назарий жиҳатдан шаклланган табиатшуносликка бўшатиб бера бошлади. Айни бир
вақтда фалсафий билимларнинг ўзида бўлиниш юз бера бошлади.
Ҳозирги замон фалсафаси доирасида кўпинча қуйидаги мустақил соҳаларни
ажратишади:
фалсафа тарихи, онтология - борлиқ тўғрисидаги
таълимот,
гносеология
(эпистемология) - билиш тўғрисидаги таълимот,
аксиология - қадриятлар тўғрисидаги
таълимот,
фалсафий антропология - инсон тўғрисидаги таълимот,
ижтимоий фалсафа –
жамият тўғрисидаги таълимот,
мантиқ – тафаккур қонунлари ва шакллари тўғрисидаги
таълимот,
этика – ахлоқ тўғрисидаги таълимот,
эстетика – гўзаллик тўғрисидаги
таълимот.
Шунингдек табиатшунослик фалсафаси,
дин фалсафаси, ҳуқуқ фалсафаси, фан
фалсафаси, техника фалсафаси, тарих фалсафаси, маданият фалсафаси, сиёсат фалсафаси,
глобал муаммолар фалсафаси каби бугунги кунда мустақил фан мақомини олиш билан
бир бутун йўналишларга ажралган. Уларнинг ҳар бирининг ўз тушуниш аппарати ҳамда
муаммони ҳал қилишнинг ўзига хос усуллари бор.
У ёки бу фалсафий фаннинг ривожланиш даражаси турличадир. Улардан баъзилари
(масалан, онтология) фалсафа ибтидосида вужудга келган бўлса, бошқалари (глобал
муаммолар фалсафаси ёки техника фалсафаси) ХХ аср маҳсулидир.
Фалсафа фанининг муаммолари ўз хусусиятларига кўра, умумий ёки хусусий,
азалий ёки ўткинчи бўлиши мумкин. Азалий муаммолар инсоният пайдо бўлган даврдаёқ
вужудга келган бўлиб, токи одамзод мавжуд экан, яшайверади. Чунки инсоният
тараққиётининг ҳар бир босқичида ушбу муаммолар янгидан кун тартибига қўйилаверади.
Олам ва одам муносабатлари, дунёнинг мавжудлиги, ундаги ўзаро алоқадорлик ва
тараққий этиш, инсоният ҳаётидаги адолат ва ҳақиқат, яхшилик ва ёмонлик,
уруш ва
тинчлик, умрнинг мазмуни, табиат ва жамият тараққиётининг асосий тамойилллари билан
боғлиқ кўпдан-кўп масалалалар фалсафа ва фалсафий билим соҳаларининг умумий ва
азалий муаммолари сирасига киради.
Фалсафада оламнинг асосида нима ётади, уни воқе этиб турган нарсанинг моҳияти
нимадан иборат, деган масалалар ниҳоятда узоқ тарихга эга. Қадимги Юнонистон ва
Римда бу масала “субстанция” тушунчаси ва унинг мазмуни қандай тушунилишига қараб
ўзига хос ифодаланган. “Субстанция” деганда олам ва дунёдаги нарсаларнинг моҳияти
тўғрисида фикр тушунилган. Юнонистон файласуфи ва математиги Пифагор, ҳамма нарса
сонлардан ташкил топган, деган бўлса, Афлотун субстанция- ғоялардир, деган, Демокрит
эса, оламнинг асосида атомлар ётади, деб тушунтирган.
Фалсафий муаммолар борлиқнинг асосий масалаларига тааллуқли бўлганлигидан улар
«абадий» муаммолар деб аталадиган туб масалаларига мансубдир. Фалсафий
муаммоларнинг «абадий»лиги, уларни ҳал қилиб бўлмаслиги ва уларни ҳал қилиш
бефойдалигини англатмайди. У барча давр ва барча авлодлар учун муаммони узил-кесил
ҳал қилиб бўлмаслигини билдиради. Ҳар бир тарихий давр, инсонларнинг ҳар
бир янги
авлоди учун бу муаммолар қайтадан туғилади. Масалан, ҳақиқий билимга эришиш
муаммоси ёки қадриятлар муаммосини олайлик. Улар турли тарихий даврларда мазкур
даврнинг ўзига хос ижтимоий жараёнларига боғлиқ ҳолда ҳар хил мазмун билан
тўлдирилган. Улар инсоннинг дунёга бўлган асосий (билишга ва қадриятларга доир)
муносабатларига тааллуқли бўлиб, ҳамиша зарурий равишда башарият олдида янги
кўринишда албатта пайдо бўлади. Билиш ва тараққиёт табиатининг
чексизлиги туфайли
инсоният ҳамиша ҳақиқатга эришишга ошиқади, янги орзуларни рўёбга чиқариш ва
қидириш йўлларини такомиллаштиришга интилади, ҳамиша эски ва янги қадриятлар
тўғрисидаги саволларга дуч келади. Агар ХIХ аср немис файласуфи Е.Дюринг айтганидек,
шундай лаҳза етиб келсаки, унда башарият ўзини ҳамма нарсани биладиган ва энди
билмайдиган нарсаси қолмаган ҳамда «охирги мутлақ ҳақиқат» эришдим деб ҳисобласа,
унда у маънавий мукаммалликка интилмай қўяди ва янги орзуларни қидиришни беҳуда
машғулот деб билади ва эҳтимолки, бу билан башариятнинг маънавий ўлими
яқинлашади.
Қайси фалсафий муаммо - бош, етакчи муаммо эканлиги файласуфларни ҳамиша
қизиқтириб келган. Айрим
файласуфлар буни Худони билиш, бошқалари - инсонни
билиш, учинчилари - дастлабки борлиқни аниқлаш, тўртинчилари - дунёнинг қадриятли
ўлчови ва ҳоказоларни билишда деб билганлар. Фалсафанинг асосий муаммолари
мавжудми, агар мавжуд бўлса, улар нималардан иборат?
Барча фалсафий муаммоларни учта асосий гуруҳга тақсимлаш ва қуйидаги саволлар
билан ифодалаш мумкин:
1.
Дунё нима?
2.
Инсон нима?
3.
Дунё билан инсон ўртасидаги муносабатлар нимадан иборат?
Агар биз ҳар қандай фалсафий муаммони оладиган бўлсак, у албатта мана шу учта
фалсафий масаладан биттасига даҳлдордир.
Шундай қилиб, фалсафанинг марказий масаласи бўлган инсоннинг дунёга муносабати
унинг мавзуси ҳамда инсон табиатида мавжуд бўлган дунёқарашидан келиб чиқади. Бу
ерда, «дунё-инсон» тизими тўғрисида
гапирганда, «дунё» ва «инсон»ни уларанинг ўзаро
қарама-қарши томонларини қайд этувчи жуда кенг фалсафий тушунча эканлигини назарда
тутиш керак. Шу боис мазкур контекстда улар «Мен» ва «Мен – эмас», «субъект» ва
«объект», «макрокосмос» ва «микрокосмос», «ички дунё» ва «ташқи дунё», «руҳ» ва
«табиат», «онг» ва «материя», «тафаккур» ва «борлиқ», «ғоявий» ва «моддий» каби турли
давр ҳамда ҳар хил фалсафий тизимларда инсоннинг дунёга нисбатан қарашлари акс
эттирилган бўлиб, улар бинар оппозицияларга тенгдир.
«Дунё» – инсон» муаммосининг мазмуни марказий фалсафий муаммо сифатида у ёки
бу тарихий даврнинг етакчи йўналишлари (тенденциялари) мазмуни билан боғлиқдир.
Жамиятда устувор муаммолар ўзгарганида мазкур муаммо мазмунига нисбатан урғу,
таъкид ҳам ўзгаради. Бу урғулар у ёки бу тарихий давр файласуфларининг диққат маркази
нимага қаратилганлигининг ифодаси ҳисобланади. Бошқача айтганда, «дунё-инсон»
муаммоси у ёки бу давр фалсафий тафаккури йўналишини (парадигма) ифодалайдиган ўз
тарихий шаклларига эга.
Турли фалсафий йўналишларни ҳар хил асослар: етакчи фалсафий муаммолар (ибтидо
муаммоси, дунёни билиш муаммоси ва бошқалар)га муносабат, усул, мавзу асоси, классик
мерос ва башқаларга муносабат бўйича гуруҳлаштириш мумкин.
Бу масалаларнинг қай тарзда ҳал қилинишига қараб фарқланадиган монизм, дуализм,
плюрализм, материализм ва идеализм каби қатор фалсафий қарашлар шалланган.
Do'stlaringiz bilan baham: