1-маъруза
Мавзу: Конструкциялар, бинолар ва иншоотларни синаш ва текширишнинг моҳияти
Машғулот режаси:
Иншоотларнинг юклама остидаги ҳолатини ўрганиш
Текширишнинг асосий босқичлари
Синаш усуллари ва воситалари
1.1 Иншоотларнинг юклама остидаги ҳолатини ўрганиш
Бино ва иншоотларни текшириш ва синашнинг мақсади ва вазифаси - ҳаракатдаги объектларнинг ҳолати ва хусусиятини тавсифловчи, сифат кўрсатгичларини баҳолаш учун белгиланган усул ва ускуналарни ишлаб чиқиш, шунингдек, уларда кечаётган жараёнларни ўрганиш, тузилма материалларининг конструктив ва эксплуатацион хусусиятларини тажриба орқали аниқлаш ва уларни техник шароитларга мослигини текширишдан иборат.
Қурилиш тузилмалари, бино ва иншоотларни текшириш таркибига тузилмаларни тайёрлаш ва монтажидаги сифат назорати усуллари, лойиҳа ҳужжатларига қанчалик мослиги ва тизимнинг ҳақиқий ишини ўрганиш киради. Масалан, темирбетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасида тайёрланаётган ораёпма плиталари стандартларга асосланган ҳолда ишчи чизмалар асосида тайёрланиши ва белгиланган техник талабларга жавоб бериши лозим. Узунлиги, эни, қалинлиги, нотекислиги, диагоналлар узунлиги фарқи, қоплама деталларининг жойлашиши, ҳимоя қатлам қалинлиги бўйича маълум катталикдаги четлашишларга рухсат этилади. Бетон қоришмасини тайёрлаш учун қўлланиладиган материаллар шу материалларга нисбатан қўлланиладиган давлат стандартлари талабларига жавоб бериши ва мустаҳкамлик лойиҳадаги бетон синфига мос бўлиши керак. Ишчи арматура учун белгиланган бетон ҳимоя қатлами ишчи чизмаларда кўрсатилган қийматларга мос келиши лозим.
Қурилиш тузилмаларини текшириш натижасида сифатга оид камчиликлар топилади, таҳлил қилинади ва олинган хулосалар асосида у ёки бу тузилма ҳисобий схемасига ёки ҳисобига ўзгартиришлар киритилади. Шу нуқтаи назардан иншоотларни текшириш катта амалий аҳамиятга эгадир.
Бино ва иншоотларни текшириш усулларининг аҳамияти ва самарадорлиги аввал бўлиб ўтган зилзилалар оқибатларини ўрганиш асосида қурилиш амалиётига тадбиқ этилган антисейсмик чора-тадбирларда яққол кўринади. 1976 йилда Газли шаҳрида бўлиб ўтган зилзила натижаларини ўрганиб чиқиб, тегишли антисейсмик чора ва тадбирларни амалга ошириб қурилган бино ва иншоотлар 1984 йили қайта такрорланган зилзилада қисман зарар кўрган холос. 1985 йилда Мексикада бўлган зилзилада 500 дан ортиқ бинолар, шу жумладан 40 та осмонўпар баланд бинолар бузилган, айни пайтда бир қатор биноларда зилзила таъсирини камайтирувчи чора - тадбирлар кўрилгани учун зилзила уларга айтарли зарар етказмаган. 1985 йили Қайроққумда бўлиб ўтган зилзилада Қайроққум гилам корхонасининг 50-йилларда антисейсмик чора-тадбирларсиз қурилган биноси батамом бузилган.
Иншоотларни синашнинг асосий вазифаси уларнинг ҳисобий схемаси билан реал ишчи ҳолати қанчалик мослигини ўрнатишдан иборат. Муҳандислик иншоотлари мураккаб кучланиш - деформацияланиш ҳолатида ишловчи механик тизимлардан иборатдир. Шу сабабли, қурилиш механикаси ва иншоотлар динамикасининг ҳозирги даврга келиб жуда ривожланиб, илгарилаб кетганига қарамасдан, лойиҳалаш жараёнида объектларнинг ҳисобий схемаларини моделлаштириш ва соддалаштиришга тўғри келади. Жумладан, амалда бир жинсли ҳисобланган СТ3 маркали пўлатнинг чўзилишга мустаҳкамлиги Н.С.Стрелецский томонидан синаб кўрилганда, оқувчанлик чегараси 200 МПа дан 320 МПа гача бўлган оралиқда ўзгариб туриши аниқланган. Бетон ва ёғочнинг мустаҳкамлигидаги тарқоқлик янада катта бўлади.
Юқоридагиларга асосланиб шундай хулоса қилиш мумкинки, синаш ҳар қандай материалнинг ҳақиқий мустаҳкамлигини баҳолашда, тузилмаларнинг назарий ҳисобларини уларнинг ҳақиқий ишчи ҳолатига яқинлаштиришда ҳамда ҳисоб алгоритмларини такомиллаштиришда жуда муҳим ўрин тутади.
Синовнинг асосий мақсади - тузилмаларнинг юклама остидаги ҳолатини ўрганишдир.
Фан ва техника ривожланиб бораётган бир пайтда технологик жараёнлар такомиллашиб боради. Бунинг натижасида эскирган технологик тизимлар, ускуналарни янгисига алмаштиришга тўғри келади. Бундай вазиятлар юкламаларнинг ортиши ва иншоот ҳисобий схемаларининг ўзгаришига сабаб бўлиб, тузилмаларнинг ҳақиқий ишчи ҳолатини ўрганиш заруратини вужудга келтиради. Муҳандис-қурувчилар қурилиш тузилмалари, бино ва иншоотларнинг эксплуатацияга яроқлиги, таҳмирталаблиги ёки кучайтириш лозимлиги тўғрисидаги масалани ҳал қилишда иншоотларни текшириш, синаш услубларига мурожаат қиладилар. Шунингдек, зилзила, кўчкилар, шамол каби табиий офатлар, уруш ҳаракатлари натижасида шикастланган иншоотларни тиклаш жараёни ҳам бевосита текширишдан бошланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |