Липопротеинлипазанинг ХМга таъсири. Қонда ХМ таркибига кирувчи учацилглицероллар ЛПЛ ферменти таъсирида гидролизланади. ЛПЛ қон томир капиллярлари деворини қопловчи эндотелиал ҳужайралар юзасида жойлашган гепарансульфат (гетерополисахарид) билан боғланган. ЛПЛ ёғ молекулаларини глицерол ва 3 молекула ёғ кислотасигача гидролизлайди. ХМ юзасида ЛПЛ фаоллиги учун 2 омил мавжуд – апо С-II ва фосфолипидлар. Апо С-II бу ферментни фаоллайди, фосфолипидлар эса ферментни ХМ юзаси билан боғланишида қатнашади.
ЛПЛ кўп тўқималар ҳужайраларида синтезланади: ёғ, мушак, ўпка, талоқ, сут ҳосил қилаётган сут бези ҳужайраларида. Турли тўқималардаги ЛПЛ изоферментлари Кm (Михаэлис коэффициенти) қиймати билан фарқланади: ёғ тўқимаси ЛПЛи юрак ЛПЛига нисбатан 10 маротаба юқори Кm қийматига эга, шунинг учун абсорбтив даврда ёғ тўқимасида ХМ ёғларининг гидролизи содир бўлади. Ёғ кислоталари адипоцитларга киради ва ёғлар синтези учун ишлатилади. Постабсорбтив даврда ёғлар миқдори қонда камайганда юрак мушаги ЛПЛи кам миқдорда бўлган ЗЖПЛП таркибидаги ёғлар гидролизини давом эттиради ва ёғ кислоталари бу тўқимада, қонда ёғлар миқдори жуда паст бўлган вақтда, энергия манбаи сифатида ишлатилади. ЛПЛ жигарда бўлмайди, лекин бу аъзо ҳужайралари юзасида бошқа фермент – жигар липазаси бор, у етилган ХМга таъсир этмайди, лекин ЗЖПЛПдан ҳосил бўлган ОПЗЛП ёғларини гидролизлайди.
Ёғ кислоталар, глицерол ва қолдиқ хиломикронларнинг тақдири. ЛПЛ таъсири натижасида ХМ ёғларидан ёғ кислоталар ва глицерол ҳосил бўлади. Ёғ кислоталарининг асосий қисми тўқималарга киради. Абсорбтив даврда ёғ тўқимасида ёғ кислоталари учацилглицероллар ҳолатида деполанади, юрак мушаги ва ишлаётган скелет мушакларида энергия манбаи сифатида фойдаланилади. Ёғлар гидролизининг бошқа маҳсулоти глицерол сувда яхши эрийди, жигарга транспорт қилинади, у ерда абсорбтив даврда ёғлар синтези учун фойдаланилиши мумкин.
Ёғ тўқимасида ёғларнинг тўплaниши ва сарфланиши
Баъзан овқат истеъмол қилиш оралиқлари жуда чўзилиб кетиши мумкин, шу сабабдан организмда энергия манбаларини деполаш механизмлари ишлаб чиқилган. Ёғлар – фойдали ва энергия деполанишининг энг асосий шаклидир. Организмда гликоген заҳираси 300 г дан ошмайди ва организмни энергия билан бир сутка давомида таъминлайди. Деполанган ёғ организмни очликда узоқ давр мобайнида энергия билан таъминлаши мумкин (7-8 ҳафтагача). Ёғларнинг синтези абсорбтив даврда фаолланади ва асосан ёғ тўқимаси ва жигарда содир бўлади. Агарда ёғ тўқимаси ёғлар тўпланадиган жой бўлса, жигар овқат таркибида қабул қилинаётган углеводларнинг маълум қисмини ёғларга айлантиради, улар қонга ЗЖПЛП таркибида ажратилади ва бошқа тўқималарга етказиб берилади (биринчи навбатда ёғ тўқимасига). Ёғларнинг жигар ва ёғ тўқимасида синтезини инсулин стимуллайди. Организмнинг энергияга бўлган эҳтиёжини глюкоза таъминлай олмаганда ёғларнинг мобилизацияси фаолланади: постабсорбтив даврда, очликда ва жисмоний ишда глюкагон, адреналин, соматотропин гормонлари таъсирида. Ёғ кислоталари қонга тушади ва тўқималарда энергия манбаи сифатида фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |