Нисбий ёш қатламларни ва қирилиб битган ва тошга айланган фауна ва флора қолдиқларини ўрганишга асосланган қолдиқ ҳолатда ҳайвонларнинг суяклари химоя қобиқлари яхши сақланади. Улар иккиламчи минераллар билан (кальций, орогонит, кремний, олтингугуртли темир ва бошқалар) тўйдирилиб тошга айланган ҳолда сақланади. Организмларнинг юмшоқ қисми умуман сақланмайди. Чўкинди жинсларда органик қолдиқлар магматик ва метаморфик жинсларга нисбатан яхши сақланади (Якутияда музликда топилган мамонт жуда яхши сақланган бўлиб унинг жуни ва оғзидаги овқати ҳам сақланган). Умуман “соқов” қатламларга магматик, кўпгина метаморфик, музлик ва химик йўл билан ҳосил бўлган чўкинди жинслар киради. Таркибида фауна ва флора қолдиқлари сақланган жинслар “рахбар” жинслар деб ҳисобланади. Улар вертикал қирқимда эмас, балки географик худуд бўйича тарқалган бўлиши керак.
Юқорида қайд этилганидек, тоғ жинсларининг нисбий ёшини аниқлашда стратиграфик тадқиқотларнинг аҳамияти катта. Стратиграфик тадқиқотларнинг асосий вазифаси чўкинди жинсларни литологик таркиби бўйича ва уларда сақланиб қолган органик қолдиқлардан фойдаланиб, кесимни қатламларга, стратиграфик бўлимларга ажратишдир. Ундан кейин бир-биридан узоқ жойлашган кесимлардаги қатламларни таққослаб (стратиграфик корреляция лотинча соггекио - ўзаро муносабат) бир хил ёшлилари топилади ёки корреляцион юзалар аниқланади. Бир қанча кесимларни таққослаб, улардан умумий стратиграфик устун тузиш мумкин ва маълум ҳудуддаги тоғ жинсларини бирин-кетин хронологик тартибда табақаланиб ётишини аниқлаш мумкин.
Геологияда стратиграфиянинг аҳамияти ниҳоятда муҳимдир. Унинг асосида органик дунёнинг ривожланиши, палеогеографик шароитлар, тектоник ривожланиш, фойдали қазилмаларни излаб топиш масалалари ҳал қилинади. Ер пўстидаги структураларни аниқлаш, геологик харита тузиш ва фойдали қазилмаларни қидириш ва разведка қилиш учун биринчи навбатда шу ҳудуд стратиграфияси ишлаб чиқилади. Стратиграфия фанининг ўз қонун-қоидалари ёки жараёнларига асосланиб стратиграфик тадқиқотларда турли усулларни қўллаш мумкин. Кейинги 20 йил мобайнида олимлар стратиграфиянинг асосий жараёнларини таърифлаб беришга уриниб кўрдилар. Лекин улар томонидан стратиграфик жараёнларни тушунишда ва уларнинг сонини аниқлашда ҳар хиллик кузатилади. Жумладан: А.Шоу (АҚШ) стратиграфиянинг 12 та жараёнини таърифлаб берди; Д.А.Степанов ва М.С.Месежников шундай жараёнларни 9 тасини ажратдилар; А.М.Содиқов эса стратиграфияни 5 та асосий жараёни бор деган. Адабиётларда маълум бўлишича, кўпчилик олимлар стратиграфиянинг асосан учта жараёни билан чегараланадилар, қолганлари эса мана шу учта жараённинг у ёки бу томонларини ёритади холос.
Биринчи жараён 1669 йилда даниялик олим Н.Стенон томонидан қуйидагича таърифланган: “Бузилмасдан пастда ётган ҳар қайси қатлам устидагидан қарироқ”. Бу фикр XVII аср учун энг муҳим ҳисобланиб, стратиграфияга асос солди ва Стенон жараёни деб ном олди. Бу жараён қатламлар орасидаги “олдин-кейин” деган вақт муносабатларини аниқлашга ёрдам берди.
Стратиграфик таққослашда 1868 йилда айтилган Н.А.Головкинский жараёни ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнга биноан қирғоқ чизиғига параллел йўналишда тарқалган қатламдаги чўкиндиларни бир хил ёшда деб ҳисоблаш мумкин. Ушбу жараён билан шведцариялик геолог А. Грессли айтиб ўтган бир хил ёшдаги қатламларнинг фациал ўзгарувчанлиги ҳақидаги жараёни чамбарчас боғлиқ.
Қатламларни биостратиграфик ажратиш ва таққослаш ҳақида XIX аср бошида В.Смит ёзиб қолдирган ва у учинчи жараён деб қабул қилинган. Унга асосан қатламларни уларда жойлашган органик қазилмалар бўйича ажратиш ватаққослаш мумкин; бошқача айтганда бир хил ёшдаги қатламлар дастлабки ўз органик дунёсига эга; Ж.Сулавеси - В.Смит жараёни юқорида айтилганларни янада тўлдирди, яъни қазилма фауна ва флоралар аниқ бир тартибда бирин-кетин жойлашади.
Стратиграфик тадқиқотларда стратиграфик ва палеонтологик солномалар тўла эмаслигини албатта ҳисобга олиш зарур. Зеро, Ер пўстини ташкил қилувчи қатламларнинг стратиграфик кетма-кетлиги тўла бўлмаслиги мумкин; геологик вақтнинг маълум бир қисмида, айрим сабабларга кўра чўкинди тўпланмаса, кейин ҳосил бўлган қатламлар ўзидан олдинги қатламлар устига номос ётади; яъни ўша вақгдаги чўкинди тўпланишида танаффус бўлади.
Кесимларни ажратиш ва таққослаш, қатламларнинг минерал-петрографик хусусиятлари, уларнинг ўзаро муносабатлари ва ҳосил бўлиш шароитларидан келиб чиқувчи мезонлар улардаги ҳайвон ва ўсимлик қолдиқларини ўрганиб амалга оширилади. Шунга кўра, геологик ёшни аниқлашнинг ҳамма усуллари икки йирик гуруҳга бўлинади: қатламларнинг таркиби ва ўзаро муносабатларини ўрганишга асосланган геологик-стратиграфик (палеонтологик эмас) ва жинсларнинг палеонтологик тафсилотларига асосланган биостратиграфик усуллар. Бу усуллар тоғ жинсларининг нисбий ёшини аниқлашга ва бир хил ёшдаги қатламларни бир-бири билан таққослашга имкон беради. Тоғ жинсларининг изотоп ёшини астрономик бирликларда аниқловчи радиогеохронологик усуллар алоҳида аҳамият касб этади. Булар мутлақ ёшни аниқлаш усуллари ёки мутлақ геохронология усуллари деб аталади.
Нисбий ёшни аниқловчи палеонтологик усуллар. Биостратиграфия. Палеонтологик усуллар тоғ жинси қатламлардаги қадимги организмлар қолдикларини ўрганишга асосланади. Бу усуллар фақат нисбий ёшни аниқлабгина қолмай, балки йирик майдонларда қатламлар литологик таркибининг ўзгаришини ўрганиб, уларни ўзаро таққослашга имкон беради.
Маълумки, Ернинг геологик тарихида органик дунё узлуксиз ва орқага қайтмай ўзгариб келган. Ривожланиш жараёнида Ер юзасида шароитлар ўзгариши билан организмлар қирилиб кетган ёки янги шароитга мослашиб улардан юқори даражадаги организмлар гуруҳи келиб чиққан; шунинг учун ҳам ҳар қайси геологик давр ўз ўсимлик ва ҳайвонларига эга. Демак, бир хил ёшдаги ётқизиқлар ўхшаш органик қолдиқларни ўзида сақлаб қолган. Органик дунё ривожланишининг қайтарилмаслиги палеонтологик усуллар асосини ташкил қилади. Органикдунёнинг қайтарилмаслигини биринчи марта Ч.Дарвин аниқлаган. Бельгия олими Долло 1893 йилда бу жараённи "ривожланиш қонуни" деб аташни таклиф қилди. Бунга кўра ҳар қандай организм ўз аждодлари қаторига ҳеч қачон қайтиб келмайди, ёки вақт ўтиши билан қайта пайдо бўлмайди.
Ривожланишнинг Дарвин-Долло қайтмас қонунидан келиб чиққан ҳолда, у ёки бу қатламларда учрайдиган ҳар қандай организм қолдиқларининг қазилма мажмуи органик дунё ривожланишининг маълум бир босқичини акс эттиради ва у қайтарилмасдир. Ривожланишнинг бундай хусусияти тоғ жинсларининг нисбий ёшини аниқлашда организмлар қолдикларидан фойдаланиш имкониятини яратади.
Айрим организмлар гуруҳининг Ер юзасини жуда тез ўзлаштириб кенг тарқалганлигидан фойдаланиб, бир-биридан узоқда жойлашган ҳудуд кесимларини таққослаш мумкин. Умуман қазилма организмлар алоҳида гуруҳларининг биостратиграфиядаги аҳамияти турлича. Бу уларнинг вақт мобайнида ва жойларда тарқалганлиги, маълум бир жинс хилларида учраши, тез-тез учраб туриши ва уларнинг ривожланиш суръатига боғлиқ. Шу боисдан биостратиграфияда ҳалок бўлиб кетган организмлар ичида архистратиграфик ва трастратиграфик гурухлар ажратилади.
Архистратиграфик гурухлар тез ривожланиш ва қандай чўкиндилар тўпланишидан қатьи назар Ер юзаси бўйлаб кенг тарқалган. Уларга планктон фораминифера, гониатит, аммонит, граптолит ва бошқа нектон шакллар киради. Бундай гуруҳлар ёрдамида кесимларни планета миқёсда таққослаш мумкин.
Парастратиграфик гурухларга бентос (денгиз тубига ёпишиб яшовчи) организмлар: брахиопода, корал, мшанка ва бошқалар киради. Булар кенг миқёсда таққослашда унча аҳамиятли эмас, аммо регионал биостратиграфияда асосий гуруҳлар ҳисобланади.
Ҳозирги вақтда электрон микроскоп ёрдамида биостратиграфияда микроорганизмлар қолдиқлари (микро-фоссилиялар) яхши натижалар беряпти. Микрофоссилияларга майда ҳайвон скелетлари (фораминифера, радиолярий, остракода), айрим сув ўтлари, ўсимлик гулчанг ва споралари, майда скелет қолдиқлари (конодонтлар, балиқ суяклари) ва бошқа биоген қолдиқлар тааллуқли.
Биостратиграфияда геологик ёшни аниқлаш учун етакчи муҳим шакллар, мажмуа таҳлил, эволюция (филогенетик), микропалеонтологик организмлар, фоиз-статистик ва флористик усуллардан фойдаланилади. Қуйида улар билан қисқача танишиб чиқамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |