Борлиқлик мезонлари
Онтология – фалсафанинг тахмин ва фаразлар билан айниқса кучли боғлиқ бўлган қисми. Неопозитивистлар унинг табиий-илмий билимдан фарқига ишора қиладиларки, бунга қўшилмаслик мумкин эмас (аммо қаерда фан тугаши ва «метафизика» бошланишини аниқ ва узил-кесил кўрсатишга ҳали муваффақ бўлинганича йўқ).
Шунга қарамай ҳар қандай онтология қаноатлантириши лозим бўлган бир мезон мавжуд: инсоният ижтимоий-тарихий амалиёти ривожланишининг мазкур босқичида у мавжуд билимлар билан зиддиятга киришмаслиги керак. Турли онтологик концепциялар бу мезонни турли даражада қаноатлантиради. Сунъий ўйлаб топилган, фанга таянмайдиган онтологик концепциялар тажриба билан тўқнашувни четлаб ўта олмайди. Мазкур мезонга материалистик онтология кўпроқ мос келади, зеро унинг замирида жамият тўплаган тажрибани умумлаштириш ётади.
Материалистик нуқтаи назардан онтологик концепция мавҳум тушунчаларни ва борлиқнинг умумий тамойилларини спекулятив тарзда тузиш йўли билан яратилмаслиги керак. Бу йўл тафаккурнинг воқеликдан узоқлашишига олиб боради. Тамойиллар ва тушунчалар табиатга муқаррар ва шак-шубҳасиз ҳақиқатлар сифатида боғланмаслиги керак. Аксинча, улар табиатни ўрганишдан, фан тўплаган борлиқни билиш тажрибасини умумлаштиришдан келтириб чиқарилиши лозим.
Онтология ва метафизика
Ҳозирги давр физикасида Аристотелнинг «биринчи материяси» (ёки субстрати) га вакуумдаги заррачалар мос келади.
Онтологияда юқорида санаб ўтилган сабаблардан биринчи ва иккинчиси кўп ишлатилади. Чунки, қадимги фалсафада дифференциаллашув содир бўлган, бу дифференциаллашув фалсафанинг эзотерик (мистик) қатлами бўлган. Аристотел «фалсафанинг ўзи», «биринчи фалсафа», «софия» ёки «хусусий метафизика» ва «умумий метафизика» деб кўрсатган қатламдан физикани ажратган. Қадимги юнон фалсафасининг, яъни метафизикасининг мазмунини ташкил этган муҳим тушунчалар, айниқса ҳаракат манбаи (ижодкор сабаб) ёки унинг мақсад сабаби бўлган Худо ҳақидаги ғоялар эса натурфалсафа мазмунига кирмайди. Лекин ҳозирги давр фанида, айниқса тизимлар назарияси 3 ва 4 сабаблари ҳам табора олимларнинг диққат марказига айланмоқда).
Бундан ташқари, Аристотел қандайдир мавҳум дастурнинг эмас, балки эзгуликнинг амалга ошувини назарда тутади. Яъни у мақсад деганда, ҳар бир нарсанинг ўз эзгулигига эришувини тушунади. Демак, ҳар қандай имконият воқе бўлишга, тўла амалга ошишга интилар экан, бунда нафақат ўзининг эзгулиги, балки умум эзгуликга ҳам интилади.
Ҳаракатлантирувчи сабаб. «Ҳамма нарсалар ҳамиша бирон нарсанинг фаолияти (таъсири) туфайли бирон – бир ўзгариш содир бўлади». «Ҳаракатчини ҳаракатлантирувчи бўлиши керак». Бу ҳаракат ўз – ўзидан (тасодифий) содир бўлмаслигини билдиради. Масалан, моҳият Аристотел айтганидай, нофаолдир. Шакл эса фаолдир, Айни замонда у моҳиятдир. «Моҳият ва шакл - бу фаолият». Лекин бу фаолият ҳам ўз олий моҳиятига, ўз олий шаклига, биринчи ҳаракатлантирувчисига эга. «Метафизика» да «Ўзгаришлар қаерда келиб чиқди?» Биринчи ҳаракатлантирувчининг (ҳаракат) ўзгариши нимага дуч келади? Метафизика ўзгариши нимага олдин келади? Албатта шаклга деб таъкидланади.
Аристотелнинг бу қараши 4 ва 2 сабабга келтирилиши мумкин:
1 – сабаб материя;
2 – шакл – мақсад – ҳаракат сабаб – Худо – шакллантирувчи – ҳаракатлантирувчи ва мақсад сабаб, яъни иккинчиси 3 тасининг бирлигидан иборат. Аристотелда бу Худодир. Шунинг учун ҳам унинг «Биринчи фалсафа» си теологиядир. Шакл сабаб сифатида Худо барча метафизик моҳият, табиатдан ташқари, материядан ажралган, ҳаракатсиз сезгилар билан сезилмайдиганларни ўз ичига қамраб олади.
Фалсафанинг табиат ҳақидагиси фандан (физикадан) фарқли илм сифатида мавжуд. Унинг бўлиш ҳуқуқи ҳам ана шу метафизик моҳиятлар борлиги билан боғлаган эди.
Аристотель “Метафизика” асарида ўзида метафизика моҳиятини жо этган Худо – бу «абадий, ҳаракатсиз ва ҳиссиётлар, сезгилардан ташқари бир моҳиятдир» деб таъкидлайди.
Худо ҳаракатсиз, чунки, агар у ҳаракатда дейилса, у ҳолда у биринчи ҳаракатлантирувчи бўлмас эди. Зеро уни ҳаракатлантирувчи бошқа асос бўлиши керак эди.
Антик фалсафада борлиқ муаммоси (натурфалсафа даври)
Шарқ донишмандлари каби, антик мутафаккирларни ҳам борлиқнинг манбалари қизиқтирган. Қадимги юнон фалсафаси вужудга келган пайтдан бошлаб улар бутун борлиқнинг биринчи сабабини мавжуд воқеликнинг ўзидан излаганлар, уни дам сув (Фалес) ёки ҳаво (Анаксимен) деб, дам ҳамма нарсани бошқарадиган боқий ва чексиз асос – «апейрон» деб тавсифлаганлар. Масалан, Анаксимандр (тахминан мил. ав. 611-545 йиллар) шундай деб ҳисоблаган ва ҳатто жонли мавжудотларнинг табиий келиб чиқиши ғоясини илгари сурган. Унинг фикрича, мазкур мавжудотлар денгиз сувида вужудга келган ва сув ўтларидан пайдо бўлган. Сўнгра балиқсимон мавжудотлар қуруқликка чиққан ва улардан одамлар ривожланган. Шунга ўхшаш фикрларни Ксенофан (мил. ав. 580-490 йиллар) ҳам илгари суради. У ҳамма нарса ер ва сувдан вужудга келади ва ривожланади, ҳатто «биз ҳам ер ва сувдан пайдо бўлганмиз», деб ҳисоблайди. Фалес бутун борлиқнинг биринчи асоси деб сувни, Анаксимен – ҳавони, Гераклит – оловни эътироф этган. Антик даврда табиатга муносабат. Табиатга нисбатан бундай муносабат асосан мил. ав. I минг йилликнинг ўрталарига келиб шаклланди ва назарий тафаккур пайдо бўлиши билан сезиларли даражада ўзгарди. Бу тафаккур ўша даврда дунёқарашнинг алоҳида тарихий шакли сифатида вужудга келган фалсафанинг узвий ва таркибий қисмига айланди. Илк антик файласуфлар, фалсафанинг бош вазифаси улар космос сифатида тушунган дунё нимадан иборат, деган саволга жавоб топиш учун табиатни ўрганишга ҳаракат қилганлар.
Антик даврда табиат инсондан деярли ҳамма нарсада устун бўлган қудратли куч бўлиб қолишда давом этса-да, лекин уни одамзот назарий англаб етиши натижасида табиат муайян қиммат касб этди ва кўп жиҳатдан уйғунлик ва баркамоллик идеали сифатида идрок этила бошлади. Антик файласуфларнинг кўпгина асарлари табиатга ҳурмат кўрсатиш ғояси билан суғорилган бўлиб, табиат билан муросаи мадора қилиш ва унинг қонунларига мувофиқ яшашга чақиради, айни шундай ҳаётни энг муносиб ва мақбул деб эътироф этади.
Кадимги Марказий Осиё зардуштийлик таълимотида ҳам табиатга оқилона муносабатда бўлиш, атроф муҳитнинг экологик тозалилига риоя қилиш ғояси ётади. ( Масалан сувни ифлослантирмаслик, ариқдан оқаётган сувни исътемол қилмаслик, йўл бўйи ва қабристонга мевали дарахт экмаслик.)
Умуман олганда, шунга ўхшаш тасаввурларга қадимги ҳинд ва қадимги хитой фалсафаси намояндаларининг асарларида ҳам дуч келиш мумкин. Улар табиатнинг умумий қонунларини билишга ҳаракат қилиш, уларга қаршилик кўрсатмаслик ва унга бўйсуниш лозим, зеро инсон уларни ўзгартиришга қодир эмас, деб ҳисоблаганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |