2-мавзу. ЖИНОЯТЧИЛИК ТУШУНЧАСИ, УНИНГ АСОСИЙ ХУСУСИЯТЛАРИ ВА ТУРЛАРИ
1. Жиноятчилик тушунчаси ва унинг белгилари
2. Жиноятчилик кўрсаткичлари
3. Жиноятчилик таркиби
4. Жиноятчилик динамикаси
2.1. Жиноятчилик тушунчаси ва унинг белгилари
«Жиноятчилик» тушунчаси криминологиянинг энг муҳим ва айни вақтда энг қамровли тушунчасидир. Унга камида икки нуқтаи назардан: формал миқдорий (статистик) ва сифат (социологик) томонлардан ёндашиш мумкин.
Миқдорий (статистик) нуқтаи назардан жиноятчилик бир эмас, кўплаб жиноятлар, уларнинг муайян йиғиндиси, яъни ғайриижтимоий ва хавфли қилмишларнинг қандайдир мажмуи мавжудлигини англатади.
Гап шундаки, ҳодисалар ҳаракатининг ҳар қандай ички қонуни муайян ҳодисалар кенг миқёсда рўй берган ҳолдагина муайян тарзда намоён бўлади.
Айрим ғайриижтимоий қилмишлар жиноятчилик ҳодисасини вужудга келтириши мумкин эмас.
Жиноятчиликнинг миқдор жиҳати муҳим аҳамиятга эга. Лекин унга ортиқча аҳамият юклаш ҳам тўғри бўлмайди. Масалан, профессор В.М.Коган жиноятчиликнинг ижтимоий хоссаларини ўрганиб чиқиб, унга: «Муайян жойда муайян вақтда содир этилган барча жиноятлар мажмуи ҳамда ушбу жиноятларни содир этишда айбдор барча жиноятчилар мажмуи»6, деб таъриф беради.
Шу билан бирга, «жиноятчилик» тушунчасини унинг сифати ва мазмуни нуқтаи назаридан ўрганиш муҳимроқдир. Бу криминология предмети билан узвий боғлиқ. Жиноят ҳуқуқи, жиноят процесси ва умуман криминалистика жиноят шаклларини ўрганиш билан чекланади ва шу боисдан муайян қилмишни давлат томонидан тартибга солиш ва уни жиноят-ҳуқуқий, жиноят-процессуал ва криминалистика мезонларига кўра баҳолаш муаммоларини ишлаб чиқади.
Криминология эса, асосан жиноятчилик мазмунини (моҳиятини) ўрганади. Шу нуқтаи назардан «жиноятчилик» тушунчаси унинг жамият тараққиёти, энг аввало унинг ишлаб чиқариш ва тақсимлаш муносабатлари ҳолати билан боғлиқ объективлигини акс эттиради.
Жиноятчилик тушунчаси жамият тараққиётининг муайян босқичида, нафақат айрим ижтимоий хавфли қилмишлар, балки уларнинг муайян мажмуи мавжудлиги ва у бошқа ижтимоий ҳодисалар билан боғлиқлиги тушуниб етилганидан сўнг пайдо бўлди.
Бинобарин, жиноятчилик тушунчасининг мазмуни у нафақат объектив, балки ижтимоий ҳодиса, яъни кишилик жамияти ва унинг қонунлари билан боғлиқ эканлигини англатади. Шунинг учун ҳам жиноятчилик тушунчасига таъриф берган кўпгина муаллифлар унга энг аввало ижтимоий ҳодиса сифатида қарайди.
Жиноятчилик нафақат нисбатан оммавий, объектив ва ижтимоий, балки тарихан ўзгарувчан ҳодиса ҳамдир. Турли тарихий шароитда ва турли жамиятларда кишиларнинг айни бир ғайриижтимоий қилмишлари ҳар хил баҳоланган. Жиноятчилик ўз ижтимоий моҳиятига кўра ҳам, намоён бўлган жойига кўра ҳам ўзгарувчандир. Масалан, жиноятлар доираси нафақат турли ижтимоий-иқтисодий тузумларда, балки ҳатто айни бир тузумга мансуб давлатларда ҳам бир хил эмас. Боз устига, жиноятлар доираси айни бир тузумга мансуб бир давлат тарихида ҳам ўзгариб туради.
Ишлаб чиқаришнинг ривожланмаганлиги, жуда катта ҳудудда кам аҳоли яшаши ибтидоий одамни ўз хулқ-атворини уруғ ва қабила манфаатларига мослаштиришга мажбур этарди. Уруғдошлик жамияти шароитида яшаган одамларнинг кўп сонли авлодлари коллективизм, ўзаро ёрдам, тенглик, эркинлик, ҳалоллик, қариялар, беморларга ғамхўрлик туйғуларига асосланган урф-одатларни шакллантирдилар.
Аммо вақт ўтиши билан янги ишлаб чиқариш шаклларининг вужудга келиши, ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши иқтисодий, психологик ва ижтимоий ҳодисаларнинг ўзаро таъсири шунга олиб келдики, айрим ғайриижтимоий қилмишлар нисбатан оммавий ҳодисага айланиб қолди.
Жиноятчилик – шубҳасиз, ғайриижтимоий салбий ҳодиса. Ҳолбуки, криминология тарихида уни ижтимоий ижобий ҳодиса сифатида баҳолашга уринишлар ҳам бўлган. Масалан, XIX асрда яшаган таниқли социолог Эмил Дюркгейм жиноятчилик тараққиётни ҳаракатлантирувчи куч, у жамиятда муҳим фойдали функцияни бажаради7, деган фикрни илгари сурган.
Америкалик социолог Р.Мертон фикрига кўра, жиноятчилик – ижтимоий ҳаёт суръатлари жадаллашуви ҳисобига жамият тўлаши лозим бўлган ҳақдир.
Бошқа бир америкалик криминолог Танненбаум 1944 йилда Барнз ва Титерзнинг «Криминологиянинг янги уфқлари» номли китобига ёзган сўзбошисида: «Жиноятчилик – жамият каби абадийдир. Жиноятчиликка барҳам бериш мумкин эмас. Жиноятчилик – касаллик, ўлим каби абадий ҳодисадир», деб таъкидлаган эди8.
Немис криминологи Арманд Морген 1961 йилдаёқ «жиноят - қадим замонлардан бери мавжуд бўлган ва токи жамият мавжуд экан, ҳеч қачон йўқолмайдиган ҳодисадир», деб ёзган эди.
Айрим криминологлар жиноятчилик нафақат нормал, балки фойдали ҳодисадир, чунки у жамият аъзоларида ҳамжиҳатлик туйғулари мустаҳкамланишига кўмаклашади, деган фикрни илгари суради. Табиийки, бу фикрга қўшилиш қийин, чунки жиноятчи энг аввало ўзини бошқа шахсларга қарама-қарши қўяди, уларнинг манфаатларини муайян жиноий қилмиш билан бузади.
Ниҳоят, жиноятчилик – жиноят-ҳуқуқий ҳодисадир, чунки унинг таркибидан ўрин олган жиноятлар доираси амалдаги жиноят қонунчилигида белгилаб қўйилади. Биз жиноятчилик тўғрисида сўз юритганимизда, давлат томонидан тан олинган ижтимоий-хавфли ва ғайриҳуқуқий қилмишлар (ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик) мажмуидан келиб чиқамиз.
Жиноятчилик ўзининг ҳуқуқий белгиси билан бошқа ижтимоий ҳодисалар (ахлоқий нормалар)дан, жиноят-ҳуқуқий белгиси билан эса – бошқа, жиноят ҳисобланмайдиган жиноий (интизомий, маъмурий, фуқаролик-ҳуқуқий ва б.) ҳуқуқбузарликлардан фарқ қилади.
Шундай қилиб, жиноятчилик бир қанча ўзига хос белгиларга эгадир. Булар: нисбатан оммавийлик, тарихий ўзгарувчанлик, объективлик, ижтимоийлик, жиноят-ҳуқуқийлик, у ёки бу давлатда муайян даврда содир этилган барча жиноятларнинг умумий миқдори ва ҳ.к. Бошқача айтганда, жиноятчилик – муайян макон, минтақада маълум давр ичида содир этилган барча жиноятлар мажмуи кўринишидаги тарихан ўзгарувчан, салбий, объектив ва ижтимоий ҳодисадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |