24
ҳодиса, одам тутумларини баҳолаш ва муносабат билдириш эҳтиёжини
юзага келтиради. Ўқирман бирор тўхтамга келиш, ниманидир инкор қилиб,
ниманидир тасдиқлаш зарурати олдида қолади. Адабиётнинг айни шу
хусусиятидан жуда қадим замонлардан буён табиий равишда жамият
аъзоларида эзгу маънавий сифатларни қарор топтиришда фойдаланилади.
Умумижтимоий онг, қараш, эътиқод, ахлоқ тизими каби маънавий
қадриятларни шакллантиришда адабиёт асосий восита бўлиб келди.
Адабиёт тарихининг илк босқичларидан эътиборан жуда узоқ даврлар
мобайнида унинг тарбиявий вазифаси яққол кўзга ташланадиган йўсинда
жуда очиқ амалда бўлди. Кейинчалик, яъни бадиий адабиёт инжалашиб,
ўқирманларнинг тафаккур, туйғу, сезим ва кечинмалари нозиклашгани сари
бадиий адабиётнинг тарбиявий вазифаси тобора яширин кўриниш ола
борди. Бугунги кунда адабиёт чақириқ, даъват воситасида эмас, балки
ўқирманларга муайян ҳаётий-инсоний, руҳий-ахлоқий манзарани таъсирли
кўрсатиб бериш орқали уларда муносабат уйғотиш йўли билан ўзининг
тарбиявий вазифасини ўтаб келмоқда. Вулгар социологизм ҳукмронлиги
шароитида ёзувчи ўқирманларга ҳаёт сабоқларини берувчи, йўл кўрсатувчи,
ақл ўргатувчи мақомида бўлиб, айрим ҳолларда асарларнинг тарбиявий
жиҳати “амри маъруф, наҳий мункар” кўринишида тиқиштириларди.
Ҳозирги кунда, ҳатто, болалар адабиёти намуналарида ҳам чақириқ ва
ундаш камайиб, хулоса чиқариш, баҳолаш, муносабат билдириш орқали
эзгу йўлни мустақил равишда танлаб олиш имкони кўпроқ ўқирманларнинг
ўзларига қолдирилмоқда.
Афсуски, ҳозирга қадар ҳам бошланғич, ўрта ва ўрта махсус мактаблар
адабий таълимида адабиётнинг тарбиявий вазифасини ғоят жўн тушуниб,
бадиий асар устида ишлашни ундан ўгит олиш ва хулоса чиқаришдангина
иборат тарзидаги тадбирга айлантириш тажрибаси кенг ёйилган.
Ўқувчилардан бош қаҳрамон ёхуд лирик асарлардаги шоир ҳолатлари
тасвирига тақлид қилиш, уларга эргашишга чақириш сингари шахсга хос
хусусиятларни шакллантиришда мутлақо самара бермайдиган усуллар
адабий таълимда ҳалигача қўлланиб келинмоқда. Ҳолбуки, ўқирманда
тақлидга ҳавас эмас, балки эзгуликка ички интилиш туйғуси
уйғотилгандагина, асар салмоқли тарбиявий аҳамият касб этиб, ўзининг
тарбиявий-ахлоқий вазифаси бажаради. Негаки, ёмоннинг ёмонлиги ёхуд
яхшининг яхшилигини билибгина қўйиш муҳаббат ёхуд нафратга эмас,
шунчаки ахборотга асосланган бўлади. Ахборотгагина асосланиб,
инсоннинг табиатига сингдириб юборилмаган ахлоқ эса тақлидий
кўринишдаги мўрт ва омонат қадриятдир. Шунинг учун шариатда ҳам
олимнинг мартабаси обидникига қараганда кўп марта юқори экани
таъкидланган. Умумлаштириб айтганда, адабиётнинг тарбиявий вазифаси
тасвиру тимсоллар воситасида шахснинг қадриятлар тизимига билдирмай
таъсир кўрсатиш орқали унинг шахсиятида эзгу маънавий сифатлар
шакллантириш йўли билан амалга оширилади.
Бадиий адабиётнинг вазифалари орасида
Do'stlaringiz bilan baham: