АБС нинг функционал ва структура схемалари
Маълум вазифаларни бажарувчи система қисмини функционал элемент деб атаймиз. Функционал элемент қуйидагиларни бажариши мумкин:
Назоратланувчи катталикни сигналга айлантиради (датчик, реле);
Сигналнинг қиймати бўйича (кучайтиргич), характери бўйича (аналог-рақам, рақам-аналог ўзгартиргичлари), физик табиати бўйича, кириш йўли ва чиқиш йўли сигналлари орасидаги функционал боғланиш кўриниши бўйича (интегратор, дифференциаллар ва ҳоказо) ўзгартиради;
Сигналларни таққослайди (таққослаш қурилмалари, нульорган ва ҳоказо);
Сигнални сақлаш (тўплагич, регистр), сигнални ишлаб чиқариши (программали қурилма, генератор ва ҳоказо) мумкин;
Сигнални бошқарилувчи жараёнга таъсир учун ишлатиш (ижрочи қурилма, сервомеханизм) мумкин.
Функционал элементлар орасидаги боғланиш кўрсатилган тасвир функционал схема деб аталади.
Хусусий, аммо автоматик системаларни ўрганишда муҳим ҳисобланган функционал схема хили сигналларни фақат математик ўзгартиришини акс эттирувчи структура схемадир. Структура схема қуйидагиларни ўз ичига олади:
сигналлар устида чизиқли-дифференциал амалларни бажарувчи чизиқли бўғинлар ва чизиқли бўлмаган алгебраик амалларни бажарувчи чизиқли бўлмаган ўзгарткичлар;
сигналлар қўшиладиган ёки айриладиган жамлагичлар;
сигналларнинг тармоқланиш нуқталари (тугунлари);
сигналларнинг узатилиш йўналишларини кўрсатувчи боғланишлар.
Чизиқли АБС лар фақат чизиқли намунавий бўғинлар (жамлагичлар, қисмлар ва боғланишлар) ёрдамида берилиши мумкин.
Намунавий бўғин деб қуйидаги учта шартни қаноатлантирувчи кузатилувчи ихтиёрий чизиқли ёки чизиқлантирилган объект ҳисобланиши мумкин.
у бир кириш йўли ва бир чиқиш йўли таъсирига эга;
чиқиш йўли таъсири кириш йўли таъсирига боғлиқ, тескари таъсир йўқ;
у тартиби кўпи билан иккита чизиқли оддий дифференциал тенглама орқали тавсифланади.
Шуни айтиш лозимки, охирги шарт параметрлари тўпланган объект ва системаларга таалуқли.
Намунавий бўғинларни санаб ўтамиз:
нулинчи тартибли дифференциал тенглама орқали тавсифланувчи инерцион бўлмаган (мутаносиб, статик) бўғин;
биринчи тартибли дифференциал тенглама орқали тавсифланувчи инерцион нодаврий (апериодик) бўғин;
биринчи тартибли дифференциал тенглама орқали тавсифланувчи интегралловчи бўғин;
биринчи тартибли дифференциал тенглама орқали тавсифланувчи дифференциалловчи бўғин;
биринчи тартибли дифференциал тенглама орқали тавсифланувчи эластик (қайишқоқ, интегро-дифференциалловчи) бўғин;
иккинчи тартибли дифференциал тенглама орқали тавсифланувчи тебранувчи бўғин.
Қатор ҳолларда намунавий бўғинларга аргументи кечикувчи тенглама орқали тавсифланадиган кечикиш бўғинини тегишли деб ҳисобланади. Бундай бўғин фақат параметрлари тақсимланган системаларда учраса ҳам, уни намунавий қаторга киритилиши амалда учрайдиган бошқариш объекти доирасини кенгайтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |