21. Шерғозихон мадрасаси
ХVIII аср бошида қурилган Шерғозихон мадрасаси Ичан қалъанинг жанубий тамонида, Паҳлавон Маҳмуд мақбарасининг рўпарасида жойлашган. Мадраса Хива хони Шерғозихон Хуросонга қилган юриши чоғида қурила бошланган. Мадрасанинг ғарбидаги бош тарзига туташ қилиб қурилган кичик гўрхонага хон жасади дафн этилган. Мадраса бош тарзи 2 қаватли. Улкан пештоқ орқали кираверишда гумбазли миёнсарой, унинг 2 бурчагида чортоқ тарҳли, гумбазли масжид ва дарсхоналар жойлашган. Миёнсарой тепасидаги кичик ҳужралар талабалар учун ётоқхона бўлган. Деворларига токча, тахмон, косамонлар ишланган. Ҳовли атрофидаги 1 қаватли қатор ҳужралар олди айвонли бўлиб, ҳовли ўртасида ҳовуз жойлашган. Мадраса безаклари сақланмаган. Ёхуд бино умуман безатилмаган.
Ёзма манбалар маълумотиган қараганда, Шерғозихон илми толиб учун кўп ишлар қилган, замонасининг кўп олим ва фузало ва шоирлари билан суҳбатда бўлган. Қуйидаги тарихда келтиришича, бу мадраса бино қилингандан сўнг, тарихчилар уни «Маскани Фозилон» (Олимлар уйи) деб топишган. “Маскани фозилон”да Ўрта Осиёлик ва қозоғистонлик ёшлар таълим олгани тўғрисида тарихий маълумотлар бор. Туркман халқининг буюк шоири Махтумқули-Фироғий (1733 – 1793), қозоқларнинг машҳур сўфийси, мураббий Бекет Аҳмад (1750 – 1813) ва қорақалпоқларнинг улуғ шоири Ажиниёз (Ҳожи Ниёз Қўсибой ўғли) (1824 – 1878) шулар жумласидандир.
Мадрасада бугунги кунда Махтумқули Фироғий, Бекет ота, Ҳожи Ниёз Қўсибой ўғлининг бу мадрасада ўқигани ва уларнинг мероси тўғрисида кўргазмалар очилган.
22. Паҳлавон Маҳмуд мажмуаси
Паҳлавон Маҳмуд (1247 – 1326) мақбараси – Самарқандда Шоҳи Зинда, Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд мақбараларидек эъзозланадиган ўзбек, туркман, қорақалпоқ ва бошқа халқларнинг муқаддас зиёратгоҳи, Хива меъморий обидалари ичида энг чиройли ва ҳашаматлисидир.
Мақбаранинг умумий ҳажми 50x30 м бўлиб, дастлаб Паҳлавон Маҳмуд қабри устига ХIV асрда мўъжаз синчкори иморат қурилган. Мажмуага шимолий томондаги дарвозахона орқали кирилади. Дарвозахона эшигидаги ёзувга кўра, Паҳлавон Маҳмуд мажмуасининг дарвозахонасини 1701 йилда Шоҳниёзхон қурдирган.
Гумбазнинг нақшин безаклари, асосан, мовий ранг сирли сополлардан терилган. Бино ичкариси нафис безатилган. Унинг изорасидан тортиб гумбазли қуббасигача оқ ва мовий нақшли безаклар орасидаги китобага Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари битилган. Хонақоҳнинг ғарбий эшиги орқали зиёратхонага ва мақбарасига ўтилади. Унда Паҳлавон Маҳмуднинг сиркор сағанаси жойлашган.
Паҳлавон Маҳмуд мажмуасидаги асосий бинолар Одина Муҳаммад Мурод бошчилигида қурилган. Безакларини Мулла Нурмуҳаммад Қаландар ўғли, Сўфимуҳаммад Абдужаббор ўғли ва Абдулла “жин”лар бажарган. Зиёратхона эшиги ташқари эшик уста Нурмуҳаммад томонидан (1810) ишланган. 1960 йилда уста Рўзимат Машарипов иштирокида қорихона ва айвон таъмир этилган.
Паҳлавон Маҳмуд (Пурёйвалий, Қитоли) – шоир ва мутафаккир. Тасаввуф йўлидаги улуғ пешволаридан бири. Форс-тожик тилида ижод қилган. Пўстиндўзлик, телпакдўзлик билан шуғулланган. Сақланган ривоятларга кўра Ҳиндистон ва Эронда полвонликда донг таратган. Шунга сабаб, Паҳлавон Маҳмуд деб аталган.
Do'stlaringiz bilan baham: |