103
алайҳиссаломга имон келтиради. Чунки ўлим арафасида уларга ҳақиқат очилади. Яҳудийлар,
насронийлар инкор қилиб келган нарса ростлиги аён бўлади. Ана шунда уларнинг ҳар бири Исо
алайҳиссаломга имон келтиради, Исо Аллоҳнинг бандаси, расули эканига, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига
иқрор бўлади. Лекин бу вақтдаги имоннинг фойдаси йўқ. Нега десангиз, фурсат ўтиб бўлди. Жон чиқиш
вақтидаги имон аҳамиятсиздир.
Бизнингча, иккала фикр ўртасида қарама-қаршилик йўқ, иккиси ҳам ҳақ. Зеро, ҳар бир Аҳли китоб
вафотидан олдин Исо алайҳиссалом ҳақ пайғамбар эканини билади, унга имон келтиради. Шунингдек,
улар охири замонда Исо алайҳиссалом тушишига гувоҳ бўлишади, унга имон келтириб, ортидан
эргашишади (Муҳаммад Саййид Тантовий, “Пайғамбарлар тарихи”).
Исо алайҳиссалом кўкдан тушиши ҳақида ҳадиси шарифларда ҳам маълумотлар келган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳга қасамки, яқинда орангизга Исо ибн
Марям одил ҳакам бўлиб тушади, хочни синдиради, тўнғизларни ўлдиради, жизяни бекор қилади. (Ўша
вақтда) мол-дунё кўпаяди, ҳатто ҳеч ким садақа олмай қўяди. Бир марта сажда қилиш дунё ва ундаги
нарсалардан яхшироқ бўлиб қолади” (Бухорий ва Муслим – Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан – ривоят
қилган).
Исо алайҳиссалом қиёмат жуда яқин қолганида осмондан ерга тушиб, Ислом шариати билан ҳукм
юритади, ҳамма ёқда адолат ўрнатади. У киши хочни синдириши хоч аҳлига (яъни, насронийларга)
қарши ҳаракатдир. Тўнғизни ўлдириши ҳам унга тегишли нарсаларни йўқ қилинишини билдиради.
Жизяни бекор қилиш эса, ғайридинлардан исломдан бошқа нарса қабул қилинмаслигига ишорадир. Яъни,
жизя бериб, ўз динларида қолиш имкони уларда бўлмайди, Исломга кириш талаб этилади.
Ўша вақтда мол-дунё кўпайиб кетади, садақа оладиган одам қолмайди. Кишилар ўртасида ҳасад,
адоват, кўра олмаслик каби иллатлар бўлмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Исо ибн
Марям тушиб, тўнғизни ўлдиради, хочни йўқотади, намоз (унинг имомлигига) жамланади, мол-дунёни
(ҳеч ким) қабул қилмай қўяди, хирожни тўхтатади, Равоҳага тушиб, у ердан ҳаж ёки умра қилади ёки
иккисини жамлайди” (Аҳмад саҳиҳ санад билан ривоят қилган).
Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:
“Пайғамбарлар отаси бир, оналари бошқа-бошқадир (яъни, имон бир, шариатлар хилма-хил). Динлари
бир. Мен Исо ибн Марямга энг ҳақлиман. Чунки орамизда бошқа пайғамбар ўтмаган. Албатта, у тушади.
Уни кўрган чоғингизда танинг. (Исо) ўрта бўйли, оқ-қизилга мойил инсон. Устида оқ-сариқ кийимбош
бўлади. Гарчи сув тегмаган бўлса-да, бошидан томчилаб турганга ўхшайди. Исо хочни парчалайди,
тўнғизни ўлдиради, жизяни бекор қилади, кишиларни Исломга чақиради. Аллоҳ таоло унинг замонида
Исломдан бошқа барча миллатларни ҳалок этади. (Исо) масиҳ дажжолни ўлдиради. Сўнг ер юзида
тинчлик-омонлик ҳукм суради. Ҳатто шерлар туялар билан, йўлбарслар сигирлар билан, бўрилар қўйлар
билан бирга юради, болалар илонлар билан ўйнайди. Улар болаларга зиён етказмайди. Исо қирқ йил
яшаб, вафот этади. Унинг жанозасини мусулмонлар ўқийди” (Аҳмад саҳиҳ санад билан ривоят қилган).
Do'stlaringiz bilan baham: