Завол кўрма ҳеч қачон ўлкам,
Завол билмас шу ёшинг билан.
Музаффар бўл, ғолиб бўл, ўктам,
Дўсту ёринг, қардошинг билан.
Асрларнинг силсиласида
Боқий тургай кошонанг сенинг,
Улуғ башар оиласида
Мангу ёруғ пешонанг сенинг.
Мангу ёруғ масканим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.
Ҳа, мен Ўзбекистон дея аталмиш жаннатмонанд диёрнинг бахтиёр ўғлониман. Не саодатки, бош таҳририяти Лондонда жойлашган Буюк Британиянинг нуфузли “The Economist” журнали талқинига кўра, Ўзбекистон 2019 йилда “Йил мамлакати” номига муносиб, деб топилди. Ушбу нуфузли нашр анъанавий тарзда ҳар йили демократия соҳасида энг катта ютуқларга эришган давлатни “Йил мамлакати” деб эълон қилиб келади. Зеро, Ўзбекистон демократияга интилаётган мамлакатлар орасида бу йўлда энг катта қадам ташлади! “Китоб дунёси” газетаси эса маърифат оламида “Йилнинг ҳафталик газетаси” дея эътироф этилди! Қувончларим бир дунё бўлди!
КАРЛ ВИРСЕН: − Жуда гўзал, жуда фусункор! Бахтиёр ўлканинг бахтиёр китобхони, энди фикр-мулоҳазаларингни камоли мамнуният билан тинглайман.
КИТОБХОН: − Муҳтарам Вирсен, башарти айрим фикр-мулоҳазаларим ножўядек туюлса, авалдан узримни қабул қиласиз...
Масала шундаки, сиз француз шоири Рене Сюлли-Прюдом(Рене Франсуа Арман Прюдом)га адабиёт йўналишида Нобель мукофоти топширилиши муносабати билан айтган табрик сўзингизда шоирнинг “... Альфред Нобель назарда тутган адабиётнинг “идеал анъаналари” деган иборасини амалда бошқа ёзувчиларга нисбатан яққолроқ намоён этгани” га алоҳида урғу берибсиз. Мен, Сюлли-Прюдом ижодига чуқур эҳтиром намойиш этган ҳолда шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратмоқчиманки, у ўз асарларида “идеал анъаналар” иборасини амалда чиндан ҳам бошқа ёзувчиларга нисбатан яққолроқ намоён этганмиди? Шу ҳақда ўзларидан бир оғзим ҳақиқат каломини эшитсак, деб эдик-да, мазмуни!..
КАРЛ ВИРСЕН: − Жуда маъқул, келажак китобхони. Эътиборинг учун ташаккур. Лекин сўзлаш оҳангингдан нимага учуриқ қилаётганингни равшан англаб турибман. Бу масалада швед академиясига эътироз билдирмаган биргина сен қолувдинг. Аммо мени қаршимда мулзам бўлади деб, кўпам ҳовлиқаверма. Прюдом ижодига, ана, америкалик тадқиқотчи Жан Альбер Беде ҳам юксак баҳо берган.
КИТОБХОН: − Ниҳоятда мамнунман. Жан Альбер Беде – асли француз... “Ҳар кимники ўзига – ой кўринур кўзига”.
КАРЛ ВИРСЕН: − Оббо, тоза хуноб қилиб юбординг-ку, китобхон! Ўзи, асл мақсадинг нима?! Гапни чувалаштирмай, дангалини айтавер – бетга айтганнинг заҳри йўқ.
КИТОБХОН: − Дангали шуки, Рене Сюлли-Прюдом Альфред Нобель назарда тутган “инсоний орзу-умидлар”ни Лев Толстойга нисбатан ҳам ўз асарларида яққолроқ намоён этган эдими? Ҳар қалай, бу ҳам бир қизиқиш-да!..
КАРЛ ВИРСЕН: − Э-ҳа, шундай дегин, келажак ўзбек китобхони! “Нима гап экан?” деб ўйласам, эътироз бу ёқда экан-да! Камина, аввало, академия аъзоси сифатида бу йўсин қитмир саволларга жавоб беришга мажбур эмасман. Иккиламчи, Ясная Поляналик мўйсафид ўз асарларида миллионлаб китобхонларни цивилизациянинг барча шаклларини инкор этиб, улар ўрнига ҳамма мавжуд маданиятлардан узилиб қолган примитив яшаш тарзини қабул қилишга ундаган. Инкор этмайман, Толстой бутун дунё китобхонлари қалбини тўлқинлантирган умрбоқий асарлар яратган; лекин гап шундаки, унинг баъзи дунёқарашлари Нобель мукофоти талабларига сира мос келмаган.
КИТОБХОН: − Ажабо, ажабо, жаноб Вирсен... Жудаям қизиқ! Толстойнинг талабларига мос келмаган дунёқарашлари “Уруш ва тинчлик”, “Анна Каренина”, “Тирилиш” каби мисли кўрилмаган улуғвор романларни дунёга келтирди. Машҳур инглиз ёзувчиси Жон Голсуорси ўзининг “Олти адибнинг қиёфасига чизгалар” номли мақоласида шундай ёзади: “Агар ҳар хил саволлар ёғдириб, одамга ёрлиқ осишни яхши кўрадиганлар мендан: “Унинг ёзганлари ичида қайси романни энг улуғ асар деб аташ мумкин?” дея сўрасалар, мен ҳеч иккиланмаган ҳолда “Уруш ва тинчлик” деб жавоб берардим. Толстой бу асарида худди циркдаги бирваракай иккита от устида ҳунарини кўрсатувчи чавандоздай ҳаракат қилиб, аллақандай мўъжизанинг қудрати билан отхонага лат емай эсон-омон етиб келади. Толстойнинг ижодий қудрати туфайли бу китобнинг ҳар саҳифаси ҳайрон қоларлик даражада мазмундор ва ёзувчи муваффақиятининг сири ҳам шунда. Роман одатдаги асарлардан олти баравар каттароқ, лекин унинг бирор қисми чўзилиб кетмаган ва кишини толиқтирмайди, ёзувчи томонидан яратилган инсоний эҳтирослар манзараси, тарихий ҳодисалар, ижтимоий ҳаёт, маиший турмуш манзаралари чиндан ҳам жуда улкан.
“Уруш ва тинчлик”да Толстой ўзининг бошқа асарларидаги каби умумлаштирувчи йиғма методдан фойдаланади – у сон-саноқсиз миқдорда ҳодисалар ва тасвирий деталларни беради...”
Ана шунақа гаплар, муҳтарам Вирсен. Бу шоҳ романлар ҳанузгача миллионлаб тиражларда нашр этилмоқда, дунё китобхонлари қўлдан қўймай мутолаа қилмоқда; адибнинг бадиий тафаккур қудрати китобхонлар қалбини мудом ларзага солмоқда. Ҳолбуки, Сюлли-Прюдом ижоди вақт синовларига бардош беролмай, унутилиб кетмоқда; унинг ижодига йирик адабиётшунослар аҳамият қаратишмайди. Дейлик, адабиётшуносликка оид китобларда у ҳақда: “Бир пайтлар адабий ва академик давраларда ниҳоятда катта ҳурматга сазовор бўлган ёзувчи бугун ҳатто Франциянинг ўзида ҳам одамлар эътиборидан қолган”, − деган жумлаларни учратамиз. Тушунинг, муҳтарам Вирсен, мен ушбу фикр-мулоҳазаларимни зинҳор Сюлли-Прюдом ижодини атай ерга уриш мақсадида баён этаётганим йўқ. Адолат юзасидан айтганда, шоир ўзининг фалсафий поэзиясида инсонпарварликни тарғиб қилади, инсонлараро меҳр-оқибат туйғуларини тараннум этади. Лекин у – Толстой эмас-да, жаноб! Васиятномага биноан мукофот энг кучлиларга тақдим этилиши керак.
КАРЛ ВИРСЕН: − Жуда қайсар экансан, келажак китобхони. Мукофот тақдим этиш масаласида бизга ақл ўргатадиган ройикорчи керак эмас. Яхшиси, бемаъни эътирозларни бир чеккага йиғиштир-да, Швеция академиси экспертларини ўз ҳолига қўй. Агар ҳар бир китобхон, ҳар бир адабиётшунос, дуч келган тадқиқотчи асабларимизни арралаб, ўз билгича эътироз билдираверса... Эътироз билдираверса... Нобель қўмитаси келажакда “ана бўлмасам!” деб, мукофотни умуман адабиётга дахли бўлмаган шахсларга, айтайлик, бирон қўшиқчи-пўшиқчига тақдим этиб юборади! Кейин... кейин адабиёт йўналишида умуман мукофот топширилмайди! Ҳаммангиз лабингизни тишлаб қолаверасиз!
КИТОБХОН: − Салламно-салламно, муҳтарам Вирсен! Ҳайриятки, бизнинг замондан узоқлардасиз. Яхшиси, умрида ақалли биронта ҳикоя ёзмаган Боб Дилан(Роберт Аллен Циммерман) ва бошқа хусусда оғиз очиб, жаҳон адабий жамоатчилиги ярасига туз сепмайин-да, сиз билан мулоқотга якун ясаб қўя қолай. Бу ўринда фақат лауреат Боб Диланнинг Нобель маърузасидаги ошкора иқрорини истеҳзо билан эсламоқ жоиз: “Адабиёт йўналиши бўйича Нобель мукофотига лойиқ топилганимни илк бор эшитиб, ҳайрон қолдим. Қўшиқларимнинг адабиётга қандай дахли бор экан, деб ўйладим...”
Лекин ҳақиқат учун шуни алоҳида эътиборга олиш керакки, швед академияси мукофотни эълон қилгандан сўнг ушбу рок ва поп қўшиқчи-мусиқачиси икки ҳафта сукут сақлаган, қўнғироқларга жавоб бермаган; ўзининг интернетдаги сайтидан “Нобель мукофоти лауреати” деган сўзни олиб ташлаган. Бу нимани англатади, биласизми, жаноб Вирсен? Қайдам, дейсизми? Унда келинг, қулоғингизга секингина шипшитиб қўяйин: ҳамма гап шундаки, қўшиқчи-мусиқачи Роберт Циммерман аслида Нобель қўмитасининг ХХӀ асрдаги сиёсий ўйинлари иштирокчисига айланиб қолаётганини дилдан чуқур англаган, ҳис этган эди!
КАРЛ ВИРСЕН: − Олиб қоч-а, олиб қоч! Сал ўпкангни босиб олсанг-чи, дейман! Масаланинг туб моҳиятига тушунмай, маҳобат қилиб юбораяпсан. Қанақа сиёсий ўйинлар ҳақида гапиряпсан ўзи, бемаъни эҳтиросларга берилиб? Осмондан чалпак ёғиши мумкин бўлмаганидек, бундай бўлиши сира мумкин эмас! Аслида, сенинг мақсадинг беш қўлдай аён: негатив ёндашувлар ботқоғига ботиб, ичқоралик туфайли нуфузли Нобель қўмитаси экспертлари шаънига ғийбат тошларини улоқтираяпсан ёки Боб Диланнинг бадиий салоҳиятига... э, йўғ-а, беназир қўшиқчилик-мусиқачилик истеъдодига бориб турган ҳасад кўзи билан муносабат билдираяпсан, аҳа!
КИТОБХОН: − Сизни яхши тушуниб турибман, жаноб Вирсен. Афсуски, васиятномада: “Рок ва поп йўналишидаги қўшиқчи-мусиқачига адабиёт йўналишида мукофот тақдим этилсин”, − деган қоида йўқ. Гарчи у афсонавий Майкл Жексон бўлган тақдирда ҳам. Эсиз-эсиз, марҳум Альфред Нобель!..
КАРЛ ВИРСЕН: − Ҳой сен, қайсар келажак китобхони, шуни асло унутмаки, муҳтарам Боб Диланга “Американинг буюк қўшиқчилик анъаналари доирасида янги шеърий ифода яратгани учун” мукофот тақдим этилган! Яна қулоғингга яхшилаб қуйиб олки, хушовоз Боб Диланнинг фольклор оҳанглари, рок ва поп йўналишида ижод қилган қўшиқлари жумлаи оламга машҳур! Илло, бунинг тасдиғи сифатида Боб биринчи рокер сифатида замонангдан ўттиз беш йил муқаддам Москва шаҳрида концерт берганини мамнуният билан ёдга олиш мумкин. Ўшанда кимсан – Евгений Евтушенко ва Андрей Вознесенский каби дунёга машҳур шоирлар Бобни ҳайбатли “Лужники”да уюштирилган шеърият кечасига таклиф этишган. О-о, ноёб истеъдоднинг нақадар олий эътирофи!
КИТОБХОН: − Тушуниб турибман, қалбингизда олижаноб туйғу-эҳтирослар тўлиб-тошяпти. Ғурбатларга тўлиб тошган бу дунёда қувончу шодлик, бахт-саодат тушунчалари қаторида қайғу-ҳасрат, кулфат-мусибат тушунчалари ҳам мавжуд экан, инсон қалби ҳамиша қўшиққа муҳтож. Тан олиш керак, Боб Дилан қўшиқларида башарий эзгу ғоялар улуғланади, бироқ инсон тафаккурини юксалтириш ва маънавий дунёсини бойитишда бу қўшиқлар ҳаргиз “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеяси ёхуд “Сополак ўйини”, “Кассандра тамғаси” романлари эмас-да, ахир!
КАРЛ ВИРСЕН: − Азбаройи хит қилиб юбординг-ку, келажак китобхони! У десам – бу дейсан, бу десам – у дейсан! Жудаям кажбаҳс экансан. Суҳбатдош дегани катта аҳамиятга эга бўлган бундай баҳс-мунозара чоғи меъёрни унутмаслиги, ўз иззатини билиши керак. Узр, менга бу тарз мунозара хуш келмаяпти. Хайр, ишларим зиқ, вақтида борақолай. Шундоғам бемаъни иддаоларинг билан бошимни қотириб юбординг. Йўл-йўлакай аптекадан бошоғриғи дориси олволишимга тўғри келади яна...
КИТОБХОН: − Начора, зорим бор-у, зўрим йўқ. Асло унутмангки, жаноб котиб, ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди.
КАРЛ ВИРСЕН: − Ҳе ўргулдим, ўша ҳақиқатингдан! Ҳақиқат керак бўлса, ўзинг ахтаравер, менинг нима ишим бор! Қўмита аъзолари Сюлли-Прюдом ижодини мақтаб ёзгин дейишди – ёздим, тамом-вассалом! Нима, сенингча, оқимга тескари сузиб, шундай амалдан, шундай маошдан ўзимни маҳрум этишим керак эдими? Ёш бола десам, кап-катта одамга ўхшайсан... Хайр!
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Кўнглингга оғир олмагин-у, бўлмағур сафсаталарга берилиб, дилингни беҳуда ранжитяпсан, ўзбек китобхони. Ўйлайсанки, Боб Диланга мукофот тақдим этилиши адолатли қарор бўлмади. Истардикки, академиямизнинг доимий котибаси бўлмиш Сара Даниус хонимнинг қарорга узукка кўз қўйгандек шарҳлаган сўзларига астойдил кўз югуртирсанг, ҳаммаси тундаги ойдек равшан кўриниб турганига яққол амин бўласан; дилингда заррача иштибоҳ қолмайди.
КИТОБХОН: − Қани, яна бир бор ёдга олай-чи... “Танлаган номзодимиз кутилмагандай туюлиши мумкин. Агар ўтмишга назар ташласак, Ҳомер ва Сапфони кўрасиз. Улар ҳам мусиқа орқали ёки театрда ижро этиладиган шеърий матнлар ёзишган. Бу Боб Дилан учун ҳам адолатли ҳукм бўлганлигини билдиради”...
О-о, нақадар буюк қиёслаш! Ақл-заковатингизга офарин! Ўзи, сиҳат-саломатлигингиз жойидами, Сара Даниус хоним?..
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Санамай саккиз дема-да, ҳой китобxон! Ана, ҳаммаси равшан кўриниб турган бўлса, ортиқча эътирозларга нима ҳожат бор! Тағин лабингни жийириб, пичинг-кесатиқ қилишинг ғирт беадаблик эмасми? Элитар китобхон табиати бундай қусурлардан холи, эзгу фазилатлар соҳиби бўлиши, жаҳон миқёсида рўй берадиган ҳар қандай адабий воқеликка беҳад мамнуният туйғулари билан, фақат ва фақат ижобий муносабат талқин этиши лозим!
КИТОБХОН: − О, шу оддий нарсага нечук ақлим етмабди, ўзим ҳам ҳайронман. Оқилона маслаҳат берганларинг учун чексиз ташаккур изҳор этаман. Лекин Боб Диланни, у қай даражада рок-поп қўшиқчиси бўлган тақдирда ҳам, гарчи Рим папаси Иоан Павел II хонанданинг “Dloᴡin‛in the Wind” қўшиғи мазмунига бағишлаб икки юз минг кишилик жамоага маъруза қилган тақдирда ҳам оламшумул “Илиада” ва “Одиссея” қаҳрамонлик эпослари муаллифи – афсонавий Ҳомер ёки Афлотун беназир истеъдодига юксак баҳо бериб, “ўнинчи муза” деб таърифлаган кучли дард-туғён, ишқ-муҳаббат ва азобли эҳтирос куйчиси, Қадимги Юнонистон(милоддан аввалги 630-572) шоираси Сапфо билан тентакларча қиёслаш ХXI асрнинг адабиёт оламидаги аянчли ҳодисаларидан бири деб ҳисоблайман. Зеро, бу воқеликни мен бошқача йўсинда изоҳлаб бера олмайман ҳам.
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Жудаям ҳаддингдан ошиб кетдинг, ҳой ўзбек китобхони! Ҳар нарсани валдирайверадими, одам дегани, андишанинг оти қўрқоқ деб?! Ўзи, намунча шу Боб Диланга суллоҳдек ёпишиб олдинг? Ёки арпангни хом ўрдими у? Боб Дилан – буюк истеъдод, такрорланмас шахс. Билсанг агар, қўмитамиз аъзолари бир ёқадан бош чиқариб, хонандага “Американинг буюк қўшиқчилик анъаналари доирасида янги шеърий ифода яратгани учун” мукофот тақдим этганмиз. Эътиборинг учун, унинг бир альбомига жамланган қўшиқларини ғоят нуфузли “Чикаго Трибюн” газетаси “Унинг қўшиқлари Самюэль Беккет романини ўқигандай таассурот қолдиради” деб баҳолаган. Э-ҳей, мусиқа ва қўшиқчилик соҳасида Боб кўтарилмаган чўққи қолмади! Ўз вақтида инсон қалбини ларзага солган соҳир қўшиқлари учун “Оскар”, “Олтин глобус” ва “Пулитцер” мукофотлари билан тақдирланди. Яна беқиёс қўшиқчилик санъати учун “Озодлик” медали ва “Фахрий легион” ордени билан муносиб тақдирланган. Энди, муҳтарам элитар китобхон, танангга бир ўйлаб кўргин-а, шундай вундеркиндни мукофотдан мосуво этиб, кимни тақдирлаш керак яна?! Ёки сен ҳам қўмитамиз томорқасига гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона тош отаётган айрим ҳасадгўй кимсаларга ўхшаб Боб Диланнинг бетакрор истеъдодига ғайирлик қилаяпсанми?
КИТОБХОН: − Я на янглиш ўйларга боряпсиз, муҳтарам экспертлар. Менинг виждоним тоза, асло ҳасадгўй ҳам эмасман. Боб Дилан – ҳур фикрли, ҳайратланарли даражада истеъдодли қўшиқчи-мусиқачи. У ўз қўшиқларида озодлик ва тинчлик, эзгулик ва инсонпарварлик, муҳаббат ва садоқат ғояларини юксак тараннум этади. Боб – эзгудил инсон. Мен бундай қалби эзгу инсонларга ҳамиша эҳтиром намойиш этаман. Бироқ масала бошқа ёқда, яъни, “Ҳақиқат”, “Адолат” деган тушунчалар теграсида сўз кетаётир. Чунончи, Альфред Нобель адабиёт йўналишида асарларида инсониятнинг энг юксак орзу-умидлари ёрқин акс этган адибларга мукофот тақдим этилишини васият қилган бўлса, рок ва поп йўналишида яратилган қўшиқларнинг бунга нима алоқаси бор?! “Қойил, ёғочдан жуда ажойиб сандиқ ясабсиз!” деб, темирчига раҳмат айтмайсиз-ку, мазмуни!
Эсиз-эсиз, даҳо Толстойга насиб этмаган мукофот бугунги кунларга келиб... сиёсий ўйинлар майдонида хор бўлиб кетди!
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Ўв-в, томдан туш деймиз, Толстойшунос китобхон! Ҳайронмиз, намунча ўша адиб ҳақида бунчалар жон куйдирмасанг! Амаки-тоғанг бўлмаса ёки бирор хеш-ақрабонг бўлмаса... Тўғри, эътирозларинг қисман ўринли, бироқ афсуски, сен масаланинг кўп жиҳатларини эътибордан четда қолдиряпсан. Масалан, дейсанми? У ҳолда камоли диққат билан эшит: аввало, отахон ёзувчининг дунёқараши Нобель қўмитасини мутлақо қониқтирмаган. Англашимизча, "Анна Каренина" ва “Тирилиш” романларини қунт билан мутолаа қилгансан, тўғрими?
КИТОБХОН: − Агар мумкин бўлса, ушбу романларни ёддан ўқиб беришим мумкин...
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Жуда маъқул, элитар ўзбек китобхони. Агар эътибор берган бўлсанг, Толстой бу икки асарида ер эгаси ва олижаноб инсон сифатида ўзини қийнаб келган бир фикрга алоҳида урғу беради; романларида Левин ва Нехлюдов каби ҳотамтой қаҳрамонлари тилидан нималар деб ёзгани ёдингдан кўтарилмаган бўлса керак. Яна бир бор эслаб кўр-чи?
КИТОБХОН: − Бажону дил...
“Нима учун ер, унда ўз қўли билан ишламайдиган помешчикнинг хусусий мулки бўлиши керак? Ахир, ерга ишлов берадиган, дон ундирадиганлар – оддий фуқаролар – крепостнойлар-ку! Демак, ер ўшаларники бўлиши керак”.
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Китобхонлик даражангга қойил, китобхон! Ана, айтмасак ҳам, кўп нарсани ўзинг англаб олавер. Ўша земство ходими калтабин Левин-у, олифта князь Нехлюдовлар ўз ерларини крепостнойларга хусусий мулк қилиб бўлиб бермоқчи бўлишади. Қип-қизил саводсиз мужикларга эса, ер хусусида давлат олдидаги мажбуриятларини бажариш учун муайян шартлар ҳам қўйишади. Бу, ахир, жудаям кулгули ҳол эмасми! Бу хурмача қилиқнинг оқибати ўзингга маълум: ғирт саводсиз крепостнойлар масаланинг туб моҳиятига тушунмай, “Барин бизни чув туширмоқчи”, − деган ўйда ерга эгалик қилишдан бош тортадилар.
КИТОБХОН: − Бу – давр ижтимоий воқеликлари, аччиқ ҳаётий ҳақиқат манзаралари. “Анна Каренина” ва “Тирилиш” – буюк асарлар, асло Сюлли-Прюдомнинг вақт синовларига бардош беролмай шунчаки антологияларда қолиб кетаётган умри қисқа шеърлари эмас. Дебдиларки, вақт – олий ҳакам...
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Хўп, биз розимиз. Лекин сени ҳам китобхонлик даражангни шу нуқтада яхшилаб имтиҳон қилиб кўрайлик-чи, майлими? Қуруқ қошиқ оғиз йиртади – юзта хап-хапдан битта чап-чап яхши. Бизга Левиннинг ўз ерларини саводсиз мужикларга қандай қилиб бўлиб бермоқчи бўлгани, оқибат ўзи ўсал бўлгани ҳақида қисқача ҳикоя қилиб беролмайсанми? Бошла, икки қулоғимиз сенда.
КИТОБХОН: − Бош устига, муҳтарам экспертлар...
“Земство ходими, янги земство одамларидан, бир қўлида беш пудли тошни кўтарадиган полвон, чорвачи, овчи...” ва ҳоказо Константин Дмитрич Левин акаси Николай Левин билан суҳбат чоғида дейди:
“Биласанки, капитал меҳнаткашни эзади. Бизда меҳнатнинг бутун оғирлигини меҳнаткашлар, мужиклар ўз елкаларида кўтариб келадилар, улар шундай аҳволга тушириб қўйилганки, ҳар қанча меҳнат қилишса ҳам, барибир, ҳайвонга ўхшаб қолаверадилар, оғир аҳволдан қутула олмайдилар, ўз аҳволларини яхшилаш, кўпроқ бўш вақт топиш ва бунинг натижасида, илм-маърифат олиш имконияти, меҳнат ҳақининг бутун фойдаси, яъни меҳнаткашларга қанча кўп иш қилишса, савдогарлар, ер эгалари шунча кўп даромад кўришади. Шунинг учун бу тартибни ўзгартириш керак...”
Левин хўжалик ҳақида асар ёзишга киришади. Унинг фикрини хўжалик тўғрисидаги фикрлар банд қилади. Фикрича, хўжалик даражасининг тушиб кетаётганлиги ва ер эгаларининг мардикорларга бўлган ҳозирги муносабати оқибатида хўжаликни рационал равишда тебратиб бўлмайди.
Левин мужиклар билан гаплашиб, уларга ерни янги шартлар билан беришни таклиф қилади. Лекин катта қийинчиликларга дуч келади: кундалик ишларга кўмилиб ётган мужикларнинг бу тадбир ўзлари учун фойдалими ёки зарарли экани ҳақида бош қотиришга фурсатлари йўқ. Левин, шунингдек, мужикларга чорва моллар келтирадиган фойдага шерик бўлиш учун оиласи билан қатнашишни таклиф қилади. Бу тадбирни соддадил мужик Иван аввалига тушунгандай бўлади, бироқ Левин қўлга киритиладиган фойдаларни уқдира бошлаганда, у Левиннинг ниятини тугал англай олмайди; гапни охиригача эшитишга тоқати қолмайди, зарур ишни баҳона қилиб, ўз йўлига кетади.
Масала шундаки, ғирт саводсиз деҳқонлар помешчикнинг мақсади ўзларини иложи борича талаш деб тушунардилар; янги тадбир замирида ҳийла бор деб фикр қилардилар. Левин аввалига хўжалигини борича мужикларга, мардикорларга ва ишбошига ширкат асосида топшириб юбормоқчи бўлади, лекин бу қарори ўзига маъқул кўринмай, алоҳида-алоҳида тақсимлашга қарор қилади. Натижада, Левиннинг мақсадига қай бир маънода тушунгандай кўринган Иван молбоқар ўз оила аъзоларидан иборат артель тузиб, чорва ишларига шерик бўлади. Ақлли чўпкор Фёдор Резуновнинг кўмаги билан ташландиқ бўлиб ётган олисдаги далани оилали олти мужик шерикчиликка олади; мужик Шураев ҳам шу шарт билан полизни олади. Ўз режалари қайсидир маънода амалга ошаётганидан Левин дилида мамнунлик туяди. Бироқ Иван, Фёдор Резунов ва Шураев каби мужиклар ерни қайси шарт билан олганликларини нотўғри тушунишади. Ҳолбуки, олаётган пулларининг ойлик эмас, оладиган фойдаси ҳисобидан берилаётган бўнак эканлигини англаёлмаган Иван молбоқар аввалги тартибдагидек ойлик талаб қиларди. Ерни шерикчиликка олган мужиклар эса, ерни умумий эмас, ижарага олинган ер деб ҳисоблашарди. Левин мужикларга янги тартибнинг фойдаларини уввало уқдиришига қарамай, саводсиз мужиклар ичларида: “Хўжайин бизни чув туширмоқчи, лекин қанча сайраса ҳам, тузоғига илинмаймиз”, − деб фикр юритишади.
Хуллас, хўжалигини янги тартибда қуриш истаги Левиннинг бутун фикру зикрини қамраб олади. У уезд дворянлар оқсоқоли Свияжскийдан олган китобларни қайта-қайта ўқиб чиқади; афсуски, бу китоблардан ўзи бошлаган ишга алоқадор тайинли фикр топа олмайди. У қатор сиёсий иқтисод китобларини, Милле асарини ўқиб чиқади, лекин бу асарлардан фақат Европадаги хўжаликлардан хулоса қилиб чиқарилган қонунларнигина топади, холос. Ҳафсаласи пир бўлган Левин Россияга татбиқ қилиб бўлмайдиган мазкур қонунларнинг нима учун умумий қонун эканлигига ҳайрон бўлиб, боши қотади. Социалистик мазмундаги китоблардан ҳам ўзини машғул қилган масалаларни ҳал қилиш учун керакли жавоб топа олмайди. Ҳатто суҳбатдоши комил ишонч билан тавсия этган Кауфман, Жонс, Дюбуа ва Мичелнинг асарлари ҳам бу масалада ўзига ҳеч нима бера олмаслигини англаб етади.
Левиннинг наздида, гап умумнинг бахт-саодати устида кетаётибди, шундай экан, бутун хўжалик, бутун халқнинг аҳволи тубдан ўзгариши керак. Акаси Николайнинг наздида, Левин бировларнинг фикрини ўғирлаб, буни татбиқ қилиб бўлмайдиган нарсага татбиқ қилишга беҳуда уриниб ётибди. Левиннинг умум фойдасини ўйлаб қилинган, хўжалик тартибини ўзгартирмоқчи бўлган ишлари муваффақиятсиз чиқади ва хўжалик ишларига эскича ёндаша бошлайди...
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Эски ҳаммом, эски тос... “Ортиқча чираниш – белни синдирар” деб, шунга айтсалар керак-да!.. Адашмасак, “Тирилиш” романидаги князь Нехлюдов ҳам Левинга ўхшаб тушини сувга айтиб эди, тўғрими?
КИТОБХОН: − Катта ер-мулк соҳиби бўлган помешчик Нехлюдов “Социал статистика” асари муаллифи Герберт Спенсернинг қарашларидан, адолат – ерга хусусий эгалик қилишга йўл қўймайди, деб даъво қилганидан ҳайратга тушади. У Спенсер қарашлари таъсирида: “Ер хусусий мулк бўлиши мумкин эмас” , − деб гапира бошлайди, университетда шу ҳақда илмий асар ёзади, ўз эътиқодига содиқ ҳолда ер-мулкка эга бўлмаслик мақсадида отасидан мерос қолган бир қисм ерни мужикларга бўлиб беради. Нехлюдовнинг “ҳотамтой”лиги онаси ва қариндош-уруғларини даҳшатга солади; у маломатга қолади, негаки ундан ер олган деҳқонлар бойиб кетиш ўрнига, учта қовоқхона очадилар, ишлашни йиғиштириб қўядилар ва ҳоллари хароб бўлади. Генри Жоржнинг таълимотини ҳафсала билан ўқиб чиққан Нехлюдов отасидан мерос қолган ерини деҳқонларга бўлиб беради; ерга хусусий эгалик қилишни гуноҳ деб ҳисоблайди...
Жамиятдаги мавжуд ерга эгалик муносабатлари Нехлюдовга мудҳиш туюла бошлайди. “Ер хусусий мулк бўлиши мумкин эмас, сув, ҳаво ва қуёш ёғдуси сингари ер ҳам олди-сотди бўлиши мумкин эмас. Ер ва ернинг инсонларга бераётган имтиёзларига барчанинг баравар ҳақи бор”, − дея фикр қилади у Генри Жоржнинг қарашлари таъсирида.
Нехлюдовнинг ер хусусидаги қарашлари, фикр-мулоҳазалари, деҳқонларга бўлиб бериб, ўз даромадининг ярмини онгли равишда камайтириши атрофидаги юқори табақа одамларига, заминдор ва киборларга жуда ғалати туюлади. Мисол тариқасида олиб қарасак, суд ишида баланд лавозимга кўтарилган поччаси Рагожинский қайнисининг бу ишини уччига чиққан енгилтаклик ва мутакаббирлик деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, бу – бошқалардан ажраб туриш, ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатиш учун қилинган иш; модомики, бу нарсани бошқача талқин қилиш мумкин эмас. Рагожинскийнинг музаффар тушунчасига кўра, социализм теорияси бутун ерни баравар тақсимлашдан иборат деб ҳисоблайди; лекин бундай тақсимот маъносиз, негаки, Нехлюдовга ўхшаганлар ерни ҳаммага баравар тақсимлаган тақдирда ҳам, эртасига барибир ер яна меҳнатсевар ва қобилиятли одамлар қўлига ўтиб кетади. Бу ҳақиқатни жўнгина исбот қилса бўлади, чунки хусусий мулкчилик инсон учун туғма хусусият бўлиб, хусусий мулкчилик ҳуқуқини бекор қилиб бўлмайди...
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Балли, Рагожинский!.. Ана энди, муҳтарам ўзбек китобхони, икки қўлингни баланд кўтариб, таслим бўлавер; барибир, баҳс-мунозара якунида муқаррар мот бўласан. Хусусий мулкчилик ҳуқуқини бекор қилиб бўлмаслигини одамзод охир-оқибат англаб етди. Ер ҳамиша меҳнатсевар ва тадбиркор одамлар қўлида бўлган ва абадий шундай бўлиб қолади. Гапнинг пўсткалласи шуки, Левин ва Нехлюдовлар тимсолида Толстойнинг ер-мулк ҳақидаги фикр-мулоҳазалари қуруқ сафсата эди, шу сабаб Карл Вирсен Толстой номзодига мутлақо қарши чиққан. Боз устига, бу адибнинг ўзи мукофот олишдан бош тортган бўлса, бизда нима гуноҳ! Ишонмасанг, ана, Нобель қўмиталари архивида Толстой билан ёзишмаларимиз асл ҳолида сақланмоқда. У ёзадики, “Қадрли ва ҳурматли биродарлар, Нобель мукофоти менга тақдим этилмаганидан хурсандман...”
Хуллас, шунақа гаплар, китобхон. Ортиқча арз-додинг бўлса, ана, Арвид Ярнефельдга ҳасрат сандиғингни очавер. У Толстойнинг яқин дўсти, асарларини фин тилига таржима қилган. Аслида, сувни лойқалатган ҳам ўша фин оғайниси бўлади. У анча-мунча сирдан бохабар эди.
КИТОБХОН: − Хабарим бор. Толстойнинг ўзи ҳам мукофотни рад этгани жудаям ажабланарли, ҳатто тасаввурга сиғмайди.
ШВЕД АКАДЕМИЯСИ: − Ҳамма гап шундаки, 1906 йили Россия академияси Толстой номзодини мукофотга тавсия қилиб, Стокҳольмга мактуб жўнатган. Лекин феъли қайсар Толстой фин оғайнисига мурожаат қилиб, ундан барча алоқаларини ишга солишни ва мукофот ўзига берилмаслигини сўраб, ўз аҳдида қатъий туриб олади. Оқибат, боши қотган академиямиз экспертлари шу йилги адабиёт йўналишидаги мукофотни италиялик шоир, “Иблисга” номли пантеистик ва антиклерикал достонида инсон тафаккури ва тараққиётнинг христианларга хос илоҳиёт устидан ғолиб келишини куйлаган Жозуэ Кардуччига тақдим этиш ҳақида қарор қабул қилади. Яна... яна Кардуччи ижодига Вирсен юксак баҳо беради.
КИТОБХОН: − Қойил. Бу ҳақда манбаларда ўқиганим бор. Жаноб Вирсен италъян шоирини Данте ва Петрарка ижодининг чуқур билимдони дея эътироф этади. Тағин антик адабиёт билимдони, тарихнавис адабиётчи ва ҳоказо мақтов-олқишлар... Бироқ Толстой даҳоси – жаҳон адабиётида фақулодда ноёб ҳодиса.
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Намунча ўша ўз фойдасини билмаган Толстой ҳақида томоғинг йиртилгудек айюҳаннос солдинг, китобхон! Адашсак, шу биргина номзодда адашибмиз-да, шунга ҳам ота гўри – қозихонами?!
КИТОБХОН: − Афу этасизлар, муҳтарам экспертлар. Қачонки бу ҳақда ўйласам, негадир хаёлимга Хорхе Луис Борхес, Жеймс Жойс, Франц Кафка, Марсель Пруст, Жозеф Конрад, Хулио Кортасар ва Чингиз Айтматов сиймолари кўз ўнгимда бот-бот гавдаланаверади. Қўшимчасига, Шервуд Андерсон, Томас Вульф, Ҳерберт Уэлльс, Теодор Драйзер, Карлос Фуэнтес, Жорж Оруэлл, Кобо Абэ, Милорад Павич каби улкан сўз санъаткорлари номини зинҳор унутмаслик керак бўлади. Модомики, мукофот “ғоявий йўналишда энг нодир адабий асар яратган... энг кучлиларга тақдим этилиши керак ”.
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Жудаям ошириб юбораяпсан, нуктадон ўзбек китобхони! Имонимиз комилки, нуфузли қўмита аъзолари номзод танлашда ҳар вақт адолат тамойилларидан четга чиққан эмас. Мукофот доимо энг кучлиларга насиб этган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади... деб ўйлаймиз.
КИТОБХОН: − Жудаям қизиқ!.. “Адолат тамойиллари” деб янглиш эшитмадимми мабодо? Айтмоқчиманки, жаҳон адабий жамоатчилиги ҳали-бери мустабид шўро ҳукумати найранглари-ю, Константин Паустовский ва Михаил Шолохов билан боғлиқ Нобель мукофоти асрорларини унутганича йўқ. Устига устак, мукофот тақдим этилган айрим лауреатлар ижоди чиндан ҳам жаҳон адабиёти осмонида юлдуздек чарақлаётгани йўқ. Янаям ажабланарлиси, Хайденстам, Гьеллеруп, Понтоппидан, Карлфельд, Силланпя, Йенсен, Йонсон, Мартинсон каби талай адиблар ижоди чинакамига ошириб, кўкларга кўтариб юборилганини вақт исботлаб қўйди. Шу ўринда яна беихтиёр Альфред Нобелнинг васиятномасидаги битиклар ёдга тушади: “Мукофотни скандинавияликми ё бошқа, бундан қатъи назар, энг муносиб одамлар олишсин...”
Қани, муҳтарам экспертлар, адолат юзасидан айтинг-чи, Ярослав Сейферт, Клод Симон, Воле Шойинка, Камило Хосе Села, Вислава Шимборска, Дарио Фо, Имро Кертес, Эльфрида Елинек ва Светлана Алексиевич каби совриндорлар бадиий тафаккури Айтматов ёхуд Кортасар тафаккуридан қудратли эдими?!
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Мукофотни тақдим этадиганлар – биз, сенга нима оғирлиги тушяпти? Биз бу хил беадабона берилган саволлaрга жавоб беришга мажбур эмасмиз. Кимнинг тафаккури қай даражада – китобхон ўзи англаб-билиб олаверсин! Ҳадеб шу ҳақда ўйлаб, эзилаверсанг, ич-этингни еб ташлайсан-ку! Яхшиси, носвойингни чекиб, ўзинг севган адибларнинг китобларини ҳузур қилиб мутолаа қилишда давом этавер – олам гулистон! Ҳуда-беҳуда заҳрингни сочавермай, бўладиган гапни дангал айт-қўй, аза-базза қонимизни ичавермай!
КИТОБХОН: − Тўғри гап туққанингга ёқмайди деб, шунга айтсалар керак-да... Гапнинг бўладигани шуки, мен аксар адабиётшунос ва таҳлилчилар фикрига мутлоқ қўшиламан: “Адабиёт йўналишидаги Нобель мукофоти тарихи Толстой тимсолида муайян хатоликлар билан бошланган. Нобель мукофотига сазовор бўлиш учун бошқача қарашлар, таниш-билишчилик, номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга шахсларнинг кўнглини овлаш каби уринишлар, бир хилги “яқин”, “эркатой” адиблар ижоди чинакамига ошириб юбориляпти. Европага ён босишлик, очиқ тарафкашлик каби ошкор ҳолатлар муносиб номзодларни адолатсиз равишда четга суриб қўймоқда. Агар Альфред Нобель васиятномасига амалан адолат мезонлари унутилмаганда эди, ХХ асрнинг Хорхе Луис Борхес, Жеймс Жойс, Франц Кафка, Жозеф Конрад, Марсель Пруст, Хулио Кортасар ва Чингиз Айтматов каби титан ёзувчилари, “адабиёт наҳанглари” икки дунёда мукофотдан четда қолмасди!”
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Мунча фиғонинг фалакка чиқмаса, китобхон!? Адабиёт йўналишида кимга мукофот тақдим этиш – бизнинг ишимиз. Ҳар қанча учуриқ қилсанг ҳам, Нобель васиятномасига хоҳласак амал қиламиз, хоҳламасак – йўқ. Ана энди даъво-достонингни қозига бориб дастурхон қил!..
КИТОБХОН: − Адолат қиличи шунақа кескир бўлади, муҳтарам экспертлар. Борхес ва Жойс...
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Оббо, яна ўша эски ашула, яна ўша эски ноғора! Оғзингдан бол томиб сўзлаётганинг ўша Борхес ҳам ўзга сайёралик эмасдир, ахир?!
КИТОБХОН: − Камина дунё китобхонларига Габриэль Гарсиа Маркес ҳамда Марио Варгас Льоса иштирокидаги суҳбат-мақолани зеҳн солиб мутолаа қилишни маслаҳат бераман. Мазкур суҳбат-мақолада Маркес ёзади:
“Мен Борхесни ўзим севиб ўқийдиган адиблар қаторига қўяман. Унинг ўзига хос ғаройиб маҳорати каминага ёзишни ўргатади. Ҳар бир ёзувчи асар ёзаётганда ўз оламига ғарқ бўлади. Бу шундай оламки, унда асар туғилади, ёзувчи ўлади. Мен Борхесни шундай оламда яшаган адиблардан, деб ўйлайман”.
Улуғ адибнинг буюк ёзувчи ҳақида айтган юксак эътирофи бу! Чиндан ҳам, “ультраизм”, яъни инсон онгидан ташқари жараёнлар адабиёти асосчиси Хорхе Луис Борхеснинг ҳайратомуз бадиий-фалсафий, руҳий-тимсолий асарлари инсон ботинида, маънавий-руҳий оламида янги оламлар яратди. Борхес новеллалари ХХ аср жаҳон адабиётида том маънода инқилоб ясади. Бу улкан адибнинг мажозий, фалсафий ҳикоялари менинг олам ҳақидаги одатий тасаввурларимни ўзгартириб юборди. Теран фалсафий мушоҳадалар, Борхес хаёлоти ва фантазияси, зиддиятли мураккаб дунёси китобхонни соҳир оламлар сари етаклайди. Мен, илк талабалик чоғимда Оллоҳнинг марҳамати билан “Шарқ юлдузи” журнали саҳифаларида “Ўлмайдиган одам” ҳикоясини неча бор мутолаа қилгач, руҳиятим мавжуд оламдан Борхес дунёсига кўчиб ўтган. Мен ҳамон “Тангри битиклари”, “Жануб”, “Соҳилдаги учрашув”, “Қум китоби”, “Фунес, Хотира мўъжизаси”, “Алеф”, “Сирли мўъжиза” каби руҳий-тимсолий, фалсафий, мажозий новеллаларни мутолаа қилар эканман, маънавий-руҳий оламимда янги соҳир маъволар пайдо бўлади.
Филология фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Холбеков “Лотин Америкаси: “Сеҳрли реализм” жозибаси” мақоласида ёзганидек, “Адиб ижодида Курраи замин ва Тарих кутубхона ёки китобга қиёсланади... Борхес ижодида китоб образи, аниқроғи, бадиий тафсилотга катта жой ажратилади. Худди шундай ролни унинг бошқа машҳур рамзлари – кўзгу ва лабиринтлар ўйнайди... Инсон хаёлати ҳам кўзгуга ўхшайди, чунки фантазия, Борхес наздида, оламларни кўпайтиради, сеҳрли яратувчанлик кучига эга бўлади...”
“Борхес – Аргентинанинг юраги!” – дея ҳайқиради мексикалик ёзувчи Октавио Пас.
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Шошма-шошма, бир дақиқага! Ўша сени Борхес оламига олиб кирган “Ўлмайдиган одам” ҳикоясини замондоши доктор Наум Кордоверо “Қуроқ чойшаб” номли мақоласида асло инкор этиб бўлмас далиллар асосида андоғ чиппакка чиқарганидан буткул хабаринг йўққа ўхшайди. Бинобарин, Кордоверо мазкур ҳикоя саҳифаларидан Плиний, Томас де Куинси ҳамда Бернард Шоудан олинган кўчирмаларни топиб, асарнинг авра-астарини ағдариб ташлаган! Борхес ижоди юзасидан масалага ойдинлик киритадиган бундай ёндашувларни ҳаргиз эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Зеро, ушбу мақола жуда муҳим аҳамият касб этади... Кимдир бошингдан бир челак муздек сув қуйиб юборгандек бўлди, тўғрими? Ёки эгардан тушсанг ҳам, узангидан тушгинг келмаяптими? Афтидан, тилинг танглайингга ёпишиб қолганга ўхшайди-ёв, Борхесшунос китобхон!
КИТОБХОН: − Кураш ҳали олдинда, муҳтарам экспертлар. Афсуски, ўша олис 1948 йили Манчестердаги матбуотлардан бирида босилиб чиққан доктор Кордоверонинг “Қуроқ чойшаб” мақоласини қидириб топиш ҳамон имкониятларим хорижида қолмоқда...
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Баҳона қилма. Мақсад юракдан бўлса, авлиёга икки дунё – бир қадам.
КИТОБХОН: − Эҳтимол, шундайдир. Лекин, эътиборларинг учун, шуни алоҳида эътироф этмоқчиманки, Борхес асарларида қаҳрамонлар руҳиятидаги кураш диалектикаси, инсон ботинидаги эврилишлар ва сирли ҳодисалар чуқур ёритиб берилади. Борхеснинг метафора ва метаморфозаларга бой, пинҳоний маънолари китобхон онг-шуурида, руҳиятида янги оламлар пайдо қилувчи ҳикоялари замиридаги ҳаёт фалсафасини зинҳор бирламчи онг мезонлари билан ўлчаб бўлмайди. Менимча, мақола муаллифи доктор Наум Кордоверо Борхеснинг мураккаб дунёқараши, таҳайюл кенгликлари маҳсули бўлмиш “Ўлмайдиган одам” ҳикоясига бирламчи онг мезонлари билан ёндашиб, тамоман янглиш хулосага келган кўринади. Чунки “Ўлмайдиган одам” – ноёб тафаккур ва ҳайратомуз таҳайюл маҳсули, мушоҳада тарзидир. Чунончи, мазкур ҳикоя “Эврилиш”(Ф.Кафка) ҳамда “Дўзах азоблари”(Р.Акутагава) янглиғ тафаккуримни ҳамон ларзага солиб келмоқда.
Мен, шунингдек, тириклигидаёқ “Адабиёт оламидаги Колумб”, “Анъаналар кушандаси” дея шарафланган яна бир аргентиналик даҳо адиб Хулио Кортасарнинг ғайриоддийлик ва реаллик уйғунлашган, фавқулодда ҳодисаларга бой ҳикояларини ҳам алоҳида завқ-шавқ туйғулари билан мутолаа қиламан. Адибнинг чегара билмас тасаввури, таҳайюл кенгликларидан мудом ҳайратга тушаман. “Михланган эшик”, “Беморларнинг саломатлиги”, “Бири кам дунё”, “Ишғол қилинган уй”, “Ён дафтардаги ёзувлар”, “Биз Глендани шунақа яхши кўрамиз”, “Ўйиннинг тугаши”, “Мушукларнинг фазовий сезгиси” каби ҳикояларни ўқир эканман, олам ва одам тақдири хусусида теран мушоҳадалар уммонига шўнғийман. Чин, Хулио Кортасар ижоди ХХ аср жаҳон адабиётида воқе бўлган ноёб ҳодиса. Жумладан, “Сополак ўйини” номли романи жаҳон адабиётининг мураккаб фалсафий асарларидан бири ҳисобланади. Филология фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Холбеков ушбу тенгсиз тафаккур романини чуқур мутолаа қилиб, қойилмақом таҳлил қилиб берган. Мен Кортасар ижодига қизиқувчан китобхонларга “Жаҳон адабиёти” журнали саҳифаларида босилиб чиққан қимматли мақолани синчиклаб мутолаа қилишни маслаҳат бераман.
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Тасанно!.. Иқрор бўлиб айтиш керакки, қалбингдаги адабиётга, китобга бўлган буюк муҳаббат ҳар қанча таҳсинларга сазовор... А лекин ўз ҳолингча Борхес ёхуд Кортасарни дастак қилиб олиб, академиямиз экспертларини мот қилдим деб ҳаволаняпсанми? Чучварангни хом санабсан, китобхон! Бу тарз баҳс-мунозарада боплаб мот қилиш қанақа бўлишлигини мана энди биздан кўрасан! Яъниким, сен кўкларга кўтараётган Жеймс Жойс ҳақида Виржиния Вульф хоним ўз кундаликларида боплаб ушмундоғ ёзади:
“Улисс”ни ўқиб чиқиб таассуротимни ёзиб қўйишим керак. Икки юз саҳифадан ошдим – бу ҳали учдан бири ҳам эмас; дастлабки бир-икки бобини – қабристон саҳнасига қадар – ўқиганда ҳайратландим, таъсирланиб, лол қолдим, кейин эса ажабланиб, толиқдим, ғашим келиб ўсмирларча охири йўқ соч тарашдан ҳафсалам пир бўлди. Том, буюк Том ҳам бу романни “Уруш ва тинчлик”ка тенглаштиради! Назаримда, саводсизларча ёзилган қўпол китоб; ёзишни ўз билганича ўрганган ночор кишининг асари, биз эса бунақаларнинг қанчалик ғамгин, худбин, безбет, қўпол ва ўтакетган бетамиз эканини биламиз. Агар гўштини пишириш имкони бўлса, уни хомлигича еб нима қиласиз?”
Фарзин юриш мана бундоқ бўлибди, Жойсшунос китобхон! Ўл-а, бурро тилинг калимага келмай қолди-ку! Оҳ-оҳ, Жойс ҳақида ХХ аср жаҳон адабиётида воқе бўлган модернизм оқимининг машҳур намояндаларидан бири Виржиния Вульф хоним ёзганини эътиборга олсак, икки қўлингни кўтаравер, китобхон!
КИТОБХОН: − Бу тарз талқинни ҳазм қилиш жуда ҳам қийин, ҳатто тасаввурга сиғдириб бўлмайди! Ваҳоланки, “Миссис Дэллоуэй”дек дурдона роман муаллифи Виржиния Вульфнинг ўзи мансуб оқимнинг даҳо намояндаси Жойс ва “Улисс” ҳақида бу йўсин фикр-мулоҳаза баён этиши жудаям ачинарлидир!.. Рости, “Адибанинг кундалиги”даги Жойс ижодига дахлдор бўлган битикларни ўқиб, дилим қаттиқ ранжиди ва оғир хаёлларга тутқун бўлдим. Адиба яна шундай ёзади:
“Улисс”ни охиригача ўқиб чиқдим ва ўйлашимча, муаллиф мақсадига эришолмаган. Иқтидор бор, албатта, лекин ҳаминқадар. Сўз ҳаддан зиёд кўп. Ёқимсиз. Даъво катта. Одобсизларча ёзилган, нафақат умумий, балки адабий маънода ҳам шундай. Менимча, юқори савияли насрий асарда услублар қалашиб кетмаслиги керак; нағмаларни меъёридан ошириш хавфли...”
Мен Виржиния Вульф ва унинг беназир ижодига юксак эҳтиром намойиш этган ҳолда алоҳида таъкидлардимки, “Улисс” ҳақидаги бу равиш фикр-мулоҳазалар Жойс руҳиятини, китобхон онг-шуурини ром этувчи мусиқа ва ритм асосига қурилган ҳайратомуз романнинг “онг оқими”, “ботиний монолог” каби етакчи адабий усуллари замиридаги адиб дунёқарашлари асл моҳиятини англаб етмаслик оқибатида юзага келиши мумкин. Модомики, Вульф хоним Ҳомернинг “Одиссея” достони билан уйғун бўлган, замон ва маконнинг бир қатламдан иккинчи қатламга кўчиб ўтишига қурилган, “Одиссея” дунёси кўз илғамас иштирок этувчи улуғвор “Улисс”ни шошмасдан, қунт билан мутолаа қилганда эди, швейцариялик буюк руҳшунос Карл Густав Юнг каби ўз таассуротларини шундай ифодалаган бўлур эди:
“Сизнинг китобингиз мен учун чексиз қийинчиликлар туғдирди, мен унинг устида уч йилдан ортиқ ўйладим, шундан кейингина унинг ичига киришга муваффақ бўлдим. Айтишим керакки, сиз ва сизнинг беҳад улуғвор меҳнатингизга чуқур миннатдорчилик туйғуларини сезаман, чунки ундан ўзим учун кўп нарсаларни ўргандим... Сиз ўқийверасиз, ўқийверасиз ва худди ўзингизни бир нарса ўқиётгандек тасаввур этасиз... Жойс услубининг сира ақл бовар қилмас кўпқиёфалиги одамга гипноздай таъсир кўрсатади... Китобхон ўқувчи оғзини очганича қолади”.
Бундай эътироф бежиз эмас, албатта. Зеро, “Улисс”ни такрор-такрор, сабр-бардош билан ва зеҳн солиб мутолаа қилмоқ керак. Сиз шундагина фикрлар силсиласини илғай бошлайсиз; ҳар бир эпизоди “Одиссея” қаҳрамонлик эпосидаги эпизодларга ҳамоҳанг бўлган асардаги қаҳрамонларнинг мураккаб руҳий-ақлий, тафаккурий оламларига тобора чуқурроқ кириб борасиз. Иқрор бўлиб айтишим мумкинки, камина “Улисс” романини Карл Юнг, Валентина Ивашева ҳамда Иброҳим Ғафуровлардек чуқур мутолаа қилганман деб фахрлана олмайман; бироқ шуни алоҳида эътироф этар эдимки, энг севимли асарим – Ҳомернинг “Одиссея” қаҳрамонлик эпосини “Улисс” мутолаасига қадар йиллар давомида қайта-қайта мутолаа қилавериб, қарийб ёдлаб олганим Жойснинг бадиий кашфиётини бир қадар англаш йўлида очқич калит сифатида қулайликлар туғдирди. Қачонки, “Улисс”ни такрор мутолаа қилар эканман, онг-шууримнинг бир бўлагида ажабтовур савқи-табиий ҳислари билан “Одиссея” достони воқеликлари гавдаланиб турди. Бу – чинакам мўъжиза эди ва мен Жойснинг улкан бадиий кашфиёти асрорлари қаршисида афсунланиб қолгандим! “Улисс” қаҳрамонлари онг оқимларида, ҳаётий таассуротлари, сезги-сезимлари, туйғу-кечинмалари оқимларида яшар эканман, идроким, шуурим ва тафаккурим қаршисида Жойснинг соҳир бадиий олами тобора ёрқинроқ бўй кўрсатаверди. Шу мазмунда баралла айтиш мумкинки, “Улисс” – тафаккур мўъжизаси, улкан сўз иншооти! Чиндан ҳам, “Улисс” – аср романи, жаҳон адабиётининг ноёб ва мураккаб асари. Модомики, МДУ профессори, адабиётшунос олима Валентина Ивашева ўз эссесида ёзганидек, “Санъатнинг бирон тури йўқки, тўғридан-тўғри Жойс асарлари, унинг бадиий тафаккури, нуқтаи назари, новаторлигидан таъсирланмаган бўлсин; унинг ижоди санъат оламининг сарчашмасига, маҳорат мактабига, таъбир жоиз бўлса, адабий сарҳадларга жон бахш этувчи қуёшга айланди. Унинг ижодий методи ва у кашф этган адабий усуллар жаҳон адабиётининг энг илғор намояндалари учун бадииятнинг мажбурий қонунлари системасига айлана борди. Зигмунд Фрейд таълимотини шак-шубҳасиз, ҳақиқат, деб билган ёзувчи борки, адабиётда Жеймс Жойс инкишоф этган йўлда ижод қила бошлади...”
Жойс даҳосига яна бир бор тасаннолар бўлсин, муҳтарам швед академияси экспертлари!
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Китобхон сифатида Жойс ижодига бу қадар эҳтиром ғоят таҳсинга лойиқ! Биз ҳам унинг асарларини мароқ билан мутолаа қилганмиз. Адабиётшунос, тадқиқотчи ва йирик ёзувчиларнинг Жойс асарлари таҳлилига бағишлаб ёзган теран илмий асарларини, мақола-эсселарини синчиклаб мутолаа қилганмиз. Юқоридаги фикр-мулоҳазаларинг бизда шундай таассурот уйғотди: сен Жойс асарлари, хусусан, “Улисс” ҳақида ёзилган мақолалардаги танқидий жиҳатларни эътибордан қочираяпсан ёки ўзингча биздан яшираяпсан. Лекин ёдингда тутки, тарозининг икки палласи бор. Эътиборинг учун, боя сен эслатиб ўтган Валентина Ивашеванинг “Жеймс Жойс” номли эссесида тубандаги жумлалар ҳам мавжуд:
“Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, “Улисс” романидаги жуда кўп ўринлар жиддий адабиётга муносиб эмас: унда оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар ғиж-ғиж, баъзи ерлари учига чиққан ҳаёсиз фильмларни эслатади. Шулардан бехабар “оддий” китобхон романдан (дилпазир машғулот) мароқли воқеалар излайди, бироқ бунинг ўрнига бу адоқсиз (чек-чегараси йўқ) сўз ботқоғининг дилгирлигини кўриб ҳафсаласи пир бўлади... Жойс китобхонга ёрдам бермайди, гап нимада эканини тушуниб олгунингча кўп нарсалар англанмай ўтиб кетади, кўпдан-кўп воқеалар орасидаги боғланиш одамни адаштиради, гапда сўз ёки гап бўлаги тушиб қолади, ўрни тўлдирилмайди, жонлантириш, ташбеҳ, мажозлар англашилмайди. Бунинг устига соф тилшуносликка оид қийинчиликлар вужудга келади...”
Тушун, ахир, муҳтарам китобхон: агар биргина Ивашева шундай фикр-мулоҳаза баён этганда эди, “Улисс”даги фикрлар силсиласини янглиш талқин этибди деб, иштибоҳга бормасдик. Бироқ ўзинг алоҳида иштиёқ билан мутолаа қилган “Улисс” номли адабий эссесида Карл Густав Юнг ёзувчига ҳам, романга ҳам ўта танқидий муносабатда бўлган. Бу фикримизга исбот сифатида мақоладан исталганча мисоллар келтириш мумкин. Шу маънода қуйидаги жумлаларга эътибор қаратсак, мақсадга мувофиқ бўлур эди:
“Мана, мен китобни ўқиётибману, китоб мени лақиллатаётганини, сабр-тоқатимдан мосуво қилаётганини ҳис этаяпман. Китоб менга пешвоз чиқишни – мутолаага ёрдам беришни истамайди, ўзининг мазмунини тушуниб олишни енгиллатишга зиғирча уринаётгани сезилмайди, бу эса китобхон сифатида менда камситилганимни, ўзимнинг қадрсизланганимни туйган ҳис-туйғуларни уйғотади...”
Ажабки, “Улисс” асари, Юнгнинг музаффар фикрича, зиёли китобхоннинг аламли мағлубияти тимсолидир; зероки, кўз ўнгимизда гавдаланган 1904 йилнинг ўн олтинчи июнида Дублинда кечган шунчаки оддий, бекорчи бир кундангина таркиб топган вақт оқими аслида Ҳеч нарса билан бошланиб, Ҳеч нимасиз якун топади... “Бугун ҳам “Улисс” мени ўша, 1922 йили, мен уни дастлаб қўлга олиб, озроқ ўқиб ҳафсалам пир бўлиб ва ранжиб бир четга суриб қўйганимдагидай зериктиради...”
КИТОБХОН: − Каминани эса, “Улисс”, аксинча, ўша 2013 йили, илк марта қўлга олиб, поёнсиз иштиёқ туйғулари билан, қўлдан қўймай мутолаа қилишни бошлаганимдек оҳанрабодай ўзининг соҳир оламларига аста етаклайди. Ва руҳиятим ҳайратбахш “Улисс” оламларида парвоз этаркан, қулоғим остида мудом ирланд шоири Шеймас Хини ҳаяжон билан хитоб қилади:
“Мен ҳеч қачон Йейтсни тушунмаганман, бироқ Жойс руҳиятини сўзсиз англайман. Биласизми, мен Жойсни Нобель мукофоти олишга, шубҳасиз, мендан кўра лойиқ номзод эди, деб биламан... “Улисс саргузаштлари” бошидан охиригача ҳақиқат. Мен бу асарни ўқиб, қайта оламга киришим учун анча тер тўкишимга тўғри келган. Мана буни чинакам истеъдод деса бўлади. Бутун руҳиятингни қамраган асар − асардир”.
Шу ўринда эътироф этишим жоизки, бундан 22 йил муқаддам, “Ёшлик” журналида матнлар жойлашуви ноодатий шакл касб этган “Жакомо Жойс” номли мўъжаз асарни мутолаа қилгач, Жойс ижодига қизиқишим беҳад кучайди. Бунгача талабалик чоғимда адабиётшунос олим Тилаволди Жўраевнинг ғарб модерн адабиёти ва унинг улкан намояндалари асарлари таҳлилига бағишланган “Онг оқими ва тасвирийлик” рисоласини мутолаа қилгандим. Вақтлар ўтиб, Жеймс Жойснинг “ХХ аср мифологик санъатининг йирик ёдгорлиги” деб таъриф этилган “Финнеган маъракаси” ҳамда “Аср санъати” деб юксак баҳоланган “Мусаввирнинг ёшликдаги шамойили” каби романларини етти иқлимдан қидира бошладим. Ниҳоят, саодатли кунлар келиб, “Мусаввирнинг ёшликдаги шамойили” романини ўзбек тилида мутолаа қилиш бахтига мушарраф бўлдим. Бош қаҳрамон Стивен Дедалус тимсолида инсон қалбини очиб берган мазкур роман бутун руҳиятимни қамраб олди.
Рости, ниҳоятда таажжубдаман: Жеймс Жойс ва у яратган оламшумул романлар қайси ақл тарозусига кўра мукофотдан четда қолиб кетган?! Ҳамон ақлим бовар қилмайди...
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Уф-ф, яна ўша дарди-ҳарина!.. Сен, нуктадон китобхон, масаланинг бир жиҳатига етарли эътибор қаратмаяпсан. Ҳамонки буюк руҳшунос Карл Юнг “Улисс” ҳақида ўта танқидий муносабат билдирибдими, демак, мантиқан олиб қаралганда, Жойс мукофотга муносиб эмас! Бизким, зукко академия экспертлари, шу етакчи омилга таянган ҳолда ўз вақтидаги мукофотни “интеллектуал қизиқувчанлик ва ижодий услубнинг ўзига хослиги уйғунлашган ижодий тасаввуротнинг нодир кучи ва бойлиги учун” даниялик адиб Йоханнес Йенсенга тақдим этиб юбордик!..
КИТОБХОН: − Янаям очиғи, ижодини чинакамига ошириб, туҳфа этиб юбординглар!.. “Ён босишлик”, “яқин, эркатой адиблар”... Ажабо, “шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди” деб, хўп топиб айтишган экан!
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Заҳаролуд кесатиқлар қилишга устаси фаранг экансан, аламзада китобхон! Бағини сўрасак, ўзи умрингда Йенсеннинг лоақал биронта асарини, дейлик, “Эйнар Элькер” романини ўқиб чиққанингда эди, тузукроқ фикр юритар эдинг, пичинг қилмасдан!
КИТОБХОН: − Афу этасизлар, камина жаҳон адабиётидан фақат бутун руҳиятимни қамраб олишга қодир, тафаккуримни ларзага солувчи асарларни мутолаа қиламан; Достоевский ўгит қилганидек, жиддий китобларни ўқийман. Модомики, Сенека ёзганидек, китобларнинг сони эмас, унинг яхшиси фойда келтиради. Шу мазмунда мен яқин йилларда “Эмилия Галотти”, “Тартюф”, “Кассандра тамғаси”, “Ҳамроз диллар”, “Ой ва сариқ чақа”, “Эдварда”, “Қумдаги хотин”, “Катта умидлар”, “Айиқ”, “Жараён”, “Олтин қанотли қуш”, “Фауст ҳаёти, аъмоли ва жаҳаннамга қулаши”, “Тўй саёҳати”, “Лоттанинг Ваймардаги ҳаёти”, “Мусаллас мамлакати” каби қатор драма, роман ва қиссаларни зўр маънавий қониқиш билан, такрор-такрор мутолаа қилдим. Агар таъбир жоиз бўлса, муҳтарам Нобель қўмитаси экспертлари, мен ўзим учун мутолаа қилиниши шарт бўлган китобларнинг “олий лига” рўйхатини тузиб олганман. Минг афсуслар бўлсинки, бу шарафли рўйхатдан Йенсеннинг бирорта асари ўрин олмаган. Ўйлаб қарасам, жудаям қизиқ: ўз даврида америкалик ёзувчи Ҳамильтон Бассо Йенсенни мажозан пастки лигада ўйнайдиган бейсбол командасининг олий лигага ўтказилган ўйинчисига ўхшатган экан ва “Йенсен Нобель мукофоти билан тақдирланган бўлса-да, унинг адабиёт олий лигасида қиладиган иши йўқ”, − деб ошкора ёзган экан.
Адабиёт оламида ана шунақа гаплар, швед академиясининг “зукко” экспертлари...
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: −Жазавага берилиб, қуюшқондан чиқиб кетяпсан! Аён бўляптики, мақсадинг академиямиз обрўсини ер билан битта қилиш экан. Амал – бизники, ҳуқуқ – бизники, хоҳлаган номзодимизга мукофот тақдим этамиз! Маслаҳатки, ақлинг етмаган ишларга ҳадеб бурнингни суқаверма. Хўш, дунёга ўт кетмаслиги учун нима қилишимиз керак, китобхон?
КИТОБХОН: − Агар қўмита эксперти ёки ҳуқуқий шахс бўлганимда эди, Жойс, Борхес ва Айтматовга икки бор Нобель мукофоти тақдим этган бўлур эдим...
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: −Ҳой-ҳой, секинроқ айтасанми, китобхон! Бундай қилиш асло мумкин эмас! Башарти шундай ҳолат юз берганда ҳам, адолат тамойиллари қўпол равишда бузилган ҳисобланади. Негаки... негаки Альфред Нобель васиятномасида алоҳида таъкидланганидек... Сен ўзи васиятномада нималар ёзилганидан хабаринг борми? А? Ҳа, мукофот бир шахсга... Яъниким битта одамга... фақат бир марта берилади, холос! Тинчлик мукофоти бундан мустасно. Биз иккки жаҳонда қоиданинг бузилишига асло йўл қўёлмаймиз! Дунёда адолат, ҳақиқат деган тушунчалар бор, ахир. Тағин... виждон деган тушунча бор... Ҳа, нега бундай истеҳзоомуз жилмаяяпсан, китобхон?
КИТОБХОН: − Маъзур тутасизлар: бу ғоят ёқимли гапларни янглиш эшитаётганим йўқми, мабодо? Ажаб, ажаб!... Адолат тамойиллари, қоида, адолат, ҳақиқат, виждон...
Мен Мария Складовская-Кюри, Лайнус Полинг, Жон Бардин, Фредерик Сенгер каби даҳо олимларнинг кимё ва физика фани соҳасида яратган улкан кашфиётларини бағоят эҳтиром этган ҳолда Нобель васиятномасида кўрсатилган қоида қўпол равишда бузилганини ўйлаб, чуқур хаёлга толаман...
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Тушунарли, ҳаммаси равшан. Аммо чорамиз қандоғки, мазкур фан олимларига қоидага хилоф равишда икки мартадан мукофот тақдим этган ўша вақтдаги академиямиз аъзолари аллақачон боқий дунёга рихлат қилишган. Бандачилик экан-да, энди!.. Бағи, биз ўлганлар номидан жавоб бера олмаймиз. Эҳтиёти шарт, табиатингда саҳҳорлик-афсунгарлик қобилиятинг бўлса, марҳумлар руҳи билан бафуржа гаплашиб кўр. Тамом-вассалом!
КИТОБХОН: − Яна бир бор афу этасизлар, муҳтарам экспертлар: мен асло ўлганлар руҳи билан сўзлаша оладиган “Фауст” асаридаги сабиний саҳҳор Георг Сабелликус эмасман ёхуд болгариялик кўзи ожиз башоратгўй аёл, паранормал қобилият соҳибаси Ванга каби шундай қобилиятга ноил бўлган фавқулодда феномен эмасман. Боз устига, ҳаётимда шу чоққача бирор медиумга ҳам дуч келмаганман.
Қизиқ: ёдимга савқи-табиий билан Ҳомернинг “Одиссея” достони тушди. Воқеалар ривожида Троя уруши қаҳрамонларидан бири, олижаноб шоҳ Одиссей музаффар ҳамроҳлари билан бепоён денгизда суза-суза, ахири Эея оролига етиб боради. Бу афсонавий оролда қуёш худоси Ҳелиосннг қизи, сумбулсоч афсунгар Цирцея ҳукмронлик қиларди. Маккор Цирцея афсун ишлатиб, Одиссейнинг ҳамроҳларини чўчқага айлантириб қўяди. Итака оролининг шавкатли шоҳи афсунгар аёл саройида бир йил тутқунликда қолиб кетади. Фурсат етиб, Одиссей Цирцеядан жонажон ватани Итакага жўнаб кетиш учун ижозат сўраб, илтимос қила бошлайди. Афсунгар аёл унинг илтимосига рози бўлади. “Лекин сен ватанинг Итакага қайтишдан аввал зулмат Аид салтанатига тушиб, у ерда фивалик кўзи кўр соҳибкаромат коҳин Тиресийнинг арвоҳини учратиб, ундан ўз қисматинг ҳақида сўраб, билиб олишинг лозим”, − дейди Эея ороли ҳокимаси. Одиссей афсунгар аёлнинг барча ўгитларини диққат билан тинглайди ва зимистон Аид салтанатига тушиб, коҳин Тиресийнинг руҳи билан учрашади. Башоратгўй Тиресий Одиссейга бўлажак қисматини аён этади...
Албатта, “Одиссея” – юнон афсоналари ва ривоятлари асосида яратилган буюк қаҳрамонлик эпосидир. Бироқ иложим қандоғки, камина бугунги реал ҳаётда фонийлар дунёсидан боқийлар салтанатига сафар этиб, марҳум швед академияси аъзолари руҳи билан сўзлаша олишим шунчаки хаёлот холос.
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Яша, элитар ўзбек китобхони! Афсунгарлик қобилиятим йўқ деб, ўкинмасанг ҳам бўларкан. Сен мутолаа саҳҳори, феномени экансан, асли! Китобхонлик салоҳиятинг дунё китобхонларига ибрат даражасида шаклланибди. Ҳавас қилса арзигудек салоҳият, саҳҳорлик!
КИТОБХОН: − Ҳар ҳолда, мен китоблар оламида яшайман. Зеро, адабиёт ва мутолаа – жон-у дилим. Япониялик адиб Кэнзабуро Оэ иқрор бўлганидек, “Мен Яратганга бир нарса учун шукр қиламан. Яхшики, бахтимизга кўриш, ўқий олиш янглиғ муаззам неъматларини яратиб қўйган. Адабиёт – буюк ҳодиса... Руҳият теранликлари ичра кезиб юрган сўз карвонлари кун келиб ёруғлик юзини кўради. Биз эса уни ўқиймиз. О, нақадар сирли жараён-а, бу мутолаа деганлари”.
ШВЕЦИЯ АКАДЕМИЯСИ: − Жуда маъқул, жуда соз! Боя Гётенинг “Фауст” фожиасини эслатиб, қизиқ маълумот бердинг. Бу ҳайратомуз улуғвор асарда икки мангу қарама-қарши куч – яхшилик ва ёвузлик, нур ва зулмат, иқрор ва инкор кураши юксак маҳорат билан тасвир этилган. Сен эслатган гўё Италиядаги сеҳрланган Норсия тоғида яшовчи Георг Сабелликус, афсоналарда ёзилишича, ўлганлар руҳи билан сўзлаша оладиган афсунгар бўлиб, ўлимга ҳукм қилинганда, подшо унинг ҳаётини сақлаб қолади. Чунки бу хил саҳҳор одамлар жодугар ёки некромант деб юритиларкан. “Фауст” асаридан Герг Сабелликус ҳақида ҳикоя қилинган лавҳалардан бир шингил-ярим шингил сўзлаб берсанг, бажону дил тинглар эдик.
КИТОБХОН: − Марҳамат. Асарнинг иккинчи қисм, тўртинчи фасл, “Тоғ этагида” деб номланган бобида Фауст суҳбат чоғи подшога дейди:
Do'stlaringiz bilan baham: |