КЕЛИН-КУЁВЛАРГА
Келин-куёв, бўлингиз огоҳ,
Оила бу – муқаддас даргоҳ,
Бахтингизни авайлаб, асранг,
Дарз ҳам кетиб қолмасин ногоҳ.
Энг муҳими билсангиз соғлик,
У барчаси сизларга боғлиқ,
Шукур қилиб яшанг ҳамиша,
Таомингиз ёвғон, гоҳ ёғлик.
Эрингизни шоҳим, деб атанг,
Завжангизни моҳим, деб атанг,
Кўрганлар хўп қилсинлар ҳавас,
Гўзал яшанг, беармон яшанг!
Тийиб юринг тилингизни ҳам,
Очинг чеҳра, дилингизни ҳам,
Битта нохуш каломингиз-ла
Этиб қўйманг бошингизни хам.
Авайлангиз бир-бирингизни,
Олиб чиқманг уй сирингизни.
Ҳалол бўлинг, покдомон бўлинг,
Ўйин билманг тақдирингизни.
Энг аввало болам, деб яшанг,
Уйим, жойим, хонам, деб яшанг,
Уйлар қуринг обод, ораста
Ватаним – остонам деб яшанг.
Ҳолин сўранг ота-онангиз,
Улар асли давлатхонангиз,
Олтин не у, дуода гап кўп,
Ғафлат босиб, ўтда ёнмангиз.
Эр – юксакда, сиз пастда бўлинг,
Озода-ю ораста бўлинг,
Ҳурмат-иззат – гўзал фазилат,
Тикан бўлманг, гулдаста бўлинг.
Ҳар нокасга орингиз солманг,
Ҳалол меҳнат қилишдан толманг,
Маърифатнинг йўлини тутинг,
Китобдан ҳам бебаҳра қолманг.
Омин! Қўша қариб юринглар,
Соғлом, гўзал фарзанд кўринглар.
Муҳаббатдан сарбаланд бўлиб,
Гўзал юртда даврон суринглар.
7 август, 2016 йил
БОБОЖОН
( Набирам тилидан)
Бобожоним соқоллари оқарган,
Меҳр кўзи билан бизга боқаркан,
Дуолари қулоғимга ёқаркан,
Эй нуроний, донишмандим , бобожон.
Дур ҳикматга тўла экан сўзлари,
Исторали, нур ёғилар юзлари,
Меҳрибондир, ҳаммадан ҳам ўзлари,
Дуогўйим, меҳрибоним, Бобожон!
2018 йил.
МЕН – ОНАМАН
(Ғолибжонга)
Эркаланмоқ илинжида келдингу болам,
Халал бермай, дегандайин мўлтираб турдинг.
Шу заҳоти тушиб кетди қўлимдан қалам,
Қучоғимга отилганча пилдираб юрдинг.
Сен бўлмасанг шоир бўлиб нима қиламан?
Сен – ҳаётим, ижодимнинг маҳсули ўзинг.
Сен қувонсанг қувонаман, кулсанг куламан,
Мен – онаман, ёлғизгина умид юлдузим!
МЕҲМОН ЎЗИМИЗ
Бу дунёда меҳмон ўзимиз,
Ҳаёт – бир боғ, боғбон ўзимиз,
Ташрифизга муштоқ кўзимиз,
Сизга бўлсин бахшида жоним,
Хуш келибсиз, азиз меҳмоним!
Сиз келсангиз очилар чирой,
Уй тўридан берилади жой,
Меҳмон мисли атойи худой,
Буғдой сўзим, ҳам буғдой ноним
Сизга бўлсин азиз меҳмоним!
Ғаниматдир инсонга инсон,
Меҳмон келар, кетмоғи ёмон,
Ниятим шул: бўлингиз омон,
Сизга бўлсин бахшида жоним,
Хуш келибсиз, азиз меҳмоним!
ЗОМИН
Шифобахшдир Зомин ҳавоси,
Ҳар бир дардга топгай давоси,
Шарқирайди сойнинг садоси,
Келинглар, марҳабо Зоминим,
Дардингизга даво Зоминим.
Гиёҳ, арчазорларинг даво,
Шаршара-ю сойларинг даво,
Ором берар майин бир сабо,
Минг бир дардга даво Зоминим,
Сахий ва бебаҳо Зоминим.
Чорлайвергин ёшу қарисин,
Ҳордиқ олиб, дарди арисин,
Бағрингга ол бари, барисин,
Сен дардларга даво Зоминим,
Шифобахш сув, ҳаво Зоминим.
Жаннатмакон жон, Ўзбекистон,
Сиҳатгоҳга кон Ўзбекистон,
Сенга шарафу шон Ўзбекистон,
Минг дардга даво Зоминим,
Боқий бўлсин она Зоминим!
Do'stlaringiz bilan baham: |