1 – МАВЗУ: ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИНГ ИҚТИСОДИЙ МАЗМУНИ, МОҲИЯТИ ВА ИНВЕСТИЦИЯ ЖАРАЁНЛАРИНИНГ АСОСИЙ БОСҚИЧЛАРИ РЕЖА:
“Инвестиция” фанининг предмети, мақсади, вазифалари, таркибий тузилиши ва бошқа фанлар билан узвий боғлиқлиги
Инвестицияларнинг иқтисодий мазмуни ва моҳияти
Инвестициялаш мақсадлари ва диверсификасияланиши. Инвестицияларнинг таснифланиши
Молиявий ва реал инвестицияларнинг ўзаро боғлиқлиги. Жамғармалар – инвестициялар манбаси сифатида
Инвестиция жараёнининг мазмун-моҳияти
1 – савол баёни: Ислоҳотларнинг ҳозирги сифат босқичида Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси негизида иқтисодиётни таркибий қайта қуриш шароитида давлатнинг инвестицион фаолияти ва инвестиция дастурларини амалга ошириш ўзига хос аҳамият касб этади. Шу боис ҳам ҳозирги замон босқичида инвестиция фанининг предмети бўлиб, инвестицияларни молиялаштириш тизимида вужудга келадиган иқтисодий муносабатлар ҳисобланади. Шунингдек, инвестиция фанини ўрганишда асосий эътибор инвестициялардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қулай муҳит яратиш, инвестицияларни молиялаштириш манбаларини асослаш, инвестицияни бошқа молиявий категориялар ичида тутган ўрни, уларни ҳаракатга келтириш ролига, инвестицияларни молиялаштиришнинг мукаммал шакллари бўлган лизинг кредитлари ва инвестицияларни лойиҳалашни молиялаштириш шаклларига, мамлакатда инвестиция муҳитини яратишга ва ҳоказоларга катта эътибор берилишини талаб этади.
Инвестиция муҳитини ва унга таъсир этувчи омиллар, давлат инвестиция дастурини шакллантириш, капитал қурилишни амалга ошириш ва молиялаштириш тартиби, инвестиция лойиҳаларини самарадорлигини баҳолаш, инвестиция фаолиятини молиялаштириш манбалари, улар таркибида бюджет, банк ва бошқа молиявий институтлар ресурсларини жалб этилишини динамик ҳолатини таҳлил этиш ва улар бўйича талабаларга амалий-назарий саволлар юзасидан билим эгаллашларига имконият яратиш алоҳида аҳамият касб этади. Бу фанни ўрганишнинг асосий мақсади ва вазифаси талабаларга хозирги замон талабларидан келиб чиқиб инвестицияларни жалб этилишини, иқтисодий ўсишни таъминлашдаги аҳамияти доирасида кўникмалар ҳосил қилиш бўлиб ҳисобланади.
Умумий тарзда айтганда “Инвестиция” фанининг асосий мақсади – талабаларда инвестицияларнинг иқтисодий моҳияти, инвестицияларни молиялаштириш манбалари, инвестицияларни жалб этиш, давлат инвестиция дастурини шакллантириш, инвестиция лойиҳаларини баҳолаш ва мониторингини ташкил этиш бўйича назарий ва амалий билимларни шакллантириш бўлиб ҳисобланади.
Фаннинг вазифаси – инвестиция фанида ўрганиладиган саволларни тўлиқ илғаб олувчиларга:
инвестицияларнинг иқтисодий табиати, мазмуни ва аҳамияти;
инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш;
инвестиция жараёнларини амалга ошириш босқичлари;
Ўзбекистон Республикасида инвестиция фаолиятини ташкил қилишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари;
инновация фаолиятини молиялаштириш ва жойлаштириш усуллари;
инвестиция рисклари ва уларни пасайтириш йўллари бўйича назарий-амалий билимларни узвийлик ва узлуксизликда ўргатишдан иборат.
“Инвестиция” умумкасбий фан ҳисобланади. Мазкур дастурни амалга ошириш учун талабалар ўқув режасида режалаштирилган “Молия”, “Давлат бюджети”, “Халқаро молия муносабатлари”, “Молия бозори”, “Иқтисодий таҳлил”, “Солиқлар ва солиққа тортиш”, “Суғурта иши” фанларидан билим ва кўникмаларга эга бўлиши талаб этилади. “Инвестиция” фанининг ишлаб чиқаришдаги ўрни айнан инвестицияларни амалга ошириш учун мақбул лойиҳаларни танлаб олиш, уларни молиялаштиришнинг оптимал вариантларини ишлаб чиқиш, лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ рискларни бошқаришда намоён бўлади. Шу билан биргаликда иқтисодиётни модернизациялаш шароитида ҳар қандай мулк шаклида хўжалик юритувчи субектнинг инвестиция ресурсларига бўлган эҳтиёжининг ортиб бориши мазкур фаннинг ишлаб чиқаришда катта аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.