Эфталийларнинг Ўрта Осиёга юриши V аср ўрталарида бошланади. Эфталийлар шоҳи Вахшунвар 457 йилда Чағониён, Тохаристон ва Бадахшонни босиб олади. Суғдда хионийлар ҳукмронлиги ҳам барҳам топади. V асрнинг 50-йилларида Эфталийлар давлати кучайиб кетди.
Бундан хавфсираган Сосонийлар уларга қарши юриш қилади. Икки ўртадаги жангу жадаллар Перўз ҳукмронлик қилган даврда (459—484) айниқса авжига чиқади. Сосонийлар шоҳи эфталийларга қарши уч марта юриш қилади.
Бироқ бу урушлар Сосонийлар шоҳининг ҳалокати билан тугайди. Марв ва ундан шарқдаги ерлар ишғол қилиниб, Эрон устига жуда оғир ўлпон юкланади. Буни сабабларидан бири Перўзни Вахшунвор билан дўстона муносабат ўрнатиш мақсадида унга синглисини хотинликка таклиф этади. Бу вақтда эфталларнинг илтимосига биноан 300 нафар ҳарбий мутахассис юборилган эди. Алдов аниқланган хоким Эрон мутахассисларини бир қисмини ўлдириб, қолганларини уриб, майиб қилишни буюради.
Қисқа муддат мобайнида эфталийлар Кобул ва Панжоб водийларини эгаллайдилар. Сўнгра Урумчи, Қорашаҳар, Кучор, Хўтан ва Кошғар шаҳарлари забт этилади. Натижада, V асрнинг 2-ярми ва VI аср бошларида Ўрта Осиё, Шарқий Эрон, Шимолий Ҳиндистон ва Шарқий Туркистон ерларини ягона ҳудудга бирлаштирган қудратли Эфталийлар давлати ташкил топади. Гарчи бу давлат сиёсий жиҳатдан Кушон подшолигига нисбатан унчалик мустаҳкам бўлмаса-да, аммо майдони жиҳатидан ундан улканроқ эди. Бу буюк давлат Шарқ мамлакатлари, хусусан Ўрта Осиё халқлари тарихида айниқса муҳим роль ўйнади.
Ушбу улкан давлат Эроннинг сосонийлар давлатига, унинг ҳарбий ҳаракатларига қарши тура олди. Сосонийларнинг шарққа юришлари нафақат тўхтатилди, балки Эрон шоҳларининг ички сиёсатига аралашиш, хатто кимни шоҳ этиб тайинлаш масаласида ҳам эфталийлардан маслаҳат сўралар эди. Эрон давлати ҳар йили Эфталийларга ўлпон тўлаб турар эди.
Эфталийлар давлатига бирлашган аҳолининг бир қисми кўчманчи чорвадор бўлса, иккинчи—каттароқ қисми шаҳар ва қишлоқларда яшовчи ўтроқ аҳоли бўлган. Ўтроқ аҳоли, асосан, зироатчилик билан шуғулланарди. Тохаристон ва Суғд деҳқончилик ва боғдорчиликнинг маркази ҳисобланарди. Қашқадарё ва Зарафшон водийларида ғалладан ташқари, шоли ҳам етиштирилар эди. Хитой манбаларида қайд этилишича, V—VI асрларда Шарқий Туркистон ва Ўрта Осиё ерларида кўплаб пахта экилар эди. Унинг толасидан ниҳоятда майин оқ мато тўқилган. Хитой бозорларида бундай матога талаб катта бўлган. Чунки ўша даврларда Хитойда ҳали пахта экилмас эди.
Аҳолининг даштларда яшовчи ярим кўчманчи қисми чорвачилик, хусусан қўй-эчки ва қорамол боқиш, туячилик, тоғли ва тоғ олди минтақаларида эса йилқичилик билан шуғулланар эди. Фарғона водийси эса зотли арғумоқлари билан машҳур бўлган.
Экинзор ерларнинг каттагина қисми ҳамон қишлоқ жамоалари тасарруфида бўлса-да, аммо суғориладиган ер майдонларининг маълум бир қисми «деҳқон»лар қўлида тўплана бошлаган. Суғориладиган ерларнинг бир қисми ибодатхоналар мулки («вағнзе») эди. Яйловларнинг асосий қисми эса қабила ва уруғ жамоалари ҳамда уларнинг оқсоқол зодагонлари тасарруфида турарди.
Археологик тадқиқотлардан маълум бўлишича, V—VI асрларда кўчманчи эфталий қабилаларининг оммавий равишда ўтроқлашуви кучайган. Натижада суғориладиган ерларга бўлган эҳтиёж ортган. Дарё водийлари бўйлаб катта-кичик суғориш каналлари қазилади. Ирригация техникаси ҳам ривож топади.
Адирларга сув чиқаришда ўша давр учун анча мураккаб саналган гидротехника иншоотлари—чархпаррак, чиғир ва б.дан фойдаланилади. Янгитдан ўзлаштирилган ерларда зодагон деҳқонларнинг истеҳкомли кўшклари, ҳашаматли қасрлари билан бирга меҳнаткаш қўшчиларнинг истеҳкомсиз қишлоқлари ва майда қўрғонлари қад кўтаради. Эфталийлар даврининг ҳашаматли қасрларидан бири Сурхондарёдаги Болаликтепадан топилган. Худди шу даврда Чағониён, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Кеш, Нахшаб ва Чоч атрофлари тўла ўзлаштирилиб алоҳида-алоҳида деҳқончилик воҳалари шаклланади. Кейинчалик бу воҳаларда ердор деҳқонларнинг сиёсий мавқеи ошиб, илк ўрта асрларнинг деярли мустақил майда ҳокимликлари ташкил топади. Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги Варахша қасри V—VII асрларда бухорхудотлар - Бухоро маҳаллий ҳукмдорларининг ёзги қароргоҳи эди.
Обод воҳаларни ташқи ёв босқинларидан муҳофаза қилиш мақсадида уларнинг теварак атрофи бир неча юз чақирим узунлиқда баланд ва қалин девор билан ўраб олинади. Илк ўрта асрларнинг бундай мудофаа иншоотлари кўринишдан қадимги Буюк Хитой деворига ўхшар эди. Самарқанд воҳаси атрофини ўраган 12 дарвозали бундай иншоот «Девори қиёмат», Бухоро вилояти гирдини ўраган 336 км ли девор «Канпирак» («Кандипирак») ва Тошкент воҳасининг девори ҳам Кандипирак девор («Кампир девол») номлари билан маълум.
Бу даврда деҳқончилик воҳаларидаги катта-кичик шаҳарларда кулолчилик, шишагарлик, чилангарлик, бўз тўқиш, саррожлик, заргарлик ва қуролсозлик касб-ҳунарлари равнақ топади. Илк ўрта асрларда Чочда ясалган ўқ ва ёй («камони чочий») бутун Шарқда машҳур бўлган. Бу даврда биргина Зарафшон водийсида Самарқанд ва Бухородан ташқари, Ривдад, Кушония, Дабусия, Хариман, Арқуд, Ромитан, Варахша ва Пойканд каби ҳунармандчилик ва савдо шаҳарлари мавжуд эди. Айрим маълумотларга қараганда, Пойканд шаҳри Эфталийлар давлатининг пойтахти бўлган. Хитой манбаларида у «Би» номи билан тилга олинади. Араблар уни «Мадина ут-тужжор», яъни «Савдогарлар шаҳри» деб юритар эди.
Ташқи савдо божидан манфаатдор бўлган Эфталийлар бу шаҳарлар орқали ўтган «Ипак йўли»ни ўз назоратлари остида тутиб туришга ҳаракат қилган. Ипак йўли савдосида сосоний савдогарлари билан рақобатда асосан суғдийлар воситачилик қиларди.
Халқаро савдо алоқаларининг ривожланиши билан мамлакатда танга пул муомаласи тартибга солинади; V асрда сосоний тангалари мамлакатнинг ички ҳаётида кенг муомалада бўлган. Эфталийлар кейинчалик Сосонийлар шоҳи Варахран V тангаларига тақлидан кумуш тангалар зарб қиладилар. Булардан ташқари, Бухоро, Пойканд, Нахшаб, Самарқанд ва Хоразмда маҳаллий ҳокимлар томонидан чиқарилган чақа-тангалар мамлакатнинг ички савдосида кенг муомалада бўлган. Бу шубҳасиз, мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида маҳаллий ҳокимларнинг катта нуфузга эга эканлигидан далолат беради. Эфталийлар ўртасида табақаланиш ва мулкий тенгсизлик кучли бўлган. Уларда ўз давлат тузуми, қарор топган қонун ва қоидалари мавжуд эди.
Эфталийлар ўз ташқи сиёсатларида ҳарбий кучга суянганлар. Уларнинг жуда кучли қўшини бўлган.
VI аср Византия тарихчиси Прокопийнинг ёзишича, эфталийларнинг қонуний давлати подшохи мутлақ томонидан бошқарилган. Хионий ва кидарийларнинг Ўрта Осиёга кириб келиши ҳамда Эфталийлар давлатининг ташкил топиши маҳаллий аҳолининг маданий ҳаётига ҳам маълум даражада таъсир этди. Асрий маданий анъаналари кучли бўлган Тохаристон ва Суғдда кўчманчилар тез орада ўтроқлашиб, маҳаллий аҳоли билан қоришди ва унинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этди. Кўчманчиларнинг тазйиқи остида ўтроқ ҳаётнинг маданий анъаналари дашт удумлари билан омухталашиб, илк ўрта асрларнинг ўзига хос маданияти шакллана бошлади. Бундай ўзгаришлар айниқса бинокорлик, меъморлик ва тасвирий санъатнинг айрим жабҳаларида кўпроқ намоён бўлди.
IV асрнинг 2-ярми—V асрда мамлакатнинг ички ва ташқи ҳаётида содир бўлган кескинлик, айниқса, мудофаа иншоотларига кучли таъсир кўрсатди.
Географик жиҳатдан бир-биридан узоқда жойлашган вилоятларнинг аҳолиси, турли тилларда сўзлашган. Чорвадор аҳоли ўртасида шубҳасиз, туркий тил устувор бўлган. Ўтроқ аҳолининг каттагина қисми суғдийча сўзлашган. Араблар истилосига қадар суғд тили ва ёзуви Еттисув ва Фарғона орқали Шарқий Туркистонга кириб, Хитойгача етиб боради.
Бу даврда қўшни мамлакатлар — Хитой, Ҳиндистон ва Эрон билан иқтисодий ва маданий алоқалар кенгайиб боради. V асрда ўрта осиёлик шишагарлар Хитой ҳунармандларига рангли шиша ва шиша буюмлар ясашни ўргатадилар. Ўрта Осиё шишаси рангдорлиги, ярқироқлиги ва тиниқлиги жиҳатидан Византия шишасидан устун турган. Хитой императорлари ўз саройларини безашда Ўрта Осиёдан олиб кетилган рангли шишадан фойдаланганлар. Шундай қилиб, эфталийлар даврида Ўрта Осиё аҳолисининг маданий анъаналари қўшни мамлакатлар, хусусан, Ҳиндистон ва Эрон сосонийларининг тасвирий услублари билан омухталашиб илк ўрта асрлар маданиятининг шаклланишида мустаҳкам пойдевор бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |