Педагогик маҳорат яхлит тизим сифатида қуйидаги таркибий қисмлардан иборат:
педагог шахсининг инсонпарварлик йўналишига эга бўлиши, унинг қизиқишлари, қадрият йўналишларининг олий мақсадга-баркамол авлод тарбиялаб етиштиришга йўналтирилганлиги;
мутахассислик фанлари, ўқитиш методикаси, педагогика ва психологиядан профессионал билимларга эга бўлиши;
педагогик қобилиятга эга бўлиши (мулоқотга мойиллик, ишчанлик, келажакни тасаввур қила олиш, касбий мустақиллик, сенсор ахборотларни тезлик билан англаш);
педагогик техникани эгаллаши, яъни ўз-ўзини бошқара олиши, ўзаро таъсир этиш ва ҳамкорликда ишлашни уддалаши.
Педагогик маҳоратни тарбиялашнинг илмий – назарий асослари яна бир рус педагоги В.А Сластёнин томонидан тадқиқ қилинган. Касбий – педагогик тайёргарлик жараёнида ўқитувчининг шахси ва касбий шаклланиш йўналишидаги илмий мақолаларида В.А. Сластёнин педагогик маҳорат тўғрисида сўз юритиб, шундай ёзади: - “Ўқитувчи мунтазам равишда педагогик назарияларга таянсагина, ўқитувчилик маҳоратини эгаллайди. Чунки, педагогик амалиёт доимий равишда педагогик назарияга мурожаат қилишни тақозо этади. Биринчидан, илмий назариялар – тараққиётнинг умумий қонуниятлари, тамойиллари, қоидаларини акс эттирувчи илмий билимлардир, амалиёт бўлса, доимо аниқ вазиятга асосланади. Иккинчидан, педагогик фаолият – фалсафа, педагогика, психологияга оид билимлар синтезига асосланувчи яхлит жараёндир. Бу билимлар синтезисиз педагогик амалиётни мақсадли қуриш жуда мушкул”4. Демак, педагогик маҳорат эгаси бўлиб, педагогик амалиётни тўғри ва мақсадли ташкил қилиш учун илмий – назарий маълумотларга эга бўлиш лозим экан, ўқитувчи уни қўлга киритишга ҳаракат қилсин.
Педагогик маҳоратнинг илмий – назарий асосларини ўқитувчи малакасини ошириш тизимида тадқиқ қилган Ўзбекистонлик педагог олим К. Зарипов, касбий педагогик маҳоратнинг мазмунини “Илғор педагог”, “Ижодкор ўқитувчи”, “Новатор педагог” кесимида асослайди ва шундай таърифлайди. “Илғор педагог” аввало бошқа ўқитувчиларга қараганда ўз ишига маъсулият билан қарайди. Шу соҳадаги ижобий тажрибаларни ўрганиб, ўз дарсларида, таълим муассасасидан ва гуруҳдан ташқари тарбиявий тадбирларда қўллайди. Шу орқали у ўқитувчиларнинг таълим ва тарбиясида муайян ютуқларни қўлга киритади.
“Новатор педагог”, бизнингча, ўзининг яхлит педагогик восита ва усуллари мавжудлиги билан фарқланиб туради. Шу билан бирга новатор ўқитувчиларда илмий таҳлил, ўзига танқидий кўз билан қарай билиш хусусиятлари ҳам бўлади. Уларнинг кўпчилигида ғоят мураккаб, бошқалар ўзига ишонмайдиган шароитларда ҳам ўз ишларининг тўғри эканлигига ишонч бўлади.
“Ижодкор ўқитувчи”да ҳам “Илғор педагог”даги хусусиятлар бўлиши мумкин. Уларнинг жиддий фарқи шундаки, илғор педагог мавжуд манбаларни ўрганиб, шулар асосида таълим - тарбия бўйича муайян ишларни амалга оширса, ижодкор ўқитувчи бор манбаларга танқидий кўз билан қарайди. Кўп ҳолларда мавжуд методик йўл – йўриқларга ўз муносабатини билдириб, шароит ва вазият тақозосига, ўзининг имкониятларига қараб мавжуд тартиблардан фарқли методик усуллардан фойдаланади”5.
Демак, педагогик маҳорат эгаси бўлиш учун ўқитувчи ўзида ҳам илғорликни, ҳам новаторликни (янгиликка интилиш), ҳам ижодкорликни тарбиялаши лозим.
Ўқитувчи педагогик маҳоратини “Ўқитувчининг ахлоқий шаклланиши” йўналишида ўрганган профессор М. Очилов педагогик маҳоратни эгаллашнинг муҳим манбаси ахлоқ деб таъкидлаб, касб ахлоқини шундай таърифлайди “Фаолиятнинг маълум бир соҳаси билан шуғулланувчи кишиларга таалуқли ахлоқий нормалар, талаблар ҳам бор. Бундай ахлоқ касб (профессионал) ахлоқи дейилади. Ҳар бир жамиятда ҳукмрон бўлган ахлоқ билан касб ахлоқи ўртасида маълум бир муносабат мавжуд. Бу умумийлик билан хусусийлик ўртасидаги муносабатдир. Касб ахлоқи умуминсоний ахлоқ назариясининг қоидалари ва камчиликларини ўзида мужассамлаштиради, ойдинлаштиради ва ривожлантиради”.6
Маълумки, педагогик маҳорат тизимида ўқитувчининг педагогик назокати (одоби) муҳим мавқега эга. Ўқитувчи назокатсиз, касб одобисиз юксак чўққилар сари одимлай олмайди. Масалага шу нуқтаи – назардан ёндошилганда, муаллифнинг сўзлари, ўқитувчи педагогик маҳоратига қўйилган талабларга мос ва ҳамоҳангдир.
Педагогик маҳоратнинг ўзига хос хусусиятларидан бири, унинг ўқитувчи шахси ва касби тўғрисидаги тушунча эканлигидадир. Ўқитувчи инсон сифатида шахсий фазилатларга эга бўлиши билан бирга, касбий, яъни ихтисослик фазилатларига эга бўлиши лозимлигини тажриба кўрсатмоқда. Буни юқорида касб ахлоқи тўғрисида билдирилган фикрлар мисолида ҳам кўрдик. Шунингдек, педагоглик ихтисосининг кўпгина хусусиятлари М. Куръонов, Б. Муратов, ва М.Очиловлар томонидан ўқитувчи профессиограммасида ишлаб чиқилган. Мазкур ўқитувчи профессиограммага асосан ўқитувчининг шахсий ва касбий сифатлари, инсоний фазилатлари, билими, конструктив ташкилотчилиги, гностик, коммуникатив, амалий кўникма ва малакаларидан иборатлиги қайд қилинади.
Шахсий сифатлар тизимида: миллий мафкуравий онглилик, миллий одоблилик, фаросат, нозик дидлик, ўз касбига садоқат ва виждонийлик, ташаббускорлик, болажонлик, талабчанлик, адолатпарварлик, педагогик одоб, тадбиркорлик, қатъийлик, ҳар қандай вазиятда ўзини идора қила олиш, миллатлараро мулоқот маданияти, кузатувчанлик, самимийлик, топқирлик, келажакка ишонч, хушмуомалалилик ва ҳ.к. лар каби фазилатларга эга бўлиши керак.
Касбий сифатлар тизимида: педагогик зийраклик, Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўлининг моҳияти, беш тамойили ривожланишнинг маънавий – ахлоқий негизларини билиш, миллий тарбия моҳияти ва мазмунини чуқур англаш, чуқур илмий назарий салоҳияти, педагогик ижод, ўз фанининг тарбиявий имкониятларини мукаммал билиш, педагогик билимларни такомиллаштиришга интилиш, Ўзбекистон ҳукумати Президентининг ички ва ташқи сиёсатидан хабардорлик, ўзбек халқининг анъаналари, қадриятлари, урф – одатларини яхши англаш, сиёсат, тарих, маданият, маънавият, адабиёт ва санъат, ахлоқшунослик, диншунослик, ҳуқуқшунослик, ўлкашунослик, техникага оид маълумотлардан хабардорлик, этнопедагогика, этнопсихологияга оид билимларга эга бўлиш ва ҳ.к. (Қаранг: Қуръонов М., Муранов Б Миллий дастур ўқитувчи профессиограммаси. – «Халк таълими», 1998, 1 – сон, 42 – 45 бетлар; Педагогика. Мунавваров А.К. таҳрири остида – Т.: «Ўқитувчи», 1996, (52 – 61 бетлар.)
Бўлажак педагогларда юқорида қайд қилинган миллий педагогиканинг фаолиятга тайёрловчи юқоридаги шахсий ва касбий сифатларга эга қилиш лозим. Бу ҳол касбий маҳорат эгаси бўлиш ва кадрлар тайёрлашнинг миллий дастур талабларини бажаришга ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |