2-маъруза
Мавзу: Тажриба жараёнида юкларни қўйиш воситалари ва усуллари юкламаларни ҳосил қилиш йўллари
Машғулот режаси:
Лаборатория синовлари
Синов стендлари
Сув ёрдамида юклама ҳосил қилиш
Лаборатория шароитида намуналарни синаш учун стандарт синов ускуна (пресс) лар ва синов машиналари қўлланилади. Синов юкламаларини ҳосил қилиш учун донадор юклар, сочилувчи материаллар, сув билан тўлдирилган идишлар, пневматик ёстиқлар, гидравлик ва винтли домкратлар ҳам қўлланилади.
Донадор юклар сифатида металл қуймалар, тошлар, бетон ва темирбетон блоклар қўлланилади, Улар синов олдидан тортилади ва тамғаланади. Синов жараёнида ташқи таъсирларга қўйиладиган асосий талаб - уларнинг синов стандарти ёки синов дастури талабларига мувофиқ бўлиши, вақт бўйича ўзгармаслиги ҳамда уларнинг миқдорини назорат қилиш осон ва содда бўлишидир.
Конструкция ва иншоотларга таъсир этаётган реал ташқи юкларни синов жараёнида ҳосил қилиб бўлмайди ёки бу катта меҳнат талаб қилади. Шу сабабли иншоот юзаларига ёки тугунларига тушаётган реал юклар синов жараёнида келтирилган юклар билан алмаштирилади. Синов моделига қўйилган келтирилган юкларнинг таъсири реал конструкцияга қўйилган юклар таъсирига қанчалик мувофиқ келса ёки ишончли моделлаштирса, келтирилган юклар шунчалик самарали танланган бўлади.
Конструкцияларни синашда келтирилган юкламани ҳосил қилиш учун лаборатория шароитида ва синов полигонларда домкратлардан фойдаланилади. Улар ёрдамида зарур йўналишларда ва миқдорда юкламани ҳосил қилишнинг қулайлиги ҳамда ўзининг ихчамлиги билан эътиборлидир. Синов амалиётида электр юритмали ва қўл билан ҳаракатлантириладиган гидравлик домкратлар кенг қўлланилади.
Домкратлар ёрдамида 1000 кН гача юклама ҳосил қилиш мумкин. Уларнинг поршени 100315 мм оралиқда ҳаракатлана олади. Бетон ва темирбетон илмий текшириш институти (Москва) да домкратлар ёрдамида 40000 кН гача юклама бера оладиган синов машинаси яратилган.
Синовдан олдин ҳар бир манометр 0,2 аниқлик синфидаги намунавий манометр билан солиштирилади. Ҳар бир домкрат, сўрғич тизими ва гидротизим биргаликда эталон динамометрларда мажбурий текширишдан ўтказилиши лозим. Конструкциялар синовида стационар ёки вақтинчалик стендлардан фойдаланилади. Энг содда ҳолда стенд синалаётган тузилма ўрнатиладиган таянч ва юклаш тузилмаларидан ташкил топади.
Вақтинчалик йиғма стендлар металл фермалардан иборат бўлиб, конструкция билан юклаш ускуналари шундай ўрнатиладики, натижада улар йиғма ферма таянаётган асосга юк бермайди.
Стационар стендлар, одатда мустаҳкам темир бетон пойдеворга жойлашган монолит темир бетон ёки метал тузилмалардан ташкил топади. Стенд ўлчов ускуналарини маҳкамловчи воситалар билан жиҳозланади (2.1-расм).
Албатта идеал бир нуқтага келтирилган тўпланган юкламани ҳосил қилиш мумкин эмас, шунинг учун тўсин узунлигининг 1/20 қисмига тенг масофаларда тақсимланган юкламалар ҳосил қилинади, бунда манометр кўрсатгичларидаги фарқ 3% дан, салқилик хатолиги эса 5% дан ошиб кетмайди.
2.1-расм. Темирбетон тўсинни синаш учун стенд: 1 – синалаётган темирбетон тўсин; 2 – синов стенди; 3 – домкратнинг таянч траверсаси; 4 – гидравлик домкрат; 5 – юкламани тақсимловчи бўйлама траверса
Юклашда синов объекти устиворлигини таҳминловчи тадбирларни кўзда тутиш лозим. Тақсимланган юкламаларни ҳосил қилишнинг жуда кўп усуллари мавжуд. Донадор юклар билан юклама ҳосил қилиш усули ўзининг универсаллиги билан ажралиб туради.
2.2-расм. Текис тақсимланган юкламаларни донадор юклар ёрдамида ҳосил қилиш: а – ғишт ёки бетон блоклар ёрдамида; б – чўян тошлар ёрдамида; 1 – донадор юклар; 2 – синалаётган конструкция; 3 – муҳофаза устунчалари
Донадор юклар билан юклама ҳосил қилинганда (13.2-расм), ҳар бир юк устунчасининг эни синалаётган тузилма узунлигининг 1/6 қисмидан ошмаслиги, оралиқ масофалар эса 50 мм дан кам бўлмаслиги лозим. Шунда конструкция эгилганда, устунчаларнинг юқори қисмлари бир-бирига тегиб қолмайди.
2.3-расм. Сув ёрдамида юклама ҳосил қилиш: 1 – тўсиқ; 2 – сув; 3 – ҳимояловчи брезент; 4 – сув ўтказмайдиган материал; 5 – синалаётган конструкция
Горизонтал юзали конструкцияларни юклашда сувдан фойдаланиш мумкин (2.3-расм). Бунинг учун тўсиқлар 1 ҳосил қилиниб, конструкция юзасига ҳимояловчи брезент 3 ётқизилади, сўнгра ҳосил бўлган идишга сув ўтказмайдиган материал 4 ётқизилади.
Бу усулнинг бир қатор афзалликлари мавжуд:
- юклама миқдорини сув баландлигини ўлчаш асосида аниқлаш мумкинлиги;
- юклаш ва юкни олиш (юксизлантириш) жараёнларининг бир текислиги;
- юклаш ва юксизлантиришни ихтиёрий режимда амалга оширилиши.
Назорат саволлари
Лаборатория синовларида қандай асбоб ускуналардан фойдаланилади?
Синов стендларидан қандай фойдаланилади
Сув ёрдамида қандай қилиб юклама ҳосил қилинади? юклама ҳосил қилиш
Do'stlaringiz bilan baham: |