Ислом дини ва шариат мусулмон Шарқида кенг тарқалиб, IX-XIII асрда жаҳон дини даражасига кўтарилди. XII асрда Бухоронинг Дарвози Мансур маҳалласида қонуншунослар учун махсус «Фақиҳлар мадрасаси» қурилган. Бундай олий дорилфунунда Қуръон, Ҳадис ва араб тили мукаммал ўргатилган. Шариат аҳкомларини ўрганишда «Тафсир» - Қуръоннинг шарҳлари бой манба ҳисобланган. Фиқҳ фани (ислом ҳуқуқшунослиги) ахлоқ ва шариат аҳкомлари борасида мукаммал маълумот беради. Ислом таълимоти ва тарғиботининг кенгайишида Бухоро шаҳри марказга айланди. Бухоро мадрасаларидан фиқҳшунос олимлар, қозилар, имомлар етишиб чиқади. Шу боисдан Бухоро ислом оламида IX асрдан бошлаб «Қуббат ул-ислом» (ислом динининг гумбази) номини олди.
Тасаввуф таълимоти дастлаб VIII аср ўрталарида Ироқда юзага келди; тасаввуф таълимоти асосида инсон фаолияти ва камолати ётади. Туркистонда XII асрда Яссавия, XII аср охирида Хоразмда Кубравия, XIV асрда Бухорода Нақшбандия тариқатлари юзага келди. Аҳмад Яссавий асос солган Яссавия тариқати Мовароуннаҳрда кенг ёйилган, унинг асослари Яссавийнинг «Ҳикмат» асарида баён қилинади. Аҳмад Яссавий фикрича шариатсиз тариқат, тариқатсиз маърифат, маърифатсиз ҳақиқат бўлмайди, уларнинг бири иккинчисини тўлдиради. Яссавия тариқатининг асосида камолатга узлат ва таркидунёчилик орқали етишиш ғояси олға сурилади. Камолатга бу дунё роҳатидан воз кечиб, узлатда ибодат йўлида заҳмат чекиб, машаққатли меҳнат қила олган киши етиб боради. Яссавия тариқатида машаққатли меҳнат ва азият шариат йўлида бўлмоғи таъкидланади, унда таркидунёчилик тарғиб этилсада, инсон молу давлатдан устун туриши таъкидланади.
Нажмиддин Кубро (1145-1221) Хоразмда асос солган «Кубровия» тариқатининг Яссавиядан фарқи, у таркидунёчиликни рад этади. Камолат йўлида бу дунё неъматидан баҳраманд бўлиш ғояси илгари сурилади. Кубровия тариқатида Халққа ва Ватанга муҳаббат туйғуси кучли. Оғир дамда омма билан бирга бўлишга ва Ватанни мудофаа қилишга даъват этади.
Нақшбандия тариқатига асос солган Баҳоуддин Нақшбанд 1318 йил Бухоро яқинидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғида матога нақш берувчи ҳунарманд оиласида туғилган. Баҳоуддин ёшлигида таълим олиш билан бирга кимхоб матога гул босишни ўрганиб, ота касби наққошликни эгаллаган. Хожа Баҳоуддин “Ҳаётнома” ва “Далил ал-ошиқин” асарларини ёзган. Нақшбандия тариқати Мовароуннаҳр, Хуросон ва Хоразмда кенг тарқалди. Нақшбандия тариқати одамларни ҳалол, пок бўлишга, ўз меҳнати билан кун кечиришга; муҳтожларга эҳсон беришга; софдил, камтар бўлишга чақиради. «Дил ба ёру, даст ба кор» (кўнгил Аллоҳда бўлсину, қўл иш билан банд бўлсин) ҳикмати Нақшбандия тариқатининг моҳиятини ифодалайди. Нақшбандия тариқати таркидунёчиликни рад этиб, меҳнатсеварлик, одиллик ва билимдонликни тарғиб этади. Нақшбандия таълимоти тараққиётига кейинги асрларда Навоий, Жомий, Хўжа Аҳрор катта ҳисса қўшдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |