38.Хўжанд мудофааси ва Темур Маликнинг жасоратлари.
Чингизхоннинг катта ўғли Жўчи бошчилигидаги мўғул босқинчилари режа бўйича Сирдарѐнинг юқори қисмидаги ерларни эгаллаши лозим эди. Босқинчилар маълум муддатдаги қамалдан сўнг Сиғноқ ва Борчилиғкент шаҳарларини эгаллаб, сўнг мустаҳкам қалъа ҳисобланган Хўжандга ҳужум бошлайдилар. Мўғуллар 20.000 нафар қўшин ва 50.000 минг чоғли асирга тушган ҳашарчиларни Хўжанд атрофига йиғадилар. Хўжанд ҳокими Темур Малик асли туркий саркардалардан бўлиб, хоразмшоҳлар давлатида ном чиқарган, султон ва унинг оиласига таниш бўлган шахс эди. Мўғулларга қарши тура олиш мумкин эмаслигини сезган Темур Малик (малик-ҳоким маъносида) тахминан 1000 нафар аскари билан Хўжанддан бир километр наридаги Сирдарѐнинг мўжазгина оролида жойлашиб олади. Қулай стратегик аҳамиятга эга бўлган бу оролга мўғуллар ўқлари, палахмон тошлари етиб бормас эди. Темур Маликнинг буйруғига кўра 12 та қайиқ ясатилиб, ўқ ўтмаслиги, ѐниб кетмаслиги мақсадида бу қайиқларнинг усти намат билан қопланиб, сирка шимдирилган лой билан суваб чиқилади. Темур Малик узоқ вақт мудофаа учун эндиликда оролчада туриш мақсадга мувофиқ эмаслигини тушуниб, бор озиқ-овқат заҳираси ва аскарларини 70 та кемага жойлаб, тунда дарѐнинг қуйи оқими бўйлаб сузиб кетади. Мўғуллар икки соҳил бўйлаб Темур Малик кемаларига тўхтовсиз ҳужумни уюштирар эдилар. Ҳатто Банокат бўйида дарѐнинг у соҳилидан бу соҳилига занжир ҳам тортиб қўядилар. Узоқ, узлуксиз жанг билан улар Жандга қадар етиб келадилар. Мўғул саркардаси Улус Иди Борчилиғкент ва Жанд яқинида манжаниқлар (тош отар замбараклар) ўрнатиб, қайиқларни бир-бирига туташтириб, жасур саркарда йўлини тўсади. Узоқ жанглардан сўнг Темур Малик Урганчга етиб келади ва Урганч ҳимоясида қатнашиб, Жалолиддиннинг озодлик курашида фаол иштирок этади. Кейинроқ, узоқ саргардонликлардан сўнг саркарда Темур Малик ўз юртига дарвеш сифатида келиб, қаҳрамонона равишда мўғул ҳарбийлари қўлида ҳалок бўлади.
39.Жалолиддин Мангуберди-Ватан химоячиси
Жалолиддин 300 та кишиси билан яширинча пойтахтни тарк этади. Ҳозирги даврдаги янги тадқиқотлар шуни кўрсатаяптики, Жалолиддиннинг мўғуллар билан илк тўқнашуви аввал бошида Жанд вилоятидаги Ирғиз даштида бўлган. Жалолиддин 16 кун ичида Хоразмдан Хуросон ерларидаги Нисо қўрғони атрофига етиб келади. Чингизхон султон ўғилларининг Хоразмга қайтганликларидан хабар топгач, агарда улар Хуросонга чекинмоқчи бўлсалар, уларга қарши чиқади деган мақсадда ўз қўшинидан Хуросоннинг ҳар ерига пистирмалар қўяди. Жалолиддин Нисо яқинида ўзининг 300 та аскарлари билан мўғулларнинг 700 кишилик отрядини зарбага учратади. Мўғуллар батамом мағлуб этилади. Ушбу ғалаба мўғулларнинг «афсонавий қудрати» ҳақидаги миш-мишларга чек қўяди. Жалолиддин обрўси кўтарилиб, халқ оммасида ғалабага бўлган ишонч мустаҳкамланади.Шундай бир вазиятда Жалолиддиннинг укалари Ўзлоқшоҳ ва Оқшоҳлар саросимага тушиб, нима қилишларини билмай, Жалолиддин кетидан улар ҳам Хуросонга кетишади. Мўғулларнинг кичик отряди устидан ғалаба қозониб, бу ғалабага жуда катта эътибор бериб юборишади. Шундан сўнг айши-ишратга берилиб, Хуросоннинг Ҳабушан шаҳри яқинида мўғулларга қарши навбатдаги курашда қўлга тушиб, қатл этиладилар. Мўғуллар қатл этилган шаҳзодаларнинг каллаларини намойишкорона тарзда маълум бир вақт Хуросонда олиб юришади. Жалолиддиннинг яна бир иниси, Ироқ ерларининг ноиби Рукниддин Ғурсанжий (манбалар унга «ақл-заковат ва кўркамликда тенги йўқ» деб таъриф беришган) Эроннинг Устунаванд қалъасида 6 ой мўғулларга қарши кураш олиб бориб, мардонавор тарзда ҳалок бўлади. Жалолиддиннинг бошқа бир укаси, бир вақтлар Кирмон, Макрон ва Кеш ерлари ноиби Ғиѐсиддин Пиршоҳ Эроннинг Кирмон вилоятида муқим қолиб, ўзини «султон» деб эълон қилади. Кейинчалик Ғиѐсиддин Пиршоҳ Жалолиддинга Эрон ерларидаги курашларида маълум ѐрдам беради. Жалолиддин эса бу вақтда Нишопурга етиб келади. Бир ой давомида мўғулларга қарши курашиш мақсадида барча амир, саркардаларга қўшин йиғиш хусусида мурожаат қилади. Мўғуллар унинг ушбу фаолиятидан хабардор бўлганликларини билгач, Завзон (Нишопур ва Ҳирот оралиғида) туманидаги ал-Қоҳира қалъасига келиб ўрнашади. Афсуски, бу вақтда маҳаллий ноиб, ҳокимлар унинг атрофида жипслаша ололмайдилар. Ҳали етарли кучга эга бўлмаган Жалолиддин қалъада узоқ туриш хавфли эканлигини тушуниб, Ғазна томон йўл олади. Чингизхон эса бу вақтда улкан қўшин билан Хуросонга изма-из келаѐтган эди. Жалолиддин Ғазнага етмасдан яқин орада Ҳирот ҳокими ҳамда қайинотаси бўлмиш Амин Малик билан учрашади ва улар биргаликда Қандаҳор қалъасини қамал қилаѐтган мўғуллар устига юриш қиладилар. Жалолиддин бу курашда ҳарбий илм тарихида илк бора ―пиѐда ѐйандозлар‖ни мўғулларнинг отлиқ аскарларига қарши қўяди. Инглизлар кейинчалик бу ҳарбий усулга юқори баҳо бериб, ўзларининг Кресс ѐнидаги машҳур жангларда ундан фойдаланишади. Уч кунлик жангдан сўнг мўғуллар мағлуб этилиб, Жалолиддин ғолиб бўлади ва у Ғазна томон йўл олади.У 1221 йилнинг февралида Ғазнага кириб келади. Манбаларда қайд этилишича, халқ Жалолиддинни жуда катта тантана билан кутиб олади. Шаҳар худди ҳайит байрамидек шоду-ҳуррамликка тўлади. Ғазнада Жалолиддин хизматига Сайфиддин Ўғроқ ал-Халажий, Балх ҳокими Аъзам Малик, афғон қабилалари сардори Музаффар Малик ва қарлуқлар раҳбари ал-Ҳасан қарлуқ ўз қўшинлари билан қўшиладилар. Жами қўшиннинг сони тарихчиларнинг хабарига кўра 90-130 минг киши атрофида бўлган. Чингизхон Жалолиддиннинг куч-қудратини ошиб бораѐтгани ва мўғулларундан Қандаҳорда зарбага учраганлигидан ғазабланиб, нўѐн Шики Хутуху бошчилигидаги қўшинни унинг устига юборади. У 1221 йилнинг кузида Жалолиддин ерларига яқинлашиб келади. Бу вақтда мўғулларнинг Текечук ва Молгор бошчилигидаги пешқадам гуруҳи Чорикордан шимолроқдаги Валиѐн қўрғонини қамал қилишни бошлаган эди. Жалолиддин бир ҳамладаѐқ мўғулларни зарбага учратишга муваффақ бўлади. Бу жангда мўғулларнинг 1000 дан ошиқ кишиси ҳалок бўлади. Кўплаб тарихчилар жумладан, ибн ал-Асир, Жувайний, Рашидиддин бу жангга юқори баҳо берган эдилар. Жалолиддиннинг мўғулларга қарши муҳим жангларидан бири 1221 йилнинг кузида шимолий Афғонистоннинг Лагар дарѐси бўйидаги Парвон дашти яқинида бўлиб ўтади. Бирлашган қўшинга шахсан Жалолиддиннинг ўзи лашкарбошилик қилиб, ўнг қанотга Амин Малик, чап қанотга Сайфиддин Ўғроқ бошчилик қилишади. Мўғуллар жон-жаҳдлари билан курашга кирадилар. Ҳатто Шики Хутухунинг буйруғи билан Жалолиддин қўшинига хавф туғдириш мақсадида ҳар бир мўғул аскари орқасига наматдан ясалган сохта қўғирчоқ - тулуп ҳам ўтказиб қўйишади. Парвон жанги мўғулларнинг мутлақ мағлубияти билан тугаб, Шики Хутуху қолган қутган қўшини билан Чингизхон ҳузурига базўр қочишга улгуради. Парвон яқинидаги жанг Мовароуннаҳр ва Хуросон аҳли учун ниҳоятда катта аҳамиятга эга бўлди. Шу пайтгача мўғулларнинг «илоҳий», «енгилмас» куч-қудратга эгаликлари хусусидаги гап сўзларга, афсоналарга батамом чек қўйилди. Жалолиддиннинг ғалабасидан Мовароуннаҳр ва Хуросон халқларининг руҳи кўтарилди, ғалаба таъсирида Сарахс, Марв, Ҳирот ва бошқа Хуросон шаҳарларида мўғул истилочиларига қарши халқ исѐнлари бошланиб кетди. Бухорода бош кўтарган аҳоли эса мўғулларни шаҳардан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлди. Чингизхон Жалолиддиннинг кучайиб бориши, унинг халқ оммаси томонидан қўллаб-қувватланилиши мўғуллар босиб олган ерлар учун қанчалик хавф туғдиришини яхши англаб етган эди. Шу сабабдан ҳам шахсан ўзи Жалолиддинни қандай қилиб бўлмасин мағлуб этиш мақсадида шитоб билан катта қўшинга бош бўлиб, жануб томон йўл олди.
Do'stlaringiz bilan baham: |