Компьютер техникаси, реклама иши соҳасидаги жиноятлар, ёшлар ва вояга етмаганлар жиноятчилиги ҳамда ичкиликбозлик негизидаги жиноятчиликка қарши кураш
Компьютертехникаси, реклама иши соҳасидаги жиноятлар, ёшлар ва вояга етмаганлар жиноятчилиги ҳамда ичкиликбозлик негизидаги жиноятчиликка қарши кураш вазифалари ҳам мустақил роль ўйнаётир.
Миллий криминологиямизда яна бир ғайриижтимоий ҳодиса – наркожиноятчилик узил-кесил қарор топди. Бу ҳодисага қарши курашнинг муҳимлигини тасаввур қилиш учун икки омилни кўрсатиб ўтиш кифоя деб ўйлаймиз. Расмий статистика маълумотларига кўра, ижтимоий хавфли қилмишлар умумий таркибида наркожиноятчилик тахминан 15 фоизни ташкил этади. Ҳолбуки, гиёҳвандлик ҳамда гиёҳвандлик моддалари билан ғайриқонуний муомалада бўлиш ўта яширин жиноятлар қаторига киради. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда наркожиноятчиликнинг ўсиш тенденцияси кузатилмоқда.
Иккинчидан, илмий таҳлил гиёҳвандлик моддалари истеъмол қилувчиларнинг учдан икки қисмидан кўпроғини 30 га тўлмаган ёшлар ташкил этишини кўрсатади. Ваҳоланки, аҳолининг бу тоифаси ижтимоий тараққиётни белгиловчи ишлаб чиқариш кучларининг ўзаги ҳисобланади.
Бу ерда яна бир муҳим янги ҳолатни ҳисобга олиш лозим. Ижтимоий-иқтисодий тузумнинг тубдан ўзгариши, янги халқаро муносабатлар ва умумий алоқалар ривожланиши муносабати билан мамлакатимиз Шарқдан Ғарбга, Жанубдан Шимолга гиёҳвандлик воситалари йўллари ўтадиган ўзига хос «транзит йўлаги»га айланиш хавфи мавжуд.
Бу ҳамда бу ерда қайд этилмаган бошқа омиллар гиёҳвандлик воситаларининг тарқалиши ва истеъмол қилинишига қарши кураш борасидаги олдинги ёндашувларни жиддий қайта кўриш зарурлигидан далолат беради.
Тиббиёт – ижтимоий муносабатларнинг алоҳида соҳаси. Унинг ўзига хослиги шундан келиб чиқадики, жамият инсонсиз фаолият кўрсата олмайди. Инсон – жамиятнинг ўзаги.
Бироқ инсон омили серқиррадир, шу боис уни турли фанлар ўрганади. Инсон (ҳозирги вақтгача) ақлли, онгли жонзот сифатида унинг яшаш, меҳнат қилиш, кўпайиш ва бошқа қобилиятлари турли нуқтаи назаридан қизиқиш уйғотади. Жамият инсоннинг бу қобилиятларини сақлаш ва ривожлантириш, бунинг учун зарур шарт-шароит яратиш ҳақида ғамхўрлик қилиши лозим. Инсон ҳаёт фаолиятини ҳуқуқий, шу жумладан жиноят-ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари шуни тақозо этади.
Афсуски, бу жиҳат ҳуқуқ фанида энг кам ўрганилган жиҳатлардан бири бўлиб қолаётир. Бугунги кунда «биринчи қалдирғочлар» туғилиб, ўз норматив-ҳуқуқий шакл-шамойилларини касб этишга ҳаракат қилмоқда. Биз бу ерда яқиндагина пайдо бўлган янги фан тармоғи – тиббиёт ҳуқуқини назарда тутяпмиз.
Тиббиётни жиноят-ҳуқуқий воситалар билан ҳимоя қилиш масаласига келсак, собиқ Иттифоқ ҳамда янги суверен ва мустақил давлатлар жиноят қонунчилиги тарихи айрим махсус нормалар билангина чекланган. Ҳолбуки, бу соҳада муаммолар анчагина. Айрим муаммолар ечилмаган ёки умуман қўйилмаган. Бунда айрим йўналишларда тиббиёт маълумотлари ҳозирги шароитда сезиларли даражада ўзгаргани ва бойиганлигини ҳам ҳисобга олиш лозим. Хусусан, инсон органлари ва тўқималарини трансплантация қилиш муаммолари алоҳида диққатга сазовор.
Жиноятчиликка қарши курашнинг ҳар қандай шакллари замирида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ётиши лозим. Бу, ўз навбатида, илмий асосланган чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ўз вақтида ва самарали амалга оширишни тақозо этади. Бунда тажрибани ўрганиш, ундан ер куррасининг турли минтақаларида ва умуман жаҳон мамлакатларида жиноятчиликка таъсир ўтказиш чора-тадбирлари соҳасида фойдаланиш мезонларини белгилаш мумкин ва лозим. Барча ижтимоий субъектлар (давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маданият, таълим, фан, тарбия муассасалари, шу жумладан оила, микромуҳит ва ҳ.к.)нинг имкониятларидан ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга барҳам бериш воситалари (усуллари, чора-тадбирлари)дан фойдаланиш ҳолати ҳамда унинг истиқболларини теран таҳлил қилиш лозим. Жамият бу борада ўз «заҳиралари»га эга. Масалан, биз оммавий маданият ва ахборот воситаларининг жиноятчиликка қарши курашдаги аҳамиятига ҳозиргача кам эътибор берамиз.