Педагогик техникани эгаллаш йўллари.
Педагогик техникани эгаллаш учун аввало, ўқитувчи ўз фанини, ўқитадиган предметини, педагогика (болашунослик), психология (руҳшунослик) фанларини давр тараққиёти даражасида билиши, касбий жиҳатдан ўз-ўзини тарбиялай оладиган бўлиши зарур. Чунки педагогик техника индивидуал шахсий хусусиятга эга. Ҳар бир ўқитувчи, ҳар бир педагог ўзининг касбий йўналиши, касбий лабораториясига эга. Бу йўналиш ва лабораторияни ўқитувчининг ўзи мустақил фикр юритиш, мустақил билим олиш орқали қўлга киритади ва моҳир ўқитувчига хос фазилатларни тарбиялайди ҳамда касбий идеал сари ҳаракат қилади. Педагогик техникани эгаллашнинг биринчи йўли шудир.
Педагогик техникани эгаллашнинг иккинчи йўли ташкилий - методик малакаларни эгаллашга боғлиқ. Бу малакалар зарур билимлар бўйича маърузаларни тинглаш, махсус адабиётларни ўқиш орқали қўлга киритилади. Ташкилий-методик малакалар айтилган йўл-йўриқлар, кўрсатмаларни ўзининг индивидуал касбий тажрибасида синаб, кўникма ҳосил қилса мақсадга мувофиқ бўлади. Ташкилий-методик малакаларнинг индивидуал хусусиятлари, жамоа ва гуруҳ бўлиб ишлаш, ўқиш, фаолият кўрсатиш асосида қурилгани маъқул. Чунки, гуруҳ ёки жамоа бўлиб ўқиш, ишлаш ҳар бир педагогга ўзини бошқалар кўзи билан кўришни, фаолиятидаги нуқсонларни сеза билишни, муомала ва ҳулқ-атворнинг янги шаклларини излаб топиш ва синаш имконини беради. Бу эса ўз-ўзини билиш, ўз-ўзини тарбиялаш учун асос бўлади ва педагогик вазифаларнинг янги усулларини текшириб кўриш, назарий масалаларини ҳал қилиш учун тажриба майдони бўлиб қолади.
Демак, ташкилий - методик малакаларни эгаллашда гуруҳ, жамоа фаолияти, машғулотлари педагогик техника асосларини эгаллаш имконини беради.
Педагогик техникани эгаллашнинг учинчи йўли - ҳар бир педагогнинг индивидуал дастурини ишлаб чиқишдир. Бундай дастурни тузишдан олдин педагогик техника малакаларини шаклланганлигининг бошланғич даражасини аниқлаб олиш зарур. Яъни педагогнинг дастлабки ўқув-тарбия ишларидаги натижа, нутқ маданиятининг тўғри ёки нотўғри қўйилиши, мимик ва пантомимик аниқликлар ва ҳ. к. Бунда, натижа яхши бўлса, келажакда педагогик техникани эгаллаш анча осон бўлади. Чунки, ушбу кўникма ва малакалар ривожлантирилади. Индивидуал дастур педагогик техника малакаларининг етишмайдиганини тўлдириш учун хизмат қилади. Бу дастур маълум машқлар ёки машқлар мажмуини ўз ичига олади.
Шуни ҳам унутмаслик лозимки, педагогик жараёнда педагогнинг умумий маданияти, маънавий ва эстетик дунёқараши муҳим ўрин тутади. Агар, ўқитувчининг нутқи қашшоқ, сўзларни талаффуз қилиш қобилияти паст, эстетик жиҳатдан суст, бўлар бўлмасга ҳиссиётига эрк берадиган бўлса, тарбияланувчиларнинг эътиқодига, ақл - идрокига салбий таъсир кўрсатади. Демак, ўқитувчи ўзидаги ана шу нуқсонларни қайта тарбиялаши лозим экан. Бу педагогик техникани эгаллашнинг тўртинчи йўлидир.
Шундай қилиб, педагогик техника, унинг малакалари, эгаллаш йўллари тўғрисида билдирган фикрларга эътибор бермаслик, педагогик фаолият жараёнида уларнинг ролига етарли баҳо бермаслик, шунингдек, педагогик техника малакаларини танқидий, ҳар бир педагогнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олмай иш юритиш педагогик маҳоратни эгаллашга салбий таъсир кўрсатади ва ўқув-тарбия ишидаги нуқсонларнинг кўпайишига олиб келади.
Педагогик техникани эгаллашнинг асосий йўллари ўқитувчи раҳбарлигидаги машғулотлар (педагогик техникани ўрганиш) ва мустақил ишлаш (касбий жиҳатдан ўз-ўзини тарбиялаш)дир. Педагогик техника малакаларининг индивидуал-шахсий тусда эканлигини ҳисобга олиб, педагогик техникани эгаллашда ва уни такомиллаштиришда касбий жиҳатдан ўз-ўзини тарбиялаш, яъни талабанинг ўзида моҳир ўқитувчи шахсий фазилатларини ва касбий малакаларини шакллантиришга қаратилган фаолият етакчи рол ўйнайди, деб айтиш мумкин. Касбий идеал сари бу ҳаракатда ҳам педагогик техникани эгаллаш муҳим рол ўйнамоғи лозим.
Ташкилий-методик жиҳатдан педагогик техника машғулотлари индивидуал, гуруҳ ёки кетма-кетликда ўтказилиши мумкин. Масалан, зарур билимлар маърузаларда ёки тегишли адабиётни (хусусан, мазкур монографияни) мустақил ўқишда эгалланиши мумкин. Автоматлаштиришга доир айрим оддий ҳаракатлар (турли артикуляция, фонацион нафас олиш усуллари, релаксация усуллари ва шу кабилар) кетма-кет кўрсатилиши мумкин. Тегишли кўникмаларни ишлаб чиқиш, индивидуал ишлашни-дастлаб ўқитувчининг назорати ва раҳбарлигида, кейин эса мустақил ишлашни талаб қилади.
Педагогик техника малакаларини шакллантиришда гуруҳий иш олиб бориш алоҳида рол уйнайди. Педагогик техника машғулотларининг бу шаклини анча батафсилроқ очиб бериш мақсадга мувофиқдир, чунки у ҳозирга қадар ўқитувчилар учун мўлжалланган ўқув ва методик адабиётларда лозим даражада кўрсатиб берилмаган. Худди шундай ишда педагог олдида ўзини бошқа кишилар кўзи билан кўриш, ҳулқ-атвор ва муомаланинг янги шаклларини излаш ва синаб кўриш, ўзининг одамлар билан бирга қиладиган иши хусусиятларини англаш ва фаолиятининг индивидуал услубини онгли равишда шакллантириш имконияти пайдо бўлади. Гуруҳ шахснинг ўз-ўзини билиши ва ўз-ўзини тарбиялаш лабораторияси, педагогик вазифаларни ҳал қилишнинг янги усуллари текшириб кўриладиган, назарий масалалар, муҳокама қилинадиган тажриба майдони бўлиб қолиши мумкин.
Психологлар, педагогик техникани гуруҳ бўлиб ўргатиш, раҳбарларнинг тажриба ишида бундай гуруҳларнинг энг қулай миқдори 10—14 кишидан иборат бўлишини белгилаб берганлар. Қатнашчиларнинг худди шундай микдори улардан ҳар бирига бошқа кишилар билан бирга ишлашнинг индивидуал психологик муаммоларини жуда тўлиқ равишда аниқлаб, ҳал этиш, рефлексия ва эмпатия даражасини жиддий ошириш, педагогик фаҳм-фаросатни ривожлантириш, бошқаларга таъсир этиш воситаларини кенгайтириш имконини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |