Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий (783-850) математика, геометрия, астрономия, география, тарих илми ва бошқа фанлар соҳасида баркамол ижод қилди. Унинг «Ал Жабр вал муқобала» («Тенгламалар ва қаршилантиришлар»), «Китоб сурат-ал Арз» («Ер сурати ҳақида китоб»), «Ҳисоб ал-ҳинд» («Ҳинд ҳисоби»), «Китобат-Тарих («Тарих китоби»)», «Китоб ал-Амал Бил Устурлаб» («Устурлоб билан ишлаш ҳақида китоб») каби асарлари олимга жаҳоншумул шуҳрат келтирди. Хоразмий яратган 20 дан ортиқ асардан бизнинг давримизгача 10 таси етиб келган.
Абул Аббос Аҳмад ибн Мухаммад ибн Носир ал-Фарғоний 797-865 йилларда яшаб ижод қилган ватандошимиздир. Аҳмад Фарғоний «Китод фи-Усули илм ан-Нужум» («Фалакиёт илмининг усуллари ҳақида китоб»), «Фалакиёт усуллари», «Ал-Мажистий», «Илм хайя», «Фалак асарлари сабабиятлари», «Ал-Фарғоний жадваллари», «Устурлоб билан амал қилиш ҳақида», «Ой ернинг устида ва остида бўлганида вақтни аниқлаш рисоласи», «Етти иқлим ҳисоби», «Устирлоб ясаш ҳақида китоб» асарларининг қўлёзмалари Англия, Франция, Германия, Миср, Ҳиндистон, АҚШ ва Россияда сақланмоқда.
Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад Форобий (873-951 йй.) Ўрта Осиёнинг йирик қомусий олимларидан бири, фаннинг деярли барча соҳаларини эгаллаб олган 160 дан ортиқ асар ёзган. Форобийнинг риёзиёт, фалакиёт, табобат, мусиқа, фалсафа, тилшунослик ва адабиётга оид асарлари бутун оламга машҳур бўлди. У ёзган «Аристотелнинг «Метафизика» асари мақсадлари ҳақида», «Тирик мавжудот аъзолари ҳақида», «Мусиқа китоби», «Бахт-саодатга эришув ҳақида», «Сиёсат ал-Маданият», («Шаҳарлар устида сиёсат юргизиш»), «Фозил одамлар шаҳри», «Масалалар моҳияти», «Қонунлар ҳақида китоб», «Тафаккур юргизиш мазмуни ҳақида», «Мантиққа кириш ҳақида китоб», «Фалсафанинг моҳияти ҳақида китоб» ва бошқа асарлар буюк олимнинг илм ва дунёқараш доирасининг беқиёс даражада кенглиги ва чуқурлигидан дололат беради.
Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий (899-959) нинг илмий асарлари тўғрисида маълумотлар жуда кам. Унинг фақат «Тарихи Бухоро» («Бухоро тарихи») асари бизгача етиб келган. «Бухоро тарихи» асари ўзининг илмий аҳамиятини йўқотмаган ва ҳозирги кунда сомонийлар даври тарихи бўйича энг ноёб, қимматли асар ҳисобланади. Асарда Сомонийлар давлатининг сиёсий, иқтисодий, маданий, ижтимоий ҳаётга оид маълумотлар келтирилган.
IX-XII аср фан ва маданиятининг равнақини Абу Райҳон Берунийсиз (973-1048 йй.) тасаввур қилиш мумкин эмас. У ўз замонасининг барча фанлари физика, математика, астрономия, геодезия, тарих, математика, география ва бир неча бошқа фанларни пухта эгаллаган олим бўлган.
Беруний улкан мерос, ўз даври илм-фанининг турли соҳаларига оид 160 дан ортиқ асарлар, бир неча тиллардан қилинган таржималар, турли ёзишмалар қолдирди. Улар орасида жаҳон фанида энг ишончли ва муҳим манбалар сирасига киритилган. «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», «Геодезия», «Ҳиндистон», «Масъуд қонуни», «Сайдана» (Минералогия) каби асарлари алоҳида ўрин тутади. Ўрта асрлардан бошлаб, хусусан, XIX асрда, унинг асарлари лотин, француз, инглиз, немис, форс, турк тилларига ўгирилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |