Криминологияда виктимликни ўрганиш ва унинг олдини олиш вазифаси ҳам алоҳида диққатга сазовор. Бу ерда жиноятларнинг барча турлари бўйича теран таҳлил ҳамда виктимликнинг олдини олиш юзасидан илмий асосланган тавсиялар зарур. Бунда жиноятлардан жабрланганларнинг пассив хулқ-атвори сабабларини ўрганиш ва аниқлаш, уларни тизимга солиш ва таснифлаш мақсадга мувофиқдир.
Айни вақтда, жиноятларни провокация қилиш (ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан, масалан, товламачилик йўли билан пора ундиришда; жиноятлардан жабрланганлар томонидан, масалан, номусга тегишда)ни ўрганиш ва олдини олиш муаммоларини ҳар томонлама тадқиқ қилиш фурсати етди.
Бундан ташқари, ҳозирги шароитда ижтимоий адолатни тиклаш, айниқса, жиноий қилмишлардан кўрилган маънавий, моддий ва жисмоний зарарни қоплаш муаммоларини ўрганиш зарурати ҳам туғилди.
Ниҳоят, қиёсий криминология асосларини ишлаб чиқиш лозим, чунки жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида жиноятчиликка қарши кураш муаммоларига дуч келинмоқда. Бу ерда умумий вазифалар бисёр.
Жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тўғрисидаги қонунчилик асосларини яратиш, нафақат ҳуқуқшуносларга, балки бошқа мутахассисларга ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарларига криминология ҳамда жиноятларнинг олдини олиш асосларини ўргатиш фурсати етди. Бозор муносабатлари ва алоқаларини тартибга солишда ҳуқуқий нормалар ролининг кучайиши шуни тақозо этмоқда. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бу муҳим давлат фаолиятини дастурлаштириш ва режалаштириш шартлари ва тартибини, маблағлар ва кадрлар билан таъминлаш манбаларини, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш органларининг жамоат бирлашмалари, айрим фуқаролар ёки уларнинг вакиллари билан ўзаро алоқа қилиш тартибини белгилаши лозим.
Шу муносабат билан умуман ҳуқуқбузарликларга, айниқса жиноятларга қарши кураш соҳасида жамоатчилик иштирокининг ҳуқуқий ва процессуал асослари аввало шахсий хавфсизликни амалда таъминлаш, фуқароларни жамият ва давлат номидан моддий ва маънавий рағбатлантириш нуқтаи назаридан тубдан қайта кўрилиши керак.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимида, аввало Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, прокуратура ва суд органларида, солиқ, божхона ва чегара хизматларида жиноятларнинг олдини олиш бўйича махсус бўлимлар ва хизматлар барқарор ва изчил хусусиятга эга бўлиши лозим.
Жиноятчиликнинг олдини олиш, унга барҳам бериш пировард натижада профессионал кадрларга боғлиқ. Давлат органларининг нормал фаолият кўрсатиш учун бундай мутахассисларни, бутун кадрлар аппаратини сақлаш ва барча зарур нарсалар билан таъминлашга куч ва воситалар аялмаслиги керак.
Бугунги кунда нафақат маркетинг, аудит, менежмент соҳасида, балки ҳарбий прокуратура, солиқ, божхона, чегара ва бошқа хизматларда ҳам кадрлар тақчиллиги сезилмоқда. Демак, давлатнинг қонун устуворлигини, жамоат тартиби ҳамда ҳуқуқий тартибнинг барқарорлигини таъминлаши лозим бўлган давлат органлари учун юристлар тайёрлаш сиёсатига жиддий ўзгаришлар келтирилиши лозим. Ҳуқуқий давлат фақат ва фақат қонунга бўйсунадиган давлат органларининг пухта ташкил этилган тизими ва механизмига эга бўлиши керак.
Юридик олий ўқув юртларининг режа ва дастурларига ҳам ўзгартишлар киритилиши лозим.
Қонунийлик ва ҳуқуқий тартибот учун курашда фуқаролик жамияти давлатга яқиндан ёрдам бериши даркор. Бу муҳим соҳада давлат дастурини амалга ошириш учун жиноятчиликнинг олдини олишнинг барча субъектлари масъулдирлар.
Кўрсатилган ва бошқа муаммоларнинг ечимларини назарий ва методологик жиҳатдан асослаш криминология фани учун оғир, бироқ шарафли вазифа.
Do'stlaringiz bilan baham: |