25
маъносидаги “
hedone
” сўзидан олинган бўлиб,
илмий атама сифатида
бадиий асардан завқ олиб, роҳатланишни англатади. У антик даврда
ахлоқий тушунча сифатида пайдо бўлиб,
инсон мавжудлиги ва
фаолиятининг бирдан-бир мақсади лаззатланиш деган қарашга таянарди.
Сал кейинроқ бу тушунча эстетикага ҳам татбиқ этилиб, адабиёт ва
санъатнинг муҳим вазифаларидан бирини англатишга хизмат қиладиган
бўлди.
Агар адабиёт ва санъат тарихига соф амалиётчилик кўзи билан
қараладиган бўлса, уларнинг энг муҳим хусусиятларидан бири кишини дам
олдириб, роҳат бағишлашдан иборат экани англашилади. Гарчи,
кейинги
вақтларда санъат ва адабиётнинг зиммасига ижтимоий, сиёсий, ахлоқий,
маънавий ва бошқа кўпдан-кўп
юклар ортилавериб, унинг завқ бериш
вазифаси кўринмайдиган
даражага келиб, саноқларда ҳам тилга олинмай
қўйилган бўлсада, аслида ўқирманларга завқ бериш бадиий адабиётнинг
бирламчи вазифаларидан саналиши керак эди. Айни вақтга келиб, ҳордиқ
чиқариш учун ўқиладиган асарларга пастроқ назар билан қаралиб,
адабий
асар ўқишни ўзига хос жиддий ва машаққатли меҳнат ҳисоблаш тобора кенг
ёйилиб бораётган эсада, унинг ўқирманларга роҳат бағишлаш миссияси ҳам
борлигини назардан қочирмаслик бадиий адабиётнинг моҳиятини тўлароқ
англаш имконини беради.
Ўқилаётган асар кишига кучли эмоционал таъсир кўрсатиб, ҳиссий ва
ақлий завқ бергандагина у ўзининг бошқа вазифаларини ҳам бажара олади.
Агар асар кишининг юрагига таъсир кўрсатиб, унда ҳиссий ва шахслик
муносабатлари уйғотиб,
лаззат беролмаса, ижодкорнинг меҳнати бекор
кетган бўлади. Негаки, илмий ҳақиқатни, ҳатто, ахлоқий тушунчаларни ҳам
мувозанатдан чиқмай, сезимлар қўзғалмай туриб онг ёрдамида совуққонлик
билан қабул қилиш мумкин бўлсада, бадиий асарни кўнгилнинг, ҳис-
туйғуларнинг, ҳаяжону завқнинг иштирокисиз юқтириш мутлақо
имконсиздир. Асардаги тасвирларни муаллиф, энг камида, қаҳрамон бўлиб
ўз кўнглидан ўтказмас экан, ўқирман бундай асардан таъсирланмайди.
Таъсирланмас экан, уни ўқигандан фойда бўлмайди.
Бадиий адабиёт тушунилишдан олдин туйилиши керак. Шу
сабабли
ҳам адабиёт ўқитиш амалиётида жуда кенг тарқалган асарнинг ўқирманни
қизиқтириш, унга таъсир кўрсатиш хусусиятларига етарлича эътибор
бермасликдай хатарли бир ёндашувдан қутулиш жуда муҳим. Кўпчилик
ўқитувчилар, ҳатто, айрим филолог олимлар ҳам бадиий асарнинг завқ
бериш, кишини ҳайратга солиш жиҳатига унчалик муҳим бўлмаган қирра
сифатида ёндашадилар. Ҳолбуки, ўқирманни завқлантирмаган, унга эстетик
лаззат бермаган битикнинг ўзга сифатлари ҳам қимматга эга бўлмай қолади.
Негаки, бундай асар ўқирман томонидан қабул қилинмайди.
Шунинг учун
ҳам, бизнингча, текширилаётган бадиий асарнинг бадиий ҳедонистик ва
эстетик завқ бериш жиҳатларига алоҳида эътибор қаратиш унинг моҳиятига
чуқурроқ киришга имкон яратади. Демак, бадиий таҳлилни ҳедонистик
жиҳатларни қайд
этиш билан тугаллаш эмас, балки айни шу жиҳатларни
топиш билан бошлаш асарнинг чуқурроқ ўрганилишига омил бўлади.