2 – савол баёни: Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида инвестиция сиёсатини ривожлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, макроиқтисодий ўсиш суръатларини барқарорлигини таъминлашнинг зарурий шартларидан бири этиб эътироф этилган. Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг ўзига хос йўналишини белгилаб олишда инвестицияларнинг ўрнини беқиёслиги инвестициянинг барқарор ривожлантиришдаги ролини ошириш масаласини илмий асосда тадқиқ қилган ҳолда ўрганиш заруриятини юзага келтиради. Инвестицияни мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришдаги ролини ошириш билан боғлиқ бўлган муаммолари аниқлашди ва уларни ҳал қилишга қаратилган илмий таклифлар ишлаб чиқиш, шу орқали инвестицияни иқтисодий-ижтимоий мазмунини ва моҳиятини ҳар томонлама ўрганишда олимлар фикрини тадқиқ этиш ушбу фанни ўрганишни муҳим йўналишларидан бири бўлиб ҳисобланади. Чунки инвестицияларнинг иқтисодий мазмун – моҳияти тўғрисида иқтисодчи олимлар ўртасида хилма – хил фикрларни мавжудлиги уларни ягона тизимга келтириш иқтисодчи – олимлар ўртасида катта илмий қизиқиш уйғотмоқда.
Бозор иқтисодиётининг асосий иқтисодий тушунчаларидан бири инвестициялар тушунчаси бугунги ҳаётимизга кенг ва тез кириб келишининг ўзи унинг моҳияти ва аҳамиятини, зарурлигини кўрсатади. Хорижий инвестициялар иштирокидаги янги корхоналарнинг сонини тобора ортиб бориши ва барпо этилаётганлиги ҳукуматимизнинг бу соҳага бўлган катта эътибори ва уларга яратиб бераётган қулайликлари натижасидир. Шу боисдан ҳам мамлакатимизга хорижий сармояларни жалб этаётган корхоналарни иқтисодий рағбатлантириш ва зарурий шароитларни яратиб бериш ўта муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Инвестиция, инвестиция муҳити ва шу кабиларни иқтисодиётни барқарор ривожлантиришдаги ролини ошириш масаласини назарий ва амалий жиҳатлари иқтисодчи – олимлар томонидан чуқур тадқиқ ва тегишли илмий хулосалар шакллантирилган. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 9 декабрдаги “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қайта таҳрирдаги қонунида инвестицияга қуйидагича таъриф берилган: “инвестициялар — қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган тадбиркорлик фаолияти ва бошқа турдаги фаолият объектларига киритиладиган моддий ва номоддий неъматлар ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар, шу жумладан интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқлар, шунингдек реинвестициялар”1 сифатида таърифланади. Ушбу таърифга таянган ҳолда айтиш жоизки, “инвестиция” – бу келгусида даромад (фойда) олиш ёки ижтимоий самарага эришиш мақсадида иқтисодиётнинг турли тармоғлари ва соҳаларига инвесторлар томонидан қонун доирасида қуйиладаган ёки тақдим этиладиган барча турдаги мулкий, молиявий ва интекллектуал бойликлар тушунилади. Бундай таърифни эътироф этишдан кўзланган мақсад ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва модернизациялаш барча ишлаб чиқариш тармоқлари ва соҳалар мажмуини янада такомиллаштириш, аҳоли бандлигини тўлароқ таъминлаш, экспорт хажмини ошириш билан бирга инвестиция миқдорини кўпайтириш ҳисобланади.
Инвестициялар – моддий, молиявий ва номоддий бойликларни даромад олиш мақсадида муомалага киритиш ва энг кўп натижа келтирувчи соҳалар (тармоқлар)га жойлаштиришдир. Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида инвестиция оқимлари мамлакатнинг узоқ муддатга мўлжалланган стратегик режаларини амалга оширишда барқарор молиявий манба бўлиб ҳисобланади. Кейинги пайтда иқтисодий адабиётларда ва амалиётчилар томонидан инвестиция, инвестиция оқими, инвестиция муҳити каби иқтисодий атамаларга катта эътибор берган ҳолда уларга бир нуқтада кесишаётган таърифлар берила бошланди. Аммо юқорида қайд этилган фикрларга катта диққат қаратиш бу катта тадқиқот ишини талаб этилишини эътиборга олган ҳолда биз асосий диққатни инвестиция атамасига қаратилишини муҳимроқ деб топдик.
Хозирги жараёнда инвестиция оқимларига бўлган танқислик иқтисодиётни барқарор ривожланиши ва рақобатбардошлигини таъминлашда турли даражадаги зиддиятли ҳолатларни келтириб чиқаришини олдини олиш мақсадида энг аввало унга тўғри таърифни шакллантиришни талаб этади.
Инвестицияларга аниқ бир таъриф берилмаган бўлсада ҳам проф. Д. Ғ. Ғозибеков ўзининг илмий асарларида инвестициянинг моҳиятини молиявий категория сифатида талқин этишга эришган. У киши “Инвестицияларнинг мазмуни аниқ ва ишончли манбалардан маблағлар олиш, уларни асосли ҳолда сафарбар этиш, рисклар даражасини ҳисобга олган ҳолда капитал қийматини сақлаш ва кўзланган самарани олишдан иборат бўлади”2 деб таъриф берган.
Инвестициялар мазмун – моҳиятига проф. Н.Ҳ. Ҳайдаров қуйидаги таърифни беради: “Инвестиция – бу мулк шаклидан қатъий назар, тадбиркорлик асосида фаолият кўрсатаётган жисмоний ва юридик шахслар ёки давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий самара олиш мақсадида ўз бойликларини қонун доирасида бўлган ҳар қандай тадбиркорлик объектига сарфлашидир”.3 Инвестицияларнинг моҳиятига нисбатан берилган ушбу таърифлар инвестицияларни бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда доимий модернизациялаш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш, мамлакат ташқи савдо балансини ижобий қолдиғини таъминлаш ва бошқа шу каби иқтисодий масалалар ўзининг ижобий ечимини топади. Бироқ, иқтисодиётда инвесторларнинг етарли даражада мавжуд эмаслиги, шу билан бирга уларнинг самарали жойлаштирилмаслиги қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Бу аввало танглик ҳолатларини вужудга келиши, иқтисодий ўсиш ва бошқа жабҳаларнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Хусусан, туманлар кесимида хўжалик субектларини инвесторларга бўлган талаби тўлиқ қондирилмайди, банкларнинг инвестиция фаолияти янада пасайишига, узоқ муддатли инвестицион дастурларни молиялаштиришда муаммолар пайдо бўлади, чунки ҳар қандай иқтисодий воқеликка берилган таъриф бирор-бир муаммони юзага келишига сабаб бўлмаслиги лозим. Иқтисодиётни ҳозирги шароитида инвестицияларни фақат шаҳарлар миқёсида кўпроқ жойлаштириш юқоридаги фикримизнинг далилидир.
Ушбу масалага Россия Федерасиясининг иқтисодчи – олимлари ижобий натижага эришилишини таъминлашга хизмат қилувчи таърифни бериб ўтишга, яъни “инвестициялар – пулни сақлаш, кўпайтириш ёки ижобий миқдордаги даромадни таъминлашни ҳисобга олган ҳолда уни жойлаштириш мумкин бўлган ҳар қандай восита сифатида ифодаланади”4 деб Л.Игошина таъриф берган бўлса, проф. А.Нешитой эса инвестицияларнинг мазмунини “фойда олиш ёки бошқа самараларга эришиш мақсадида ўз ёки ўзга мамлакатнинг турли тармоқларига, тадбиркорлик лойиҳалари, ижтимоий-иқтисодий дастурлар ҳамда инновация лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилган пул маблағларини (капитални) узоқ муддатга жойлаштиришдир”5 деб тавсифлаган бўлса, давлатнинг миллий хусусиятларидан келиб чиқиб инвестиция атамасининг иқтисодий моҳиятини яна бир қатор рус олимлари томонидан ўзига хос талқин этилган. Шу боис инвестиция атамасини турли хил талқинларини кўриб чиққан ҳолда, унинг таърифини бериш муҳим бўлиб ҳисобланади. Илмий адабиётларда инвестиция атамасининг юқорида келтирилганлардан ташқари бир қанча талқинлари ҳам мавжуд, улар қуйидагича тавсифланади:
- “инвестициялар иқтисодий фойда ва ижтимоий самара олиш мақсадида инвестиция соҳаси объектларига киритиладиган барча турдаги мулкий ва интеллектуал бойликларни акс эттиради”6;
- “инвестициялар деганда фойда (даромад) олиш ва инвесторларнинг индивидуал мақсадлари сингари ижобий ижтимоий самарага эришиш мақсадида иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва соҳаларига, тадбиркорлик ва бошқа турдаги фаолият объектларига муайян муддатга капиталнинг мақсадли йўналтирилган қўйилмаси шаклида амалга ошириладиган харажатлар йиғиндиси тушунилади”7;
- “инвестициялар ўзини фойда (даромад) олиш мақсадида миллий ва хорижий иқтисодиётнинг турли тармоғига хусусий ёки давлат капиталининг узоқ муддатли қўйилмаси сифатида намоён этади”8;
- “инвестиция тушунчаси фойда олиш мақсадида қандайдир корхона, ташкилот, узоқ муддатли лойиҳалар ва шу кабиларга капитал, пул маблағларини узоқ муддатга киритишни англатади”9;
Инвестициялар кенг маънода ўзини маблағлар ва ресурсларнинг келгусида кўпайиши ва иқтисодий самара ёки бошқа режалаштирилган натижалар олиш (ижтимоий, экологик ва бошқа самаралар) мақсадида уларнинг сафарбар этилиши сифатида намоён этади.
Бозор иқтисодиёти шароитида хорижлик иқтисодчи-олимлардан У.Шарп, К.Еклунд, Кемпбелл Р.Макконелл, Станли Л.Брю кабилар инвестицияларнинг мазмун-моҳияти юзасидан турлича таърифларни баён этишган. Жумладан, Нобел мукофотининг иқтисодиёт бўйича лауреати (1990 йил) У.Шарп таъкидлашича: “инвестициялар келгусида (эҳтимол, номуайян) қийматлик олиш мақсадида ҳозирги вақтда муайян қийматликдан воз кечишдир”10. Улар “Инвестициялаш” атамасининг маъносини ниманидир амалга оширишда деб билишадилар. “Келажакда фойда олиш учун бугун пулдан ажралишдир” деб қарашадилар, ўз фикрларини давом эттириб улар маблағларни ёки реал ёҳуд молиявий активларга инвестициялаш мумкин деб ҳисоблайдилар. Фикримизча, улар инвестициялаш атамаси мазмунини келажакда фойда олиш мақсадида бугун пул билан “хайрлашиш”да кўрадилар.
Бошқа бир муаллиф, яъни швед иқтисодчи-олими К.Еклунд: “инвестиция – бу келажакда кўпроқ истеъмол қилиш шароитига эга бўлиш учун эртанги кунга қолдирилган нарса. Унинг бир қисми ҳозирда ишлатилмасдан заҳирага қолдириладиган истеъмол буюмлари бўлиб, бошқа қисми эса бу ишлаб чиқаришни кенгайтиришга йўналтирилган ресурслардир”11 деб фикр билдириб ўтади.
“Инвестициялар атамасини капиталнинг келгусида кўпайиши мақсадида унинг турли хил шаклда жойлаштирилиши сифатида белгилаш мумкин”12. “Инвестициялар – қўйилманинг келгусида ўсиш мақсадида бугунги истеъмолдан воз кечиш”13. “Инвестиция – ишлаб чиқариш даври давомида пайдо бўлган капитал қўйилма қийматининг жорий ўсиши. Бу ўша даврдаги фойданинг истеъмол учун ишлатилмаган қисми ҳисобланади”14. “Инвестицияларга – пул маблағлари, мақсадли банк жамғармалари, қимматли қоғозлар, технологиялар, машина, асосий воситалар ва бошқа мулк кўринишидаги капитал қўйилмалар, шунингдек, пул қийматига эга бўлган мулкий ва номулкий ҳуқуқларни инвесторларнинг стратегик мақсадларини кўзлаб ишлаб чиқариш ва бошқа фаолият объектларига киритиш”15.
Иқтисодиётга инвестицияларни жалб этиш ва улардан самарали фойдаланишни назарий жиҳатлари қатор олимлар томонидан ўрганилган ҳолда инвестиция тушунчасига таъриф бериб ўтишган. Мисол учун, иқтисодчи-олимлардан Кемпбелл Р.Макконелл, Станли Л.Брюларнинг фикрларига кўра “инвестиция (инвестмент) – бу моддий заҳираларнинг кўпайиши, ишлаб чиқариш воситаларининг жамғарилиши ва ишлаб чиқаришга харажатлар”16. Фикримизча, ушбу таъриф ўз мазмунига кўра кўпроқ “капитал қўйилмалар” тушунчасига мос келишини таъкидлаб ўтишга қаратилган.
Шуниси характерлики, инвестиция тушунчаси ягона ва тўлиқ белги беришлик учун анчагина кенг тушунча бўлиб ҳисобланади. Шу сабабли, иқтисодий фаннинг турли қисмларида ва амалий фаолиятнинг турли соҳаларида инвестиция мазмуни ўзининг хусусиятларига эга бўлган ҳолда ажралиб ҳам туришади, шу жиҳатдан олганда, макроиқтисодиётда инвестициялар ишлаб чиқаришда янги воситаларга, турар-жойларга инвестициялар ва моддий заҳираларининг ўсишига қилинадиган ҳаражатлардан ташкил топадиган ялпи ҳаражатларнинг бир қисми ҳисобланади. Инвестициялар – бу жорий даврда истеъмол қилинмаган ва иқтисодиётда капитал ўсишини таъминловчи ЯИМ нинг бир қисми сифатида ташкил топади.
Фикримизча, макроиқтисодиётда инвестициялар янги капитални (ишлаб чиқариш воситаларини ва инсон капиталини қўшиб ҳисобланганда) яратиш жараёнидир. Молия назариясида эса инвестиция деганда реал ёки молиявий активларни олишни тушунилади, яъни бугунги сарфларни мақсади келажакда даромад олиш бўлиб ҳисобланади.
Бошқача сўз билан айтганда, инвестициялар – амалдаги муайян қийматни, бўлиши ноаниқроқ бўлган келажак қийматга алмашишдир 17.
Лоренс Дж. Гитман ва Майкл Д. Джонкнинг “Инвестициялаш асослари” (М.: «Дело» нашриёти, 1997 г.) китобида инвестицияларга қуйидагича таъриф берилади: Инвестиция молиявий натижалар олишни кўзлаб акция ва облигацияларни сотиб олишни англатади: булар реал активларни белгилайди, масалан, у ёки бу молни ишлаб чиқариш ва сотиш учун машиналарни олишни назарда тутади. Умуман кенг маънода инвестициялар мамлакат иқтисодиётини ўстириш ва ривожлантиришни молиялаштириш учун зарур бўладиган шарт-шароитларни таъминлайди.
Иқтисодий моҳиятига кўра, инвестициялар асосий ва айланма капитални яратиш, кенгайтириш ёки реконструкция қилиш ва қайта қуроллантириш учун қилинадиган харажатлардир. Инвестициянинг муҳим жиҳатларидан яна бири инновацион лойиҳаларни молиялаштириш ва тадбиркорликнинг айрим соҳаларини ривожлантириш учун инвестицияларни ўрни беқиёслиги бугунги кундаги муҳим масаладир. Шу боис ҳам миллий иқтисодиёт соҳаларига ташқи ва ички инвестициялар оқимини фаоллаштириш иқтисодий юксалишнинг янги босқичини бошлаб берадиган асосий омил ҳисоблланади. Инвестициялар ҳар қандай иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи ва унинг тараққиётини таъминловчи кучдир. Шу боис барча имкониятларни ишга солиб иқтисодиётга йўналтириладиган инвестициялар хажмини оширишга хизмат қилиш учун шарт-шароит яратишга қаратилган инвестиция таърифини ва унинг шаклларини асослаш муҳимдир.
Тижорат амалиётида инвестицияларнинг уч шакли бўлиб улар бир-биридан ўзаро фарқланади (1.1-расм).