Этник жараён ва Ўзбек халқининг шаклланиши
Этник жараён - келиб чиқиши яқин бўлган турли қабила ва элатларнинг асрлар давомида қўшилиб бориши.Ўзбеклар алоҳида этник бирлик (элат) бўлиб Мовароуннаҳр, Хоразм, Еттисув, қисман Шарқий Туркистоннинг ғарбий минтақаларида шаклланган. Ўзбек халқининг асосини Ўзбекистонда қадимдан ўтроқ яшаб, суғорма деҳқончилик, ҳунармандчилик билан шуғулланган маҳаллий суғдий, бахтарийлар, хоразмийлар, фарғоналиклар, шошликлар, ярим чорвадор қанғлар, кўчманчи сак-массагет каби этник гуруҳлар ташкил этган.
Жанубий Сибир, Олтой, Еттисув, Шарқий Туркистон, Волга ва Урал бўйларидан турли даврда Мовароуннаҳрга кириб келган этник гуруҳ ҳам ўзбек халқи этногенезида иштирок этганлар. Бу этнослар асосан туркий ва шарқий эроний тилларда сўзлашган. Бу қабила ва элатларнинг Амударё ва Сирдарё оралиғида этник аралашуви натижасида ўтроқ ҳаётга мослашган туркий ҳудудий майдон, ўзбек халқига хос антропологик қиёфа шаклланди.
Мил. авв. III асрда Сирдарё ўрта оқимидаги ташкил топган Қанғ давлати даврида туркийзабон этнослар устуворлик қилиб, уйғунлашган маданият шаклланади, бу маданият «Қовунчи маданияти» деб аталди. Антропологлар таъкидлашича, шу даврда Ўрта Осиё аҳолисининг ташқи қиёфаларида ҳозирги ўзбек ва воҳа тожикларига хос антропологик қиёфаси тўлиқ шаклланди.
Ўзбеклар этногенезида қатнашган навбатдаги этник гуруҳлар кушонлар ҳамда IV-V асрларда Ўрта Осиёнинг марказий вилоятларига кириб келган хионийлар, кидарийлар ва эфталлардир. Турк хоқонлиги даврида Ўрта Осиёнинг марказий минтақалари ва Хоразмга келиб ўтроқлашган туркий қабилалар ўзбекларнинг этногенезига фаол таъсир кўрсатди. Туркий элатлар ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги этник-маданий муносабатлар ривожи натижасида туркий қатлам маданий ютуқларининг маҳаллий маданий-хўжалик анъаналари билан жадал уйғунлашуви юз берди. Бу ўлка VII асрдан «Туркистон» (туркий аҳоли ўрнашган ўлка) номи билан атала бошлаган.
Ўзбек халқининг ташкил топиши. Ўрта Осиёга VIII асрдан араб ва ажам халқлари кириб келиши этник жараёнларга катта таъсир этмаган бўлсада, Мовароуннаҳрдаги ўтроқ ва ярим ўтроқ туркийзабон аҳоли, суғдийлар ва Хоразмликлар ўз ҳудудларида қолиб, араблар ҳукмронлиги остида ягона ислом бирлиги уйғунлашди. IX асрда Мовароуннаҳрда яхлит туркий этник қатлам, жонли туркий тил муҳити вужудга кела бошлади, суғдийлар ва бошқа маҳаллий этносларда ҳам туркийлашиш жараёни жадаллашган. Бу даврда Мовароуннаҳр ва Хоразмда туркий этник қатлам кучли этник асосга эга бўлиб, бу қатлам асосининг аксариятини ўтроқлашган турғун туркий этнослар ташкил қилган.
Қорахонийлар даврида Мовароуннаҳр ва Хоразмда сиёсий ҳокимият туркий сулолаларга ўтиши билан содир бўлган этник жараёнлар ўзбек халқининг шаклланишида якуний босқич бўлди. Бу даврда ўзбек халқига хос этник омиллар шаклланган; ўзбекларнинг умум элат тили қарор топди. Ўзбек халқи IX-XII асрларда шаклланди. Унинг ўқ илдизини ўлкада муқим яшаб келган ўтроқ зироаткор, миришкор чорвадор туб ерли аҳоли ташкил этди. Бу икки турли турмуш тарзидаги - ўтроқ ва кўчманчи чорвадор аҳоли қадимдан икки тилда: суғд ва турк тилларда сўзлашган.
Таянч тушунчалар ва атамалар: Тасаввуф (суфийлик) - мусулмонларни ҳалолликка, покликка, тенгликка, инсон қадр-қимматини ерга урмасликка чорловчи, ҳар кимни ўзининг ҳалол меҳнати билан яшашга, бошқаларнинг кучидан фойдаланмасликка даъват этувчи таълимот. Тариқат - тасаввуф қоидаларига амал қилиб яшаш, яъни комил инсон даражасига эришишни кўрсатувчи йўл.
Туркистон, Ўзбек халқи, Этник жараён, Маъмун академияси, Хонбанди, Дил ба ёру, даст ба кор, Байт ул-ҳикмат, Ал-жабр.
Do'stlaringiz bilan baham: |