1.3. Синаш усуллари ва воситалари
Бино, иншоот ва тузилмаларни синашдан асосий мақсад уларнинг юк кўтариш қобилияти, бикрлиги ва ёриқбардошлигини аниқлашдир. Синов реал тузилмаларда, макет ёки моделларда ҳам ўтказилиши мумкин. Синов иншоотлари ва уларни юклаш усуллари синов олдига қўйилган вазифаларга мувофиқ танланади.
Реал объектларни синашда эксплуатация қилинаётган конструкцияларнинг ҳақиқий ишчи ҳолатини аниқлаш вазифаси белгиланиши мумкин. Бунда бузмасдан синаш усуллари кенг қўлланилади. Тажриба учун танланган тузилмаларни бузмасдан синаш усуллари билан бир қаторда бузиб синаш ҳам ўтказилади. Бунда синов иншоот тузилмаси юк кўтариш қобилиятини йўқотгунча давом эттирилади.
Макет - синов объектининг соддалаштирилган ҳолатини акс эттиради. Макет ва модел кўринишидаги синов объектлари илмий-тадқиқот ишларида кенг қўлланилади.
Модел - синов объекти ёки унинг бир қисмини маълум бир масштабда акс эттиради. Ўхшашлик назариясини қўллаган ҳолда моделлар билан ҳақиқий иншоот параметрлари ўртасида сонли боғланиш ўрнатиш лозим бўлади. Реал бино, иншоот ва тузилмаларнинг текшируви билан боғлиқ бўлган синовлар натуравий объектларда ўтказилади.
Синов усулини аниқ тамойилларга асосланган синов қоидалари мажмуи белгилайди. Бу қоидалар бўйича ташқи таъсирни ҳосил қилиш, ўлчов ускуналарини танлаш, натижаларни қайта ишлаш услублари ишлаб чиқилади. Синовларни ўтказиш катта моддий ҳаражатлар билан боғлиқ бўлгани ҳамда синов жараёнида қимматбаҳо дастгоҳ ва ускуналар ишлатилиши сабабли, синовни ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш лозим.
Тажриба учун танланган объектлар синов полигонларидаги синов стендларида, реал эксплуатация шароитига яқин шароитларда ўтказилади. Синов объектини белгиланган ҳолда ўрнатиш, юклама ҳосил қилиш, асбоблардан саноқ олиш ва синов жараёнини бошқариш учун махсус синов стендларидан фойдаланилади. Макет ва моделда синаш илмий-тадқиқот институтларининг лабораторияларида, стандарт синов ускуналарида ўтказилади. Синов ўтказиш олдидан техник топшириқ (ишчи дастур) тузилади ва бунда синовнинг мақсади, синов қурилмаси билан ишлаш хавфсизлиги қоидалари ҳамда зарурий техник ҳужжатлар келтирилади. Асосий эътиборни меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникасига қаратиш лозим. Сўнгра синов объектини синовга тайёрлаш босқичи, яъни юклаш тузилмалари ва ўлчов ускуналари ўрнатиш амалга оширилади. Агар синовдан сўнг синов объекти эксплуатацияга топшириладиган бўлса, синовни шундай ташкил қилиш керакки, синовдан сўнг ҳам объект ишга яроқли ҳолатда бўлиши лозим. Бундай вазиятда синов юкламасининг миқдори белгиланган чегарадан ошмаслиги лозим. Агар синов иншоотни бузишгача олиб бориладиган бўлса, юкламанинг юқори чегараси белгиланмайди. Лекин бузувчи куч миқдорини аниқлаш, иншоотга синов юкламасини берувчи тузилмалар ва ўлчов асбобларини танлаш учун олдиндан ҳисоблар ўтказилади.
Иншоотларга синов юкламаси динамик ва статик усулларда берилиши мумкин. Конструкцияда жойлашиш шаклига кўра юкламалар келтирилган, чизиқли ва юза бўйича тақсимланган турларга бўлинади.
Амалда ҳар қандай юкланиш жараёни қандайдир вақт оралиғида амалга ошади. Шунинг учун ҳақиқий статик юкланиш мавжуд эмас. Юкламани вақт бўйича қўйилиш тавсифини баҳолаш учун юкламанинг энг катта қийматига етиш вақти билан қаралаётган объектнинг хусусий тебраниш даврини солиштириш лозим. Агар юкламанинг миқдори чизиқли ўзгарса ва ўзининг энг катта қийматига қандайдир вақт оралиғида эришса ва у иншоотнинг хусусий тебраниш даври Т билан /Т>10 муносабатда бўлса, юкланиш жараёнида куч инерциясининг таъсири етарли даражада кичик ҳисобланади. Динамик коэффициент К∂ нинг қиймати 1,03 дан ошиб кетмайди, яъни
К∂=У∂/Ус 1,03 (1.1)
бу ерда: Ус - конструкциянинг статик юкламадан ҳосил бўлган салқилиги; У∂ - конструкциянинг динамик юкламадан (юкланиш тезлигини ҳисобга олгандаги) салқилиги. Бундай вазиятда конструкция статик усулда юкланган деб ҳисобланиши мумкин.
Динамик юкламаларнинг турлари жуда хилма-хилдир. Улар ўзгарувчан амплитудали ва ўзгармас амплитудали бўлиши мумкин. Ўзгармас амплитудали динамик юкламаларнинг қиймати вақт бўйича муайян қонун асосида ўзгаради. Бундай юкламалар мувозанатлашмаган массали механизмлар, генераторлар, электр моторлар ва шамоллатгичлар иши натижасида ҳосил бўлади.
Ўзгарувчан амплитудали динамик юкламаларнинг ўзгариш тавсифи синов ўтказгунга қадар номаълум бўлади.
Динамик юкламалар ҳаракатланувчи ва қўзғалмас бўлади. Стационар ўрнатилган ускуналар таъсиридан ҳосил бўлгани қўзғалмас ҳамда одамлар, электрокаралар, кранлар ҳаракатидан ҳосил бўлгани эса ҳаракатланувчи юкламалар ҳисобланади.
Динамик юкламалар ўз қийматининг вақт бўйича ўзгаришига қараб, даврий ва нодаврий, гармоник ҳамда ва импульсли турларга бўлинади.
Назорат саволлари
1. Бино ва иншоотларни текшириш қандай босқичларда амалга оширилади?
2. Синаш усуллари ва воситалари нималарни ўз ичига олади?
3. Иншоотни моделларда ва макетларда синашнинг моҳияти нималардан иборат?
Do'stlaringiz bilan baham: |