4.2 Пластик деформация усули
Пластик деформация усули бетонни сиқилишга бўлган мустаҳкамлиги билан зарба берилганда бетон юзасида ҳосил бўладиган из ўлчамлари орасидаги боғланишга асосланган. Зарба натижасида ҳосил бўладиган изнинг ўлчамлари билан бетон мустаҳкамлиги ўртасида муайян қонуниятга амал қилиниши учун асбобнинг зарба кучи доимий бўлиши лозим. Бу эса пластик деформация усулида ишловчи асбобларнинг конструктив тузилишига нисбатан маълум техник талабларни қўяди. Лекин эталон таёқчали асбобларда бундай техник талаблар риоя этилиш шарт эмас. Чунки бундай асбобларда бир вақтда 2 та из ҳосил бўлади, биттаси бетон юзасида, иккинчиси эса эталон таёқчада. Бетон мустаҳкамлиги бетон ва эталон таёқчадаги излар ўлчамларининг нисбати орқали аниқланади. Бетонда 1 та из ҳосил қилишга асосланган асбобларга ПМ-2, ХПС, НИИЖБ штампи ва ПБ асбоблари киради. 2 та из ҳосил қилишга асосланган асбобга эса Кашкаров болғачаси киради (4.1-расм).
Кашкаров болғачаси айланадиган каллакли корпусдан, дастадан, шарча ва пўлат стержен ўтказиладиган тешикларга эга стакандан, шунингдек, шарчани стерженга сиқиб турадиган пружинадан ташкил топган. Стержен диаметри 10 мм ли Ст.3. синфдаги пўлатдан тайёрланади ва одатда 150 мм узунликка эга бўлади. Шарча эса 15 мм ли диаметрга эга.
4.1-расм. К.П.Кашкаров русумидаги эталон болғача: а – схематик қирқим; б – ташқи кўриниш; 1 – корпус; 2 – метал даста; 3 – каллак; 4 – пружина; 5 – тешикли стакан; 6 – эталон стержен; 7 – пўлат шарча
Тузилма сиртига зарба берилганда бир пайтда иккита из – бетон ва пўлат стержен сиртларида ботиқликлар ҳосил бўлади. Мазкур изларнинг диаметрларини юқори аниқликда ўлчаш учун бурчакли штрихланган андозалар ишлатилади (4.2-расм).
4.2-расм. Бурчакли штрихланган андоза
4.3-расм. Бетон мустаҳкамлигини 28
кунлик ёшида аниқлаш графиги
Бетон ва эталон стерженда қолган из диаметрлари нисбати dб/dэ га асосланиб, болғача паспортига илова қилинадиган график (4.3-расм) асосида бетон мустаҳкамлиги аниқланади. Шунингдек, бетоннинг ҳақиқий мустаҳкамлигини аниқлаш учун асбоб паспортига мустаҳкамликнинг намликка, бетон ёшига ва излар сонига боғлиқлик коэффициентларининг графиклари илова қилинади (4.4-расм). Шу асосда бетоннинг реал мустаҳкамлиги аниқланади. Кашкаров болғачасининг афзалликларидан бири шуки, синовларда зарбларнинг бир хил бўлмаслиги натижага айтарли таъсир кўрсатмайди.
4.5-расм. Бетон мустаҳкамлигига тузатмалар киритиш графиклари
ПМГ асбоби ҳам пластик деформация усулида ишлайди (4.6-расм). Мустаҳкамлик бетонда зарб натижасида қоладиган из ўлчами (диаметри) га мувофиқ аниқланади.
4.6-расм. ПМГ асбоби: а) ташқи кўриниши; б) асбобнинг тузилиш схемаси; 1-шарча, 2-зарба берувчи стерженp, 3-тепки, 4-шток, 5,9-пружиналар, 6-тишли зашелка, 7-цилиндрик корпус, 8-втулка, 10-қопқоқ
Асбоб болғача шаклида тайёрланган бўлиб, зарба кучи доимийдир.
Асбобда 2 та пружина 5 ва 9 ўрнатилган бўлиб, ундан бири (5) тепки 3 ни қўзғалмас тепки 8 билан боғлайди. Тепки штоги 4 зарба берувчи стерженp 2 га боғланган бўлиб, унинг четида диаметри 17 мм.ли пўлат шарча 1 ўрнатилган. Бетон юзасига асбобни қадаб сўнгра орқа қопқоғига аста босилса, шток зарбасидан стерженp ва зашелка силжийди, натижада 5 пружина тортилади. Кейинги ҳаракат натижасида зашелка тиши тепкидан ажраб, озод бўлган пружинали шток зарба берувчи стерженp орқали бетон юзасига зарба беради.
Пластик деформация усулида ишлайдиган асбоблардан яна бири НИИЖБ штампидир (4.7-расм). Асбобнинг ишлаш тамойили бетон юзасига катта диаметрли сферик штамп 4 ни статик куч билан эзишга асосланган. Асбоб радиуси R=10,14 ва 24 мм ли 3 та штамп билан жиҳозланган. Штампга узатиладиган куч манометри даражаланган гидравлик пресс орқали ҳосил қилинади. Кучнинг миқдори штамп диаметри ва бетоннинг мустаҳкамлигига боғлиқ ҳолда 10 дан 22 кН гача ўзгартирилиши мумкин. Асбоб ёрдамида қалинлиги 30 мм дан 300 мм гача бўлган бетон ва темирбетон конструкциялар мустаҳкамлигини синаш мумкин.
4.7-расм НИИЖБ штампи. 1 - диномометр струбцинаси, 2 - индикатор, 3 - гидравлик сўрғич, 4 - штамп, 5 - синалаётган маҳсулот, 6 - шарнирсиз таянч; 7 - шарнирли таянч
Do'stlaringiz bilan baham: |