Лапароскопик ёндашув
Ингичка ичак тутилишини лапароскопик усулда ечишни яхши деб биласизми? ИИТ нинг аксарият сабаби ягона битишмали ип бўлгани сабабли, уни лапароскопик усулда ажратиш ўринлироқдек туюлади. Аммо бу айтишгагина осон. Чоп этилган мақолалар (ва яна қанчадан қанча чоп этилмаган материаллар) шуни кўрсатадики, лапароскопия вақтида кенгайган ва деворлари юпқалашган ичакни шикастлаб қўйиш хавфи юқори бўлар экан. Бу эса септик асоратлар сони ва ўлим кўрсаткичининг юқори бўлишига олиб келади.
Агар сиз лапароскопик усулни қўлламоқчи бўлсангиз, уни танлаб ва осон ҳолларда ишлатинг:
ИИТ нинг биринчи хуружида
Қорин жуда ҳам шишмаган бўлса (проксималроқ ИИТ да)
Шундоқ ҳам шишган қоринда қилинадиган пневмоперитонеумни узоқ муддат давомида кўтара оладиган турғун беморларда.
Дастлабки троакарни очиқ усулда қилинган тешик орқали, эски чандиқлардан йироқда киритиш керак. Энг муҳими, ичакнинг бир неча жойида тешиклар пайдо қилмасингиздан олдин, ҳадеб уринавермасдан, ўз вақтида тўхташни билиш керак.
Хос ҳолатлар
Олдин операция қилинмаган қорин
Ингичка ичак тутилиши билан мурожаат қилиб келган, аммо олдин қорнида операция ўтказмаган беморлар алоҳида эътиборни талаб этади. Агар битишмали жараёнга боғлиқ бўлмаган ичак тутилишини шубҳа остига олаётган бўлсангиз, кўпинча бутун жарроҳлик фаолиятингиз даврида бу касалликнинг этиологияси сифатида фақат сиқилган чуррага дуч келишингиз мумкин.
Демак, олдингизга қорнида олдинги операциялардан қолган чандиғи бўлмаган, аммо клиник ва рентгенологик жиҳатдан ИИТ белгилари билан бемор келди, дейлик. Энди нима қилиш керак? Авваламбор, олдин ўтказилган жаррохлик муолажалари ҳақида яна бир бор суриштиринг, шу жумладан, ўзидан кейин киндик соҳасида баъзида кўзга кўринмайдиган кичик из қолдирувчи лапароскопик равишда тухумдон кистасини олиб ташлаш операцияси ҳақида ҳам сўранг; айни дамда олдинроқ айтиб ўтган чурра чиқиш жойларин яхшилаб кўздан кечиринг. Яққол тўла ичак тутилиши бўлса, лапаротомияга кўрсатма бўлади, аммо ичак тутилиши қисман бўлсачи? Худди қисман битишмали ингичка ичак тутилишидаги каби, биз гастрографинли синама қилишни тавсия этамиз. Ичак ички қисмдан беркилган бўлса (масалан, паразитлар, мева данаклари билан) гастрографин ичак бўшлиғини очиб ҳам юбориши мумкин. Шунингдек, бундай ҳолларда ичак тутилишининг сабабини аниқлаш учун биз компьютер томографиясини ҳам тавсия қилган бўлардик. Гастрографиндан кейин тузалмаган қисман ичак тутилиши у туғма битишма, ички чурра, ёмон сифатли ўсма, яллиғланиш жараёни ёки безоар билан тиқилиб қолиш каби механик сабаблар билан чақирилганини англатади. Лапаротомия вақтида одатда бартараф этса бўладиган сабаб аниқланади. Операциядан олдин қилинган КТ нима қилиш кераклигини айтиб беради, аммо у қилиниши шарт бўлган текширувлар доирасига кирмайди, КТ операцияга бўлган кўрсатмани ўзгартирмайди, аммо унинг кечикишига сабаб бўлиши мумкин. Аммо странгуляциянинг клиник белгилари ноаниқ бўлиб, сизда шубҳа уйғотадиган бўлса, компьютер томография қилиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Кўричак ўсмаси олдин операция бўлган ва бўлмаган беморларда дистал ичак тутилишининг энг кўп учрайдиган сабабларидан биридир. Ўсма кўричакнинг ўзида жойлашган бўлса, гастрографин у ерга ўта олади. Бундай ҳолларда КТ муҳим ташхисий аҳамият касб этади. Аввалдан исботланмаган, аммо ИИТ нинг сабаби сифатида Крон касаллиги шубҳа қилинаётган бўлса, бу ерда КТ истисно сифатида ўта муҳим ташхисий рол ўйнайди ва кейинги қилинажак консерватив даво анча узоқ давом этишини кўрсатиб беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |