БЎЛАЖАК ПСИХОЛОГЛАРДА ПСИХОДИАГНОСТИК КОМПЕТЕНЦИЯНИ ШАКЛЛАНТИРИШНИНГ ЎРНИ
Шодиева Р.С.
ТДПУ Психология кафедраси ўқитувчиси (91)-001-52-25 rayhon_shodiyeva@gmail.com
Убайдуллаева Х.Х.
ТДПУ Психология йўналиши талабаси, (91)-412-02 -79 xurshida_ubaydullayeva@gmail.com
Маълумки, педагог ўз иши, фаолияти натижаларини таҳлил қилиши, ўқувчиларда қийинчилик туғдираётган сабабларни ўз вақтида аниқлаши, бу қийинчиликларни ўқувчи ёки талабага индивидуал ёндашиш жараёнида бартараф қила олиши лозим. Шу сабабли ўқув-тарбия жараёнини бошқаришни такомиллаштириш восита ва йўлларидан бири бўлғуси психологларда психодиагностик компетенцияларни шакллантиришдир.
Психодиагностик компетенция - ўқувчи шахси, унинг индивидуал хусусиятлари, ривожланиш динамикаси ва уларга таъсир этиш омилларини таҳлил қилиш методикаларини ишлаб чиқиш, қўллай олиш ва хулоса чиқариб, тавсия бера олишдир. Унинг мақсади – таълим ва тарбия жараёнида шакллантирилаётган ўқувчи ёки талабанинг индивидуал сифатларини ривожлантириш ёки шакллантириш лозим бўлган хусусиятларнинг мавжудлиги (бошланғич) даражаси ва уларнинг ўқув жараёнидаги ўзгаришлар динамикасини ўрганишдир.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳозирги вақтда, психологик хизматни ҳам тўлиқ ўзлаштирган педагог мутахассислар хизматига зарурат кундан-кунга ортиб бормоқда. Бундай заруратдан келиб чиққан ҳолда, шахсни ўрганишнинг жуда кўплаб воситалари малакали педагоглар томонидан амалиётда кенг қўлланилиб келинмоқда.
Психодиагностик тадқиқотларни амалга оширишда психодиагностик фаолиятга қўйиладиган талаблар билан бир қаторда у билан шуғулланадиган психодиагностик мутахассис шахсига ҳам алоҳида малака талаблари қўйилади. Улар қуйидагилардир: яхши назарий тайёргарликка эга бўлиш; психодиагностик методикалар ва уларни қўллаш қоидаларини мукаммал билиш; тегишли методикалардан амалда фойдаланиш юзасидан етарлича тажрибага эга бўлиш кабилардир.
Маълумки, ҳар қандай психодиагностик методика ўз-ўзидан юзага келавермайди. Улар ўзи ўрганаётган объектга оид қандайдир бир назария заминида юзага келади ва ривожланади. Масалан, интеллект тестлари, интеллект табиати, тузилиши, аҳамияти ва ҳаётий намоён бўлиши ҳақидаги илмий тасаввурларга асосланади. Шахс тестлари эса шахснинг илмий таърифи, шахс тузилишини тушуниш, шахс ҳақида объектив мулоҳаза юритиш мумкин бўлган маълум бир шахс назарияларига асосланади. Ҳар бир психодиагностик методика айни вақтда ўзи боғлиқ бўлган у ёки бу назария билан бойитилган ва чегараланган бўлади.
Тегишли назарияни билган ҳолда, шу назария доирасида ўрганилаётган одам ҳақида, кўпинча бевосита психодиагностика натижалари доирасидан (чегарасидан) кенгроқ, узоқни кўзлаган хулосалар қилишга эришиш мумкин. Масалан, айрим шахс назарияларига кўра шахснинг бир хислати бошқа бир хислати билан яқиндан боғлиқ бўлади. Шунинг учун шахс хислатларидан бирини психодиагностика ёрдамида аниқлаш билан, унинг бошқа бир хислатини қай даражада ривожланганлиги ҳақида ишончли мулоҳазаларга келиш мумкин.
Замонавий шароитда олий таълимда психологик тайёргарликнинг тузилиши ва мазмунига алоҳида аҳамият берилади, чунки педагогик воқелик уларни замонавий тенденциялар ва жараёнларни ҳисобга олган ҳолда танқидий таҳлил қилиш ва қайта ўйлашни талаб қилади.
Шундай қилиб, педагогик воқеликда замонавий тенденциялар ва жараёнларни ҳисобга олган ҳолда психология йўналиши талабаларида психодиагностик компетенцияларни шакллантириш хусусиятлари, тайёргарлик таркиби ва мазмунини танқидий таҳлил қилиш жараёнларини қайта кўриб чиқиш лозим. Психодиагностик компетенцияни бўлажак психологларнинг касбий тайёргарлигининг асосий таркибий қисмларидан бири сифатида кўриб чиқиб, узлуксиз педагогик амалиёт жараёнида фанларнинг умумий, ёшга боғлиқ, психология билан боғлиқлигига эътибор қаратамиз.
Бўлажак психологларда психодиагностик компетенциясини шакллантиришнинг объектив имкониятлари педагогика ва психология бўйича ўқув дастурларини бирлаштиришда мавжуд бўлиб, уларни ўрганиш бизга баъзи мавзулар ва бўлимларга жиддий ўзгаришлар киритишга имкон берди. Биз талабаларда диагностик компетенцияни шакллантириш муаммосини кўриб чиқиш учун фақат психологик -педагогик цикл (бўлим ва мавзулар) фанининг имкониятларини кўриб чиқдик. Лекин, ушбу масала юзасидан ўрганилаётган материал доирасида муҳокама қилинишини ва умуман синфда муҳокама қилинадиган асосий мавзуга айланмаслигини таъкидланди. Биз фақат педагогика ва психология бўйича асосий ўқув материалига билим ва кўникмаларни киритамиз ва талабалар педагогик амалиётни ўтаганидан кейин яна психодиагностик компетенциянинг ривожланишини кузатамиз.
Шундай қилиб, биз талабаларнинг психодиагностик тадбирларга назарий тайёргарлиги етарли эмас, деган хулосага келишимиз мумкин.
Чунки, болаларни психодиагностик тадқиқ қилиш ёш хусусиятларига, у ёки бу ёш даври учун етакчи фаолият турининг таъсирига, индивидуал типологик тавсифномаларнинг тараққиёт даражасига боғлиқ равишда баъзи хусусиятларга эга. Бола тараққиётининг ҳар бир ёш даври болалар билан ишлашнинг усуллари ва методларини, экспериментал тадқиқотнинг ўз мақсадлари ва вазифаларини талаб қилади.
Кичик ёшдаги болаларни психодиагностик текширувда олинган натижалар ёрдамчи характерга эга бўлиб, педагог томонидан бола психик тараққиёти хусусиятларини аниқлашда қўлланилади. Бунда таълим ва тарбия дастури, турли ҳаётий шароитларда (фаолиятда, мулоқотда ва бошқаларда) шахс хулқ-атвори характеристикаларини тузишда ҳисобга олинади.
Экспериментал тадқиқотдан олинган натижалар оилада, боғчада, мактаб ва бошқа жамоат жойларида индивидуал ва гуруҳий тарбиявий-педагогик тадбирлар схемаси тузишда қўлланилиши мумкин. Ўқитувчи ўз ишида доимо болалар психофизиологик масалалари билан тўқнашади. Уни вақтинчалик натижаларгина эмас (масалан, чоракнинг охирига келиб ўқувчиларнинг ўзлаштириши каби), балки у ёки бу жисмоний ва руҳий сифатларнинг ривожланиш истиқболларини айтиб берадиган натижалар қизиқтиради.
Хулоса қилиб айтганда, бўлажак психологларда қуйидаги психодиагностик компетентлик негизида акс этувчи сифатлар шакллантирилиши лозим: педагогик жараёнда соғлом психологик муҳитни ярата олиш; талаба ёки ўқувчилар ва таълим жараёнининг бошқа иштирокчилари билан ижобий мулоқотни ташкил этиш; турли салбий психологик зиддиятларни ўз вақтида англай олиш ва бартараф эта олиш; психодиагностик метод ва воситаларни мақсадга мувофиқ танлай олиш; танланган методларни самарали қўллай олиш, воситаларни муваффақиятли фойдаланиш; ахборот муҳитида зарур, муҳим, керакли, фойдали маълумотларни излаш, йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва улардан мақсадли, ўринли, самарали фойдаланиш; педагогик фаолиятга нисбатан танқидий ва ижодий ёндошиш, ўзининг ижодкорлик малакаларига эгалигини намойиш эта олиш; таълим жараёнининг барча иштирокчилари, жумладан, талабалар билан самимий мулоқотда бўлиш, уларни тинглай билиш, уларга ижобий таъсир кўрсата олиш, касбий фаолиятда ўз ички имкониятларини намоён қилиш, замонавий восита, методика ва технологиялардан фойдалана олиш, педагогик низолар юзага келганда оқилона қарор қабул қилиш, тўғри ҳаракатланиш малакасига эгалик.
Do'stlaringiz bilan baham: |