Ўғузлар давлати (IХ аср охири — ХI аср боши). VI асрнинг 2-ярми — VII асрда тўқуз-ўғузлар қабила иттифоқи Турк хоқонлигининг ғарбга томон қилган ҳарбий юришларида фаол қатнашганлар. Турк хоқонлиги емирилгач, тўқуз ўғузларнинг каттагина қисми ғуз ёки ўғуз номи остида Сирдарё ҳавзаси ҳамда Орол денгизи соҳилларида муқим ўрнашиб, бу ерларда улар IХ аср охири — Х аср бошида туркларнинг яна бир янги иттифоқи -Ўғузлар давлатига асос солдилар. Ўғузларнинг асосий қисми Сирдарёнинг адоғи ва унинг ўрта оқими ҳамда Орол денгизининг шарқий ва шимолий-шарқий соҳилларига ёндошган кенг яйловларда яшаган. Эмба дарёси водийсида яшовчи бижанак қабилалари ўғузларга қарам бўлган.
Сирдарё бўйлаб Янгикент (Жанкент), Жанд ва Сиғноқ каби бир неча гавжум шаҳарлар бўлган. Янгикент шаҳри Ўғузлар давлатининг пойтахти эди. Аммо ўғуз ябғулари Янгикентдан фақат қишки қароргоҳ сифатида фойдаланган. Сирдарё бўйидаги шаҳарларни ўғузлар бунёд этмаган. Чунки улар кўчманчи чорвадорлик билан ҳаёт кечирган. Х асрда битилган «Ҳудуд ул-олам» асарида қайд этилишича, ўғузларнинг ўз қўли билан бино қилган бирорта ҳам шаҳари бўлмаган. Бу шаҳарлар Яксарт дарёси бўйлаб йўналган қадимги карвон йўли орқали Орол бўйи ва ундан шимолга (Итил ва Ёйиқ бўйларига) қатнаган Хоразм, Мовароуннаҳр ва Шош савдогарларининг асрлар давомида дашт аҳолиси билан олиб борган гавжум савдо алоқалари туфайли қад кўтарган. Ўғузлар ўтроқ аҳолидан қимматбаҳо ип ва ипак матолар, уй-рўзғор буюмлари, қурол ва яроғлар, ғалла харид қилганлар. Пухта ясалган Сиғноқ камони ва ўқлари жуда харидоргир бўлган. Аммо ўғузлар вақт-вақти билан деҳқончилик воҳаларига, айниқса Шош ва Хоразм ерларига ҳужум қилиб турганлар. Экинзор ва боғларни поймол этиб, шаҳар ва қишлоқларни талаганлар, аҳолисининг бир қисмини асир қилиб олиб кетганлар. Кўчманчилар ҳужумидан мудофаа қилиш мақсадида дашт чегараларига мудофаа деворлари, қалъа ва мўлалар бино қилинган.
Ўғузлар ҳам (шомонлик) динига сиғинган. Табиат ажойиботлари, сирли воқеа ва ҳодисалар улар учун муқаддас ҳисобланган. Ўғузлар вафот этган уруғ ва қабила бошлиқлари ёки давлатманд уруғдошларини усти гумбазли дахмаларга кийим-кечаги, қурол-яроғлари билан дафн этганлар. Марҳум ҳаётлик чоғида маҳв этган душман сонига қараб қабр устига тош ҳайкаллар ўрнатилган. Ўғузлар тушунчасига кўра, у дунёда улар марҳум хожаларига хизмат қилмоғи лозим бўлган. Осойишталик даврларида деҳқончилик воҳалари аҳолиси билан даштликлар ўртасида савдо-сотиқ ривожланди. Ўтроқ аҳолининг маданий таъсири кучайиб, Х асрдан ўғузлар исломни қабул қиладилар.
Ўғузлар давлати Х асрнинг 1-чорагида қипчоқлар ҳужуми натижасида парчаланиб кетади. Ўғузларнинг бир қисми Каспий денгизи шимолидаги даштларга, иккинчи қисми эса Мовароуннаҳр орқали жануби-ғарбга силжиб, янги сулола Салжуқийлар бошчилигида Кичик Осиёга бориб жойлашди.
VIII аср охири - IХ аср бошида халифаликни ларзага келтирган оғир сиёсий вазият Аббосийларни Мовароуннаҳр ва Хуросонда олиб бораётган сиёсатини ўзгартиришга мажбур этди. Эндиликда улар шарқий вилоятларни бошқаришда давлат ишларига маҳаллий зодагонларни жалб этиш ва уларнинг қўли билан бу вилоятларни халифалик тасарруфида тутиб туришга ҳаракат қиладилар. Натижа аббосийлар кўзлагандек бўлиб чиқмади. Маҳаллий зодагонлар Мовароуннаҳр ва Хуросонни аста-секин ўз тасарруфларига олибгина қолмай, халифалик марказида ҳам ҳокимиятни бошқаришда тобора кўпроқ иштирок эта бошладилар. Бунга айниқса, халифа Ҳорун ар-Рашид (786—809) вафотидан сўнг унинг ўғиллари Маъмун билан Амин ўртасида 809-813 йилларда тахт учун бўлган кураш катта йўл очиб беради.
Маъмун узоқ йиллар мобайнида Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг ноиби бўлиб, маҳаллий зодагонлар билан жуда яқинлашиб кетган эди. Араблар халифалик тахтига Аминни кўтарадилар. Ҳирот вилоятининг зодагонларидан бушанжлик Тоҳир ибн Ҳусайн бошлиқ Хуросон ва Мовароуннаҳр мулкдорлари Маъмунга ёрдам берадилар. 813 йилда улар Бағдодга юриш қилиб, уни қўлга киритдилар. Маъмун халифалик тахтига ўтқазилади. Тоҳир ибн Ҳусайнга Бағдодда юксак лавозимлар берилади. Маъмун эса Сомонхудотнинг набираларини Мовароуннаҳрнинг муҳим шаҳар ва вилоятларига ноиб қилиб тайинлади. Нуҳга Самарқанд, Аҳмадга Фарғона, Яҳёга Шош ва Уструшона, Илёсга эса Ҳирот вилоятлари тегади. Бунинг эвазига ака-ука Сомонийлар Мовароуннаҳрнинг ҳар йилги хирожидан жуда катта маблағни Тоҳирийлар орқали халифа хазинасига юбориб турганлар. IХ аср географи Ибн Хурдодбеҳнинг ёзишича, Шошдан 607 минг, Суғддан 326 минг, Фарғонадан 280 минг, Уструшонадан эса 50 минг кумуш дирҳам тушган.
821 йилда Тоҳир ибн Ҳусайн Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг ноиби этиб тайинланади. У халифаликдан мустақил бўлишга ҳаракат қилади. Хутбадан халифа номи чиқариб ташланади. Бироқ кўп вақт ўтмай Тоҳир ибн Ҳусайн тўсатдан вафот этади. Хуросон ва Мовароуннаҳр бошқаруви Тоҳирийлар хонадонига мерос бўлиб қолади. Тоҳир ибн Ҳусайннинг ўғли Абул Аббос Абдуллоҳ ноиблиги (830-844) даврида маъмурий марказ Марвдан Нишопур шаҳрига кўчирилади.
Тоҳирийлар даврида Сомонхудот авлодлари Мовароуннаҳр шаҳарларида маҳаллий ноиб эдилар. Тоҳирийлар уларни ўзларига тобе деб билганлар. Хуросон ва Мовароуннаҳрда Араб халифалигининг бир асрдан ортиқ давом этган бевосита ҳукмронлиги тугаб, икки маҳаллий сулола сиёсий жиҳатдан қарор топди ва мустақил давлат шаклланди. Тоҳирийлар ва Сомонийлар исломни ўз тасарруфидаги вилоятларда арабларга нисбатан анча муваффақият билан тарқатдилар. Давлатнинг ташқи чегаралари мустаҳкамланди.
Тоҳирийлар расман ўзларини халифага тобе деб кўрсатсалар ҳам, амалда мутлақо мустақил иш юритадилар. Улар даставвал сиёсий ҳокимиятни мустаҳкамлашга ва қишлоқ хўжалигини тартибга солишга ҳаракат қиладилар. Деҳқончилик воҳаларининг сув таъминотини яхшилаш учун янги каналлар қазилди. Халифа Муътасим (833—842) ҳам халифаликнинг энг чеккасида жойлашган Шош (Тошкент) ёнида катта ариқ қазишга 2 млн. дирхам ажратади. Абул Аббос Абдуллоҳнинг топшириғи билан Хуросоннинг билимдон фиқҳшунослари деҳқончиликда сув манбаларидан фойдаланиш тартиблари, сув тақсимоти қоидалари ҳақида рисола ёзиб маъмурларга тақдим этдилар. Бу рисола икки аср мобайнида сувдан фойдаланувчилар ўртасида дастуруламал бўлиб хизмат қилди. Тоҳирийлар давлат бошқаруви, фуқароларига муносабат ва айниқса солиқ тартибларига алоҳида аҳамият берди. Шубҳасиз, бу билан меҳнат аҳлинигина эмас, балки умумдавлат манфаатлари кўзда тутилган. Тоҳирийлар замонида ҳам меҳнат ахли мулкдор деҳқонларнинг жабр-зулмидан, оғир солиқларидан безор бўлиб, мамлакатда тез-тез қўзғолон кўтариб турарди. Қўзғолонда айниқса, «ғозийлар» фаоллик кўрсатардилар. Улар кўчманчилар ҳужумини даф этиб туриш мақсадида, асосан, камбағал ҳунарманд ва ерсиз зироатчилардан тузилган кўнгилли лашкар эди. IХ асрнинг 60-йилларида Хуросонда ғозийлар фаоллигида халқ қўзғолони авж олиб кетади. 873 йилда Тоҳирийлар ҳукмронлиги тугатилиб, янги Саффорийлар давлати ташкил топади. Мамлакатда содир бўлган бундай сиёсий ўзгаришдан сўнг Мовароуннахр Хуросондан ажралиб ўз мустақиллигини тўла тиклаб олиш имконига эга бўлди.
Бу даврда Мовароуннаҳрнинг Самарқанд, Фарғона, Шош (Тошкент) ва Уструшона вилоятларида Сомонийлар хонадонининг вакиллари ноиб эди. Юртга аввал Нуҳ, сўнгра Аҳмад бошчилик қилади. Улар ҳатто ўз номларидан мисдан чақалар зарб этадилар. Аҳмад вафотидан (865) кейин унинг ўғли Наср I (865-892 йилда Самарқанд ҳокими; 875 йилдан Мовароуннаҳр амири) Самарқандни марказга айлантиради. Бухоро воҳаси, Нахшаб (Қашқадарё), Чағонруд (Сурхондарё) водийларидан ташқари Мовароуннаҳрнинг барча вилоятларини бирлаштириш ва уни Хуросондан ажратиб олиш чораларини кўради. Тоҳирийлар давлатининг барҳам топиши билан мустақил бўлиш учун қулай шароит пайдо бўлади. Чунки саффорийлар Мовароуннаҳрга ҳукмронлик қилишни уддасидан чиқа олмайдилар. Бухоро зодагонларининг илтимосига биноан, Самарқанд ҳукмдори Наср ибн Ахмад Бухорога ноиб қилиб укаси Исмоилни (874) юборади (қ. Исмоил Сомоний). Шундай қилиб, IХ асрнинг охирги чорагида Мовароуннаҳр Сомонийлар тасарруфига ўтган.
Сомонийларнинг тобора кучайиб бориши Араб халифалигини хавотирга солган. Шу боисдан халифа Саффорийлар билан Сомонийларни тўқнаштириб, Хуросон ва Мовароуннаҳрда ўз таъсирини қайта тиклашга ҳаракат қилади. Натижада 900 йилда улар ўртасида бошланиб кетган уруш Исмоилнинг ғалабаси билан тугайди. Бутун Хуросон Сомонийлар қўл остита ўтади. Халифа Исмоилга хукмдорлик ёрлиғини юборишга мажбур бўлади.
Сомонийлар ўз тасарруфидаги улкан мамлакатни бошқаришда даставвал ихчам давлат маъмуриятини ташкил этдилар. Маъмурият подшо саройи ва девонлар (марказий ҳокимият)дан иборат эди. Наршахийнинг маълумоти бўйича, Сомонийлар ҳокимияти, асосан, ўнта девон бошқарувида идора этиларди. Улар орасида вазир девони бош бошқарув маҳкамаси бўлиб, давлатнинг маъмурий, сиёсий ва хўжалик тартиботи унинг бевосита назорати остида тутиб туриларди. Барча девон бошликлари вазирга тобе эди.
Наср II ибн Ахмад (914—943) даврида Бухоронинг Регистон майдонида 943 йил Дор ул-мулк саройи (вазирлар махкамаси) ва унинг қаршисида девонлар учун махсус сарой қурилган. Маҳкама хизматчилари араб ва форс тилларини пухта эгаллаган, Қуръон тафсири ва шариатнинг асосий қоидаларини яхши биладиган, турли фанлардан етарлича хабардор бўлган саводли аслзодалардан танлаб олинган. Вилоят девонлари маҳаллий ҳокимга, айни вақтда марказий маҳкаманинг тегишли девонига бўйсунарди. Вилоят ҳокимлари баъзан вазир деб юритиларди. Улар сулолавий хонадонга тегишли амирзодалар ёки собиқ маҳаллий ҳукмдорлар ҳамда зодагон деҳқонлардан тайин этиларди. Булардан ташқари ҳар бир шаҳарда раис (шаҳар бошлиғи) ҳамда муҳтасиб (назоратчи) бўларди. Уларни ҳокимнинг ўзи маҳаллий аслзода ёки кўпинча олий табақа руҳонийларнинг нуфузли вакилларидан тайинлар эди. Мансабдорлар маошига давлат йиллик даромадининг деярли ярми сарфланарди.
Мовароуннаҳрда ислом руҳонийларининг обрўси ошиб, пойтахт Бухоро Шарқда ислом динининг энг нуфузли марказларидан бирига айланди. Шаҳарларда кўплаб ибодатхоналар, жумладан жоме масжид, хонақоҳ (ғарибхона)лар бино қилинди. Худди шу даврда мусулмон Шарқидаги илк мадрасалардан бири (Форжак) Бухоро шаҳрида қад кўтарди. Мадраса шаҳарнинг Дарвозаи Мансур маҳалласида амир ҳаммомининг ёнида жойлашган эди.
Мамлакат маънавий ҳаётининг таянчи бўлган ислом мафкурасига бу даврда «устод» — дин ва илм пешволари раҳнамолик қиларди. Кейинчалик бу атама тарк этилиб, дин пешволари ва ислом уламоларининг раҳнамоси «шайхулислом» деб янада улуғланди. Шайхулисломдан кейин хатиблар турарди. Сомонийлар ислом мафкурасининг ривожига катта аҳамият беради. Масжид, мадраса ва хонақоҳлар қуриш учун махсус жойлар ва уларнинг сарфу харажати учун катта-катта мулклар ажратилиб берилади. Натижада диний муассасалар тасарруфидаги ер-мулклар тобора кўпайиб, янги турдаги хўжалик — вақф таркиб топади. Масалан, Наршахийнинг ёзишича, Исмоил Сомоний Афшина қишлоғининг экин ерлари ва атрофидаги яйловларни Бухоро мадрасасининг талабаларига вақф қилиб беради, шунингдек, амир Регистон майдонига туташган Даштак қамишзорини мулкдор араб лашкарбошисидан 10 минг дирҳамга сотиб олиб, Бухоро шаҳрининг жоме масжиди вақфига қўшиб беради. Шу тариқа масжид ва мадрасалар тасарруфида катта-катта ер ва мулклар тўплана борди.
Сомонийлар мамлакатни ташқи ва ички душман хуружларидан муҳофаза қилишга катта эътибор берадилар. Хусусан, Исмоил Сомоний яхши қуролланган ҳарбий қўшин ва турк ғуломларидан махсус сарой қўшинини тузади. Турк ғуломининг ҳарбий хизмати қатъий белгиланган тартибда ўтар эди. Энг қобилиятли ва узоқ йиллар хизмат қилган айрим ғуломлар хайлбоши (отлиқ отряд бошлиғи), сўнгра эса нуфузли ҳожиб лавозимларига кўтариларди. Ҳожиблар бошлиғи ҳожиб ул-ҳужоб ёки ҳожиб ул-бузрук Сомонийлар саройида олий унвон эди. Ҳожиб ул-ҳужоб саройда катта нуфузга эга бўлиб, айни вақтда у бутун турк қўшинининг бошлиғи эди. Қўшиндан ташқари озод меҳнат аҳлидан тузилган мунтазам ҳарбий қўшин ҳам бўлиб, унинг таъминоти билан махсус маҳкама — ариз девони шуғулланар эди. Қўшинларга хизмат ҳақи ҳар уч ойда тўланар эди. Сомонийлар ҳокимиятни қадимги давлат бошқаруви анъаналарига суяниб бошқарди.
Сомонийлар давридаги сиёсий барқарорлик ва иқтисодий кўтарилиш маданий ҳаётнинг равнақига имкон берди. Бухоро, Самарқанд, Насаф, Гурганж, Марв ва Нишопур каби шаҳарлар илмий ва маданий марказ сифатида тараққий қила бошлайди.
Бу даврда қишлоқ аҳолисининг аксарияти суғдий, туркий ёки хоразмийча сўзлашса-да, марказий шахарларда форсий-дарий адабий тили вужудга келади. Бу тил давлат тили сифатида қабул қилинади. Форсий-дарийда назм, наср ва илмий асарлар ёзила бошлайди.
IХ – Х асрларда, айниқса, Бухоро шаҳри маданий жиҳатдан юксалади. Пойтахтда амир саройида турли соҳаларга оид қўлёзма китоблар сақланадиган каттагина кутубхона барпо этилади. Бу даврда Бухорода айниқса шеърият равнақ топади. Унинг ривожига Рудакий (860— 941), Абу Мансур Дақиқий (?-976-980 ораси), Абулҳасан Балхий ва бошқа шоирлар катта ҳисса қўшадилар.
Шаҳар маданиятининг равнақи, зиёлилар даврасининг кенгайиб бориши, шубҳасиз, Сомоний ҳукмдорларни илм ахли билан яқинлаштирди. Мамлакатни бошқаришда уларнинг билим ва маслаҳатларидан фойдаланилди.
Бу даврда Муҳаммад Хоразмий, Форобий, Ибн Сино, Наршахий, Беруний каби жаҳон фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк сиймолар ижод қилдилар.
Х—ХII асрларда Мовароуннаҳр ва Хоразмда меъморчилик ва санъат янги тараққиёт босқичига кўчди. Ўрта аср жамиятининг ижтимоий-сиёсий тузуми ва бу даврда тўла ғалаба қозонган ислом дини мафкураси маданий ҳаётнинг бу соҳасига ҳам кучли таъсир қилди. Ҳашаматли бинолар қад кўтариб шаҳарлар кенгайди. Бинокорликда хом ғишт ва пахса билан бирга пишиқ ғишт ва турли хил ганч ҳамда оҳакли қурилиш қоришмалардан ҳам кенг фойдаланила бошлади. Баланд пештоқли ёки чортоқли, томи гумбазли маҳобатли бинолар ҳамда ўймакор ғиштлардан қурилган кўркам миноралар бунёд этилди. Гумбазлар конструкциялари такомиллаштирилди. Араб ёзуви безак-нақш даражасига кўтарилди. Бу даврда Самарқанд, Бухоро, Гурганж, Термиз, Ўзган ва Марв каби шаҳарларда кўплаб сарой, масжид, мадраса, минора, хонақоҳ, мақбара, тим ва карвонсаройлар қурилди. Бухоро шаҳридаги Исмоил Сомоний мақбараси, Зирабулоқ яқинида Тим қишлоғидаги Аработа мақбараси, Карманадаги Мирсаид Баҳром мақбараси, Бухоро Намозгохи, Минораи Калон, Вобкент минораси ва Сурхондарёдаги Султон Саодат мажмуи, Қирққиз қалъаси, Жарқўрғон минораси ва бошқа бинолар ўша давр меъморлигининг намуналаридир. Бу ёдгорликлар Х—ХII асрларда Мовароуннаҳрда ўзига хос меъморликнинг ривож топганлигидан далолат беради. Айни вақтда йўнилган тош, пишиқ ғишт ва сувга чидамли қурилиш материалларидан сув иншоотлари: тўғон (банд), нова, кўприк, сардоба ва коризлар барпо этилади.
IХ—Х асрларда Мовароуннаҳр, Хуросон ва Хоразмнинг шаҳар ва қишлоқларида ҳунармандчиликнинг кўпгина соҳалари ривожланган эди. Аҳолисининг асосий қисми деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган.
Деҳқончилик солиғи (хирож)дан хазинага каттагина даромад тушгани учун Сомонийлар хўжаликнинг шу тармоғига кўпроқ эътибор берган. Вилоятларда сув тақсимоти тартибга солиниб, экин майдонлари имкони борича кенгайтирилган. Бир қанча янги суғориш канали қазилиб, уларнинг даҳаналарига мифтоҳлар (шлюз) ва сув ташлагич новалар қурилди. Оқар сув танқис бўлган тоғ олдиларида бандлар бино қилиниб, сув омборлари барпо этилади. Ер ости сувларидан деҳқончиликда фойдаланиш учун мураккаб гидротехника иншооти — коризлар қазилиб ишга туширилади. Чархпаррак, чиғирлардан кенг фойда-ланилади.
Х аср араб географларининг таърифлашича, Самарқанд ва Бухоро рустоқлари Зарафшон дарёсидан чиқарилган шоҳ ариқлардан суғорилган. Macалан, Варқсар, Маймурғ, Санжарфағон ва Дарғом рустоқларининг деҳқончилик майдонлари Дарғом анҳоридан суғорилган. Фай каналидан суғорилган ерлар Суғднинг энг обод қисми бўлган. Ибн Ҳавқалнинг ёзишича, Суғд дарёси Бухоро чегарасигача обод қишлоқлар орқали оққан. Бухоро воҳаси кенг ва обод бўлган, у 17 та суғориш шоҳ ариқлар орқали суғорилган. Сирдарё ҳавзасида Илоқ (Оҳангарон) ва Парак (Чирчиқ) водийлари ҳам ниҳоятда обод ва истеҳкомли қишлоқлари кўп бўлганлигидан, бу жойни ўрта аср тарихчилари «1000 қалъали мамлакат» деб атаганлар.
Суғориш тармоқларини лойқадан тозалаш, турли хил сув иншоотларини таъмирлаш учун ҳар йили баҳорда юз минглаб хашарчилар ишлаган. Мироб, жўйбон ва пойкорлар ёз бўйи гидротехника иншоотлари режими ва сув тақсимотини назорат қилиб турган. IX асрдан Бухоро воҳасининг сув тақсимоти билан шахсан шаҳар қозисининг ўзи шуғулланган. Наршахийнинг ёзишича, Саъид ибн Халаф Балхий Бухорога қози бўлгач, «яхши қонун-қоидалар ўрнатган... токи кучли киши заиф кишига зулм ўтказмасин учун (шаҳар) тўғонларини қурдириб, Бухоро сувини адолат ва инсоф юзасидан тақсим қилишни» жорий этган.
IX – X асрларда Мовароуннаҳрда яйлов чорвачилиги ривож топган. Кўчманчи чорвадор қабилалар ўтроқ аҳолини чорвачилик маҳсулотлари билан таъмин этиб турган. Ўтроқ аҳоли, ўз навбатида, даштликларга ҳунармандчилик маҳсулотларини етказиб бериб турганлар.
IX – X асрларда аҳолининг хўжалик ҳаётида ҳунармандчилик катта ўрин тутади. Мовароуннаҳр ва Хоразм шаҳарларида тўқимачилик, кулолчилик, дегрезлик, чилангарлик, мисгарлик, заргарлик, шишагарлик ва дурадгорлик анча ривож топади. Айни вақтда шаҳарларнинг меъморий қиёфаси ҳам ўзгара борди. Маҳобатли сарой, масжид, мадраса, намозгоҳ, хонақоҳ ва карвонсаройлар ҳамда устахоналар қад кўтарди. Шаҳарлар кенгайиб илк ўрта асрларда вужудга келган арк (ўрда), шаҳристон (ички шаҳар) ва рабод (ташқи шаҳар) ягона девор билан ўраб олинди, шаҳар дарвозаларининг сони хам кўпайди. Шаҳарнинг дўнглик ерида жойлашган аркида одатдагидек подшоҳ ёки ҳокимнинг қароргоҳи (даргоҳ), хазина, чақа-тангалар сўқиладиган зарбхона ва қамоқхона бўларди. Шаҳар марказида регистон майдони, девонлар, маҳкама саройи, шунингдек, амирзодалар, сарой аъёнлари, руҳонийлар, мулқдор деҳқонзодалар ва давлатманд савдогарларнинг ҳашаматли қасрлари, подшоликнинг қурол-яроғ, асбоб, эгар-жабдуқ ясайдиган устахоналари, ҳунармандчилик дўконлари ва савдо расталари жойлашган эди. Шаҳарлар кенгайиб, уларнинг гирди бўйлаб косиб ва ҳунармандларнинг янги-янги маҳалла-кўйлари, бозор ва расталар вужудга келади. Маҳалла-кўйларда заргар, сарроф, тўқувчи, кулол, мисгар, темирчи дурадгор ва бошқа ҳунармандларнинг уй-жойлари ва дўконлари бўларди. Айни шу даврда Бухоро, Самарқанд, Кўҳна Гурганж, Марв, Бинкат, Кеш, Насаф, Ахсикат каби шаҳарлар ўрта аср ҳунармандчилигининг ривож топган йирик марказига айланади.
Наршахийнинг ёзишича, IX асрда Бухоро арки ёнида подшоликка қарашли «Байт ут-тироз» катта тўқимачилик корхонаси бўлган. Унда қимматбаҳо рангли мато, палос, дарпарда, ёстиқ жилди, жойнамоз ва уст кийимликлар тўқилган. Самарқандда кўпроқ мисгарлик, заргарлик ва саррожлик ривожланган эди. Турли матолар, кимхоб, шойи ва рўмоллар тўқилар, юқори навли қоғоз ишлаб чиқарилар эди. Шош ўзининг кўнчилик маҳсулотлари ва чарм буюмлари билан, Илоқ эса кумуш ва қўрғошин конлари ҳамда кумуш танга чиқарадиган зарбхонаси билан машҳур эди. Мовароуннаҳрнинг хўжалик ҳаётида Хоразм ҳам катта роль ўйнайди. Бу ерда ҳунармандчиликнинг бошқа соҳалари қаторида қайиқсозлик тараққий қилади. Хоразм ва Термизда ясалган қайиқларда Амударё бўйлаб муттасил юк ташилган.
Бу даврда ҳунармандчиликнинг айрим соҳалари йирик қишлоқларда ҳам ривож топди. Бухоронинг Зандана қишлоғида тўқилган «занданача» малла ранг бўз, Самарқанднинг Вадор қишлоғида тайёрланган «вадорий» матоси Шарқда машҳур ва манзур эди.
IX – X асрларга оид кулолчилик сирланган идишлари ва шишасозлик буюмлари билан алоҳида мавқени эгаллаган. Бу даврда тоғли минтақаларда кончилик ҳам жадал ривожланди. Шош вилояти, Фарғона водийси, Нурота, Уструшона, Хўжанд атрофлари ва Зарафшон тоғларида темир, мис, қўрғошин, олтин, кумуш рудалари, феруза ва бошқа қимматбаҳо тошлар, Бадахшондан лаъл ва ложувард қазиб олинарди. Илоқ вилояти кумуш ва қўрғошин олинадиган йирик марказлардан эди. Ундаги Қорамозор тоғидан бу икки тур маъдандан ташқари олтин, мис, темир рудалари ва феруза қазиб олинарди. Фарғона водийси тоғларидан темир, қўрғошин, кумуш, симоб, мис, қалай, феруза, новшадил қазиб чиқариларди. Фарғонада ўша вақтлардаёқ тошкўмир ва нефть қазиб олиниб ишлатилганлиги маълум. Нефтдан қамал қилинган шаҳарга ўт отишда фойдаланилган. Кончилик ва темирчилик давлат тасарруфида бўлган. Кон қазиш ишлари ўз замонаси учун анча такомиллашган эди. Қазилма бойликлар ҳозиргидек очиқ усулда ҳамда ер ости конларидан қазиб олинарди. Қазилган рудалар ер остидан сихғалтаклар воситасида юқорига чиқарилган. Конларда, асосан қул, маҳбус ва қишлоқ жамоалари зўрлик билан ишлатиларди. Кончиларнинг меҳнати ниҳоятда машаққатли ва хавфли бўлганлигини археологик топилмалар (қорачироғ, болта, чўкич ва ҳ.к.)дан билиш мумкин.
Бу даврда деҳқончилик ва ҳунармандчиликнинг ривож топиши билан ички ва ташқи савдо ҳам кенгайди. Ғарбий Осиёни Мўғулистон ва Хитой билан туташтирган қадимги карвон йўли орқали олиб борилган ташқи савдо алоқалари ривожланди. Бағдод шаҳридан бошланган катта карвон йўли Ҳамадон, Нишопур, Марв, Омул, Бухоро, Самарқанд, Шош, Тароз, Қулон, Марки, Боласоғун, Суёб, Иссиқкўлнинг жанубий соҳили орқали ўтиб, Шарқий Туркистонга ва ундан Хитойга кириб борар эди. Бу йўлнинг Фарғона орқали ўтган жанубий, Ўғузлар юрти ёки Дашти Қипчоқ орқали Жанубий Сибирга йўналган шимолий ҳамда Хоразм орқали Итил дарёси бўйлаб Хазар ва Булғор давлатларига элтадиган шимоли-ғарбий тармоқлари айниқса серқатнов бўлган. Карвон йўлларида работлар бино қилиниб, карвонсаройлар қурилган.
Х асрда ташқи савдо муомаласида саррофлик чекларидан кенг фойдаланилган. Ўша вақтда савдогарлар ўзи билан кўп миқдорда пул олиб юрмас эди. Ўз пулини у шаҳарнинг тегишли саррофларидан бирига топшириб, ундан тегишли ҳужжат — чек оларди. Мўлжалланган шаҳарга бориши билан ўша чекни саррофга бериб, унда кўрсатилган миқдордаги пулни тўлалигича қайтариб олиши мумкин эди.
Карвон йўлининг шимолий тармоғи Дашти Қипчоқ аҳолисини деҳқончилик маҳсулотлари ва ҳунармандчилик буюмлари билан таъмин этарди. Сибирдан қимматбаҳо мўйналар, кўчманчилар юртидан асосан чорва моллари ва чорвачилик маҳсулотлари келтирилар эди.
Фарғона, Ўш ва Ўзган орқали Қашқарга ва ундан ички Хитой вилоятларига рангдор шиша буюмлар, сирланган нақшинкор сопол идишлар, кийим-кечак, эгар-жабдуқ, мева ва йилқи, шунингдек зеб-зийнат ва қурол-яроғлар олиб борилар эди. Хитойдан, асосан, ипак, шойи, кимхоб ва чинни идишлар олиб келинарди. Мовароуннаҳр бозорлари орқали Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларига ипак, ип ва шойи, кумуш, тери, жун, кигиз, турли хил мўйна, туя, қорамол, қўй, қуруқ мева олиб чиқилар эди.
Хазар ва Булғорга Мовароуннаҳр ва Хоразмдан гуруч, қуруқ мева (ёнғоқ, майиз, ўрик ва ҳ.к.), канакунжут мойи, ширинликлар, тузланган балиқ, бўза, мушк-анбар, пахта толаси, ип ва шойи матолар, мовут, кимхоб, гилам ва чойшаблар, қулф, камон, қайиқ ва кумуш тангалар, шунингдек, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Византия, Ироқ ва бошқа мамлакатлардан келтирилган моллар чиқарилар эди.
Булғор ва Хазардан қимматбаҳо мўйналар, шунингдек, мум, шам, камон ўқи, оқтерак ёғочи ва қайин пўстлоқлари, чўққи қалпоқлар, балиқ елими ва тишлари, булғори чарм қалқонлар, славян элати (қавми)га мансуб қуллар, овчи қушлар (қарчиғай), асал, қўй ва қорамол олиб келинар эди. Ташқи савдо муомаласида Тоҳирийлар ва Сомонийларнинг кумуш дирҳамларидан кенг фойдаланилар эди.
Ички ва ташқи савдонинг авж олиши билан чақа ва тангаларнинг муомалада бўлиши ҳам жадаллашди. Ички бозорлар мис чақа — фалс, халқаро савдода кумуш танга — дирҳам ишлатиларди. Фалс эҳтиёжга қараб баъзи вилоят ҳокимлари ва ҳатто айрим мулкдор зодагонлар томонидан ҳам чиқариларди. Кумуш тангалар фақат ҳукмдор номидан Марв, Самарқанд, Бухоро ва Шошда давлат зарбхоналарида сўқилар эди. Сомонийлар «исмоилий», «мусайяби», «муҳаммадий» ва «ғитрифий» каби кумуш дирҳамлар чиқарган. Сомонийларнинг кумуш дирҳамлари Русия ва Болтиқбўйи мамлакатларидан кўплаб топилган.
Сомонийлар ҳокимияти йирик ер эгалари ҳамда мулкдор савдогарларнинг манфаатини ҳимоя қилгани туфайли мамлакатдаги мавжуд ер ва сувнинг катта қисми давлатга ва зодагон табақаларга тегишли бўлган. Айни вақтда ердан фойдаланиш ва унга эгалик қилишнинг бошқа турлари ҳам мавжуд эди. Давлат тасарруфидаги ерлар «мулки султоний», ҳукмрон сулола вакиллари, зодагон деҳқон ва аслзодаларнинг тасарруфидаги йирик ҳамда меҳнаткаш қишлоқ аҳолисига тегишли майда хусусий ерлар «мулк ерлари» деб аталарди. Масжид, мадраса, хонақоҳ ва мақбараларга вақтинча ёки муддатсиз фойдаланиш учун берилган ерлар «вақф ерлари» дейилган. Барча турдаги ердан фойдаланувчилар давлатга ҳосилнинг 1/3 ҳажмида хирож тўлар эди. Олий мартабали руҳоний ва саидларга қарашли ерлар («мулки хос») давлат солиқларидан қисман ёки тамомила озод этилган. Бундай имтиёзга эга бўлган мулкдорлар давлатга ҳосилнинг 1/10 ҳисобида (баъзан пул билан) «ушр» солиғини тўлар эди. Шунингдек, ҳукмрон сулола ҳамда олий табақа вакилларига давлат олдидаги хизматлари эвазига ҳадя қилинган мулклар (вилоят, туман ёки айрим шаҳар ва қишлоқлар) «иқто» ёки «тума ерлар», унга эга бўлган мулкдорлар «муқта» ёки «иқтадор» деб юритиларди. Иқто тарзида эса айрим вилоят, воҳа, рустоқ (туман) ёки шаҳарлар ҳадя этилган. Иқто, даставвал, асосан, сулола аъзолари — амирзодалар ва айрим мансабдорларга инъом этилган. Иқто мулклари аввалда маълум муддатга берилиб, наслдан-наслга ўтказилмаган. Иқтодорлар иқтоларидан тушадиган даромадни ёки унинг маълум қисминигина йиғиб олиш ҳуқуқига эга бўлганлар, холос. Бутун бир вилоят иқто қилиб берилган ноиб — вазирга баъзан ўз номида чақа пул зарб этиш ҳуқуқи ҳам берилар эди. Бу кўпинча марказий ҳокимиятни кучсизлантириб, маҳаллий ҳокимларнинг бошбошдоқлик ҳаракатлари кучайишига олиб келар эди.
Қишлоқ жамоалари тасарруфида ҳам маълум миқдорда «жамоа ерлари» бўлиб, бундай ерлар кўпинча лалмикор ҳамда коризлар воситасида суғориладиган сувга танқис тоғ олди минтақаларида жойлашган эди.
Майда хусусий ҳамда жамоа ерларидан ташқари барча мулкларда меҳнаткаш қишлоқ аҳолиси кадивар ёки ёлланиб коранда бўлиб ишлар эди. Корандалар IX – X асрларда «шерик» ёки «барзикор» деб аталарди. Бу даврда катта ер эгалари ўз ерларини барзикорларга ижарага беришни афзал кўрардилар. Ижарачиларнинг асосий қисми кам ерли ёки ерсиз деҳқонлар эди. Агар барзикор ўз уруғлиги ва қўши билан деҳқончилик қилса, ҳосилнинг 1/3—1/5 миқдорида ҳисса олар, уруғлик ва қўш ер эгаси ҳисобидан бўлса - ҳосилнинг 1/10 ёки 1/12 улушига эга бўларди. Давлат солиқлари (хирож ва ушр) ер эгасидан ҳам, корандадан ҳам алоҳида-алоҳида шу улушлар ҳисобидан олинар эди.
Деҳқонлар зиммасига суғориш тармоқларини мунтазам лойдан тозалаш, канал қазиш, тўғон ўрнатиш, кўприк қуриш, сув омбори барпо этиш каби оғир ишлар ҳам юкланган эди. Булардан ташқари меҳнаткаш омма масжид, мадраса, хонақоҳ, мақбара ва карвонсаройлар каби қурилишларда, шаҳар ва қалъаларнинг мудофаа деворларини таъмирлаш, янгидан қуриш ва йўл тузатишда текинга ишлаб беришга мажбур эди. Аҳоли, айниқса, Сомонийларнинг ҳарбий юришлари, ҳукмрон сулоланинг ички низолари, маҳаллий ҳокимларнинг бошбошдоқлик ҳаракатлари билан боғлиқ ўзаро курашларидан безор бўлган эди. Бундай ички сиёсий вазият оқибатда мамлакатни иқтисодий тангликка олиб келди. Бундай оғир аҳволдан чиқиш учун 942 йилда аҳолидан икки марта солиқ ундириб олинади. Сиёсий вазият, айниқса, Нуҳ ибн Наср (943— 954) ва унинг набираси Нуҳ ибн Мансур (976—997) ҳукмронликлари даврида ниҳоятда кескинлашди. Кетма-кет такрорланган исёнлар марказий ҳокимиятни заифлаштирди. Бу даврда Еттисув вилоятида ташкил топган Қорахонийлар давлатининг Мовароуннаҳрга қилган ҳужумидан 999 йилда Сомонийлар ҳокимияти бутунлай барҳам топди.
Х асрнинг 1-ярмида Еттисув ва Шарқий Туркистонда яшовчи кўчманчи турк қабилалари (қарлуқ, чигил ва яғмо)нинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида катта ўзгаришлар бўлди. Уларнинг ўтроқ ҳаётга ўтиши тезлашди. Бундай ўзгаришларда Еттисув ва Қашқар орқали ўтган қадимги карвон йўли ҳам муҳим роль ўйнади. Шунингдек, қўшни Мовароуннаҳрнинг ўтроқ аҳолиси билан олиб борилган иқтисодий ва маданий алоқаларнинг таъсири кучли бўлди.
Х аср ўрталарида Иссиқкўлнинг жануби ва Қашқарда яшаган яғмо қабилалари кучайиб, қўшни чигил қабилалари билан ягона иттифоққа бирлашади. Сўнгра улар Еттисувдаги қарлуқларни бўйсундириб, у ерда Қорахонийлар давлатини ташкил қилдилар.
Бу янги давлатнинг подшолари буюк ҳукмдор маъносини англатувчи «арслонхон» ва «буғрохон» унвонлари билан юритилган. Буюклик ёки улуғлик эса қадимда туркий халкларда «қора» сўзи билан сифатланган. Улар ҳукмдорлик қилган давлат тариҳда Қорахонийлар давлати номи билан шуҳрат топган. Аслида «арслон» чигил қабиласининг тотеми, қабила аждоди ибтидоси ҳисобланган. «Буғро» эса оғир юк кўтарадиган туя маъносини англатиб, яғмоларнинг тотеми бўлган. Қорахонийлар қабилавий удумига мувофиқ қабила бошлиқлари орасида энг ёши улуғини «арслонхон» ёки «буғрохон» даражасига кўтариб, ҳукмдор, яъни қорахон қилиб сайлашган ва у «тамғачхон», яъни хонлар хони деб юритилган. Давлат сулоласининг асосчиси Абдулкарим Сотуқ Буғрохон (Қорахон) номи билан аталган.
992 йилда Қорахоннинг набираси Ҳорун ибн Мусо ибн Сотуқ Буғрохон бошлиқ қабилалар Мовароуннаҳрга ҳужум қилиб Бухорони деярли қаршиликсиз ишғол этганлар, чунки Сомонийларнинг марказий ҳокимияти ички зиддиятлар туфайли кучсизланиб қолган эди. Буғрохон ватани Қашқарга қайтишда йўлда вафот қилади. Вазиятдан фойдаланиб амир Нуҳ ибн Мансур Бухоро тахтини Ғазна ҳукмдори Сабуқтегин ёрдамида 994 йил қайтариб олади. Нуҳ Сабуқтегинни Хуросон ноиби қилиб тайинлайди. Натижада Ғазна ва Хуросонда Сабуқтегин ва унинг ўғли Маҳмуднинг сиёсий ҳукмронлиги мустаҳкамланиб, Ғазнавийлар давлати ташкил топади.
996 йилда Қорахонийлар Наср ибн Али бошчилигида Мовароуннаҳрга яна ҳужум бошлайди. Сабуқтегин ўғли Махмуд Ғазнавий бошчилигида 20 минглик қўшин юбориб Бухорони эгаллайди. Сомонийларга Мовароуннаҳрнинг марказий қисмигина берилади, холос. Бироқ 999 йил баҳорида Наср ибн Али Бухорони босиб олиб, Сомонийлар ҳокимиятига бутунлай барҳам берди. Қорахонийлар билан 1001 йил тузилган шартномага мувофиқ Амударёдан шимолдаги ерлар Қорахонийлар тасарруфига ўтади. Султон Маҳмуд эса Амударёдан жанубдаги ерлар, шу жумладан, Хуросонга ҳукмдор бўлиб олади. Мовароуннаҳр эл-юрт ва вилоятларга бўлиниб, уларни Қорахонийлар сулоласи вакиллари элоқхон ва такинлар бошқарди. Марказий ҳокимият анча заиф бўлиб, элоқхонлар хоқонларга номигагина итоат этганлар. Қорахонийлар давлати пойтахти дастлаб Қашқарда, сўнг Боласоғун, Ўзган шаҳриларида бўлиб, кейин яна Қашқарга кўчирилган. Шундай қилиб, 10-аср охирида Сомонийлар мулки ўрнида 2 та давлат ташкил топди: бири - Қашқардан Амударёгача чўзилган, Шарқий Туркистоннинг бир қисми, Еттисув, Шош, Фарғона ва қадимги Суғдни ўз ичига олган Қорахонийлар давлати; 2-си Сабуқтегин ва Султон Маҳмуд даврида кучайган ва Ҳиндистон шимолдан Каспий денгизи жанубга қадар вилоятларни эгаллаган Ғазнавийлар давлати эди.
Гарчи Амударё чегара қилиб белгиланган бўлса-да, аммо Қорахонийлар Хуросонни ўз тасарруфидаги вилоятлар деб ҳисобларди. Орадан кўп вақт ўтмай Қорахонийлар билан Ғазнавийлар ўртасида шиддатли урушлар бошланади. 1006 ва 1008 йилларда Қорахонийлар Хуросон устига 2 марта қўшин тортадилар, Балх, Тус ва Нишопур шаҳарлари забт этилади. Лекин Султон Маҳмуд Ғазнавий Хуросонни ўз давлати тасарруфида сақлаб қолишга муваффақ бўлади ва 1011-1012 йилларда Қорахонийлар билан сулҳ тузади. Хоразмда 1016 йил халқ қўзғолони вақтида хоразмшоҳ Абулаббос Маъмун қатл этилди. 1017 йилда Султон Маҳмуд шу баҳонада Хоразмни босиб олади. Хоразмга ўз ҳожиби Олтинтошни ноиб тайинлаб, кўп бойлик ва асирлар билан Ғазнага қайтади. У ўзи билан бирга Абу Райҳон Беруний ва бошқа бир қанча олим ва шоирларни мажбуран олиб кетади.
1030 йилларда Сирдарё этакларида яшовчи ўғузлардан ажралиб Салжуқийлар номи билан Хуросонга бориб ўрнашган ўғуз қабилалари кучайиб, уларга ўз вақтида ер-мулк бериб ҳомийлик қилган Ғазнавийларга қарши тазйиқ кўрсатадилар. Салжуқийлар билан жиддий кураш бошланади. Бундай вазиятдан фойдаланган Қорахонийларнинг маҳаллий ҳукмдори Иброҳим Бўритакин 1038 йилда Амударё юқори оқимидаги вилоятлардан Хутталон, Вахш ва Чағониённи Масъуд I Ғазнавийдан тортиб олади. Кўп вақт ўтмай у Мовароуннаҳр, жумладан, Фарғонани ўзига бўйсундириб, мустақил сиёсат юрита бошлайди. Натижада, Қорахонийлар 2 мустақил давлат — пойтахти Боласоғунда бўлган Шарқий Қорахонийлар ва маркази Самарқанд бўлган Мовароуннаҳр Қорахонийлар давлатига ажраб кетади. Бу ғалабалардан сўнг Иброҳим Тамғач «Буғрохон» унвонига сазовор бўлади.
1040 йилда Данданакон жангида Масъуд Ғазнавий салжуқийлардан қақшатқич зарбага учрайди. Ғазнавийлар тасарруфида Ғазна, Қобул, Кандаҳор ва Панжоб вилоятларигина қолиб, у кичик давлатга айланади. Салжуқийлар Тўғрулбек замонида 1055 йилда Бағдодда ўз сиёсий ҳукмронликларини ўрнатадилар. Аббосий халифа эса фақат диний ишлардагина мутасадди бўлиб қолади ва Тўғрулбекни «Шарқ ва Ғарб султони» деб тан олишга мажбур бўлади. Салжуқийлар Хоразм томондан Хутталон, Чағониён, Жанд ва Савронга юриш қилиб, Қорахонийлар билан бир неча бор тўқнашадилар. 1130 йилда султон Санжар Қорахонийлар давлати пойтахти Самарқандни ишғол этади. Натижада Қорахонийлар Санжарга тобе бўладилар.
Элоқхонлар мустақил чақа-тангалар зарб қилиб, марказий ҳокимиятга бўйсунмасликка интилар эдилар. Мовароуннаҳр элоқхони Қорахоний элоқхонлари орасида катта обрўга эга эди. Вилоят бошқарув маъмуриятида Сомонийлар давридагидек вазир, соҳиббарид, муставфийлар хизмат қиларди. Шаҳарлар эса шаҳар ҳокими, раис ва мухтасиблар томонидан бошқариларди. Қорахонийлар ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлашда мусулмон руҳонийларига таяндилар.
Қорахоний ҳукмдорлари гарчи ўтроқ ҳаётга кўчмаган бўлсалар ҳам, деҳқончилик воҳалари ва шаҳар маданиятига эътибор билан қарадилар. Боласоғун, Қашқар, Тароз, Ўзган, Самарқанд ва Бухоро пойтахт шаҳарлар бўлиб қолди. Айни вақтда Мовароуннаҳр, айниқса, Зарафшон водийсида кўпгина деҳқончилик майдонлари ва боғлари топталиб яйловга айлантирилди. Натижада мулкдор деҳқонлар билан чорвадор кўчманчилар ўртасида зиддият кучайиб, Қорахонийларнинг тазйиқи билан нуфузли деҳқонлар ер-мулк ва қўрғонларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар. Улар мамлакатда тутган сиёсий мавқеларидан ҳам ажралдилар. Шу вақтдан «деҳқон» истилоҳи ҳам «қишлоқ ҳокими»ни англатувчи асл маъ-носини йўқота бориб, қишлоқ меҳнаткашлари учун умумий номга айланди.
Зодагон деҳқонлардан мусодара қилинган ерлар давлат тасарруфи («мулки султоний»)га ўтказилди. Бундай ерлардан тушган даромад давлат хазинасини тўлдирарди, маълум қисми эса иқто қилиб бериларди.
Қорахитойларнинг келиб чиқиши тўғрисида фанда ягона фикр йўқ. Баъзи тадқиқотчилар уларни Сибирнинг тунгус аҳолисига, бошқалар эса мўғулларга мансуб ҳисоблайдилар. Қорахитойлар ўз давлатини дастлаб Еттисув вилоятида барпо қилганлар. Пойтахти Боласоғун шаҳри бўлган. Подшоҳлари «гурхон» деб юритилар эди.
Қорахитойлар аввал Шош ва Фарғонага, сўнгра Зарафшон ва Қашқадарё вилоятларига бостириб киради. 1137 йилда Хўжанд шаҳри яқинидаги жангда Қорахонийларнинг элоқхони Махмуд енгилади. Сулҳдан кейин Қорахитойлар катта ўлпон олиб ўз юртларига қайтиб кетадилар. Лекин орадан тўрт йил ўтгач, улар яна Мовароуннаҳрга ҳужум қиладилар. Самарқанд яқинидаги Қатвон (Булунғур) чўлида 1141 йил 9 сентябрда Қорахитойлар билан Салжуқийлар ҳамда Қорахонийларнинг бирлашган кучлари ўртасида бўлган жангда ҳар икки томондан қарийб 30 минг аскар шаҳид бўлади(қ. Қатвон жанги). Қорахитойлар ғалаба қозонади. Султон Санжар ва элоқҳон Махмуд Термизга қочади. Мовароуннаҳр халқлари бу ерда ислом жорий этилганидан буён 1-марта номусулмон фотиҳлар - Қорахитойлар ҳокимиятини тан олишга мажбур бўлади. Бироқ Қорахитойлар Мовароуннаҳрни батамом босиб олмай, маҳаллий аҳолидан солиқ йиғиб олиш тартибини жорий этиш билан кифояландилар.
Қатвон чўлидаги мағлубиятдан кейин Мовароуннаҳр Қорахитойлар тасарруфига ўтгач, Қорахонийлар давлати ўз мустақиллигини йўқотди. Мамлакатнинг бир неча вилоят ҳокимликларига бўлиниб кетиши тарқоқликни кучайтирди. Қорахитойлар 1172 йил Хоразмни ҳам эгалладилар. ХШ аср бошида Мўғуллар истилоси натижасида Шарқий Туркистон эгалланиши билан Қорахитойлар давлати қулади. Қорахитой қабилалари эса кейинчалик қўшни туркий халқларга қўшилиб кетди.
Олтинтош сулоласи 1017— 1041-йилларда Хоразмни ғазнавийлар номидан бошқарган. Салжуқийлар Ғазнавийларни енгиб Хуросонни эгаллагач, 1043 йилда Хоразмни ҳам бўйсундирдилар. Салжуқийлар ҳукмдори Маликшоҳ I (1072-1092) ўз маъмурларидан Ануштегинни 1077 йилда Хоразмга ноиб қилиб тайинлайди. Ануштегин вафотидан сўнг Хоразмда унинг вориси Қутбиддин Муҳаммад (1097—1127) ноиблик қилади. Гарчи у «хоразмшоҳ» унвонини тикласа ҳам Султон Санжарнинг ноиблигича қолди. Хоразмда мустақиллик учун кураш ХП асрнинг 2-чорагидан кучайди. Қутбиддин Муҳаммаднинг ўғли Алоуддин Отсиз Салжуқийларнинг заифлашганидан фойдаланиб, Хоразмни тобеликдан чиқаришга ва мустақил давлатга айлантиришга ҳаракат қилди. Даставвал Отсиз Хоразмшоҳ туркман ва Қипчоқларни ўзига бўйсундирди. Хоразм билан иқтисодий жиҳатдан боғлиқ бўлган Сирдарё этаклари ва Манғишлоқ ҳамда Марв ва Нишопурни эгаллади. Қипчоқ ва туркманлардан кучли ёлланма қўшин ташкил этиб, бир неча бор Султон Санжарга қарши исён кўтарди.
ХП асрнинг 2-ярмида Мовароуннаҳр ва Хуросонда сиёсий вазият янада кескинлашади. 1153 йилда хуросонлик кўчманчи ўғузлар қўзғолон кўтариб Султон Санжар қўшинини енгдилар ва ўзини асир олдилар. Бунинг оқибатида Салжуқийлар давлати кескин зарбага учраб, парчаланиб кетади.
1172 йил Хоразм ҳам Қорахитойларга бўйсундирилди. Аммо Қорахитойлар Хоразмнинг ички ишларига аралашмай, фақат бож ва ўлпон йиғиш билан кифояландилар.
Отсизнинг сиёсатини унинг ворислари Эл-Арслон ва Такаш давом эттирадилар.
Хоразм давлати, айниқса, Такаш даврида жуда кенгаяди. 1187-1193 йилларда у Нишопур, Рай ва Марв шаҳриларини босиб олади. 1194 йилда эса Салжуқийлар султони Тўғрул III га қақшатқич зарба бериб, Ғарбий Эронни ҳам Хоразмга қўшиб олди ва шу билан Хоразмни Салжуқийлар тасарруфидан бутунлай халос қилди. Орадан бир йил ўтгач, Такаш халифалик ерлари бўлмиш Ироққа бостириб киради. Унинг даврида Хоразм давлати ерлари 2 баравар кенгайди.
Такашдан сўнг унинг ўғли Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳам Хоразм давлатини кенгайтириш сиёсатини давом эттирди. Бу даврда Хоразм улкан давлатга айланган эди. Даставвал Муҳаммад Хоразмшоҳ Ҳирот ва унинг атрофлари ҳамда Хуросоннинг Хоразм давлати тасарруфига киритилмаган вилоятларини забт қилишга киришди. У 1212 йилда Мовароуннаҳрни Қорахонийларнинг сўнгги вакиллари қўлидан тортиб олди ва шу билан Қорахонийлар ҳукмронлиги бу ерда бутунлай барҳам топди.
ХП аср ўрталаридан Бухоро вилоятида диний ва маъмурий ҳокимият «Садри жаҳон» унвони билан машҳур бўлган бадавлат хонадонга мансуб руҳоний садрларнинг қўлига ўтди. Бухоро ва унинг атрофидаги катта ер майдонлари, масжид, мадраса ва хонақоҳларнинг вақф мулклари, Бухородаги дўкон, карвонсарой, ҳаммом ва тегирмонлар уларнинг тасарруфида бўлган. Шаҳар саррофлари ва ҳунармандлари кўп жиҳатдан садрларга қарам эди. Мамлакатлараро карвон савдосида ҳам садрлар фаол иштирок қилганлар. Маълумотларга кўра, уларнинг йиллик даромади 100 минг динорга тенг бўлган.
Садрлар Бухорода 1207 йилгача мустақил ҳукмронлик қилдилар. Халқ ўртасида норозилик кучайиб, 1206 йилда Бухоро шаҳрида ҳунармандлар қўзғолон кўтардилар. Қўзғолончилар сўнгги садрнинг мол-мулкини мусодара этиб ўзини оиласи билан шаҳардан бадарға қилдилар. Садр ўз ҳомийси—қорахитойлар гурхони паноҳига нажот истаб боради. Муҳаммад Хоразмшоҳ Бухородаги воқеалардан хабар топгач, фурсатдан фойдаланиб, тезда қўзғолончилар устига аскар тортади. Қўзғолон бостирилгач, Бухоро Хоразмшоҳлар давлатига қўшиб олинади ва сўнгги садри жаҳон мансабидан маҳрум қилинади.
Бухорони эгаллагач, Муҳаммад Хоразмшоҳ Самарқандни Қорахитойлар асоратидан озод қилишга отланади. Худди шу даврда Чингизхон таъқибидан қочиб Мўғулистондан Еттисув вилояти томон чекинган найман сардори Кучлук қарлуқлар билан бирлашиб, қорахитойларга қаттиқ зарба берди. 1210 йилда ҳатто у Гурхоннинг Ўзгандаги хазинасини ҳам қўлга киритди.
Бундай қулай вазиятдан фойдаланган Хоразмшоҳ Самарқанд ҳукмдори Усмон ибн Иброҳим билан бирлашиб Еттисувга томон аскар тортади. Иттифоқчилар Талас водийсида Гурхон қўшинлари билан тўқнашадилар. Жангда Хоразм аскарлари кўп талафот берган бўлса-да, 2 томондан зарбага учраган Гурхон аскарлари енгилади. Ҳатто Қорахитойлар қўшинининг қўмондони Таянғу асир олинади. Еттисув ўлкаси Хоразмшоҳлар давлатига тобе этилади.
ХШ аср бошида Хоразм жуда кенг майдонни эгаллаган буюк давлатга айланган эди. Унинг чегараси Орол ва Каспий денгизи соҳилларидан Ироққа қадар борар, жануби-шарқий чегараси Ғазна вилоятидан, Еттисув ва Дашти Қипчоқдан ўтар эди. Пойтахти Гурганж шаҳри бўлган. Саройда Муҳаммад Хоразмшоҳ «Искандари Соний» (Иккинчи Искандар) деб улуғланган.
Мовароуннаҳр аҳолисининг Қорахитойлар зулму асоратидан озод бўлиб, Хоразм давлатига бирлашиши, шубҳасиз, ижобий тарихий воқеа эди. Аммо Хоразмшоҳнинг ҳарбий юришлари, солиқ сиёсатидаги бебошлик, амир ва маъмурларнинг жабру зулми, мажбурий ишлаб беришлар мамлакат фуқароларининг моддий аҳволини оғирлаштирди. Натижада 1210 йилда Ўтрорда, 1212 йилда Самарқандда қўзғолон кўтарилади. Ҳар 2 қўзғолон шафқатсизлик билан бостирилади.
Жувайнийнинг ёзишича, ўша кунларда Самарқандда 10 минг киши ўлдирилган. Қўзғолон бостирилгач, Хоразмшоҳ Мовароуннаҳр вилоятларидаги қорахоний ноибларнинг барчасини қатл қилишга буюрди. Шу билан Мовароуннаҳрда қорахонийлар сулоласи ҳукмронлиги узил-кесил тугатилди. Ўзган ҳамда Самарқанд шаҳарларида Муҳаммад Хоразмшоҳ номи билан тангалар зарб этилди.
Бироқ Хоразм давлатида синфий кураш ва вилоят ҳукмдорларининг исёнлари давом этаверди, лашкарбошилар орасида ва саройда фитналар кучайди.
Давлатнинг мунтазам қўшини қанғли-қипчоқ ва туркманлардан тузилган, умумий сони Чингизхон ҳарбий кучига нисбатан бирмунча ортиқроқ бўлган. Салтанатни ҳокимлар, ноиблар, вазирлар, лашкар бошлиқдаридан иборат кучли ҳарбий зодагонлар, муставфий (дафтардор ҳисобчилар), қозилар ва бошқа кўпгина сарой мансабдорларидан иборат улкан аркони давлат қуршаб турарди. Юқори амалдорларнинг кўпчилик қисми йирик ер-сувларга эга бўлган мулкдор оқсуяк табақани ташкил этарди. Кўпгина мансаблар, одатга кўра, ота-бободан мерос бўлиб ўтар эди. Юқори мансабдорлик давлатдан иқтоъ ерларини (умрбод фойдаланиш учун ажратилган катта ер майдони) олиш билан боғлиқ эди. Иқтодорлар давлат танг аҳволга тушиб қолган пайтларда ўз вазифаларини ташлаб кетар ва подшога итоатсизлик қилиб, ўзбошимчалик билан йўл тутар эдилар. Шундай қилиб, сиртдан жуда кучли, нуфузи буюк кўринган Хоразмшоҳдар давлати сиёсий жиҳатдан унчалик мустаҳкам эмас эди. Ҳатто айрим вилоят ҳокимлари хоразмшоҳларга номигагина бўйсуниб, амалда деярли мустақил эди. Султон олий даргоҳи ичида кучли низо ҳукм сурарди. Айниқса, Муҳаммаднинг онаси Туркон хотун ўз қўлида катта ҳокимиятни тўплаган. У қўшиннинг олий саркардалари ҳисобланган қипчоқ оқсуяклари билан уруғ-қабила алоқалари орқали боғланган эди. У ўз қабиладошлари манфаати йўлида саройда кўтарилган барча фитналарга бошчилик қилар эди. Ҳатто уларда шоҳга қарши адоват руҳини уйғунлаштириб қўйган эди. Асосий солиқ ва муттасил ҳашарлардан ташқари йилига бир неча бор тўпланадиган турли хил тўлов ва йиғимлардан тинкаси қуриган мамлакат фуқаросининг норозилиги кучайиб, мамлакат сиёсий ҳаёти инқирозга юз тутган бир пайтда Хоразмшохлар давлати жангари мўғул ва бошқа қабилаларнинг Чингизхон бошлиқ босқинига дучор бўлади.
IX-XII асрлар Ўрта Осиё халқлари тарихида моддий ва маънавий ҳаётнинг ривожланишида олдинги даврларга нисбатан кескин юксалиш йиллари бўлди. Мовароуннаҳр деб аталадиган бу ҳудудда мустақил давлатларнинг ташкил топиши уларда сиёсий барқарорлик, иқтисодий ривожланиш ва маданий ҳаётнинг равнақига катта таъсир кўрсата бошлади. Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Марв каби шаҳарлар илм-фан ва маданият марказлари сифатида шаклланиб ривожлана бошлади. Ўрта Осиёда IX-XIII асрларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Хоразмшохлар давлатлари ҳукм сурдилар. Бу давлатлар халқаро майдонда ўз мавқеи ва тутган ўрни жиҳатидан катта эътибор ва нуфузга эга бўлдилар. Аҳмад Наср, Исмоил Сомоний, Алптакин, Маҳмуд Ғазнавий, Тўғрулбек, Султон Санжар, Отсиз, Такаш сингари тадбиркор ва узоқни кўра оладиган давлат арбоблари даврида Ўрта Осиёда ҳаётнинг барча жабҳаларида юксалишга эришилди, давлат ҳокимияти мустаҳкамланди, нисбатан тинчлик, осойишталик ва барқарорлик вужудга келди.
Дамашқ, Қоҳира, Бағдод, Куфа, Басра ва бошқа шулар сингари катта шаҳарларда Ўрта Осиёдан бориб фан, маданият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшган авлод аждодларимиз бу даврга келиб кўпая борди. Бағдод шаҳри илм-фан маркази сифатида оламга танилди, чунки IX асрда бу ерда “Байт ул- ҳикма”-(“Донишмандлар уйи”) Шарқнинг фанлар академияси ташкил этилди. Бунга монанд ҳолда Х аср охирларида Хоразмда ҳам халифа Маъмун даврида (995-997 й) “Донишмандлар уйи”- “Байт ул- ҳикма”- “Маъмун академияси” (Хоразм академияси) ташкил бўлди. Хоразм Маъмун академияси - 1004—1005 йилларда Хоразмда яратилган бўлиб, Ўрта Осиё тарихида биринчи академиядир. Академиянинг «Маъмун» дейилишининг сабаби Маъмуний хоразмшоҳлар даврида (997— 1017 йиллар) уларнинг ҳомийлигида ташкил қилинган ва амалий иш олиб борган. Академия 1017 йилда ўз фаолиятини тўхтатишнинг сабаби Хоразмшоҳ Маъмун ибн Маъмуннинг исёнчилар томонидан ўлдирилиши бўлди. Шундан сўнг академия ҳомийсиз ва қаровсиз қолиб, академия олимлари илмий иш учун тинч шароит қидириб, бирин-кетин тарқалиб кетдилар.
Ўрта Осиё минтақасида IX—XII асрларда иқтисодий, маданий-маънавий ва илмий тараққиёт юксалган давр. Ўрта Осиё Ислом дини кириб келгунга қадар ҳам юксак моддий ва маънавий маданиятга эга бўлган. Бунинг мисоли сифатида зардуштийлик (зороастризм) динининг муқаддас китоби «Авесто»ни эслаш кифоя. Ўрта Осиё Ислом дини тарқалиши туфайли, Яқин Шарқ, Ўрта Шарқ, Шимолий ва Ғарбий Африка ҳудудларини қамраб олган улкан Араб халифалигининг таркибига кирди. Натижада минтақамизнинг бой ва серқирра маданияти тараққиётнинг янада кенгроқ саҳнига чиқди. Минтақамиз олимлари, мутафаккирлари, зиёлилари, сайёҳлари қадимий юнон ва Рум маданияти ютуқлари билан танишиш ҳамда ўрганиш имконига эга бўлдилар. Ўрта асрларда ислом оламида дин, фан ва сиёсатнинг умумтили ҳисобланган араб тили Ўрта Осиё олимлари ва мутафаккирлари учун илм-фан ва маънавиятни янги поғонага кўтаришда бебаҳо кўприк бўлиб хизмат қилди. Шу даврларда яшаб, ижод қилган ал-Хоразмий (783-850), ал-Фарғоний (798-861), ал-Форобий (873-950), ал-Беруний (973-1018), Ибн Сино (980-1037) ва бошқалар табиий ва ижтимоий фанлар ривожига бебаҳо ҳисса қўшдилар. Ватандошларимиз Имом ал-Бухорий (810-870), ат-Термизий (822-893), ал-Мотуридий (870-943), Аҳмад Яссавий (1103-1166), Нажмиддин Кубро (1145—1221) ва бошқалар ислом дини ва Қуръони каримнинг мазмунини ҳамда моҳиятини таҳлилу талқин этган, жамият, инсон, хулқ ва ҳақ, одоб ва тартиб, ҳаром ва ҳалол, аҳлоқ ва нафосат ҳақида ўзларининг асрлар оша эскирмайдиган ва мангу жозиба кучига эга асарларини яратдилар. Ўрта Осиёдан чиққан машҳур олимларнинг илмий кашфиётларидан бутун инсоният, хусусан, европаликлар кенг фойдаландилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |