Радиацион энтерит
Қорин ёки тос бўшлиғининг ёмон сифатли ўсмаларини радиацион даволаш ИИТ нинг тез-тез учраб турадиган сабабларидан биридир. Бунда ИИТ радиацион даво қўлланилгандан сўнг ойлар ёки йиллар ўтгач ҳам ривожланиши мумкин. Ичак тутилишининг бу турида дастлаб консерватив даво самара берадиган қисман ичак тутилиши хуружлари учраб туриши хос бўлсада, одатда жараён тўлиқ ичак тутилиши билан якунланади. Бундай обструкция малигнизациями ёки битишмали жараёнми, аниқ айтиб бўлмайди. Айримларнинг фикрича, жараён битишмали сифат касб этади, аммо барибир уларда ичак тутилишининг ривожланиши яхши хабар эмас. Тўла обструкция туфайли бемор операцияга олинадиган бўлса, унинг қорин бўшлиғида бир бирига ва атроф тузилмаларга ёпишиб, битишиб кетган, олдин нурланган ичак қовузлоқлари топилади. Қоғоз варағига ўхшаб юпқалашиб кетган ичак девори осонгина шикастланади. Тасодифий энтеротомиялар кўп содир бўлади, уларни тиклаш эса қийин кечиб, кейинчалик оқмалар шаклланади. Жараёнга ичакнинг кичик сегментлари тортилган бўлса, уларни кесиб олиб ташлаган маъқул, агар ичакнинг катта, айниқса, тос соҳасидаги қисми бир-бирига ёпишиб кетган бўлса, унда энг яхшиси энтеро-энтеро ёки энтеро-колик айланма анастомозларини қўйиб, қорин бўшлиғидан ўз вақтида чиқиб кетиш керак. Бунинг учун ичакнинг нурланмаган соҳаларидан фойдаланилади. Операциядан кейин калта ичак синдроми тез-тез кузатилади. Узоқ вақтга бериладиган башорат яхши эмас. Малигнизацияни даволаш учун қўлланилган радиацион даводан сўнг ривожланган энтерит ўсманинг ўзи каби ёмон касалликдир (48-боб).
Ингичка ичак тутилиши хуружи тез-тез қайтариладиган ҳолатлар.
ИИТ нинг рецидивларида ва тез-тез қайталанишида бемор ҳар икки ойда шифохонага тушади ва бу касаллик туфайли бир неча бор қайта операция қилинади. Бундай беморларни нима қилиш керак, қандай даволаш керак? Биз одатда уларни битишмали ичак тутилиши билан оғриган бошқа беморлар каби даволаймиз. Агар тўла ичак тутилиши ривожланса, унда операциянинг зарурлиги аён бўлиб қолади. Кейин яна ичак тутилиши белгилари қайтарилмаслиги учун ичак тутқичини қисқартириш ёки узоқ муддатга узун энтерал найча қолдириш масаласи ҳар бир ҳолатда алоҳида кўриб чиқиб, ҳал этилади. Бундай усулларнинг фойдаси ҳақида гапириш камида кулгилидир. Биз бунақа ишлар билан шуғулланмаймиз. Баъзан ИИТ бўйича ўтказилган операциядан кейинги эрта муддатларда яна ичак тутилиши ривожланади. Бундай ҳол узоқ муддатли консерватив даво учун кўрсатма бўлади. Уларда етук битишмлар шаклланиб, ичак беркилиш бартараф бўлгунча тўлақонли парентерал озиқлантириш йўлга қўйилади (48-бобга ҳам қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |