МАВЗУ: БИЛИШ НАЗАРИЯСИ
РЕЖА:
1.Билиш – гносеологиянинг асосий категорияси.
2.Билиш ва илмий билишнинг моҳияти ва услублари.
3.Гносеологияда ҳақиқат тушунчаси
Билиш ва билим
Билишнинг моҳияти, шаклланиш ва ривожланиш қонуниятляри, хусусиятларини ўрганиш фалсафа тарихида муҳим ўрин эгаллаб келмокда. Инсон ўз билими туфайли борлиқ, табиат, жамиятни ва ниҳоят, ўз-ўзини ўзгартиради. Билишга қаратилган инсон фаолиятини ва уни амалга оширишнинг энг самарали усуларини тадбиқ этиш фалсафа тарихида муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳам фалсафанинг билиш масалалари ва муаммолари билан шуғулланувчи махсус соҳаси — гносеология вужудга келди.
Инсон билиши ниҳоятда кўп киррали, мураккаб ва зиддиятли жараёндир. Гнесеология асосан, билишнинг фалсафий муаммоларини ҳал этиш билан шуғулланади. Ҳар бир тарихий ва жамиятнинг ривожланиш эҳтиёжларидан келиб чиқиб, гносеология олдига янги вазифалар қўяди. Хусусан, XVII аср ўрталарида европалик файласуфлар илмий билишнинг аҳамияти, ҳақиқий илмий билишлар ҳосил қилишнинг усулларини ўрганиш, илмий ҳақиқат мезонини аниқлаш билан шуғулландилар. Тажрибага асосланган билимгина ҳақиқий билимдир, деган ғояни олга сурдилар.
XVIII аср мутафаккирлари илмий билишда инсон ақли имкониятларига, рационал билишнинг ҳиссий билишга нисбатан устунлигига алоҳида урғу бердилар. Буюк немис файласуфи И. Кант билиш натижаларининг ҳақиқийлиги хусусида эмас, балки инсоннинг билиш қобилиятлари ҳақида баҳс юритди. Гносеология олдида инсон оламни била оладими, деган масала кескин қўйилди. Инсоннинг билиш имкониятларига шубҳа билан қарайдиган файласуфлар агностиклар деб аталадилар.
Билиш нима?
Билиш инсоннинг табиат, жамият ва ўзи тўғрисида билимлар ҳосил қилишга қаратилган ақлий, маънавий фаолият туридир. Инсон ўзини қуршаб турган атроф-муҳит тўғрисида билим ва тасаввурга эга бўлмай туриб, фаолиятнинг бирон-бир тури билан муваффақиятли шуғуллана олмайди. Билишнинг маҳсули, натижаси илм бўлиб, ҳар қандай касб-корни эгаллаш фақат илм орқали рўй беради. Шунингдек, билиш инсонгагина хос бўлган маънавий эҳтиёж, ҳаётий заруриятдир.
Инсоният кўп асрлар давомида орттирган билимларини умумлаштириб ва кейинги авлодларга бериб келганлиги туфайли ҳам ўзи учун қатор қулайликларни яратган. Инсон фаолиятининг ҳар қандай тури муайян илмга таянади ва фаолият жараёнида янги билимлар ҳосил қилинади.
Кундалик фаолият жараёнида тажрибалар орқали билимлар ҳосил қилиш бутун инсониятга хос бўлган билиш усулидир. Билимлар бевосита ҳаётий эҳтиёждан, фаровон ҳаёт кечириш заруратидан вужудга келган ва ривожланган. Инсониятнинг анча кейинги тараққиёти давомида илмий фаолият билан бевосита шуғулланадиган ва илмий назариялар яратувчи алоҳида социал гуруҳ вужудга келади. Булар илм-фан кишилари бўлиб, илмий назариялар яратиш билан шуғулланадилар.
Билишнинг икки шакли: кундалик (эмпирик) билиш ва назарий (илмий) билиш бир-бирида фарқланади.
Кундалик билиш усуллари ниҳоятда хилма-хил ва ўзига хос бўлиб, бундай билимларни системалаштириш ва умумлашган ҳолда кейинги авлодларга, бериш мушкулдир. Ҳозирги Ғарб социологиясида халқларнинг кундалик билим ҳосил қилиш усулларини ўрганувчи махсус соҳа - этнометодология фани вужудга келди. Гносеология асосан назарий билиш ва унинг ривожланиш хусусиятларини ўрганиш билан шуғулланади. Назарий билишнинг объекти, субъекти ва предметини бир-биридан фарқлаш муҳим.
Do'stlaringiz bilan baham: |