Ижтимоий борлиқ. У айрим инсоннинг жамиятдаги борлиғи ва жамиятнинг ўз борлиғига бўлинади. Ҳар бир инсон бошқа одамлар билан муттасил алоқа қилади, турли ижтимоий гуруҳлар: оила, ишлаб чиқариш жамоаси, миллатнинг аъзоси ҳисобланади. Шундай қилиб, у бошқа индивидлар билан яқин алоқа қилиб яшайди. Одамларнинг барча фаолияти мазкур социумга хос бўлган ижтимоий муносабатлар, чунончи: сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ахлоқий ва бошқа муносабатлар доирасида амалга оширилади.
Ҳаракат парадокслари. Борлиқда барқарорлик ва беқарорлик, ўзаро таъсир.
Борлиқнинг яшаш шакли (атрибутлилиги) ҳаракат эканлиги муаммоси дунёда мутлақ ҳаракатсизлик ҳолатида бўлган моддий объектлар чиндан ҳам йўқ ва бўлиши мумкин эмасми ёки бўлиши мумкинми, деган саволга жавоб топишдан иборат. Агар бундай объектлар бўлиши мумкин бўлса, у ҳолда ҳаракат материянинг атрибути (умумий, узвий, универсал хоссаси) эмас, балки модуси (унинг бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам мумкин бўлган айрим хоссаси)дир. Сўнгги ҳолат айрим моддий жисмлар ҳаракатда, айримлари эса доимий ҳаракатсизлик ҳолатида бўлишини англатади. Бироқ бу ҳолда айрим мазкур жисмларни нима ҳаракатга келтиради?
«Материясиз ҳаракат, ҳаракатсиз материя бўлмайди», «моддий ҳаракат ва ҳаракатланаётган материя айни бир нарсалардир», «материянинг ҳаракатдан маҳрум ҳолати ҳақидаги тасаввур энг асоссиз ва бемаъни тасаввурлардан биридир» қабилидаги фикрлар ҳамма биладиган оддий ҳақиқатга айланган. Унда ҳаракатнинг атрибутлилиги, ҳаракатни яратиб ҳам, унга барҳам бериб ҳам бўлмаслиги, ҳаракат материя каби абадий ва чексиз эканлиги қайд этилади. Аниқроғи, бу хулосалар қоида даражасига кўтарилади. Аммо бундай хулосалар юқорида зикр этилган саволга жавобнинг мумкин бўлган ягона вариантими? Умуман, ҳаракатнинг атрибутлилиги муаммоси фалсафа тарихида қандай ечилган? Бу саволга жавобни умуман ўзгаришлар ҳақида тасаввурга эга бўлишдан бошлаймиз.
Ўзгаришларнинг умумий хусусияти. Бизни қуршаган дунёнинг муҳим хусусияти – Коинотда ва унинг барча таркибий қисмларида юз берадиган тинимсиз ўзгаришлардир.
Табиатнинг ўзгарувчанлиги фалсафа пайдо бўлишидан анча олдин яхши маълум бўлган, фалсафа вужудга келгач эса, масалаларнинг мазкур доираси алоҳида ўрганиш предметига айланди ва вақт ўтиши билан унинг негизида фалсафий билимларнинг махсус бўлими – диалектика юзага келди. Ҳозирги замон фалсафасида «ҳаракат» тушунчаси «кенг» маънода умуман ҳар қандай ўзгариш ҳақидаги тасаввур сифатида талқин қилинади. Ҳаракатни умуман ўзгариш сифатида тушуниш ҳаракат турларининг бутун ранг-баранглигини унинг муайян бир турига боғлаш тўғри эмаслиги ҳақида огоҳлантиради ва ҳаракат шаклларининг умумий хусусияти ва бир-бирига айланиш қобилиятига ишора қилади. «Умуман ўзгариш» деганда, бизнинг улар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларимиздан қатъий назар, объектив мавжуд бўлган барча ўзгаришлар, турли жараёнлар назарда тутилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |