Паразитар безоарлар: паразитларнинг, масалан, аскаридаларнинг йиғилмасидан иборат бўлади ва асосан ёнбош ичакнинг дистал қисмларида тутилиш чақиради. Бу турдаги безоарлар эндемик ҳудудларда кўпроқ учрайди.
Бундай беморларда олдин операция бўлмаган қорин фонида қисман ёки кучсиз ифодаланган ичак тутилиш белгилари кузатилади. Анамнезни суриштириш давомида ташхисга шубҳа уйғониши, КТ эса уни тасдиқлаши мумкин, чунки компьютер томографияси ичак бўшлиғини кўрсатиб бера олиш қобилиятига эга. Олдин айтиб ўтилганидек, гастрографинли синама паразитли безоарни парчалаш, бошқа таркибли безоарларни эса йўғон ичакка ўтказиб юбориш хусусиятига эга. Аммо ичак тутилиши тўлиқ бўладиган бўлса, уни худди ўт-тошли ичак тутилиши каби операция қилиш керак (ўт-тошли илеус берилган саҳифага қаранг). Бошқа безоар бўлаклари ичак бўшлиғида қолиб кетишининг олдини олиш мақсадида ингичка ичакни (меъда ва ўн икки бармоқли ичакни ҳам) яхшилаб пайпаслаб чиқиш керак. Операциядан олдин қилинган КТ ушбу қўшимча ҳосилалар ҳақида ахборот олишга сизга кўмакдош бўлади. Қолиб кетган безорлар туфайли беморда операциядан кейинги эрта муддатларда ичак тутилиши белгилари ривожланмасин ва қайта операция бўлмасин, десангиз бу тоифа беморларга КТ қилинг.
Меъдани кесиш операцияларидан кейинги ИИТ
Ҳозирги давримизда ноўсма касалликлари боис қилинадиган меъдани кесиш операцияларининг камайиши ва меъда саратонинг кам учраши туфайли меъдани кесиш операцияларидан кейинги ИИТ нодир касалликка айланди. Аммо кам бўлсада, у учраб туради. Менинг дўстларим, ўтмишда меъдани кесувчи жаррохлардан бўлган жанубий африкалик Дэвид Дент ва чилилик (Сантьяго) Хернан Диазларнинг илмий ишларига назар солсак, меъдани кесишдан кейинги ингичка ичак тутилишининг сабаблари қуйидагилар бўлиши мумкин:
Оддий битишмали ичак тутилиши – энг кўп учрайдиган умумий сабаб
Меъда ўсмасининг қайталаниши, ичак қовузлоқларининг қорин пардага ёпишиб, канцероматоз ҳосил қилиши
Юмалоқ ҳосила билан беркилиб қолиши
Меъдани Бильрот II усулида (Ру бўйича Y-симон анастомоз билан) кесгач, мезаколон ҳосил бўлган тешикда ёки оч ичак қовузлоғининг орқасида (кўндаланг чамбар ичакнинг олдида ёки орқасида жойлашиши мумкин) ички чурра пайдо бўлиши ва сиқилиши
Ортиқча мобилизация қилинган келтирувчи ёки олиб кетувчи қовузлоқнинг буралиб қолиши.
Кўриниб турибдики, меъдани кесгач, меъда-ичак йўлини қайта тиклашнинг қанчалик мураккаб усули танланса, қорин бўшлиғида шунча кўп нуқсонлар (тешиклар) пайдо бўлади, шунча кўп қовузлоқлар мобилизация қилинади ва у ерда чурралар сиқилиши, қовузлоқларнинг букилиб, буралиб ва беркилиб қолиши шунча кўп кузатилади (нима учун биз меъдани кесгач, меъда-ичак йўлини Бильрот I усулида қайта тиклашни маъқул кўришимизни энди тушунган бўлсангиз керак; 17-боб)
Обструкциянинг яна битта ўзига хос тури еюногастрал инвагинациядир. Келтирувчи қовузлоқ ҳам, олиб кетувчи қовузлоқ ҳам меъданинг қолган қисмига инвагинацияланиши мумкин, аммо ретроград эфферент (олиб кетувчи) инвагинация кўпроқ кузатилади. Бу асорат меъда кесилгандан сўнг бир неча кун ўтгач ҳам, бир неча йил ўтгач ҳам кузатилиши мумкин. Олдин меъдасида операция ўтказган беморда бу касалликнинг клиникасига қуйидаги учталик (триада) хос: тўш остида тўсатдан бошланадиган оғриқ, кўнгил айниши ва қон аралаш қайт қилиш, эпигастрал соҳада пайпасланадиган ҳосила.
Бильрот II ёки Ру услубида қилинган операциялардан сўнг афферент (келтирувчи) қовузлоқнинг беркилиб қолиши (юқорида келтирилган механизмларнинг қайси бири сабаб бўлмасин) берк қовузлоқ обструкциясига олиб келади (ўн икки бармоқли ичак чўлтоғи билан обструкция нуқтасигача бўлган оралиқ). Ичак бўшлиғидаги босимнинг ошиши қон зардобидаги амилазанинг ошиши билан бирга кечади, агар обструкция бартараф бўлмаса, қовузлоқ ва ўн икки бармоқли ичакнинг некрози ҳам қўшилади. Тўш остидаги оғриқ, шу соҳада ҳосиланинг пайпасланиши ва гиперамилаземия билан ифодаланган клиник кўриниш сизни ўткир панкреатит билан адаштириб қўйиши мумкин.
Обструкциянинг проксимал жойлашуви тез-тез қайт қилиш, қоринда шиш бўлмаслиги, қориннинг оддий рентгенограммасида белгилар деярли йўқлиги билан тавсифланади. Оғиз орқали контраст модда юбориб КТ қилиш жуда яхши ёрдам беради –унда обструкциянинг анатомиясини, агар еюногастрал инвагинация бўладиган бўлса, меъда бўшлиғида ичак ҳалқаларини кўриш мумкин бўлади. Баъзан аниқлик киритиш учун эндоскопияга зарурат туғилади. Келтирувчи ҳалқанинг ўткир тўлиқ обструкцияси даҳшатли асорат эканини билишингиз ва берк қовузлоқ обструкцияси ўн икки бармоқли ичакнинг некрозига олиб келмасдан бурун операцияни қилиб улгуришингиз керак.
Операция вақтида анатомия қайта тикланиши керак, бу эса ҳаётга лаёқатсиз ичакни кесиб олиб ташлаш ва олдинги меъдани кесиш операциясидаги каби меъда-ичак йўлининг бутунлигини тиклашни талаб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |