29 ЯНВАРЬ — АНТОН ПАВЛОВИЧ ЧЕХОВ ТУҒИЛГАН КУН
Чехов ҳикматлари: • Агар хотининг сенга хиёнат қилган бўлса, хурсанд бўл.
Ватанга эмас, сенга хиёнат қилибди. • Университет барча қобилиятларни
ўстиради, жумладан — аҳмоқликни ҳам. • Айтишларича, алал оқибат
ҳақиқат қарор топар экан, аммо бу ҳақиқат эмас. • Фақат пода бўлиб
яшайдиган, ўртамиёна кишиларгина соғлом ва ақли расодирлар. • Бармоғингга
тикан кирса, шукр қил: “Хайрият кўзга кирмабди!” • Агар сен вақтинг кам
бўлишини хоҳласанг — ҳеч нима қилма.
Анвар Намозов
СОВУҚ ЎЛКАЛАРДА ҚОЛГАН АРМОНЛАР
Антон Чехов — рус ёзувчиси, жаҳон адабиётининг умум тан олган классик адиби.
Мутахассислиги бўйича шифокор. Император академиясининг оғзаки ва ёзма
нафис адабиёт бўйича фахрий академиги. Дунё миқёсида машҳур
драматурглардан бири. Чехов асарлари жаҳоннинг юздан зиёд тилларига
таржима қилинган. Унинг пьесалари, жумладан, “Чайка”, “Уч опа-сингиллар” ва
“Олчали боғ” юз йилдан буён дунё театр саҳналарида қўйиб келинмоқда. 25
йиллик ижоди мобайнида Антон Чехов 900 га яқин турли-туман асарлар (қисқа
юмористик ҳикоялар, жиддий қиссалар, пьесалар) яратди. Уларнинг аксарияти
жаҳон адабиётининг классикасига айланган. Айниқса, “Дашт”, “Зерикарли
тарих”, “Дуэль”, “6-палата”, “Ғилофдаги одам”, “Жарликдаги киши” кенг
омманинг эътиборини қозонди…
Болаликда — қоровуллик
1860 йилнинг 17 (29) январида Россиянинг Таганрогдаги Полиция кўчасида
яшовчи Павел Егорович Чехов оиласида учинчи фарзанд — Антон дунёга келди.
Унинг отаси ғалати одам эди. Павел Егорович Таганрогда баққоллик дўконига эга
бўлиб, бироқ жон куйдириб билан ишламасди. У черковда хизмат қилиш, ашула
айтиш ва жамоатчилик ишларига асосий эътибор қаратарди. Оилада эркаклар
мавқеи устун эди: болалар қатиққўллик билан тарбияланар, уларга нисбатан тез-
тез жисмоний жазо қўлланилар, ҳеч кимнинг бекорчилик қилишига йўл
қўйилмасди. Дам олиш кунларида, мактабдан сўнг, ака-укалар отасининг
дўконига қоровуллик қилишар, ҳар куни эрталаб соат бешда туриб эса черков
хорида куйлашарди. Чехов ўзи айтганидек: “Менинг болалигимда болалик
бўлмаган”. Кечқурунлари хор бўлиб куйлашарди. Ота скрипкани қойилмақом
чалар, Маша фортепианода жўр бўлар, хуллас, бутун бошли оилавий томоша
ташкил этиларди.
Оила бекаси Евгения Яковлевна деҳқоннинг қизи эди. У болалари ва эри учун
яшайдиган ғамхўр ва меҳрибон аёл бўлган. Евгения Яковлевна ювош бўлиб,
фарзандларини ҳамиша эрининг қаттиққўллигидан ҳимоя қиларди. У театрни
ҳаддан зиёд ёқтирар, бироқ камдан-кам борарди. Болалигида Таганрог хусусий
пансионида рақс ва яхши хулқ-атвордан сабоқ олган Евгения Яковлевна
фарзандларига кўнгилчанлик, ожизлар ва мазлумларга нисбатан ҳурмат-иззат,
табиат ва оламга муҳаббат туйғуларини сингдирди. Антон Чехов кейинчалик
шундай деганди: “Менинг истеъдодим отам туфайли, қалбим эса онам боис
камол топди”.
Бўлажак адиб Таганрогдаги грек мактабида таҳсил ола бошлади. 1868 йилнинг
23 августида эса у Таганрог гимназиясининг тайёрлов синфига қабул қилинди.
Ўғил болалар классик гимназияси Россия жанубидаги эски ўқув даргоҳларидан
бири эди (1806 йили тижорий мақсадларда ташкил этилиб, 1866 йилдан
эътиборан классик илмгоҳга айланган). Гимназияда Антоннинг дунёқараши,
китобга муҳаббати, театрга қизиқиши шаклланди. Бу ерда у ўқитувчи Фёдор
Платонович Покровский томонидан биринчи адабий тахаллуси — “Чехонте”га
эга бўлди. Адабий ва саҳнага оид илк билимлари ҳам гимназияда шаклланди.
Бу орада 1876 йили Чеховлар оиласи Москвага кўчди. Таганрогда савдо ишлари
юришмаган Павел Егорович касодга учраган ва кредиторлардан қочишга
мажбур бўлганди. Москвада деярли уч ой мобайнида қашшоқликда яшашди.
Шунга қарамай, болалар ўқишни давом эттирдилар. Антон эса репетиторлик
орқасидан пул топиб, гимназиядаги таҳсилини тугатгунча Таганрогда қолди.
Do'stlaringiz bilan baham: |