2.2. Жиноятчилик кўсаткичлари
Жиноятчиликнинг ҳолати. Жиноятчилик уч асосий кўрсаткич ҳолати (даражаси), таркиби ва динамикаси билан ўлчанади. Бундан ташқари, жиноятчиликнинг етказилган зарар ҳажми ёки миқдори ва хусусияти каби қўшимча кўрсаткичлари ҳам фарқланади. Баъзан жиноятчиликка қарши кураш харажатлари ҳам жиноятчилик кўрсаткичлари қаторига киритилади.
Жиноятчиликнинг ҳолати тушунчасига икки: тор ва кенг нуқтаи назардан ёндашиш мумкин.
Кенг маънодаги жиноятчиликнинг ҳолати тушунчаси нафақат унинг даражасини, балки таркиби ва динамикасини ҳам қамраб олади.
Тор маънодаги жиноятчиликнинг ҳолати тушунчаси муайян даврда, тарихий босқичда жиноятчилик даражасини акс эттиради. Хўш, жиноятчиликнинг ҳолатига нима киради? Жиноятлар мажмуими ёки барча жиноятчилар мажмуими?
И.И.Карпец: «Жиноятчиликнинг ҳолати – содир этилган жиноятлар ва уларни содир этган шахслар миқдоридир»9, деб ёзган эди. Жиноятчиликнинг ҳолати тушунчасига умумий таъриф берилган ҳолда ушбу ёндашувга қўшилиш мумкин. Лекин адабиётларда жиноятчиликнинг ҳолати тушунчасини муайянлаштиришга уринишлар (шу жумладан жиноятчилик даражасини аниқлаш йўли билан) кузатилади.
Профессор Г.А.Аванесов шундай деб ёзади: «Жиноятчилик даражаси муайян ҳудудда содир этилган жиноятлар миқдоридан келиб чиқиб, шу ҳудудда яшайдиган аҳоли сонига нисбатан ҳисобланади». Даража кўрсаткичлари фақат нисбий рақамларда ифодаланади. Жиноятчилик даражасини янада аниқроқ аниқлаш учун бутун аҳолини эмас, балки вакиллари амалдаги жиноят қонунчилигига мувофиқ жиноят учун жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган ёш гуруҳларинигина ҳисобга олиш зарур10.
Айрим муаллифлар жиноятчиликнинг ҳолати ва даражасини аниқлашда муайян ҳудудда маълум вақт давомида содир этилган жиноятлар ва уларни содир этган шахслар тўғрисида сўз юритадилар.
Жиноятчиликнинг ҳолатини аниқлашда муайян давр ичида (фалон йилнинг фалон ойидан фалон йилнинг фалон ойигача) содир этилган жиноятлар эмас, балки муайян санага (даврга) қадар содир этилган жиноятлар кўрсаткичи олинса, ўринлироқ бўлади деб ўйлаймиз. Бу нафақат жиноятчиликнинг муайян санага қадар бўлган ҳолати тўғрисидаги масалани ечиш, балки жиноятчиликнинг муайян санага қадар бўлган ҳолатини жиноятчиликнинг муайян даврдаги динамикасидан фарқлаш учун ҳам зарурдир.
Жиноятчиликнинг ҳолати содир этилган барча жиноятлар ва уларни содир этишда айбдор шахслар миқдори билан белгиланади. Жиноятчиликнинг ҳолатини мутлақ миқдорда ҳам, коэффициент миқдорида ҳам аниқлаш мумкин.
Жиноятлар миқдорини аниқлашда қуйидагилар ҳисобга олинади:
а) суд ҳукми билан юритиш тугалланган жиноятлар;
б) айбдор шахслар жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган (амнистия бўйича ёки жиноий жазо тарбиявий йўсиндаги мажбурлов чоралари ёки тарбиявий йўсиндаги чоралар ёхуд маъмурий таъсир чоралари билан алмаштирилиши муносабати билан) жиноятлар;
в) очилмаган, лекин мавжуд маълумотларга кўра содир этилган жиноятлар.
Жиноятчиларнинг умумий миқдорини аниқлашда қуйидагилар ҳисобга олинади:
а) маҳкумлар ҳақидаги маълумотлар;
б) жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган шахслар ҳақидаги маълумотлар.
Йиғма тушунча бўлган жиноятчиликнинг ҳолати нафақат миқдорий белгилар, балки сифат белгилари, чунончи: таркибий хусусиятлари, жиноятлардан кўрилган зарар, иқтисодий, уюшган, такрорий ёки бошқа жиноятчилик даражаси билан ҳам тавсифланиши мумкинки, бу жиноятчилик таркибини таҳлил қилишда муфассалроқ ўрганилади.
Жиноятчиликнинг даражаси бир қанча коэффициентлар билан аниқланади. Коэффициентлар ҳар хил бўлиши мумкин, лекин улар орасида жиноятчилик, аниқроғи – жиноятлар коэффициенти ва аҳолининг криминоген зарарланганлик (криминогенлик) коэффициенти муҳим ўрин эгаллайди.
Жиноятчилик коэффициенти ҳисобга олинган барча жиноятлар умумий миқдори ва танланган минтақа аҳолисининг муайян масса (миқёс)га бўлинган умумий миқдори нисбати сифатида аниқланади.
Масса ёки миқёс – коэффициент ҳисобланаётган аҳолининг асосий миқдори. Одатда жаҳон криминология амалиётида у 100 минг кишига тенг деб олинади. Аммо масса (миқёс) ҳаракатчан категория бўлиб, муайян маъмурий ёки бошқа ҳудуд (муайян контингент, минтақа, республика, ўлка, вилоят, туман, шаҳар)да яшовчи аҳолининг умумий миқдорига қараб ўзгариши мумкин.
Масалан, Т. шаҳрида 1999 йилда мингта жиноят рўйхатга олинган. Шаҳар аҳолиси 3 миллион кишидан иборат. Жиноятчилик коэффициенти (ҳар 100 минг аҳолига) тахминан 333 ни ташкил этади.
Жиноятчилик коэффициентини ҳисоблаш формуласи:
Жиноятлар миқдори 100 минг (масса)
Кж =
Бутун аҳоли миқдори
Аҳолининг криминоген жиҳатдан зарарланганлик (криминогенлик) коэффициенти жиноятчилар (муайян даврда жиноят содир этган шахслар) умумий миқдори ва танланган масса (миқёс)га бўлинган ушбу ҳудудда яшовчи жиноий жавобгарлик ёшига (Ўзбекистон Республикаси ЖК бўйича – 14 ёшга) тўлган барча шахсларнинг нисбати сифатида аниқланади.
Масалан, ўша Т. шаҳрида 1999 йилда 900 жиноятчи – жиноят содир этган шахслар рўйхатга олинган. Шаҳар аҳолиси, 14 ёшга тўлмаган шахслардан ташқари, 200 кишидан иборат. Бунда аҳолининг криминогенлик коэффициенти ҳар 100 минг кишига нисбатан 450 га тенг бўлади.
Аҳолининг криминоген жиҳатдан зарарланганлик коэффициентини ҳисоблаш формуласи:
Жиноятлар миқдори 100 минг (масса)
Ккз =
14 ёшдан катта бўлган аҳоли миқдори
В.В.Лунеев «ХХ аср жиноятчилиги» китобида 1994 йил жаҳоннинг турли мамлакатларида рўйхатга олинган жиноятчилик коэффициентлари (ҳар 100 минг аҳолига нисбатан) ҳақида қуйидаги маълумотларни келтиради:
Финляндия - 14798
Швеция - 12620
Дания - 10524
Канада - 10351
Германия - 8037
Франция - 6782
Венгрия - 3789
Болгария - 2522
Польша - 2351
Россия - 1778
Япония - 1490
Португалия - 988
Хитой - 127
АҚШда энг оғир 8 жиноят бўйича жиноятчилик коэффициенти 53714 ни ташкил этади.
Ироқлик олим М.Раишаҳрий келтирган маълумотларига кўра, бир йилда (1989) Ер юзида рўйхатга олинган жиноятларнинг умумий миқдори 500 миллионга етган. Агар шу суръат сақланиб қолса, XXI асрнинг биринчи ярмида бу рақам миллиарддан ошиб кетиши мумкин.11 В.Лунеев маълумотларига кўра, охирги 25 йил ичида жаҳонда жиноятчилик ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 4 баравар кўпайган.
Ниҳоят, «латент», яъни «яширин» жиноятчиликсиз жиноятчиликнинг ҳолати умумий тушунчасининг тавсифи тўлиқ бўлмайди, деб ўйлаймиз.
Латент жиноятчилик умуман олганда икки қисмдан иборат.
Биринчи қисм ҳисобга олинмаган ёхуд давлат идоралари, аввало ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан рўйхатга олинмаган жиноятларни қамраб олади. Бу асосан жиноятлар ҳисобини юритиш ва уларни рўйхатга олиш қониқарсиз ташкил этилганлиги натижасидир. Аммо жиноятлар ҳақидаги ҳар хил ахборотларни ҳисобга олишдан ҳар хил сабабларга кўра (аввало муайян қонунбузарликлардан холилик муҳитини сохта равишда вужудга келтириш учун) онгли тарзда яшириш ҳолатлари ҳам учраб туради.
Давлат органлари томонидан рўйхатга олинадиган жиноятлар «музтоғ» («айсберг»)нинг сув юзасидаги қисми эканлиги, унинг тўртдан уч қисми яширинлиги умум эътироф этилган. Масалан, ўғриликлар сони жуда кўплиги шубҳасиз. Лекин амалда ҳар уч ўғриликдан бири рўйхатга олинади.
Латент жиноятчиликнинг иккинчи қисми амалда мавжуд бўлган ва кўпчилик жиноят сифатида қабул қиладиган, лекин ҳозиргача давлат томонидан жиноят сифатида расман тан олинмаган ижтимоий хавфли қилмишлардан иборат. Илгари амал қилган аналогия институти, гарчи бу қонунийликка зид бўлса-да, қонунчиликдаги муайян камчиликлар ўрнини тўлдириш имконини берарди. Маълумки, 1959 йил ЎзССР Жиноят кодекси қабул қилинганидан сўнг, аналогия, яъни муайян моддада муфассал ёки тўғридан-тўғри назарда тутилмаган қилмишни жиноий деб топиш бекор қилинди.
Масалан, экология соҳасидаги жиноий қилмишлар, «халқаро» жиноятлар, «оқёқалилар»нинг жиноий қилмишлари (мансабдорлик жиноятларининг ҳар хил турлари), аксарият иқтисодий жиноятлар (ноқонуний кредитлаш, даромадни ҳисоб ва солиқдан яшириш, корхона учун фойдасизлиги аён битим тузиш, сохта корхона ташкил этиш, нарх-навони сунъий тарзда ошириш, қалбаки товарлар чиқариш ва б.) ва компьютер жиноятчилиги асосан латент (яширин) бўлиб қолаётир. Уларни криминологик жиҳатдан ҳар томонлама ўрганиш ва уларнинг жиноят-ҳуқуқий кўрсаткичларини аниқлаш ҳозирги даврнинг мушкул ва долзарб вазифаларидан биридир. Зотан, латентлик ҳодисаси жуда кўп салбий оқибатларга сабаб бўлади. У жиноятчиликнинг ҳақиқий миқёси, шакллари ва таркиби, жамият, давлат ва фуқароларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг миқдори ва хусусияти ҳақида нотўғри тасаввур беради. Латентлик натижасида жиноятлар содир этилишига имконият яратувчи барча ҳолатларни аниқлаш, жиноят учун жазонинг муқаррарлиги принципини рўёбга чиқариш қийинлашади, жиноятчиларда ва аҳолининг бошқа қатламларида жазосизлик туйғуси шаклланади, давлат ва жамиятнинг турли минтақаларда ва бутун давлат миқёсида жиноятчиликни прогноз қилиш имконияти чекланади, бу эса жиноятчиликнинг олдини олиш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |