Флористик усул асосан микроўсимликлар ва уларнинг спора-гулчангларини тахлил қилишга асосланади. Маълумки ўсимликлар спора ва гулчанглари ўзининг ниҳоятда мустаҳкам ва чидамли бўлгани учун турли ётқизиқларда қазилма ҳолда жуда яхши сақланади. Улар ҳаттоки қуюқлашган кислота ва ишқорларда ҳам эримайди. Сув ва шамол орқали Ер шари бўйлаб катта масофаларга олиб кетилишидан хилма-хил ётқизиқларда учрайди. Айниқса спора ва гулчанглар континентал ва қирғоқолди денгиз ётқизиқларида кўп; шунинг учун ҳам спора гулчангтаҳлили континентал ётқизиқлар ёшини аниқлабгина қолмай, балки уларни денгиз ёки лагуна ётқизиқлари билан таққослашга ҳам имкон беради. Бу эса уни бошқа усуллардан афзаллигидадир.
Бу усулда ўсимликлар спора ва гулчангларининг тузилиши, уларнинг давр мобайнида ўзгариши ўрганилиб, тоғ жинсларида спора-гулчанг мажмуалари ажратилади; ўша даврда Ер юзасини қоплаган ўсимлик турлари аниқланади. Бу усулда ҳам ҳудуд стратиграфияси ишлаб чиқилади, стратиграфик кесимлар таққосланади ва ўтган геологик даврларнинг физик-географик шароитлари қайта тикланади.
Спора-гулчанг усули ҳам камчиликлардан холи эмас. Умуман бу усул ҳозиргача мукаммал ишлаб чиқилмаган. Чунки, биринчидан, айрим ўсимликлар спора ва гулчанглари қазилма ҳолда бутунлай учрамайди, иккинчидан, спора ва гулчанглар Ер ёриқлари орқали қадимийроқ тоғ жинслари орасига тушиб қолиши мумкин ва ёшни нотўғри аниқлашга олиб келиши мумкин. Бундай стратиграфик тадқиқотларда ниҳоятда синчковлик билан иш олиб борилиши керак.
Умуман палеонтологик усуллар ўз афзалликларига қарамасдан нисбий ёш аниқлашда универсал эмас. Чунки Ер пўстининг кўп ҳудудларида органик қолдиқлар учрамайдиган метаморфик, интрузив ва эффузив жинслардан ташкил топган. Ҳатто чўкинди жинслар ичида ҳам палеонтологик қолдиқ учрамаслиги мумкин. Бундай қатламлар палеонтологик жиҳатдан “соқов” ётқизиқлар дейилади ва уларнинг нисбий ёши нопалеонтологик усуллар билан аниқланади.
Нисбий ёш аниқлашда нопалеонтологик усуллар
Стратиграфик усул. Жинсларни кетма-кет қаватланиб ётишини ўрганиш билан нисбий ёшини аниқлаш мумкин. Уларнинг ранги, моддий таркиби, структура ва текстура хусусиятлари ўрганилиб, кесимда бир-биридан фарқланувчи қатлам ёки пачкалар алоҳида ажратилади. Сўнг кесимда бошқалардан яққол фарқланиб кўзга ташланиб турувчи қатламлар аниқланади. Масалан, қизғиш ва кулранг қумтошлар ичида карбонатли тортилмалари бўлган кўкимтир-кулранг аргиллитлар, оқ рангли бўрсимон мергеллар ичида глауконитли оҳактошлар яққол кўзга ташланади ва ҳ.к. Катта масофага чўзилиб, кўзга яққол ташланиб турувчи бундай қатламлар ёки пачкалар белгили ёки маркировкали горизонт номини олган. Улар ёрдамида кесимлар ўзаро таққосланиб, ҳудуд учун умумий кесим тузилади.
Ажратилган қатламларнинг стратиграфик кетма-кетлигини, яъни қайсиси олдин, қайсиси кейин ҳосил бўлганини аниқлаш зарур. Қаватланган бирқанча қатламларда устида ётган қатлам остидагидан ёшроқ, ёки қатлам қанча юқори ётган бўлса, у шунча ёшроқ бўлади.
Бундай ёш аниқлашни стратиграфик усул деса ҳам бўлади.
Агар қатламлар вертикал ётса ёки сиқилиб букилмалар ҳосил қилиб, узилмалар билан мураккаблашган бўлса, нормал кетма-кетликни аниқлаш анча қийин. Бу ҳолда аввало қатламларнинг ости ва устини, тектоник структурасини аниқлаб олиш керак, шундан сўнг букилма қанотларидаги қатламларнинг литологик таркиби солиштирилиб, уларнинг стратиграфик кетма-кетлиги аниқланади.
Мураккаб тузилмалар: ағдарилган букилма, узилма, уст сурилма ва ҳ.к.лар кенг тарқалган ўлкаларда бирқанча қўшни кесимлар ўрганилиб, қатламларнинг нормал стратиграфик кетма-кетлиги аниқланиши керак. Акс ҳолда, қўпол хатоларга йўл қўйилиши мумкин. Ва ниҳоят қатламларни кетма-кетлигини аниқлашда улар орасидаги чегара юзаларига, номосликларни ёки танаффусларни бор-йўқлигига алоҳида эътибор берилиши, синчковлик билан ўрганилиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |