Жиноят объекти – вояга етмаган шахснинг одоб-ахлоқи, унинг соғлиғи, шунингдек, жамоат тартиботи ҳамда хавфсизлиги ҳисобланади. Жиноятнинг объектив томони вояга етмаган шахсни тиламчилик қилишга, спиртли ичимликлар истеъмол қилишга, гиёҳвандлик ёки психотроп ҳисобланмаган, лекин кишининг ақл-идрокига таъсир қиладиган восита ва моддаларни истеъмол қилишга жалб этишдан иборат.
Тиламчиликка жалб қилиш деганда, вояга етмаган шахсни бегона шахслардан пул, озиқ-овқатлар, кийим-кечак ва бошқа буюмлар сўрашга жалб қилишни тушуниш зарур.
Вояга етмаган шахсни спиртли ичимликлар истеъмол қилишга, гиёҳвандлик ва психотроп ҳисобланмаган, лекин кишининг ақл-идрокига таъсир этадиган восита ва моддаларни истеъмол этишга жалб қилиш деганда, вояга етган шахснинг вояга етмаган шахсда санаб ўтилган ичимликлар, моддалар ёки воситаларни истеъмол қилишга мойиллик уйғотиш ва уларни муттасил истеъмол қилишга ўргатиб қўйишга қаратилган ҳаракатларини тушуниш керак (алдаш, ишонтириш, ваъда бериш ва бошқа йўллар билан).
Жиноий ҳаракат сифатидаги жалб қилиш деб, вояга етган шахснинг вояга етмаган шахсда алкогол ичимликларга ружу қўйиш ёки ақл-идрокка таъсир қиладиган, лекин гиёҳвандлик ёки психотроп ҳисобланмаган бошқа модда ва воситаларга мойилликни шакллантиришга қаратилган фаол ва ташаббускор ҳаракати тушунилади.
ЖК 127-моддасининг 1-қисмига кўра айбдорга шундай ҳаракатлари учун маъмурий чоралар кўрилганидан сўнг жиноий жавобгарлик келиб чикади.
Вояга етмаган шахс гиёҳванд воситалар ёки психотроп моддалар истеъмол этишга жалб қилинган ҳолларда ЖК 127-моддасининг 2-қисми бўйича жавобгарлик келиб чиқади.
Айбдор вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилган ҳолатларда ЖК 127-моддасининг 3-қисми бўйича жавобгарлик келиб чиқади.
Вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилиш деганда, ўсмирга жисмоний зўрлик ишлатиш ёки уни қўрқитиш, унда сотиб олиш, кўндириш, алдаш, ўч олиш, ҳасад қилиш, рашк қилиш ҳис-туйғусини уйғотиш, унга ўғирланган нарсаларни сотиб олиш ёки сотиб беришни ваъда қилиш йўли билан руҳий таъсир ўтказиш орқали бир ва бир неча жиноятларни содир этиш истагини уйғотиш ёки жиноят содир этиш жойи ва бажариш усуллари ёхуд унинг изларини йўқотишга оид маслаҳат бериш, вояга етмаган шахсни жиноят қилишга ундаш мақсадида у билан спиртли ичимликлар истеъмол қилишга қаратилган ва бошқа ҳаракатларни тушуниш зарур.
Мазкур жиноят таркиби учун субъект вояга етмаган шахсни қайси муайян жиноятга жалб қилганлигининг аҳамияти йўқ.
Айбдор шахснинг ҳаракатларини, агар бундай ҳаракатлар илгари гиёҳванд воситалар ёки психотроп моддалар билан ғайриқонуний равишда муомала қилишдан иборат ҳар қандай жиноятни содир этган шахс томонидан ёки мазкур ҳаракатлар икки ёки ундан ортиқ вояга етмаган шахсга нисбатан, шунингдек, жиноят ўқув юртларида ёки ўқувчилар, талабалар бўлиши мумкин бўлган ўқув-тарбия, спорт ёки жамоат тадбирлари ўтказиладиган бошқа жойларда содир этилганда, ЖК 127-моддасининг 3-қисми бўйича квалификация қилинади.
Шахснинг вояга етмаган шахсни жиноят содир этишига далолатчилик қилиши ва агар жиноят содир этилган бўлса, унинг ҳаракатларини ЖК 127-моддаси 3-қисми бўйича вояга етмаган содир этган жиноятда далолатчи сифатида ёки жиноят содир этилишида ўзи қатнашган ҳолатларда, унинг ҳаракатларини бажарувчи сифатида жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиш лозим.
Ўсмир жиноят субъекти бўла олмайдиган жиноятга жалб қилинган ҳолатларда жиноятга жалб қилган айбдор шахснинг ҳаракатларини ЖК 127-моддасининг 3-қисми бўйича ва вояга етмаган шахс томонидан содир этилган жиноятнинг бажарувчиси сифатида жиноятлар мажмуи тариқасида квалификация қилиш керак. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади. Ўн саккиз ёшга тўлган ҳар қандай шахс жиноят субъекти бўлиши мумкин.
ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ЎРТАСИДА НАЗОРАТСИЗЛИК ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ПРОФИЛАКТИКАСИ ТЎҒРИСИДАГИ КОНУННИНГ 3-моддасига кура ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар деб вояга етмаганнинг мунтазам равишда спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилишида, фоҳишалик, тиланчилик билан шуғулланишида ифодаланадиган хатти-ҳаракатлари, шунингдек ўзга фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузадиган бошқа хатти-ҳаракатлари тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |