4.2. Ишсизликка қарши курашиш: аҳоли бандлигини ва даромадларининг доимий ўсишини таъминлаш. Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш.
Киритилаётган тузатишлар:
– ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, хавфсизлик
ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб яшашини таъминлаш заруратини ҳисобга олинган ҳолда белгиланади
(42-модда);
Конституцияда ушбу нормалар белгиланиши фуқароларнинг иш ҳақи уларнинг меҳнатига муносиб бўлишини таъминлашда, шунингдек аҳолининг турмуш даражасини оширишда ва мамлакатда ижтимоий адолат тамойилини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
– давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўради. Давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлиги ва қайта тайёрланишини ташкил этади ҳамда рағбатлантиради (43-модда);
– суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади. Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, жисмоний, ақлий ва маънавий жиҳатдан тўлақонли ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади (44-модда).
4.3. Таълим, соғлиқни сақлаш ва маънавий-маданий қадриятларга бўлган имкониятларни таъминлаш.
Киритилаётган тузатишлар:
– Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда.
Давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўради. Шу билан бирга, давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратади (48-модда);
– давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди
(50-модда);
– фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли. Олий таълим ташкилотлари академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга (51-модда);
– жамиятда ўқитувчининг мақоми ва ўрнига бағишланган алоҳида модда киритилмоқда. Ўзбекистонда ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилиши мустаҳкамланмоқда. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади (52-модда);
Ушбу янгилик мамлакатда фаолият юритаётган 685 мингдан ортиқ педагогларнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватланишини кучайтириш ва касбий ўсишини таъминлаш имкониятини яратади.
Ўқитувчиларнинг мақомига оид бўлган ўхшаш нормалар Германия, Португалия, Украина, Чили, Уругвай, Эквадор, Колумбия, Миср конституцияларида мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |