168
улар мени орқага итариб ташлашарди. Олдинга интилганим одамларга
ёқмай менга алланималар дейишар, худди барча ғазабга мингандек,
бирдек бақирарди.
Қизил кийимларга ўралиб олган одамлар кўзимга даҳшатли бўлиб
кўринар, атрофимдагилар мени бошқа томонга қараб итаришарди. Яхши
ҳамки соат миллари кўриниб турар, аксинча бўлганда ҳеч қачон тўғри
йўлни топа олмаган бўлардим. Лекин одамларнинг орасидан ёриб ўта
олмай, улгурмай қолишдан ўлгудек қўрқаётгандим. Аммо таслим бўлиш
ниятим йўқ. Албатта вампирлардек кучли эмасман, лекин қўлимдан
келган ишни қиламан. Элис ҳам шу атрофда деган умид тарк этмасди.
Элис бирор бино соясидан туриб менинг мағлуб бўлганимни кўрса, уйга
— Жаспернинг ёнига қайтса керак. Одамларнинг тушунарсиз бақириғига
қулоқ тутарканман, Эдвардга кўзи тушиб ҳаяжондан қичқиришларини
кутиб, қулоқларимни динг қилиб олгандим. Ниҳоят, оломон орасидан
кичик йўлак пайдо бўлди, олдинда бўш жой бор эди. Шошилиб ўша ёққа
ўзимни урдим, токи тиззамни уриб олмагунимча бўш жой бу майдон
ўртасидаги тўрт бурчак шаклидаги фаввора эканини тушунмадим. Ўйлаб
ўтирмай ўзимни сувга отдим, йўлини топганимдан йиғлаб ҳам юбордим.
Совуқ шамолли ҳавода сув танамга пичоқдек санчилсада эътибор
бермасдим. Фаввора анчагина кенг бўлгани учун майдон марказини кесиб
ўтишимга ва бир неча лаҳза ютишимга имкон берди. Нафас ростламасдан
фаввора деворчасидан тўғри одамлар устига сакрадим. Энди улар мендан,
кийимларимдан сачраётган совуқ сувдан ўзларини тортишарди. Мен яна
соатга қарадим. Кучайиб бораётган қўнғироқ овози бутун майдон бўйлаб
жаранглади. Унинг овозидан оёғим остидаги тошлар ҳам қимирлаб
кетгандек бўлди. Болалар қулоқларини бекитганча қичқириб юборишди.
Мен ҳам югура туриб бор овозда қичқира бошладим.
― Эдвард! — бефойдалигини билсамда, бор овозда бақирардим.
Оломоннинг овози орасида товушим сингиб кетди. Соат яна бонг урди.
Кўзларим билан қоронғу йўлакни қидирганча югуравердим. Лекин
олдинда одам кўплиги туфайли ҳеч нимани кўра олмасдим. Соат бонг
урганида йиғлаб юбордим.
Муюлиш ёнидан бир оила жой қолганди. Икки қизалоқ тўқ қизил
рангдаги плаш кийиб олишган, сочларига ҳам қизил бантлар боғланганди.
Оиланинг отаси паст бўйли киши эди. Уларнинг орасига ўзимни уриб кўз
ёшларим орасидан йўлни кўришга уринардим. Соат яна бонг урди. Катта
қиз онасининг оёғидан қучоқлаб олганча орқадаги сояга қараб турарди.
Кейин у ойисининг билагига осилганча, қўли билан қоронғулик томонни
кўрсата бошлади. Мен ҳам уларга яқинлашиб қолгандим. Оила бошлиғи
менга ҳайрон бўлиб қаради, чунки мен тинмай Эдварднинг отини айтиб
чақирардим. Катта қизалоқ онасига нимадир деб кулди ва яна ортидаги
сояни қўли билан кўрсатди. Мен оила бошлиғининг ёнидан учиб ўтдим, у
оёғим тагидан кичик қизини олишга зўрға улгурди. Соат яна бир бор бонг
урганда, уларнинг ортидаги сояга етиб бордим.
Do'stlaringiz bilan baham: