Режа:
Металл конструкцияларга таъсир этадиган юкларнинг турлари
Доимий ва вақтинчалик юклар, меъёрий ва ҳисобий юклар, махсус юклар.
Юклар жамланмаси.
Юк бўйича ишончлилик коэффициенти.
Таъсир этиш вақтига қараб юклар доимий ва вақтинча бўлиши мумкин, вақтинча юк узоқ муддатли, қисқа муддатли ва махсус бўлиши мумкин.
Доимий таъсир этадиган юкларга қуйидагилар киради:
а)иншоот қисмларининг вазни, -юк кўтарувчи ва тўсувчи қурилиш конструкцияларининг вазнлари ҳам шунга киради;
б) грунтларнинг оғирлиги ва босими (кўтарма, тўлдирма);
в) конструкцияда олдиндан уйғотилган кучланиш(предварительное напряжение)лардан ҳосил бўлган зўриқишлар ва бошқалар.
Вақтинча узоқ муддат таъсир этадиган юкларга қуйидагилар киради: а) вақтинча хоналарни ажратадиган пардевор оғирлиги;
б) қўзғалмас асбоб-ускуна(стационарное оборудование)лар дастгоҳлар, аппаратлар, моторлар, идишлар, қувурлар, тасмали транспортёрлар, конвейерлар, қўзғалмас кўтарма машиналар оғирлиги, шунингдек асбоб-ускуналарни тўлдириб турувчи суюқлик ёки қаттиқ жисмларнинг вазни;
в) идиш(резервуар, газгольдер)лар ёки қувурлардаги газ, суюқлик ва сочилувчан жисмларнинг босими;
г) омборхона, музхона, дон сақлайдиган, китоб сақлайдиган хоналар, архивлар ва шунга ўхшаш бинолар ёпмасига тахланадиган ёки жовонларга териб қўйиладиган буюмлар вазни;
д) стационар асбоб-ускуналардан тушадиган юклар;
Вақтинча қисқа муддатли юкларга қуйидагилар киради:
а) асбоб-ускуналарни ишга тушириш ва тўхтатиш, синаш, кўчириш ёки алмаштириш чоғларида вужудга келадиган юклар;
б) одамларнинг вазни ва ускуналарни таъмирлашда ишлатиладиган материаллар вазни;
в) уй-жой, жамоат, қишлоқ хўжалиги биноларининг ёпмаларига одамлар
ва асбоб-ускуналардан тушадиган юклар;
г) қўзғалувчи кўтарма-тельфер(кран) воситаларидан тушадиган юклар д) қор юклари;
е) ҳарорат иқлим таъсири; ж) шамол юклари;
Махсус юкларга қуйидагилар киради:
а) сейсмик таъсирлар; б) портлаш таъсирлари;
в) технологик жараённинг кескин ўзгариши, ускуналарнинг вақтинча ишдан чиқиши ёки синиши натижасида вужудга келадиган юклар;
г) грунт структурасини кескин ўзгариши (чўкувчан грунтлар намланганда) ёки тоғ конлари худудида чўкиш натижасида заминда пайдо бўлган деформациялардан келиб чиққан таъсирлар.
Юклар жамламаси
Одатда иншоотга бир неча хил юклар биргаликда таъсир этади, лекин ҳамма мавжуд юкларнинг конструкцияга бир вақтнинг ўзида таъсир этиш эҳтимоли кам. Шунинг учун конструкция ва заминларни чегаравий ҳолатларнинг биринчи ва иккинчи гуруҳлари бўйича ҳисоблашда юклар ва тегишли зўриқишларнинг энг нобоп жамламалари(сочетание) эътиборга олиниши зарур.
Бу жамламалар конструкция ёки заминга бир вақтнинг ўзида вақтинчали юклар қўйилишининг турли схемалари пайдо бўлиши имкониятларини эътиборга олган ҳолда турли юкларни ҳар хил вариантларда таъсир этишини ёки баъзи юкларнинг мавжуд эмаслигини кўриб чиқиш йўли билан белгиланади.
Ҳисобга олинадиган юклар таркибига қараб жамламалар қуйидаги хилларга бўлинади:
а) доимий, узоқ муддатли ва қисқа муддатли юклардан ташкил топган асосий жамламалар;
б) доимий узоқ муддатли, қисқа муддатли ҳамда махсус юкларнинг биридан ташқил топган махсус жамламалар.
Тўлиқ меъёрий қийматини ҳисобга олишда икки хил меъёрий қийматга эга бўлган вақтинчали юкларни жамлама таркибига киритаётганда унинг кичик меъёрий қиймати узоқ муддатли юк, катта меъёрий қиймати эса – қисқа муддатли юк сифатида қаралади. Агар жамламалар таркибига доимий ва камида иккита муваққат юк кирса, вақтинча юкларнинг ҳисобий қийматлари қуйидаги жамлама коэффициентларига кўпайтирилади: асосий жамламаларда узоқ муддатли юклар учун ψ 1=0,95; қисқа муддатли юклар учун ψ 2=0,9;
Махсус жамламаларда узоқ муддатли юклар учун ψ 1=0,95; қисқа муддатли юклар учун ψ 2=0,8.
Асосий жамлама таркиби доимий юк ва битта муваққат (узоқ ёки қисқа муддатли) юкдан ташқил топса, ψ1, ψ2 коэффициентларига кўпайтирилмайди.
Эслатма: Асосий жамламалар таркиби учта ва ундан ортиқ қисқа муддатли юклардан ташқил топган бўлса, уларнинг ҳисобий қийматлари жамлама коэффициенти ψ2 га кўпайтирилади; бунда коэффициентнинг қиймати (аҳамиятига кўра) биринчи қисқа муддатли юк учун – 1,0, иккинчиси учун – 0,8, қолганлари учун – 0,6 олинади.
Биргаликда таъсир этиш эҳтимоллиги мавжуд вариантларни таҳлил қилиб топилади. Асосий биргаликдаги юклар таъсирига доимий, вақтинча узоқ ва қисқа муддатли юклар киради. Махсус биргаликдаги юклар таъсирига доимий, вақтинча узоқ ва қисқа муддатли ва битта махсус юк киради.
Агар вақтинча таъсир этадиган юклар сони биттадан ортиқ бўлса, унда юклар қиймати ψ 1=0,95 га биринчисини ва 0,9га иккинчисини кўпайтириш лозим, яъни асосан биргалик 0,95га, алоҳида биргалик эса 0,9га кўпайтирилади. Қисқа муддатли юклар мос равишда ψ 2=0,9 га ψ 2=0,8 га ва
ψ 2=0,6 га таъсир даражаси бўйича кўпайтирилади.
Назорат саволлари:
Таъсир этиш вақтига кўра юкларнинг қандай турлари бор?.
Қайси юклар конструкцияга доимий таъсир этади?
Вақтинча узоқ муддатга таъсир этадиган юклар қайси юклар бўлиши мумкин?
Махсус юкларга қандай юклар киради?
Юклар жамланмасини тушинтириб беринг. Юкларнинг биргаликда таъсир этиши қандай бўлади?
Do'stlaringiz bilan baham: |