади. Борлиқнинг тўртинчи шакли - ижтимоий борлиқ. У айрим инсоннинг табиат ва тарихдаги борлиғига ва жамият борлиғига бўлинади. Шундай қилиб, табиат, инсон, маънавият ва ижтимоийлик борлиқнинг асосий шаклларидир.
Табиат борлиғи. Табиат борлиғи онг юзага келишидан олдин мавжуд бўлган, онгдан ташқарида ва ундан қатъий назар мавжуддир. Бироқ, табиий жараёнлар ва табиат ҳолатлари ҳақида айнан инсон фикрлайди, сўз юритади. Табиатнинг азалий бирламчилиги ва инсонга боғлиқ эмаслигини инсоннинг ўзи тасдиқлайди. Борлиқнинг биринчи шакли – табиат нафақат табиий табиатни, балки иккинчи антропологик – инсон томонидан яратилган табиатни ҳам ўз ичига олади.
Инсон борлиғи. Борлиқнинг иккинчи шакли – инсон борлиғи, одам танасининг ҳаёти инсон мавжудлигининг бирламчи шарти, шунингдек инсоннинг табиатнинг бир қисми сифатида жисмоний мавжудлиги ва алоҳида инсон борлиғи сифатида намоён бўлади.
Моддий дунёда инсон тана сифатида мавжуд бўлади, бинобарин, у ҳаёт қонунлари, организмларнинг ўсиш ва ҳалок бўлиш цикллари, табиат циклларига боғлиқдир. Инсон табиатнинг бир қисми ҳисобланади ва шу маънода унинг қонунларига бўйсунади. Тананинг мавжудлиги инсон ўлимга маҳкум эканлигини белгилайди. Инсон борлиқ ва йўқлик диалектикаси билан боғланади, барча табиат жисмлари каби вужудга келиш, шаклланиш ҳамда ҳалок бўлиш ҳолатларидан ўтади. Барча табиат жисмлари каби, инсон танасига ҳам модда ва энергиянинг сақланиш қонунлари ўз таъсирини кўрсатади, яъни унинг таркибий қисмлари табиатнинг бошқа ҳолатларига ўтади. Инсон танаси мавжуд бўлиши учун уни муттасил қувватлаш (овқатланиш, совуқдан ва бошқа хавф-хатарлардан сақлаш) талаб этилади. Фикрлаш учун инсон танасининг тириклигини таъминлаш зарур. Бундан ҳаётни сақлаш, инсоннинг ўз-ўзини сақлаши ва инсониятнинг яшовчанлигини таъминлаш зарурияти келиб чиқади, бу озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, турар жой, соф атроф муҳитга эга бўлиш эҳтиёжида ўз ифодасини топади;
Маънавий борлиқ субъектив, индивидуаллашган маънавий борлиқ ва объектив ноиндивидуал маънавий борлиқ сифатида мавжуд. Индивидуаллашган маънавий борлиқ - бу инсоннинг ички дунёси. У онглилик ва онгсизликни қамраб олади. Бундай ёндашувга кўра, руҳ – индивидуал онг билан айний тушунча, тор маънода эса у тафаккурдир. Онг – инсон бош миясининг дунё борлиғини изчил акс эттириш, уни образлар ва тушунчаларга айлантириш қобилиятидир. Онг таассуротлар, сезгилар, кечинмалар, фикрлар, ғоялар, эътиқодлар, қадриятлар ва андозаларнинг кўринмас жараёни сифатида мавжуд. Онг тез оқадиган ва бир хил бўлмаган орқага қайтмайдиган хусусиятга эга.
Индивидуал онг ўзининг ўлимга маҳкумлиги билан тавсифланади, лекин унинг айрим қисмлари ноиндивидуал маънавий шакл-шамойил касб этади, шунингдек бошқа кишилар мулкига айланади. Хатти-ҳаракатларда инсон онгининг маҳсуллари моддийлашади, уларга қараб одамларнинг ниятлари, мўлжаллари, мақсадлари, ғоялари ҳақида хулоса чиқарилади. Ноиндивидуал маънавий борлиқнинг ўзига хос хусусияти шундаки, унинг элементлари сақланади, такомиллашади ва ижтимоий макон ва вақтда эркин ҳаракатланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |