АЛБИОН ҚИЗИ
Мурод Муҳаммад Дўст таржимаси
Грябов деган мулкдорнинг уйи ёнига резина шинали, барқут ўриндиқли, семиз
кучерли яп-янги коляска келиб тўхтади. Коляскадан уезд дворянларининг
йўлбошчиси Фёдор Андреич Отцов сакраб тушди. Даҳлизда уни уйқусираган
эшикбон
кутиб
олди.
—
Жаноблар
уйдами?
—
деб
сўради
йўлбошчи.
— Йўқлар. Бойвучча хоним болаларни олиб меҳмонга кетганлар, бой отамиз
тарбиячи мамзел билан эрталабдан бери балиқ тутяптилар.
Отцов бир муддат ўйланиб турди, сўнг Грябовни излаб дарё бўйига кетди. Уни
қўрғонидан икки чақирим наридан топди. Дарёнинг тик қирғоғидан пастга қараб
Грябовни кўрдию кулиб юборди…
Норғул, семиз, калласи нақ хумдай келадиган Грябов қумлоқ соҳилда чордона
қуриб ўтирганча балиқ тутарди. Шляпаси энсасига ўтиб кетган, галстуги ёнга
қийшайган. Мулкдорнинг ёнгинасида кўзлари қисқичбақанинг кўзларидай
чақчайган, бурни бурундан кўра қармоққа кўпроқ ўхшаб кетадиган қуштумшуқ,
новча, озғин инглиз аёл тик турарди. Аёл докасифат матодан оқ кўйлак кийган,
кўйлак остидан сарғиш устихонлари рўй-рост сезилиб қолган эди. Белидаги
тилларанг камарига тилла соатча тақиб олиб, қарангки, у ҳам балиқ тутарди.
Атроф сув қуйгандай жим. Иккисининг ҳам юзи қармоқ пўкаклари қалқиб турган
дарё сатҳидай осойишта.
— Ишқи зўр-у, ишқибозлиги оғир! — деб кулди Отцов. — Саломат бормисан,
Иван
Кузмич?
— Ҳа-а… сенмисан? — деди Грябов сувдан кўз узмай. — Келган экансан-да?
— Йўлимиз тушиб… Ҳалиям шу бемаъни одатингни ташламабсан-а?
Зерикмадингми?
— Э, падарига лаънат… Кун бўйи, нақ наҳордан бери шу ердаман… Бугун
нимагадир овим ўнгмаяпти. Мен ҳам, манави таъвия-тараққос ҳам ҳеч нарса
тутолмадик. Ҳайкалдай қотиб ўтирибмиз, лекин илинса қани! Додлаб юборай
дейсан.
— Ҳалиям тупур шу ишингга! Юр, бориб ароқ ичамиз!
— Шошма… Балки бирор нима илиниб қолар. Кечга бориб балиқ хўракка ўч
бўлади… Шу десанг, биродар, саҳармардондан бери шу жойда ўтирибман.
Ёрилиб кетай дедимки, ҳеч нарёғи йўқ… Қайси жин чалдию мен шу дардга
мубтало бўлдим! Ит куни, дегин, бўлмағур ишлигини ўзим ҳам биламан, лекин
ўтиравераман, жилолмайман. Юрган бир каззобдай, дегин, шу оғир жазога
мустаҳиқ эканманки, сувга қараб, аҳмоқ бўли-иб ўтирибман!.. Беда ўримига
боришим керак асли, лекин мен балиқ ушлаяпман. Кеча Хапонево қишлоғига
поп ҳазратлари келиб ваъз айтибдилар, ўшанга ҳам боролмадим, кечгача
манави дудланган балиқнинг ёнида қармоқ ташлаб ўтирдим.
— Ҳой, ақлдан оздингми сен? — деди Отцов инглиз аёлдан уялиб. — Хонимнинг
ёнида
сўкинасан?
Яна
унинг
ўзини…
— Э, онаси ўлсин! Сўксанг-сўкмасанг — бир пул, балони ҳам тушунмайди.
Мақтайсанми, онасини ахтарасанми, бунга барибир. Бурнига қара, бурнига!
Бурнини кўрибоқ ҳушинг оғади! Шу ерда уззукун бирга ўтирамиз, миқ этиб оғиз
очса қани! Рўдапо қўриқчидай қаққайиб тураверади, тушини сувга айтадими,
нима бало!..
Инглиз аёл ҳомуза тортиб, қармоғига чувалчанг илди-да, яна сувга ташлади.
— Ҳайратимга тил ожиз, биродар! — дея сўзини давом эттирди Грябов. —
Баччағар Россияда ўн йил яшабди ҳамки, бирорта русча сўзни ўрганмабди!..
Бизнинг зодагончалардан бирортаси буларнинг юртига борса бас, икки кунда
инглизнинг тилида чулдираб кетади, булар эса… Э, онаси ўлсин! Сен бунинг
бурнига қара! Бурнига қара бунинг!
— Бўлди қилақол… Уят бўлади… Хотин кишини маломат қилиш яхшимас.
— Хотин эмас бу, ҳали қизгина… Кўнгилгинаси куёв тусаб турган бўлсалар ҳам
ажабмас. Билсанг, туриш-турмушидан чирик ҳиди келаётгандай… Эҳ, биродар,
кўргани кўзим йўқ буни! Кўзларини чақчайтириб бир қараса борми, кўнглим
ағдарилай дейди, гўё тирсагимни тошга уриб олгандай бўламан. Буям балиқ
овлаганини айтмайсанми. Қара, қимир этмайди, балиқ тутаётгани йўқ, ибодат
қиляпти. Ҳаммага тепадан қарайди, пуф-сассиқ, деб бурнини жийиради…
Туришига қара бунинг, ўз кўнглида, мен ҳам одамман, демак, табиат
подшосиман, деб хаёл қилса керак-да, а? Сен бунинг оти нималигини
биласанми? Уилка Чарлзовна Тфайс! Туф-э!.. Тилинг ҳам келишмайди!
Инглиз аёл ўзининг исмини эшитиб, Грябов томонга тумшуқ бурди, уни бошдан-
оёқ таҳқирли бир назар билан кўздан ўтказди. Кейин Грябовни қўйиб, Отцовга
қаради, бунисига ҳам нафратини билдирган бўлди. Бир сўз демай, кибру виқору
салобат билан қаради.
— Кўрдингми? — деди Грябов хохолаб кулганча. — Мана, пишириб е, демоқчи
бўляпти. Ҳу сендақа тасқарани!.. Болаларнинг ғамини ейман-да, бўлмаса,
бунақа калтакесакнинг думини аллақачон тугиб қўярдим-а! Шу болаларни
ўйламасам, қўрғонимдан ўн чақирим наридан ўтарди-я… Бурни нақ қирғийнинг
тумшуғига ўхшайди… Бели-чи? Бели йўқ бунинг, тик турган михнинг ўзгинаси.
Билсанг, биродар, ўзимга қолса, шундоқ олардиму ерга қоқиб киритиб
юборардим. Шошма-чи… Пўкак қимирлади, балиқ айланганга ўхшайди…
Грябов ўрнидан сакраб турдию қармоқни тортди. Ип таранг тортилди… Грябов
яна
бир
силкитди,
лекин
қармоқ
чиқмади.
— Илиниб қолди, — деди у афтини буриштириб. — Тошга илиниб қолди-ёв…
Жин урсин…
Грябовнинг юзида изтироб кўринди. Уҳ тортиб, нотинч куймаланиб, сўкишу
қарғишни қалаштириб, қармоқ ипини тортиб кўрди. Лекин қармоқ
чиқавермади. Грябовнинг юзи бўрдай оқариб кетди.
—
Савил
қолсин!
Энди
сув
кечишга
тўғри
келади.
— Сув кечиб юрасанми, қўй бу ишингни!
— Айтаверасан-да, биродар. Кечки пайт балиқ зўр тутилади… Энди, шу жойда
ишнинг чаппа кетганини! Сувга тушамиз энди. Бошқа илож йўқ! Ечингим
келмаяпти, ҳеч ечингим келмаяпти… Манави инглизингни кеткизиш керак. Бу
турганда ечиниб бўлармиди. Ҳарна, аёл оти бор бунинг ҳам!
Грябов
шляпаси
билан
галстугини
ечди.
— Мисс… Хў-ўш… — дея инглиз аёлга мурожаат қилди у. — Мисс Тфайс! Же ву
при…* Бунга нима десам экан? Ўзинг айт, нима деб айтсам сен тушунасан, а?
Ҳов, эшитяпсизми, қулоқдан борми?.. Анави ёққа! Ҳу анави ёққа кетинг!
Эшитяпсанми?
Мисс
Тфайс
Грябовга
ола
қараб,
нимадир
деб
минғирлади.
— Нима дединг? Тушунмадингизми ҳали? Бу ердан йўқол, деяпман сенга! Ҳу ана
у ёққа кет! Уёққа!
Грябов мисснинг енгидан тутиб, бутазор томонга имо қилди-да, ерга чўккалаб
кўрсатди, айтмоқчи бўлдики, сен ўша ерга бориб, буталар панасида мана
шундай… паналаб тур… Инглиз аёл, қошлари қаҳрли чимрилиб, ўзининг тилида
алланимабалолар деб гапирди. Мулкдорларнинг иккови ҳам пиқ этиб кулиб
юборди.
— Шунча вақтдирки, бунинг овозини биринчи марта эшитишим… Булбулигўё
бўлиб кет-э! Тушунмайди! Сен айт, биродар, бу дарди бедавога яна нима дей?
—
Э,
қўйсанг-чи
буни!
Юр,
бориб
ароқ
ичамиз!
— Боролмайман, ҳозир айни балиқ тутадиган пайт… Кеч тушяпти, ахир… Нима
қилай энди, биродар, айт, нима қилай? Касофат-э! Энди бунинг кўз олдида
ечинишга тўғри келади.
Грябов сюртуги билан нимчасини ечиб ташлади-да, қумга ўтириб, этикларини
торта бошлади.
— Иван Кузмич, ошна, — деди дворянлар йўлбошчиси пиқ-пиқ кулиб. — Жудаям
ошириб
юбординг,
бу
ишинг
бориб
турган
бедодлик…
— Ўзидан кўрсин, ким бунга русчани тушунмагин, деб эди. Майли,
ечинавераман, токи ажнабийларга сабоқ бўлсин!
Грябов этикларини, шимини ечди, сўнг иштон-кўйлакларини ҳам сидирдию
ширяланғоч бўлди. Отцов қорнини чангаллаб қолди. У кулги билан уятнинг
зўрлигидан қизариб кетган эди. Инглиз аёлнинг қошу кўзлари пир-пир уча
бошлади. Сариқ юзида кибру нафратга тўла бир кулги зоҳир бўлди.
— Сал салқинлаб, кейин тушаман, — деди Грябов сонларига шапатилаб. —
Азизим Фёдор Андреич, сен тушунтириб қўйсанг бўларди, нега ёз келди дегунча
кўкрагимга
тошма
тошиб
кетаркин,
а?
— Тезроқ сувга туш ёки кийиниб ол. Ҳайвон экансан ўзи, ошна!
— Бу беномус сал-пал уялса қани! — деди Грябов чўқина-чўқина сувга тушаркан.
— Ўҳ, муздеккина экан… Қара, қошини чимирганини қара! Кетмайди бу…
Ойимтилла ўз хаёлларида нақ осмонда юрибдилар, оломондан тепада! Ҳе-ҳе-
ҳе… Бизларни одам ҳисобига қўшмайди бу!
Грябов тиззагача сувга киргач, бўйдор қоматини кўз-кўз қилгандек керишиб
олди-да,
дўстига
кўз
қисди:
— Эркалигини Англиясига бориб қилади!
Мисс Тфайс киприк қоқмай, чувалчангни янгилади, одатдагича бир марта эснаб
олиб, қармоғини сувга ташлади. Оттсов тескари ўгирилди. Грябов илиниб қолган
қармоғини топиб, сувга бир шўнғиб олди-да, пишиллаганча дарёдан чиқди.
Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмай, у худди боягидай, қумга чордона қуриб
ўтирганча балиқ тутар эди.
______________
* Илтимос қилардимки… (франц.)
Манба: “Шарқ юлдузи” журнали, 1985 йил, 10-сон.
Do'stlaringiz bilan baham: |