3. Стандартлаштириш тизимининг ислоҳ қилиш йўналишлари. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги тегишли эксперт комиссиясининг хулосаси олин- ганидан кейин умумий техник регламентларни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда юборади.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилган махсус техник регламентлар экспертизадан ўтказиш учун техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органларига улар фаолиятининг йўналиши бўйича топширилади.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари, давлат бошқаруви органлари ўз фаолиятининг йўналишлари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги тегишли эксперт комиссиясининг хулосаси асосида махсус техник регламентларни тасдиқлайди.
Тасдиқланган умумий ва махсус техник регламентлар расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан камида олти ой ўтгач, амалга киритилади.
Умумий ва махсус техник регламентларни эълон қилиш қонун хужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Техник регламентларни ишлаб чиқишда маҳсулотлар, ишлар ва хизматларнинг хавфсизлик мезонларини белгиловчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги миллий ва ҳалқаро норматив хужжатлардан фойдаланилади.
Техник регламентларда далилий база сифатида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив хужжатларнинг матнлари тўлиқ ёки қисман келтирилади.
Техник регламентларга риоя этиш барча юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир.
Техник регламентлар амалга киритилгач, стандартлаштириш бўйича уларда кўрсатилган маҳсулотлар, ишлар ва хизматларга доир илгари қабул қилинган тегишли норматив хужжатлар мажбурийлик хусусиятини йўқотади ҳамда белгиланган тартибда қўлланилишда ихтиёрийлик касб этади.
Техник регламентларга риоя этилиши устидан давлат назорати техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органларининг ва давлат бошқаруви органларининг мансабдор шахслари томонидан қонун хужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Техник-иқтисодий ва ижтимоий ахборот умумдавлат таснифлагичлари томонидан таснифланадиган барча даражали стандартлаштириш бўйича норматив хужжатлар, санитария- гигиеник, ветеринар-санитария, фитосанитария, шаҳар қурилиш, экологик нормалар ва қоидаларни ўз ичига олувчи, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив хужжатлар техник жиҳатдан тартибга солиш давлат тизимининг элементлари бўлиб ҳисобланади.
Ўзбекистонда 2015 йил 1 сентябрь ҳолатига қуйидаги 8 та техник регламентлар ишлаб чиқилган:
«Эксплуатация шароити бўйича автотранпорт воситалари конструкцияларининг хавфсизлиги тўғрисида» умумий техник регламент (2013 йил 4 январдан кучга кирган);
«Техник эксплуатация жараёнида темир йўл транпорти хавфсизлиги тўғрисида» умумий техник регламент (2013 йил 4 январдан кучга кирган);
«Таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида» умумий техник регламент (эълон қилинган кундан 6 ой ўтгач, кучга киради);
«Гассипол смоласи хавфсизлиги талаблари» махсус техник регламент (2010 йил 31 декабрда тасдиқланган);
«Ҳарбийлар учун устки кийимлар хавфсизлиги тўғрисида» махсус техник регламент (2011 йил 30 декабрда тасдиқланган);
«Ҳарбийлар учун оёқ кийимлар хавфсизлиги тўғрисида» махсус техник регламент (2011 йил 30 декабрда тасдиқланган);
«Очиқ калитлар инфратузилмасига талаблар» махсус техник регламент (2013 йил 4 мартда тасдиқланган);
«Почта алоқасида хавфсизликни таъминлашга талаблар» махсус техник регламент (эълон қилинган кундан 6 ой ) ўтгач, кучга киради).
4. Техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини ривожлантириш тамойиллари Ўзбекистон Республикасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ республикада янги турдаги хужжат, «техник регламент» амалга киритилди, ушбу хужжатнинг талабларига риоя қилиниши мажбурий эканлиги белгиланди. Ўзбекистон Республикасининг айрим Қонунларида факат стандартлар, санитария, ветеринария ва фитосанитария нормалари ва қоидаларининг талаблари мажбурийлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг «Стандартлаштириш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ республикада стандартларнинг фақат мажбурий талабларига риоя қилиниши устидан давлат назорати ўтказилиши кўзда тутилган, техник регламентлар қабул қилинганидан кейин эса давлат назорати техник регламентларнинг талабларига риоя килинипги устидан олиб борилади.
«Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан республикамизда, хавфсизликнинг мажбурий талаблари ўрнатилиши ва қўлланилиши, уларга риоя қилиниши устидан давлат назорати амалга оширилиши белгиланган техник жиҳатдан тартибга солишнинг давлат тизими ўрнатилди. Шу муносабат билан амалдаги стандартлаштириш тизимининг янада ислоҳ қилиниши қуйидаги асосий йўналишлар бўйича олиб борилиши мақсадга мувофиқдир:
- стандартлаштиришни бошқарув асосларини такомиллаштириш;
- ҳалқаро ва минтақавий стандартларнинг кенг кўламда қўлланилишини таъминлаш;
- маҳсулотлар, ишлар, хизматларга оид стандартларни ихтиёрий равишда қўллаш.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ҳамда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун хужжатларини «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан мувофиқлаштириш мақсадида:
- Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
- «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалий татбиқ этилиши- ни таъминлаш;
- ягона хавфсизлик талабларини ўрнатиш;
- умумий ва махсус техник регламентларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни жадаллаштириш, айниқса кенг истеъмол маҳсулотлари учун ва бунда мавжуд ҳалқаро (регионал) МҲни асос қилиб олинишини рағбатлантириш;
- техник жиҳатдан тартибга солиш давлат тизимининг ишлаши ва ривожланишини ҳамда шу соҳада илмий-техник маълумот тарқатилишини таъминлаш;
- «ЎзТТСДТни шакллантириш ва стандартлаштириш давлат тизимини ислох қилиш Концепцияси» жорий этилишини таъминлаш ва уни амалга ошириш Дастурини қабул қилиш;
- ЎзТТСДТ таркибида Ўзбекистон Республикаси асос бўлувчи давлат стандартлари кўринишидаги норматив база (тизим элементлари)ни ташкил этиш (хусусан, асосий атамалар, таьрифлар ва бошқаларни ишлаб чиқиш) зарур бўлади.
Техник жиҳатдан тартибга солиш давлат тизимининг хуқуқий негизлари шакллантирилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилиниши муносабати билан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун лойихаси Олий Мажлис томонидан қабул қилинди. Ўзгартишлар «Стандартлаштириш тўғрисида», «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Метрология тўғрисида»ги ва бошқа Қонунларга киритилди.
Ҳозирда ишлаб чиқилган ва жорий этилган ТРларга тегишли бўлган маҳсулотлар, ишлар, хизматлар учун стандартлаштириш бўйича МҲни қайта кўриб чиқиш керак бўлади.
ЎзТТСДТнинг ташкилий асосларидан хисобланган «Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт кенгашлари»нинг фаолиятини жадаллаштириш зарур. Эксперт кенгашларининг функциялари техник қўмиталар функцияларига ўхшаш бўлиб, стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар маҳсулотнинг барча ҳарактеристикасига талаблар ўрнатса, Эксперт кенгашлари фақат хавфсизлик талаблари бўйича талаблар ўрнатади. Шунинг учун Эксперт кенгашлари ва ТХлар фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш керак.
Стандартлаштириш тизими (ЎзСТ)ни маҳсулот, иш ва хизматларга икки даражали талаблар (хавфсизлик мажбурий талаблари ва мажбурий бўлмаган истеъмол талаблари) киритилишини кўзда тутадиган стандартлаштириш тизими (ЎзСТ)га ислох қилиш ишларини жадал ва илмий асосда олиб бориш зарур.
Расмий таржималарнинг етарли эмаслиги сабабли Ҳалқаро ва Европа иттифоқи стандартлари кенг даражада ишлатилмаяпти. Ўзбекистонда ҳалқаро, ҳудудий ва ривожланган мамлакатлар стандартларини давлат тилига таржима қилиш, уларни давлат ёки ташкилот стандартлари сифатида жорий этишнинг самарали механизмини амалиётга киритиш керак.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 25 декабрдаги 278-сонли Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қонун лойиҳала- рини ишлаб чиқиш режасига асосан ҳамда техник жихатдан тартибга солиш тизимини жорий этилиши муносабати билан, техник регламентлар асосида маҳсулот, иш ва хизматларнинг мувофиқлигини баҳолашга йўналтирилган «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойихаси ишлаб чиқилди ва Олий Мажлис томонидан 2013 йилда қабул қилинди.
Ҳозирда техник жиҳатдан тартибга солиш ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида техник меъёрларни белгилаш, шунингдек, уларни баҳолаш ва ушбу меъёрларга мувофиқликни тасдиқлашни ўз ичига олган, техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини назарда тутувчи иккита ҳалқаро стандарт — ИСО/МЭК 17000:2004 «Мувофиқликни баҳолаш. Луғат ва умумий принциплар» ва ИСО/МЭК 2:2004 «Стандартлаштириш ва туташ фаолият турлари. Умумий луғат» қабул қилинган.
Ҳалқаро стандартлаштириш ташкилоти томонидан қабул Қилинган таърифга биноан, мувофиқликни баҳолаш деганда — маҳсулот, жараён, тизим, мутахассис ёки идора ва лабораторияга белгиланган талаблар бажарилишини исботлаш тушунилади.
Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида, Мустақил давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларининг амалдаги қонунлари ўрганиб чиқилди. Жумладан, Россия Федерациясининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги қонуни ва «Аккредитация тўғрисида»ги қонун лойихаси; Беларус Республикасининг «Техник жиҳатдан меъёрлаш ва стандартлаштириш соҳасида техник меъёрий-хуқуқий талаблар бўйича мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги, Украинанинг «Мувофиқликни тасдиқлаш тўғрисида»ги ва «Мувофиқликни баҳолаш идораларини аккредитациялаш тўғрисида»ги, Молдова Республикасининг «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги ва Қозоғистон Республикасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги ва «Аккредитация тўғрисида»ги қонунлари ўрганиб чиқилди.
«Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Рес- публикаси Қонуни амалдаги «Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги Қонунни бекор қилмаган ҳолда ва «Техник жиҳатдан тартибга солиш туғрисида»ги Қонундан алоҳида ишлаб чиқилиши қуйидаги сабабларга кўра амалга оширилди:
Россия Федерациясининг 2002 йил 15 декабрда қабул қилинган «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги ва Қозоғистон Республикасининг 2004 йил 9 ноябрда қабул қилинган «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги қонунларининг амалдаги ижроси техник жиҳатдан тартибга солиш ва мувофиқликни баҳолаш масалаларини алоҳида кўриб чиқиш максадга мувофиқ бўлишини кўрсатди. Бугунги кунга келиб ушбу давлатларда, кўрсатиб ўтилган Қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Бундан ташқари, Россия Федерацияси ва Козоғистон Республикасида қабул қилинган «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги қонунларда мувофиқликни баҳолаш масалалари алоҳида ўрин эгаллаганлигига қарамай, ҳозирда ушбу давлатларда мувофиқликни баҳолашнинг бир кўриниши бўлган аккредитация талаблари ва жараёнларини ўз ичига олган «Аккредитация тўғрисида»ги қонун лойиҳалари тайёрланган.
Шунингдек, Беларус Республикасида ҳам алоҳида кўринишга эга бўлган «Техник жиҳатдан меъёрлаш ва стандартлаштириш тўғрисида»ги ҳамда «Техник жиҳатдан меъёрлаш ва стандартлаштириш соҳасида техник меъёрий-ҳуқуқий талаблар бўйича мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Қонунлар қабул қилинган.
Амалдаги «Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида сертификатлаштириш масалалари тўлик ёритилганлиги туфайли, ушбу қонунни тўлиқлигича «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Қонун лойиҳасига киритиш мақсадга мувофиқ эмас. «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Қонунида мувофиқликни баҳолашнинг умумий йўналишлари, деклара- циялаш ва аккредитация масалалари кенгрок ёритилган. Шу билан бирга, ушбу икки қонун мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги барча масалаларни ўз ичига олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуни талабларига мос келади.
Бундан ташқари, ушбу масалага шу тариқа ёндашиш, «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниши муносабати билан сертификация ва аккредитация соҳаларида мавжуд бўлган меъёрий-ҳуқуқий хужжатларни қайта кўриб чиқиш учун ўтиш даврини талаб килмайди.
«Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, амалдаги «Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги ва «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунлар ва мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги ҳалқаро талабларга уйғунлаштирилган ҳолда ишлаб чиқилган.
Мазкур қонуннинг ғояси, техник жиҳатдан тартибга солиш объектларига йўналтирилган меъёрий-ҳуқуқий талабларни «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқлаштириш ҳамда республиканинг мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги қонун хужжатларини ҳалқаро конўнчилик талаблари, шу жумладан, ушбу қонун доирасига кирувчи иқтисодий фаолиятда учрайдиган маъмурий тўсиқларни камайтириш буйича УСТ келишувларига уйғунлаштиришни кўзда тутади.
Ушбу қонунни ишлаб чиқишдан асосий мақсад қуйидагилардан иборат:
- мувофиқликни баҳолашнинг ягона тури бўлган сертификатлаштиришдан декларациялашни ўз ичига олган кўп турли мувофиқликни баҳолаш тизимини ташкил қилишнинг қонуний базани яратиш;
- Миллий аккредитациялаш тизимининг қонуний, техник ва ташкилий асосларини яратиш;
- Ўзбекистоннинг Бутунжахон савдо ташкилотига аъзо бўлишига тайёргарлик кўриш мақсадида, ушбу ташкилот келишувлари талаблари ижросини таъминлаш;
- республикада ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлар хавфсизлиги, сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек ички бозорни хавфли маҳсулотлардан ҳимоялаш;
- ҳалқаро савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш;
- синов, калибрлаш ва қиёслаш лабораториялари, сертификатлаштириш идоралари, инспекция ва мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги бошқа ташкилотларнинг техник омилкорлигини ошириш ҳамда иш натижаларини ҳалқаро даражада тан олинишини таъминлаш.
Мувофиқликни баҳолаш бўйича қонун хужжатлари ва процедураларини ҳалқаро талаблар билан уйғунлаштириш келгусида ягона қоидалар ва ягона мувофиқлик белгисига эга бўлган сертификатлаштириш тизимини яратиш ҳамда мувофиқликни баҳолашнинг ҳалқаро тизимларида иштирок этишга имкон яратади.
Ягона сертификатлаштириш тизимини яратиш маҳсулотларни давлат чегараларидан олиб ўтишда юзага келадиган тўсиқларни бартараф этишни таьминлайди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини ташкил этиш ва ривожлантириш қуйидаги асосий йўналишларда амалга оширилиши ва асосланиши керак:
- тизимнинг мақсад ва принципларини аниқлаш;
- тизимнинг таркибий кисмлари ва ташкилий тузилмасини аниқлаш;
- хуқуқий ва техникавий қонунчиликни ташкил этиш;
- техник регламентларни ишлаб чиқиш ва қўллаш соҳасидаги тартибларни аниқлаш;
- ЎзСТни такомиллаштириш йўналишларини аниқлаш;
- давлат контроли ва назорати идоралари функцияларини такомиллаштириш;
- ҳалқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
ЎзТТСДТ қуйидагиларни таъминлаши керак:
- барча манфаатдор томонларнинг техник регламентлар ва стандартларни ишлаб чиқишда иштирок этишига имконият яратиш;
- техник регламентлар ва стандартларни кўриб чиқишда манфаатдор томонларнинг консенсуси;
- ишлаб чикилаётган техник регламентлар ва стандартлар (ишлаб чиқишлан то қабул қилишгача барча босқичларда), уларнинг ҳалқаро талаб ва қоидаларга мувофиқлиги (ному- вофиқлиги) тўғрисидаги маълумотларнинг ойдинлиги;
- техник регламентлар ва стандартларни ҳамма субъектлар учун баробар (дискриминациясиз) қўлланилиши.
Техник жиҳатдан тартибга солиш тизимига асос қилиб, ҳалқаро принциплар, қоидалар ва стандартларни, назоратнинг ҳалқаро амалиётини, ҳамда Ўзбекистон Республикасида амалдаги қонунчилик талаблари олиниши керак.
Республикада техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини жорий этилишининг асосий мақсади ҳалқаро амалиётни, хусусан, УСТнинг соҳага оид талабларини мамлакатда татбиқ этишдир. Шу мақсадни амалга ошириш учун қуйидаги вазифаларни бажариш керак:
- хусусий ва кичик тадбиркорликни ривожлантириш;
- давлат ва хўжалик бошқаруви идораларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини камайтириш;
- Ўзбекистон Республикасининг ҳалқаро савдо, иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликда самарали иштирокини таъминлаш, маҳаллий маҳсулотларни ҳалқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини таъминлаш;
- маҳсулотларнинг инсон ҳаёти ва соғлиги, мулки ҳамда атроф-мухитга хавфсизлигини таъминлаш;
- мамлакатнинг иқтисодий, ҳарбий, саноат қудратини мустаҳкамлаш;
- сотилаётган маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлиги учун ишлаб чиқарувчилар, сотувчиларнинг масъулиятини ошириш;
- маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларга истеъмолчиларнинг ишончини оширишга қаратилган комплекс чора- тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва қонуности хужжатларига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Стандартлаштириш тўғрисида»ги ва «Метрология тўғрисида»ги қонунларига 2013 йил 1 майдан ўзгартиришлар киритилди.
Белгиланган мақсадга эришиш ва вазифаларни бажариш учун ЎзТТСДТнинг самарали ташкилий тузилмаси фаолият кўрсатиши ва тизимнинг ҳар бир таркибий қисмида уни мувофиқлаштирувчи (техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, давлат текшируви ва назорати бўйича) ва ишчи идоралари (стандартлаштириш бўйича ТҚлар, жамоат ташкилотлари ва илмий муассасалар, соҳа мутахассислари, манфаатдор юридик ва жисмоний шахслар) аниқланган бўлиши керак.
НАЗОРАТ УЧУН САВОЛЛАР:
1. Ўзбекистон Республикасида қандай техник регламентларнинг турлари қўлланилади?
2. Техник регламентларда маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлигини таъминлашга доир қандай талаблар белгиланиши мумкин?
3. Техник регламентлар нималарни ўз ичига олиши керак?
4. Санитария, ветеринария-санитария ва фитосанитария чора-тадбирларида нималар белгилаб қўйилади?
5. Техник регламентларда қандай талаблар бўлмаслиги лозим?
6. Техник регламентларда маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлигига доир қандай махсус талаблар бўлиши мумкин?
7. Техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурлари ким томонидан тасдиқланади ва белгиланган тартибда эълон қилинади?
8. Стандартлаштириш тизимининг янада ислох қилиниши қандай йўналишлар бўйича олиб борилиши мақсадга мувофиқ?
9. «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни нима мақсадда ишлаб чиқилган?