МЕН СЕВГИМНИ...
Мен севгимнинг, мен севгимнинг камолини ўйлайман,
Эй, сиз, қизлар, сизлар асло туширмангиз тузоққа.
Менга берган севинчларин қўшиқ қилиб куйлайман,
Ҳеч сабрим йўқ, аммо дўстлар у аламли фироққа.
Мен севгимнинг, мен севгимнинг камолини ўйлайман,
Бир ўйларки, ул сеҳрдан бўлиб қолурман сармаст.
Бу сиримни фақат сизга, фақат сизга сўйлайман,
Қўшиғимга ошиқ диллар бўлиб келсинлар пайваст.
БУ КЕЧ...
Мен отамдан сўзладим бу кеч,
Уйқуларим кетдилар қочиб.
Йиғладим ҳам, бўзладим бу кеч,
Кулгулардан, шодликдан кечиб.
Мен отамдан сўзладим бу кеч,
Юрагимни ўртади армон.
Эзиламан, ахир ўшанда
Ҳол сўрмаган ғўр эдим, нодон.
Довонлардан ўтсам мен агар,
Сўзларингиз бўлади сабоқ.
Орзуларим амалда шу дам,
Келажаги йўллари ойдак.
Мен отамдан сўзладим бу кеч,
Уйқуларим кетдилар қочиб...
ОРЗУ
Ёшлик экан, болалик экан,
Чопишардик шўхлик-ла ҳар ён.
Етти ёшга тўлганда ул кун,
Қалбим тўла шодлик, ҳаяжон.
Кутар эди жонажон мактаб,
Кутар мени илм, одоб, фан.
Келажакда кутади Ватан,
Азиз онам, буюк элим ҳам.
Баракалла дер, ўқи қизим,
Халққа хизмат қилгин юлдузим.
Рози бўлсин Ватанинг, халқинг,
Шулдир менинг дилдаги орзум.
АЁЛ
Елкада оғир юк, бормоқда аёл,
Ишда бир хаёлу уйда бир хаёл,
Мени қийнаб келар доим бир савол:
Қачон ўзи учун яшайди аёл?
Қошига ўсмалар қўймоқ истайди,
Сочини қирқ қилиб ўрмоқ истайди,
Дунёнинг ишлари тезроқ битсайди,
Қачон ўзи учун яшайди аёл?
Ташвишин, чарчоғин ичга ютади,
Оромли кунларни ҳамон кутади,
Шу зайл тинимсиз кунлар ўтади,
Қачон ўзи учун яшайди аёл?
СОҒИНЧ
Ишлар билан бўлиб қолиб андармон,
Дўстим сендан ололмадим мен хабар.
Юраккинам энтикди-ю шу замон
Бўлиб қолдим бир кўришга интизор.
Интизор дил учрашганда кўзларинг,
Ёниқ чеҳранг кўз олдимда намоён.
Менга дебон пинҳон тутган сўзларинг
Эшитмоққа зорман, азиз ўртоқжон.
Бир хазина топгандайин қувониб,
Янги ёзган шеърларингни ўқийман.
Кел, дўстгинам меҳр олиб, шеър олиб,
Мен шаънингга доим шеърлар тўқийман.
ИЛҲОМИМ
Сатрлар қуйилиб келаверади,
Қалбимни азоблар тилаверади,
Хаёлим паришон бўлаверади
Илҳомим, қалбимга сен келсанг агар.
Мен лоқайд, бепарво юра олмайман,
Ҳиссиз, ҳаяжонсиз тура олмайман,
Меҳрсиз, субутсиз бўла олмайман,
Илҳомим, қалбимга сен келсанг агар.
Майли, қийна мени тутқаз қаламни,
Майли, тўкиб солай дарду аламни,
Сенсиз не қилай бу кенг оламни,
Илҳомим, қалбимдан сен кетма фақат!
НАВОИЙ БОБОМ
Навоий бобожон, муборак кунда
Ярашмиш юртимга қадду бастингиз.
Пурҳикмат асарлар халқлар тилида
Қўшиқ бўлиб янграр қайноқ байтингиз.
Дунёни забт этмоқ иштиёқида
Қиличлар ўйнади юртим бошига.
Якқалам қилмоқлик иштиёқида
Маслакдош бўлдингиз шоҳлар қошида.
Дарди кўп халқимиз дардкаши бўлиб,
Ёвуз адоватни юлқиб дунёдан,
Шеърият мулкининг оташи бўлиб,
Жисмингиз яралмиш нурдан, зиёдан.
Даврлар ўзгарар, ўзгарар замон,
Аммо Сиз буюклар ичида даҳо.
Ўз аслини йўқотмас, ҳеч қачон
Сизнинг ашъорлар яшар доимо.
Ўзбегим фахр этиб яшайди мудом,
Навоий бобомдек даҳолари бор.
Пойингизга сажда этурман мудом,
Руҳингиз бизларга бўлиб тургай ёр.
Do'stlaringiz bilan baham: |